FATTOHHON.COM
« Все новостиХонанда Лола шоу бизнес оламига ёшликдан кириб келган ва йиллар давомида санъатда ўз ўрнига эга бўлиб, минглаб мухлислар орттириб, кўплаб ажойиб қўшиқлар яратиб, фильмларда роллар ижро қилиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам, рейтинг борасида у энг юқори ўринларни қўлдан бермаяпти. Унинг “Бу телба муҳаббат ёхуд Фарҳод ва Ширин” фильмида Ширин ролини ижро қилганлиги ҳам, катта шов-шувларга сабаб бўлди! Бундан ташқари, оилада ҳам садоқатли рафиқа ва 2 фарзанднинг меҳрибон онаси бўлган Лола бугунги “Диллашув” саҳифамиз меҳмони!
- Анча вақтдан буён фильмларда суратга тушмаётган эдингиз. Янги “Бу телба муҳаббат ёхуд Фарҳод ва Ширин” фильмидаги роль сизни нимаси билан ўзига тортди?
- Биринчи навбатда, фильм сценарийсини ўқиганимда, баъзи жойларида ҳаттоки, бу роль мен ҳақимда, деб ўйлаб ҳам қолдим. Ҳаттоки, менинг характеримнинг айрим деталларигача, мени ўзимни тутишим, мен ишлатадиган сўзлар, ҳаммаси –ҳаммаси менга шу қадар яқин эдики! Суратга олиш ишлари ҳам мен учун шунчалик осон бўлдики, ҳаттоки баъзи жойларида роль ўйнашимга ҳам тўғри келмади! Мен ўзимни ижро қилдим, десам ҳам бўлади! Фильм режиссёри одатда, жуда ҳам талабчан, аммо у менинг саҳналаримга келганида, битта дублда “ҳаммаси яхши, олинди!” деб, битта дублда суратга олди. Мен эса, ўзимдан қониқмай, режиссёрдан “яна дубль олайлик”, деб илтимос қилсам, ҳам у “йўқ, яхши ижро қилдинг” деб туриб олди! Фильм учун қандайдир бошқа бир образга киришга, ўзгаришга тўғри келмади. Ҳаттоки, либослар борасида ҳам ўз либосларимдан фойдаландим. Бу роль менга жуда ҳам яқин! Албатта, менга бутунлай қарама-қарши роллар ҳам бўлади. Бундай ролларни ижро қилишга қарши эмасман, чунки уларда ҳам маҳоратингни кўрсата оласан. Лекин, шу даражада қарама-қарши, мос келмайдиган роллар бўладики, уларни мен ижро қилишга рози ҳам бўлмайман, менга қизиқ ҳам эмас. “Фарҳод ва Ширин” фильмида эса, менга авваламбор фильмнинг мавзуси ҳам қизиқарли бўлди! Бу бугунги кунда жуда ҳам актуал бўлган аёл ва эркак мавзуси! Ҳозирги кунда одатда қайнона-келин, бадавлат қиз ва камбағал йигит ҳақидаги фильмларга ўрганиб қолганмиз! Бу ерда эса, аёл ва эркак, жинслар ўртасидаги кураш, айнан бизнинг менталитетимизга тегишли бўлган эркак кишининг қарама-қарши жинс вакилига бўлган муносабати, бизнинг эркакларни ўз аёлига бўлган муносабати, жуда таъсирли мавзу ва мени ўзимга ҳам яқин бўлди. Шунинг учун ҳам, қизиқиш билан бу ролга рози бўлдим.
- Суратга олиш жараёнида, ёки фильмда ўзингизга ёқмаган жиҳатлар бўлдими?
- Йўқ. Фақатгина фильмдаги объектларнинг бироз кўпроқ бўлишини истагандим. Лекин, режиссёр, фильм сюжети фақат икки қаҳрамон, яъни эркак ва аёл атрофида кечишини айтди! Ортиқча қаҳрамонлар ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам, камсонли объектларда суратга олинди. Қолаверса, фильм режиссёри ҳам, жуда кўп фильмларни суратга олган, энг яхши режиссёрлардан бири! У кишини жуда ҳам ҳурмат қиламан. Фильмни суратга олиш жараёнида, суратга олиш майдонида, жуда ҳам дўстона муҳит ҳукмрон бўлди. Бундай муҳит актёрларга жуда ҳам катта ёрдам беради. Бундай режиссёрни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш қийин, деб ўйлайман. У актёрларга матнни, ўша суратга олинаётган эпизод мазмунини шундай етказадики, ҳоҳлайсанми, йўқми, ўз ролингни жуда яхши ижро қиласан. У сенга ўша роль учун керак бўлган ҳаяжонни бера олади, яъни ўша ролни сен билан баравар ижро қилади. Шунинг учун ҳам, фильмни яхши чиқишига ишонаман!
- Агар ўзингиз ҳаётда, ўша фильмдаги қаҳрамон қиз ўрнида бўлсангиз, нима қилардингиз?
- Билмадим. (кулади) Агар фильм қаҳрамони каби турмушга чиқмаган қиз бўлса, ўша йигитга баъзи нарсаларни тушунтириб қўйиш керак бўлса, балки мен ҳам шундай йўл тутган бўлардим!
- Ҳар гал янги фильмда суратга тушганингизда, суратга олиш майдонида, ўша жараёнда ўзингиз нимани ҳис қиласиз?
- Олдин фильмларда суратга тушишим бироз қийинроқ кечарди. Мен ҳаттоки, “фильмда суратга тушишдан кўра, вилоятларда 10 талаб концерт бериш, осонроқ”, дердим. Негадир фильмда суратга тушиш мен учун оғирроқ кечарди. Бу гал эса, яъни, “Фарҳод ва Ширин” фильмида ҳаммаси шу қадар мароқли ва завқли кечдики! (кулади) Суратга олиш майдонида ҳаммадан вақтли келиб, суратга олиш ишларини тезроқ бошлашларини талаб қиладиган бўлдим! Чунки, суратга олиш гуруҳимиз ҳам жуда аҳил, қувноқ ва иноқ эди. Суратга олиш майдонида жуда ажойиб атмосфера ҳукм сурарди. Шунинг учун бўлса, суратга олиш ишлари ҳам жуда кўтаринки руҳда ўтди! Ҳаттоки, менга суратга олиш ишлари жуда тез тугагандек туюлди.
- Фильм саундтрекини ҳам ўзингиз куйладингиз.
- Очиғи саундтрек менинг ўзимга жуда ҳам ёқди. Бу қўшиқни “Беном” гуруҳи хонандалари Сарвар ва Комил ёзишди. Улар сценарийни ўқиб чиқишди ва ҳаттоки ўзларига керакли жойларни белгилаб, ҳам олишди. Қўшиқни тинглаганимда эса, шунчалик таъсирландимки, ҳаттоки Сарварга уларни бунчалик яхши саундтрек ёза оладилар, деб ўйламаганлигимни айтдим. Бу саундтрекка Самарқандда керакли видеокадрларни суратга олдик. Жуда ҳам ўзгача чиқди!
- Фильмлар сценарийлари борасида умр йўлдошингиз билан маслаҳатлашасизми?
- Одатда, сценарийлар мазмунини унга сўзлаб бераман. “Батафсил, эса фильм чиққач кўрасиз”, дейман. Агар сценарийни ўқиш учун унга берсам борми, (кулади) унда умуман ўша фильмда суратга тушмаслигим аниқ!
- Умр йўлдошингизнинг фикри билан рад этилган фильмлар ҳам бўлганми?
- Ҳа, албатта! Шу йиллар ичида, фильмларга жуда ҳам кўплаб таклифлар бўлди. Барчасига рад жавоби берилди. Улардан энг ёдимда қолгани бу “Фотима” фильми бўлганди. Уларнинг барчасига рад жавоби беришимга сабаб, умр йўлдошим қарши бўлган. Лекин, “Фарҳод ва Ширин” фильмида суратга тушишимга рози бўлди.
- Умр йўлдошингизнинг ижодингизга муносабати?
- Умр йўлдошим мен билан фахрланишини айтади!
- Оилада ким кўпроқ рашкчи?
- Албатта, эркак киши менимча! Айниқса аёл киши омма кўз олдидаги касб эгаси бўлса, эркак кишида рашк ҳам кучлироқ бўлади! Лекин, умр йўдошим мени, касбимни тушунади, ҳурмат қилади.
- Сиз доим банд бўласиз. Болалар тарбияси билан ким шуғулланади?
- Ҳар қандай бўш вақтимни, ҳар бир дақиқасигача фарзандларимга бағишлайман! Дам олиш кунларимни-ку, тўлиғича болаларим, оилам билан ўтказаман. Агар бирор жойга чақириб қолишса, масалан, бирор тадбир, ёки съёмкага, унда менга ёрдамлашадиган синглим бор. Керакли пайтларда синглим ёрдам беради.
- Унда қандай дам оласиз?
- Тўғриси, дам олишим жуда ҳам қийин! (кулади) Болалар билан худди ўзингни ишдагидек ҳис қиласан! Баъзида бироз чарчаш ҳам мумкин. Лекин, аёл киши ишлаганида, болаларини қаттиқ соғинади. Менда ҳам шундай болаларим мактаб ва боғчада бўлганда уларни соғинаман ва тезроқ бориб, у ердан олиб келгим, бағримга босгим, эркалагим келади. Аввал мен, болани дунёга келтириш қийин, катта қилиш, тарбиялаш қийинмас, деб ўйлардим. Менга ишонинг болани дунёга келтириш, сизни олдинда кутаётган катта ишларнинг 10 фоизи холос экан! Энг қийини, бу болаларни тарбиялаш! Менинг онамни ишламай, ҳаётини бизга бағишлаб, уйда ўтириб, бизни тарбиялаб вояга етказганликлари мен учун катта намуна! Мен ўзим бу борада ҳеч қачон у кишининг даражасига етиша олмасам керак. Чунки, мен уйда ўтирмайман. Онам болалари тарбиясига ўз умрини бағишлаган! Бу эса, катта ҳурматга лойиқ иш, деб биламан. Чунки, мана ҳозирда ўзим бошимдан ўтказиб биляпманки, бола тарбияси жуда ҳам мураккаб! Болаларинг билан мулоқот қилганингда, ҳар сафар кўплаб саволларга жавоб беришга тўғри келади. Нима яхши, нима ёмон, ҳамма нарсани тушунтиришинг керак. Токи сенинг фарзандларинг шунчаки катта бўлишмасин, аксинча, улар ҳамма нарсани, қадриятларни тушунишсин! Яхшилик нимаю, ёмонлик нима эканлигини, бағрикенглик, хасислик, саховат каби тушунчаларни уларга фақатгина она тушунтириб бериши, онгига сингдириши мумкин! Вақтни бола билан ўтказиш, унинг саволларига жавоб қайтариш, эринмай тушунтириш керак! Бу албатта, қийин, аммо бизнинг вазифамиз ҳам, бахтимиз ҳам шунда!
-Оилада бола тарбиясига, демак сиз кўпроқ масъулсиз?
-Албатта! Ҳаммасига она айбдор! (кулади) Нимадир ёмон бўлса, ўхшамай қолса, фақат ва фақат она айбдор бўлади. Агар нимадир яхши ва зўр бўлса, демак, бу отага тегишли бўлади! (кулади) Ҳамма жавобгарлик онага! Чунки, болалар билан энг кўп вақтини ўтказадиган бу она! Ота эса, болалар учун авторитет! У болаларни эркалайди, аммо болалар барибир айни пайтда ундан ҳайиқишади. Чунки, у кўп гапирмайди! Онага ўхшаб, гапириб уришмайди, биз каби жазоламайди ҳам. Биз эса доим болалар биланмиз. Ота эса, келади ва битта гапиради, болалар дарҳол унга қулоқ солишади, тамом. Шунинг учун ҳам, онанинг масъулияти кучлироқ ва кўпроқ, деб биламан!
- Қаттиққўл онамисиз?
- Менимча, ҳа! Етарлича қаттиққўлман, аммо болаларимни эркалатаман ҳам. Ҳаттоки онам ҳам менга, “сенга тушуниб бўлмайди! Бир қараса, болаларга жуда қаттиққўлсан, бир қараса, уларни шунчалик эркалатасанки” дейдилар.
- Одатда, болаларингизни жазолайсизми?
- Бугун ўғлим ўз берган ваъдасида турмади! Шунда мен унга “менинг ўғлим ўз ваъдада турмаганлиги учун мен уяламан! Негаки, ҳақиқий эркак ўз ваъдасини бажаради! Агар бажара олмасанг, ҳеч нарсага ваъда берма! Эркак киши айтдими, демак бажаради!” дедим. Ўғлим ўйланиб қолди ва “Ҳа, мен ноҳақман, кечиринг!” деб ўз хатосини тушунди. Мен эса, “унда ҳақиқий эркак қани олға!” деб 20 та машқ буюрдим! (кулади) У ҳам дарров “бўлди, ойижон, санаб туринг, мен ҳозир бажараман! Сизга ҳақиқий эркаклигимни исбот қиламан!” деб, машқларни бажарди. Ҳам соғлиғига фойдали, ҳам сўзида турадиган бўлади! Одатда, болаларимни қаттиқ жазоламайман. Масалан, уларни айрим нарсалардан вақтинчалик маҳрум қилишим мумкин. Дейлик, кечки сайрдан! Одатда, болаларим билан ҳар оқшом, кечки овқатдан сўнг сайр қиламиз Қизим роликда, ўғлим скейт ёки самокатда! Улар кечки сайрни жуда яхши кўришади. Агар бирор хато иш қилишса, уларга “мана шу ишингиз учун бугун кечки сайрга чиқмаймиз. Сизлар жазоландингиз!” дейман. Ёки, уларни ўша куни, телевизор кўришдан маҳрум қилишим мумкин. “Бугун мультфильм кўрмайсиз, бу сизга жазо!” дейман. Шундай усулларни қўллайман.
- Навбатдаги хит қўшиқдан сўнг одатда нимани ҳис қиласиз?
- Мен одатда қўшиқларимни “хит”, деб ажратиб ўтирмайман! Уларнинг барчаси мен учун севимли ва қадрли! Фақат, айрим ширин хотиралар билан боғлиқ бўлган қўшиқлар бор! Менинг ҳамма қўшиқларим автобиографик, десам ҳам бўлади. Масалан, “Қайтмайди” қўшиғим айниқса автобиографик ва менинг юрагимга жуда ҳам яқин қўшиқ! У орқали бутун ҳис-туйғуларимни намоён қилганман. Нима ҳақида куйласам, ўша ҳолат, воқеа ўз ҳаётимда ҳам намоён бўлади. Мен ёки ўз бошимдан ўтган ҳолат ҳақида куйлайман ёки ўша воқеа, қўшиқни куйлаганимдан сўнг содир бўлади. Масалан, “Кел” қўшиғим севимли инсонимга бағишланган, у эса узоқ вақтдан буён сафарда эди. Бу қўшиқни куйлаганимдан бир неча кун ўтиб, у кутилмаганда кириб келди. Ўзим ҳам ҳайратда қолганман! (кулади) Демак, баъзида ўйлаган нарсаларимиз, шундай амалга ошиб қолиши, амалга ошадиган ишлар, бизнинг ўй-хаёлларимизга ҳам боғлиқ экан.
- “Юлдузлик касаллиги”га чалинмаслигингиз сабаби? Нима бу касалликни “юқтириб олмаслик”ка ёрдам беради?
- Менимча, бунинг учун мени атрофимни керакли, тўғри инсонлар ўраб турганликлари бўлса керак! Мени керак бўлса, ўз вақтида, ўз жойимга қўйиб қўйишади. (кулади) Бизнинг касбимиз ўзи шундай. “Юлдузлик касаллиги” ўз-ўзидан содир бўлади, сен буни назорат қила олмайсан! Чунки, сен доим диққат-марказда бўласан! Қарабсанки, ўзинг сезмаган ҳолда ўзгарасан! Бундай пайтда ёнингда сени ўз жойингга қўйиб қўядиган, “Сен ҳам ҳамма қатори инсонсан! Осмондан пастга туш!” деб турадиган инсонлар керак! Бу менинг эрим! Қолаверса, биринчи навбатда менинг онам, дарров мени ўзимга келтириб қўядиган, менга доимо энг керакли маслаҳатларни берадиган, ҳамда “бурним кўтарилиб” кетишига йўл қўймайдиган инсон. Ота-онамнинг берган оқилона тарбияси ҳам, қолаверса, онам ҳалигача менга тарбия берадилар.
- Лола исмини сизга ким берган? Бу борада турли фикрлар айтишади. Бу тахаллус эмасми?
- Йўқ, бу ҳақиқий исмим! Бу исмни дадам қўйганлар! Фақат, онам исмимни Феруза, деб қўймоқчи бўлган эканлар. (кулади) Аммо, дадам қатъий равишда, “Лола” деб қўямиз, деб туриб олган эканлар!
- Сизни ўзига хос романтик, нозик ва нафис саҳнавий образингиз бор! Ҳаётда ҳам шундай характерга эга инсонмисиз ёки, бу нозиклик ортида “метин хоним” турадими?
- Мен атайлаб бирор образ яратишга ҳаракат қилмайман! Менимча, саҳнадаги ҳолатим табиий равишда келиб чиқади! Лекин, шу билан бирга мен ўзимни, бўш ва ўта нозик инсон, деб айтмаган бўлардим! (ўйланиб) Ҳаёт бизни жуда ҳам тоблайди, чиниқтиради! Ёшимиз улғайган сари биз янада кучлироқ бўлиб борамиз. Менимча, ҳаёт мени ҳам қайсидир тарафлама тоблади, чиниқтирди, натижада бугунги кунда мен бўш, ўта нозик инсон бўлмасам керак! Мени синдириш жуда ҳам қийин, чунки ҳаёт давомида ёмон ҳам, яхши ҳам кунлардан ўтганингдан кейин, чиниқасан, ўзинг, характеринг, ички дунёйинг ҳам тобланади, шу даражага келадики, ҳаётдан нима ҳоҳлаётганлигингни яхши биласан! Сени ўз мақсадинг, ўз қадриятларинг, ўз принципларинг бўлади ва сен уларни босиб ўта олмайсан!
- Агар хонанда бўлмаганингизда бошқа касб эгаси бўлишингиз мумкинмиди?
- Аввал доим, тиббиёт ходими ёки спортчи бўлгим келарди! Ҳалигача, гимнастикачиларни, баъзи спорт турлари билан шуғулланадиган спортчиларни кўрганимда, уларга ҳавас билан қарайман! Айниқса, улар ҳақидаги кўрсатувларни катта қизиқиш билан кўраман! Уларни қийинчиликларни қандай енгганликлари, ўз муваффақиятларига қандай эришганликлари, олтин медал олаётгандаги қувонч кўзёшларини кўриб, тўғриси, уларнинг ўрнида бўлиб қолгим ҳам келади! (кулади)
- Ўзингиз спортнинг бирор тури билан шуғулланганмисиз?
- Ўзим учун катта теннис ва рақс билан шуғулланганман!
- Қачон вокални аслида хобби эмаслигини тушуниб етгансиз?
- Болалигимдаёқ! Онам мени фортопиано машғулотларига берганида, дадам эса, ижодга ундаганларида, катта саҳнага йўналтирганларида, мен хонанда бўлишимни тушуниб етганман! Масалан, мен болалигимда математикага қизиқмасдим, агар синфда математика дарсида қайсидир масала ёки мисолни ечолмасам, дарров ўзимни “менга математика нимага керак, барибир хонанда бўламан-ку” деб овутардим! (кулади)
- Ўзингизни характерингизда ўзингизга қайси жиҳатингиз кўпроқ маъқул? Бугунги кунда ўзингиздаги қайси жиҳатни қадрлайсиз?
- Бугунги кунда мен ўзим сезмаган ҳолда, ўзимда “ҳамма ёмон нарсалар ва ҳолатларни” унутиш жиҳатини шакллантирганман! Бу жиҳат, ҳаттоки қандай содир бўлаётганини ҳам билмайман. Илгари бундай бўлмаган! Тўғриси, кек сақламай қўйганман! Менда ҳозирда кек сақлаш йўқ! Нимадир содир бўлса ҳам, ўша ишни қилган инсонга нисбатан кек сақлай олмайман! Ёддан чиқариб юбораман! Аввал бундай эмасди! Бунга бир ярим йил бўлиб қолди. Менга ким ёмонлик қилганию, ким ёмон гапирганини ҳаттоки эслай ҳам олмайман! Масалан, кимнидир учратиб, у билан гаплашиб, кулишиб, тураман-да, кейин кимдир менга “нима эсингда йўқми? Ахир боягина, ёки кечагина ундан ранжиган эдингу” дейди. (кулади) Кейин эслаб, ўзим ҳам ҳайрон қоламан! Ҳаттоки, яқинларим билан муносабатда ҳам шундай. Ҳаттоки, умр йўлдошимдан ҳам, асло хафа бўлмайман! Агар сал тортишиб қолсак ҳам, бир соат ўтар-ўтмас ёдимдан чиқиб кетади. (кулади) Бу жуда ҳам ажойиб! Айниқса, эрингиз билан муносабатда! Гап кавлаб, уришиб, ўтган ишларни эслатиб “эсингиздами” деб, асабни бузиб ҳам ўтирмайсиз! (кулади) Аввал шундай одат менда оз бўлса ҳам бор эди, ҳозир эса, умуман йўқ, худди бўлмагандек! Айнан, шу жиҳат менга жуда ҳам маъқул бўлмоқда!
- Инсонларда сизни асабийлаштирадиган жиҳатлар ҳам борми? Ёки ўзингизни бутунлай ўзгартирдингизми?
- Мен инсонларни одатда, қандай бўлсалар шундайликларича, яъни борича қабул қиламан! Агар ўзимни яқинларим, масалан, болаларим бўлса, мен уларни тарбиялашим мумкин. Лекин, бегона инсонлар бўлса, мен яхшиси, аҳамият бермайман. Уларнинг одатлари, жиҳатлари бу уларнинг шахсий иши! Нима учун улар мени асабийлаштиришлари керак? Бошқа тарафдан ўйлаб кўрсам, менимча, менга одамлардаги тарбиясизлик ва қўполлик ёқмайди! Бу менга ёқмаслигидан ҳам ташқари, биринчи навбатда, мен буни дарҳол сезаман ва аҳамият бераман. Тўғриси, баъзида инсонлардаги шу жиҳатлардан хафа бўламан. Масалан, қарасангиз, баъзида эркаклар ўзларини эркакдек тутишмайди! Аёллар, ёши катталар билан муносабатда буни кўриш мумкин. Яна бир менга жуда ҳам ёқмайдиган нарса, бу ёлғон! Шунинг учун ҳам, болаларимни тўғрисўз бўлиб вояга етишларига алоҳида аҳамият бераман! “Нима иш қилган бўлсанг ҳам, агар тўғрисини айтсанг, ёлғон гапирмасанг жазоламайман! Тушунаман! Тушунтириб бераман!” дейман. Токи, менинг фарзандларим рост гапни айтишдан қўрқишмасин! Чунки, ёлғон гапиришдан ёмони йўқ, деб ўйлайман!
- Лола кеча, Лола бугун ва Лола эртага? Фарқи?
- (Кулади) О! Олдин, менимча, жуда ҳам эмоционал, ҳамма нарсани юракка яқин оладиган бўлганман! Бугунги кунда эса, кўп нарсани оддий ҳол, деб қабул қиламан. Эътиборимга лойиқ бўлмаган, ҳар қандай майда нарсаларга ҳам аҳамият бериб ўтирмайман! Бу эса, яшаш учун жуда ҳам катта ёрдам беради. Ким нима деди, ким нима деб ўйлади, деган гаплар мени қизиқтирмайди! Бемалол, ҳамма ўз фикрига эга! Бугунги кунда яшашим ҳам осонроқ! Эртага нима бўлиши эса, биргина Оллоҳга аён! Лекин, албатта ҳаммаси яхши бўлишини истайман ва бунга ишонаман!
- «Сherry» брендига асос солган эдингиз, бу ғоя қаердан пайдо бўлган эди?
- Дизайнер Зулфия Султон билан бу йилги концертимиз ғояси устида ишлаётган эдик. Биргаликдаги ҳамкорлигимиз жуда осон ҳамда, мароқли кечди. Биз бир-биримизни битта сўзданоқ тушунардик, бунинг устига дидимиз, қизиқишларимиз ҳам бир хил экан. Баъзи дизайнерлар артистлар билан ҳамкорлик қилишганида, улар билан диди бир хил тушмаслигидан шикоят қилишади. Бу эса, ҳамкорликда ишлаш жараёнида қийинчиликларни юзага келтириши мумкин. Бизда эса, Зулфия Султон билан бирга тандем бўла олганлигимизнинг ўзиёқ биринчи қадам эди. Концертдан сўнг, Зулфия Султонда мен билан бирга янги либослар коллекцияси яратиш ғояси пайдо бўлди! Бутун дунёда ҳозирда (“капсульная коллекция”) “капсуль коллекция”си жуда ҳам машҳур. Бу 2 та машҳур дизайнернинг ҳамкорликда битта умумий, бирор мавсумга мос коллекция яратишидир! Ёки бир дизайнер билан бир артист бирга коллекция яратиши мумкин. Масалан, хориж юлдузларидан Виктория Бекхем ҳам дизайнерлик каръерасини шундай бошлаган, аввал шундай коллекция яратиб, кейин эса ўз брендига асос солган. Ўзбекистонда эса, бу йўналишдаги коллекцияга биринчи бўлиб, биз асос соляпмиз. Аввалига бизда бренд яратиш фикри йўқ эди. Аммо, коллекция яратиш жараёнида англаб етдикки, биттагина коллекция яратиш биз учун кам экан. Шунда мен, бренд яратиш ғоясини таклиф этдим. Бу бренд “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида, маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Зулфияга ҳам бу ғоя маъқул бўлди ва биз брендга ном ўйлай бошладик. Вариантлар жуда кўп эди. Ниҳоят, бир куни мен ярим тунда Зулфияга қўнғироқ қилдим. Чунки, шу кеча айнан, «Сherry» номи менинг тушимга кирди! “Зулфия фақат кулманг, шу ном тушимга кирди, брендни «Сherry» деб номласак, қандай бўларкин?” дедим. Зулфия эса, ҳаттоки ўйлаб ҳам ўтирмай, “Қойил! Зўр! Биз учун энг зарур ном бу!” деди. «Сherry» бу икки инсоннинг бир мақсад йўлидаги ҳамкорлиги, яъни Зулфия Султон ва Лола худди икки олча, икки мева бир шохда бирлашгани каби, бир умумий ғоя, иш билан машғуллигидир. Қолаверса, бизнинг биринчи коллекциямиз оналар ва қизларга бағишланади. Одатда ҳамма қизлар, ўз онасига ўхшашга ҳаракат қилишади. Мени ўзимдан қиёс! Болалигимда онам дўконга ёки меҳмонга кетганида, мен унинг хонасига кириб олиб, кўзгу қаршисида туриб олганча, унинг туфлилари, либосларини кийиб кўришни жуда яхши кўрардим. (кулади) Мана шу ғоядан илҳом олган ҳолда, биз оналар ва қизларга бағишланган коллекция яратишга қарор қилдик. Яъни, оналар учун кўйлак ва худди шундай кўйлакнинг мини варианти кичик қизлар учун ҳам яратилади. Шунда она ва қиз, бир хил кийинишади! Яъни, бир хил, битта бренд либосларини! Бу бизнинг илк коллекциямиз бўлади! Яна бир тарафдан эса, она билан қиз ҳам, яъни иккита инсоннинг биргалиги, яъни худди қўшалоқ олча, яъни «Сherry» каби! Одатда ҳамма яхши ғоялар, кутилмаганда тасодифан туғилади, дейишади. «Сherry»да ҳам, худди шундай бўлди! Биз бу ғояни кўп вақт давомида ўйлаб чиққанимиз йўқ, ҳаммаси тасодифан, кетма-кетликда юз берди ва биз жуда тез ишладик. Аввалига коллекция, кейин бренд яратиш ғояси, сўнг бренд номи пайдо бўлди.
- Либослар моделларини ҳам ўзингиз чизасизларми?
- Ҳа, албатта. Бу баъзиларда бўлгани каби, хонанда дизайнерни ёллади ва ҳаммасини дизайнер тайёрлаяпти, қабилида эмас! Биз биргаликда, баравар ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ҳар бир майда деталгача бирга аҳамият берамиз, бирга либос моделларини чизамиз, тайёрлаймиз, масалан, “мана бу ерида енгини тўғрилаш керак, бу ерида этагига нимадир қадаш керак”, шу каби майда ишларигача бирга бажарамиз.
- Масалан, битта либосни икковингиз биргаликда яратасизларми? Ёки сиз бошқа бир либосни алоҳида, Зулфия Султон бошқа бир либосни яратиб, кейин ўз либосларингиз ҳақида маслаҳатлашиб тўғрилайсизларми?
- Йўқ, биз ҳар битта либосни бирга яратамиз! Масалан, мен нимадир яратаман, Зулфия ҳам, кейин олиб келиб, икковини ҳам кўриб чиқиб, бирлаштириб, уйғунлаштирамиз! Ёки фасонларни бирга чизамиз, ҳар битта либос биргаликда дунёга келади. Ижодий жараён шундай давом этмоқда!
- «Сherry»нинг келажагини қандай тасаввур қиласиз? Режалар борасида-чи?
- Режаларга келсак, бундан инсонлар кўпроқ фойдаланадиган маҳсулот бўлишини истардим. Биз нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки импортга ҳам маҳсулот чиқармоқчимиз. Чунки, бизнинг пахтадан тайёрланган матодан тикилган маҳсулотларга кўп жойларда талаб катта! Хуллас, режалар кўп!
- Бир марта оилани деб, саҳнани тарк этгансиз. Эндиликда, бизнесни деб, шундай ҳолат юз бериши мумкинми?
- Билмадим. Аммо, бугунги кунда каръерамни ташлаш ниятим йўқ! Чунки, бу менинг илҳомим! Бу менга куч беради! Ҳаттоки, «Сherry» устида ишлашимга ҳам! Касбим менинг допингим! У менга қувват беради! Айнан каръерам туфайли, ҳар тонг табассум билан кўз очаман! Болаларим, оиламдан ташқари, каръерам менга ҳаётда нимагадир интилишга, ташқи кўринишимга эътиборли бўлишга, инсонларга қувонч бахш этишга ёрдам беради! Бу эса, менга ҳаётда илҳом бахш этади. Менга ижодкор сифатида бу жуда ҳам зарур! Билмадим, шунинг учун ҳам, яқин келажакда каръерамдан, касбимдан воз кечиш ниятим йўқ! Лекин, билмадим, келажакда нима бўлишини эса биргина Оллоҳ билади! Лекин, ҳамма нарсани ўз вақтида якунлашни ҳам билиш керак. Агар, мен ҳам, каръерамни тугатиш вақти келганини англасам, унда мени ўз бизнесим бўлади! (кулади)
- Ўзингиз учун либосларни, имиджни қандай танлайсиз? Масалан, фақатгина концерт ва ва саҳна учун эмас, яъни бирор тадбирлар ёки оддий кунга ҳам?
- Одатда кайфиятга қараб танлайман! Ёки Зулфияга бирор дизайн ўйлаб, буюртма бераман! Ранг-барангликка ва хилма-хилликка катта эътибор бераман! Доим бир хил услубда кийинишни ёқтирмайман. Ҳаммаёққа ўзим истаган либосда бораман!
- Ўзингиздаги ишончсизликни енгишга сизга нима ёрдам беради?
- Бундай ҳоллар бўлади, албатта. Бундай пайтларда яқинларимнинг қўллаб-қувватлашлари ёрдам беради.
- Одатда шоу бизнес ташқи тарафламагина чиройли кўринади, аслида ичида эса, асаббузарлик ва турли мураккаб вазиятлар кўп, дейишади. Сиз бундай ҳолатларда қандай йўл тутасиз?
- Ҳеч қандай. Биласизми, шоу бизнес ўзига хос олам, унинг ўз ўйинлари, ўз вазиятлари, ҳаёти ва сув ости тошлари бор! Мен бундай нарсалардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан! Мен ўз ишимни қиламан! Бу оламга чуқур кириб кетмасликка интиламан, батафсил тафсилотларга қизиқмайман! Шунинг учун ҳам, юқорида айтган вазиятларингиз билан тўқнаш ҳам келмайман! Қўрқмайман ва шунчаки бундай нарсаларга аҳамият ҳам бермайман! Лекин, ўз ишимни доим ўз вақтида ва астойдил амалга оширишга ҳаракат қиламан!
- Оила ва каръерани баравар олиб бориш, қийин эмасми?
- Қийин, тўғриси. (кулади) Лекин, мен уддасидан чиқишга ҳаракат қиляпман!
- Томошабинлар сизни ёшлигингиздан билишади. Айни вақтда сиз санъат оламида ўз ўрнига эга хонанда сифатида, сиз каби каръера қилмоқчи бўлган ёш қизларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Агар чиндан ҳам шундай кучли ҳоҳиш-истак, қобилият, маҳорат бўлса, унда орзулар сари кучли ҳаракат билан интилишлари керак! Нафақат хонанда бўлишни истайдиганлар, балки умуман қайси касб эгаси бўлишни исташларидан қатъий назар, журналистми, инженерми, шифокорми, қайси касб бўлмасин, биринчи навбатда инсон ўзига ишониши керак! Қанчалик баландпарвоз бўлмасин, бу ҳақиқат! Инсон ўзига ишониши ва ўз орзусига эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилиши керак! Эртами кечми, сиз бунга тўхтаб қолмай, интилсангиз, енгилмасангиз, албатта ўз мақсадингизга эришасиз!
Саида Вахобова
"Тасвир" газетасида чоп этилган