FATTOHHON.COM
« Все новостиФонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси-V Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови, бу йил 17-19 август кунлари пойтахтимиздаги City Makon маданий-маърифий кўнгилочар мажмуасида бўлиб ўтмоқда.
Ташкилотчилар: Фонд Форум, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, АҚШ нинг Ўзбекстондаги элчихонаси ҳамда Исроил маданият маркази кўмагида. Бу сафар мазкур танловда 800 нафар мамлакатимиз вакили ва Қозоғистонлик меҳмонлар турли йўналишларда иштирок этишмоқда.
Мазкур танлов ёш иштирокчиларнинг хореографик маҳоратини ривожлантириш ва уларнинг профессионал даражасини оширишга қаратилган. Танлов ёш профессионал ва ҳаваскор спортчиларга саҳнада ўз маҳоратни намойиш этиш имконини беради.
Бу йил танлов анъанавий шаклда ўтказилмоқда. Анъанавий спорт-бал рақслари, халқларга оид рақслар, steet-dance (“кўча” рақси), modern dance (free style-эркин услуб), спорт акробатикаси ва бадиий гимнастика йўналишларидан ташқари танлов доирасида роллерлар, скейтерлар, велосипедчилар ва илк маротаба паркурчи-атлетлар иштирокчида Street Fest мусобақаси ҳам ташкил этилмоқда. Саралаш босқичлари 17-18 август кунлари ўтказилиб, 19 август куни эса, эстрадамиз юлдузлари, энг яхши чиқишлардан иборат гала-концерт ҳамда танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади. Барча бўлимлар иштирокчилари лойиҳа муаллифи Гулнора Каримова томонидан мукофотлар ва дипломлар ҳамда махсус грантлар билан тақдирланадилар.
Бу йил танловда қатнашиш учун, Ўзбекистон ва Қозоғистондан жами42 та рақс жамоаси ариза топширди. Иштирокчиларнинг умумий сони-5 ёшдан 25 ёшгача 800 кишидан зиёд бўлди. Постановкачи хореограф Татьяна Круглова, Ўзбекистон халқ артисти балерина Нодира Ҳамроева каби ўз касбининг етук мутахассислари ҳакамлар ҳайъатидан ўрин олган бўлишиб, уларнинг иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишларини бадиий ва хореографик жиҳатлари, ижро техникаси ва пластикаси, ҳиссиётлилик, актёрлик маҳорати, мусиқа, хореография ва либослар уйғунлиги кабиларга эътибор қаратишмоқда.
Street Fest бўлимининг 200 яқин раққоси 5 та номинация бўйича ўзаро беллашмоқдалар, булар: хип-хоп юниор, хип-хоп профессионал, данс холл, поппинг ва брейкдансинг. Уларнинг маҳорати америкалик машҳур раққос ва хореограф Брайан “Tyger-B” Маршалл, исроиллик раққос Олег Давидовский, россиялик раққос Виктор “Vitek” Квятковский ҳамда халқаро танловлар ғолиби, украиналик Катья Харченко томонидан баҳоланади. Ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари Tashkent Dance Camp рақс лагери доирасида маҳорат дарслари тақдим этишди.
Роллер, скейтерлар, велосипедчилар (50 кишидан ортиқ) ҳам турли йўналишларда ўзаро беллашмоқдалар. Роллерлар-слалом, слалом-тепага сакраш ва агрессив. Скейтерлар-фристайл. Велосипедчилар-фристайл BMX (Bicycle Moto Extreme). Паркурчи – атлетлар ҳам ўзига хос оригинал дастурларини намойиш этишади. Танловнинг мазкур блокидаги иштирокчиларнинг аксарияти пойтахтимиздаги экобоғ ҳудудидаги махсус майдончада тайёргарлик ишларини олиб боришмоқда.
Ҳозирда City Makon маданий-маърифий кўнгилочар мажмуасида танловнинг саралаш босқичларининг биринчи куни жуда ҳам қизғин ўтди.
Болалар ва ўсмирлар рақс гуруҳлари иштирокида, турли халқларга оид рақслар, street-dance, modern dance (free-style), спорт рақслари намойиш қилинди. Айниқса, “Асал” “Тўмарис”, “Форум юниор спорт” гуруҳларининг чиқишлари ўзига хос даражада ёрқин ва эсда қоларли бўлди.
Шунингдек, роллерлар, скайтерлар ва велосипедчилар томонидан майдон синаб кўрилиб, турли ҳаракатлар намойиш қилинди. Велосипедчиларни баландликни абжирликда забт этишлари, велосипед билан сакрашларини кўриб завқланасан. Шунингдек, мазкур танлов томошабинлар учун ҳам ҳақиқий рақс байрамига айланиб кетди. Ёш болалар Сity Makon да берилиб турли арғимчоқларда учишди ва танлов иштирокчиларига ҳавас қилиб, ўзларининг кичик велосипедларида учишди. Мусиқий чиқишлар вақтида, саҳнадан пастда берилиб рақсга тушишди.
Биринчи кун жуда кўтаринки руҳда ўтди!
Саида Вахобова