FATTOHHON.COM
« Все новости
ИККИТА СПЕКТАКЛЬ НАМОЙИШИДАН . . . 01.02.2013 12:13

1 февраль куни Ўзбек Давлат драма театрида, иккита спектакль намойиши бўлиб ўтди.
“Мувозанат” спектакли намойиши соат 14.00 да бошланди. Мазкур спектакль Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” деб номланган романи асосида, ёш театр режиссёри Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган. Спектакль ўта жиддий мавзуда бўлиб, томошабинларни таъсирлантирди.

Спектаклда бош ролни актёр ва режиссёр Дилмурод Масаидов ижро этди.

Дилмурод Масаидов: - «Мувозанат» спектакли томошабинлар, адабиётчилар ва қолаверса, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ҳам тортишувли, ҳам илиқ қабул қилиб олинди. Мен бу романни ўқиб чиқдим, муаллифнинг фикри, биз ўтган кунларимизни унутмайлик, ҳозирги бахтли кунларимиз замирида қандай қийинчиликлар ётибди, буларни эсдан чиқариб қўймайлик, деган фикрни яққол кўрсатилган. Мен бу романни “Мувозанат” спектаклида роль ижро қилиб бўлганимдан сўнг, қизиққаним учун ўқиб чиқдим. Биз бу бахтли ва фаровон кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ ва уларнинг қадрига етишимиз керак! Асар ва спектакль ҳозирги кунда долзарб бўлган фикрларни олдинга олиб чиққан! Спектакль режиссёри Сайфиддин эса, бу фикрларни томошабинларга саҳнавий етқаза олди, деб ўйлайман. Спектаклда 100 фоиз қора кунлар кўрсатилган десак, нотўғри бўлар, деб ўйлайман. Сабаби, ҳозирги фаровон кунларимизга ҳам ношукурчилик қиладиганлар ҳам бор. Баъзилар ўтган кунларини, қийинчиликларини унутишган. Шунинг учун ҳам, бугунги кунимизнинг қадрига етишмайди. Ахир бугунги фаровон кунларга етишиш осон бўлмаган. Ўйлайманки, шунинг учун ҳам, шундай спектакллар керак. Уларни кўриб, инсонлар бугунги бахтли ва фаровон ҳаётнинг қадрига етадилар. Бугунги спектаклдаги бош роль, Юсуф ролини устозимиз Ҳошим Асрлонов билан биргаликда дунёга келтирганмиз. Барибир устознинг изидан юрасиз, уларнинг ижросидан ўрганиб, изланасиз.

Спектаклдаги асосий роллардан бири она образини Гулбаҳор Йўлдошева ниҳоятда таъсирли ижро қилди. Қолган ролларни асосан, ёш актёрлар ижро қилганлар. Шунингдек, профессор ролида Ғайбулла Жуманов.

Спектаклда асосан, Мустақиллик йилларигача бўлган ҳаёт ифодаланиб, Ўзбекистон Мустақилликка эришгунга қадар бўлиб ўтган қийинчиликлар кўрсатиб берилган. Қийинчиликка чидай олмай, ҳаёт курашидан чарчаб енгилган инсонлар ва аксинча синовларда тобланиб, ёруғ кунлар келишига умид билан яшаганлар инсонлар ҳаёти, бир оила тимсолида ифодаланган.





Спектаклдаги бош қаҳрамоннинг қийинчиликларни енгиб ўтиб, фаровон кунларга етгунга қадар бўлган ҳаётини, актёр Дилмурод Масаидов маҳорат билан ижро қилган.
Феруза Фаттохова

Иккинчи спектакль ҳам шу куннинг ўзида тақдим этилди.
“Бахт эшик қоққанда” деб номланган мазкур спектакль комедик йўналишда бўлиб, уни ҳам театр режиссёри Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган. Бу спектаклда ҳозирги кунда учраётган катта муаммолар юмор орқали кўрсатилган. Спектаклда бойлик билан ҳамма нарсани сотиб олишим мумкин, деб ўйлайдиган инсонлар ҳажв остига олинган. Ҳозирги кунда учраётган, бойлик туфайли оила қуриш, шунингдек баъзи бой оталарнинг ўзлари қизлари учун умр йўлдоши излаб, ҳаттоки ўзлари совчиликка ҳам бориб, ўша йигитни бойлиги билан кўндириб, қизга уйлантириш ҳолатлари ҳам юмор билан ифода этилган. Спектаклда кулги остида катта муаммолар, ҳамда аёл дарди ҳам ифода этилган.

Бу спектаклда ҳам, асосий роллардан қизини турмушга берувчи ота ролини актёр Дилмурод Масаидов (Фарҳод Мухторов билан дублёрликда) ижро қилди. Актёр ўз қаҳрамонининг комик ҳолатлари маҳорат билан кўрсатиб бера олди. Шунингдек, актриса Доно Бобохонова, Нозима Раимбекова, Роҳат Муродовалар ижро қилишган. Спектакль театр саҳнасида 3 йилдан буён муваффақиятли намойиш этиб келинмоқда.
Саида Вахобова
"БАХТ ЭШИК ҚОҚҚАНДА" СПЕКТАКЛИДАН ВИДЕО
ЛАВҲАЛАР