FATTOHHON.COM
« Все новости
Режиссёр Жавлон Шодмоновнинг «Хазина операцияси» фильми юзасидан, ўзимизда ҳам, томошабинларда ҳам бир неча саволлар туғилди. Баъзилар томонидан, “Пайшанбадан пайшанбагача” фильмидан сўнг, Жавлон Шодмоновдан бундай фильмни кутмагандик!” деган фикрлар ҳам бўлди.
Шунинг учун, бу саволларга Жавлон Шодмоновнинг ўзидан жавоб олдик.
Жавлон Шодмонов: - Тўғрисини айтсам, “Хазина операцияси” фильмида суратга олинган материал камроқ бўлиб қолди. Яъни, бир соату беш дақиқа. Фильмнинг ярмидан кўп сюжетлари ўша Аватар, Астерикс ва Обеликслар билан боғлиқ эди. Яъни, улар билан суратга олиниши керак бўлган, сюжетлар кўп эди. Аммо, менда шундай бўлдики, фильмни суратга олишни бошлаб, Аватар, Астерикс ва Обеликс билан боғлиқ саҳналарни охирида суратга олишни мўлжаллагандим. Уларни суратга ола бошлашим билан шундай вазият бўлиб қолдики, бош қаҳрамонлардан Собир Отажонов, бошқа бир фильмда банд бўлиб, ўша фильмнинг суратга олиш ишлари учун Андижонга кетишига тўғри келди. Толиб акам Мўминов эса, Сурхондарёга кетиши керак бўлди. Мен эса, улар билан боғлиқ суратга олиш ишларини 2 кунга мўлжаллагандим! Ҳар бир актёрни ўша белгиланган қиёфага келтириб, грим қилинишига 4 соатдан ортиқроқ вақт кетади. Хуллас, уларни суратга олишнинг биринчи куни кечки соат 18.00 да актёрлар суратга олиш майдонига келишлари керак эди. Аммо, уларнинг ҳаммаси тунги соат 23.00 да йиғилишди. Грим роса узоқ вақт олди. Тезлашишга минг ҳаракат қилинса ҳам, энг тези билан тунги соат 02.00 да суратга олишни бошладик!
Уйдаги улар билан боғлиқ саҳналар тунда, яъни қоронғида олиниши керак эди... Соат тунги 02.00 да суратга олиш ишлари бошланган бўлса, соат тонгги 04.00 да тонг ёриша бошлади! Натижада, менда суратга олиш учун бор-йўғи 2 соат вақт қолган эди! 2 соат ичида, 2 кунлик нарсани суратга олишнинг иложи бўлмади! Улгурганимча, суратга олдик. Аммо, яна 5 та эпизод қолиб кетди! Чунки, улар билан боғлиқ воқеалар бир кунда ва битта жойда бўлиши керак, асосий актёрлар эса, эртаси куни йўқ! Суратга олинмаган бир кунлик материал қолиб кетди! Менда эса, вақт масаласи муаммо бўлди! Чунки, вазиятдан келиб чиқиб, мен уларнинг қайтишларини ҳоҳласам ҳам, кута олмасдим. Шундан сўнг, ноилож мен фильмни монтаж қилдирдим. Одатда режиссёрлар фильмларининг монтажи битгач, дубляжини ҳам ўтказиб олгач, фильмни кўриб, ўзи динамик эпизодларни ўрнига қўйдириб, динамика пастроқ эпизодларни кестириб, керак бўлса қисқартириб, тўғрилаб олишади.
Менда эса, олинган материал кам, шунинг учун ҳам, ноилож кадрларни кесиб қисқартириб, динамикаси кўп фильм қилишнинг сира ҳам иложи йўқ эди! Ноилож бошида ва охирида титрларни узоқроқ бердим. Динамикани тушириб юборса ҳам, баъзи кадрларни қўйдирдим ва бир амаллаб фильм вақтини озроқ кўпайтирдим. Аммо, шуниси билан бир соату беш дақиқалик фильм бўлди. Ўзим кўриб, билиб турибман, шу туришида фильмда динамикани тушириб юбораётган, 15 дақиқа кесиладиган кадрлар бор! Уларни аниқ кесиш керак! Лекин, кеса олмайман, унда фильм қисқа метражли бўлиб қоларди...
- Демак, сиз ўзингиз ўйлаган ғояларнинг ярмини амалга ошира олмадингиз?
Жавлон Шодмонов: - Ҳа! Ярмидан кўпини амалга ошира олмадим. Мен бу фильмни “слабый” бўлишини суратга олиш ишлари вақтида билгандим... шунча кадрлар суратга олинмай қолиб кетгач, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, назаримда... Ўзи бу фильмни премьерасиз намойиш қилишни ҳам ўйлагандим...
- Фильмингизда актёрлар бир-бирларини ҳис қилмай роль ижро қилишган. Ахир улар дебютантлар эмас, профессионал актёрлар бўлса, бунга сизнинг муносабатингиз? Бу борада ҳам, “актёрлар камерага ўйнаётгани шундоқ билиняпти” дейишди.
Жавлон Шодмонов: - Бу нарса, ўша Аватар, Астерикс ва Обеликс саҳнасида бўлган. Чунки, 2 соат ичида иложи борича кўпроқ саҳналарни суратга олдиришим керак эди! Қайта-қайта дублга вақт етишмади. Лекин, бошқа саҳналаримда бундай ҳолатлар йўқ! Чунки, у саҳналар учун етарли вақт сарфланган. Масалан, ит билан боғлиқ саҳна 2 кун давомида суратга олинган. Ўзи бу фильмда менга актёрларнинг вақти масаласи жуда ҳам муаммо бўлди. Сабаби, эл хизматидаги актёрлар, ҳаммасининг яна бошқа суратга олиш ишлари, эл хизмати дегандек, ҳаммасини бир вақтга вақтини тўғрилаш қийин бўлди. Камига ўша суратга олиш ишлари вақтида, кунлар ҳам жуда иссиқ эди. Тўғриси, фильмнинг “слабый”роқ чиққанини ўзим ҳам тан оламан. Лекин, бундан сўнг, ҳозир “Турсунбойнинг дадаси” деб номланган янги фантастик комедия устида ишлаяпман. Бу фильмимни кўрсалар, томошабинлар маза қилиб кулишлари аниқ, деб ўйлайман. Бу фильм ҳам ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга. Ҳозирда фильмнинг монтаж ишлари кетмоқда.
- “Хазина операцияси” фильмини кўпчилик, 16 ёшгача бўлганлар учун суратга олинган, деган фикрларни билдиришмоқда. Фильмингизни болалар учун мўлжалланган фильм, деб айта оласизми, ёки бу фильм катталар учун ҳам, тарбиявий аҳамият эга фильм, деб ҳисоблайсизми?
Жавлон Шодмонов: - Агар фильмнинг финалидан келиб чиқиб, хулоса чиқарилса, бу фильм 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган томошабинлар учун мўлжалланган. Чунки, фильмнинг асосий мақсади, ота-онани ҳурмат қилиш, хазина қидириш эса, ўша мақсадни очиб беришга хизмат қилади. Ота-онага меҳр туйғуси, фильмда биринчи ўринга қўйилган! Фильмдаги Аватар, Астерикс, Обеликс, Ўргимчак одамни, уларни қўғирчоқ сифатида келтирилганини кўриб, томошабинлар болаларга мўлжалланган фильм, деб тушуниб қолган бўлишлари мумкин. Қолаверса, қаҳрамонлардан бири кичик ёшли актёр Турсунбой бўлгани ҳам, бунга сабаб бўлиши мумкин.
Муҳбилло Убайдуллаев фильмнинг монтаж режиссёри: - Лекин, фильмнинг якуний хулосаси тарбиявий аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.
Жавлон Шодмонов билан узоқ суҳбатлашдик. У ҳозирда ўзининг “Турсунбойнинг дадаси” янги фильми билан банд. Бу фильмда бош ролни актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров ижро этганлиги ҳақида, маълумотларнинг бирида айтиб ўтган эдик. Ўзгача динамика ва кутилмаган саҳналарга бой бу янги фильм ҳақида тез кунларда тўлиқ маълумотларни тақдим этамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова