FATTOHHON.COM
« Все новости
Бир вақтнинг ўзи кино оламида бир неча йўналишда меҳнат қилиш ва уларнинг барчасида муваффақиятга эришиш жуда ҳам қийин. Аммо, Нозим Тўлахўжаев бунинг уддасидан чиқа олган ижодкор! У истеъдодли ва севимли актёр, “Энг яхши актёр” номинациясида “Киношок” фестивали совриндори, “Олтин Гепард” мукофоти соҳиби, “M&TVA” мукофоти соҳиби, шунингдек, мультипликацияда режиссёрлик бўйича ҳам, унинг мультфильмлари совринларга эришган. Шунингдек, Нозим Тўлахўжаев кино оламида режиссёр ҳамдир. У ҳозирда яна янги “Зарба” фильми устида иш бошлаган.
- Бугунги кундаги ўзбек киноси, сизни умуман қайси жиҳати ёки нимаси билан ҳайратга солмоқда?
- Агар умумий қарашлар билан олсак, кино бу универсал, халқаро санъатдир. Назаримда, ўзбек киносида ҳам, ўзбек халқининг сирли, такрорланмас ва ўзига хос руҳий жиҳатларини очиб бера оладиган, такрорланмас, ўзига хос, психологик мотивлар ва образларни топиш керак. Чунки, дунёда ҳамма инсонлар бир хил, икки қўл, икки оёқ, бош, ҳаммаси бир хил, ҳаттоки туйғулар ҳам. Севги-муҳаббат, нафрат, яхшилик, ёмонлик, ҳаммаси бир хил. Лекин, ўзбек халқининг фақат ўзига хос бўлган эстетикаси, маданияти, анъаналари бор. Бизнинг ўзбек режессураси ана шу ўзига хосликни, бетакрорликни топа олсалар, бизнинг фильмларимиз ҳам, юқорида номини тилга олган давлатлар фильмларидан ҳам кўра кўпроқ қизиқиш ва ажиотажларга сабаб бўлган бўлар эди! Энг асосийси эса, кино метафорик санъат. Ўзбек менталитетининг метафоризми, образлари шунчалик ёрқин, шунчалик чуқурки, ўзбеклар файласуфона фикр юритадилар. Эътибор қилсангиз, бизда қанчалик мураккаб ва маъноли мақоллар, афсоналар бор. Мифологияда ҳам қанчалик ёрқин образлар мужассам. Шунчаки, жўн ёзилган воқеалар эмас, шеърий достонлар, ҳақиқий асарлар. Шунинг учун ҳам, ўзбеклар қўшиқларни, шеърларни яхши кўрадилар. Бу бизда шеърият ҳам қанчалик ривожланганлигидан далолатдир. Халқимиз жуда ҳам бой маънавий, маданий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси ўз фильмларимизда акс эттириш керак, деб ўйлайман.
- Ўзбек фильмларига ҳар хил жанрлар кириб келмоқда, нима деб ўйлайсиз, шундай бўлганда ҳам ўзбек кинолари қайсидир жиҳатлари билан ажралиб туриши керакми?
- Биласизми, дунёда халқлар кўп, уларни ҳар бирини ўзига хос, чиройли анъаналари бор. Айнан, шу ўзига хослик, инсонларнинг ёдида қолади. Агар эътибор қилсангиз, ҳар бир халқнинг фильмларида уларнинг ўзигагина хос бўлган миллий жиҳатлари бор ва шунинг учун ҳам фильмлари ажралиб туради. Фақатгина ташқи кўриниш эмас, балки руҳиятида ҳам ўзига хос образлар мужассам. Инсонлар ҳамма фильмларда бир хил кўрсатилиши мумкин, уларнинг туйғулари бир хил бўлиши мумкин. Масалан, севги-муҳаббат, яхши ёки ёмон инсонлар. Аммо, Ўрта Осиё, ўзбек халқининг ўзига хос маданияти, характери, урф-одатлари бошқалар учун қизиқарли. Хориж фильмларига сюжет, либос ва бошқа нарсаларда тақлид қилинса, бегона фильмни, бегона туйғулар, характер ва кайфиятни кўчириш бўлади. Лекин, ўзимизни ҳам, ўз миллий характерларимиз ҳам бор-ку. Уларни излаш, изланиш керак. Қаҳрамонга дўппи-чопон кийгазиб қўйганингиз билан у ўзбек бўлиб қолмайди. Унинг ўзбекларга хос характери, ҳазиллари, жиддийлиги, ўзига хос жиҳатлари бўлиши керак! Ана шу жиҳатлар ўзбек киносини бошқалардан фарқлантириб туради. Масалан, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алишер Навоий”, каби фильмларда миллий индивидуаллик бор! Албатта, шу билан бирга профессионаллик, маҳорат ҳам бўлиши керак. Минг афсуски, ҳозирги кунда суратга олинаётган тижорат фильмларининг баъзилари ҳақида, бундай ижобий фикр айтиш қийин. Уларнинг ижодкорлари миллий ўзига хослигимизни фильмларда кўрсатмоқчи бўладилар, лекин уларнинг ҳоҳишлари нопрофессионаллик билан тўқнаш келмоқда. Уларнинг кўплари маълумотга эга эмас, ҳаттоки, фильмни тўғри монтаж қилишни, кадрларни тўғри қўйишни, энг муҳим нарса, актёрлар билан қандай ишлаш кераклигини билишмайди!
- Лекин, кўплаб профессионал актёрлар ва сиз ўзингиз ҳам, ана шундай фильмларда роллар ижро қиляпсизлар-ку!
- Минг афсуски, ҳа. Лекин, фильмларда кимнинг қандай роль ижро этаётганлиги кўриниб турибди, масалан, мен ўзим ҳам шундай фильмларда роль ижро этдим ва бундан уяламан! Мен ўзимга топширилган роль устида ишлашни ҳоҳлайман, унга қўшимчалар киритиб чуқурлаштирмоқчи бўламан. Лекин, бу ўша фильмни суратга олаётганларга мутлақо қизиқ эмас! Ҳаммаси бир хил, бир қолипда ижро қилиб беришингни ҳоҳлайди. Масалан, мен оила бошлиғиман, қизим номуносиб йигитни, ёки ўғлим ўзига мос келмаган қизни севиб қолди ва бунга норози ота қиёфаси... ва ҳоказо. “Келинглар, мана буни ерига бироз характер берайлик” десам, “Нозим ака, илтимос, европача руҳият беринг, мана бу ерда эмоция кўрсатиш керак, йиғлаш, бақириш керак” дейишади. Улар ўзбек миллатининг характерини жуда оддий кўрсатишади ва қарабсизки, сақичга ўхшаб чайналган бир хил мавзудаги фильмлар кўпайиб ётибди. Яқин орада яратилган кўпчилик фильмлар гўёки, битта режиссёр тарафидан суратга олинганга ўхшайди. Ҳамма фильмлар сюжет тарафлама бир-бирига эгизакдек ўхшашади. Мавзу, актёрлар, кийимлар, ҳаммаси ўхшаш. Ҳаттоки, томошабинларнинг ўзлари режиссёрларга қарата: “Нима суратга оляпсизлар ўзи? Бошқа мавзу йўқми?” дейдиган ҳам бўлишган. Лекин, улар бўлса менга, “Йўқ, Нозим ака, бизни шундай фильмлар олишимизни томошабинлар, халқ ҳоҳлаяпти” дейишяпти! Бу иккиюзламачилик, бу ёлғон! Аслида эса, халқ, томошабинлар бундай оддий қарашлар ифодаланган, бир хил фильмларни кўришни ҳоҳламаяпти, ҳаётий, уларнинг туйғулари, миллий характерлари ҳаққоний тасвирланган фильмларни кўришни исташяпти. Биз актёрлар, режиссёрлар, сценаристлар халқнинг эстетикасини, уларнинг қизиқишлари шакллантирамиз. Тўғри, ўз халқимиз ҳаётини асос қилиб оламиз, лекин ҳаммаси биз уни қандай кўрсатишимизга боғлиқ, халқимиз бизга кўплаб мавзулар беради. Биз эса, негадир энг оддий, сийқаси чиққан мавзуларни танлаб оламиз! Нима учун мураккаб мавзуларга қўл урмаймиз? Аммо, ҳар қандай ёшдаги томошабинлар ҳам, экранда ҳақиқатни, ҳаётий фильмларни кўришни исташади. Баъзилар, “томошабинлар кинотеатрларга ўз муаммоларидан дам олишга келишади. Уларга дам оладиган фильмлар қилишимиз керак” дейишади. Лекин, томошабинлар ҳар доим ҳам фақат дам олгани келишмайди-ку! Ахир фильмни кўриб, бироз ўйлаш ҳам керак-ку. Комедия фильмларга қарши эмасман, тўғри енгил қувноқ комедияни кўриб, ҳеч нарсани ўйламай, яхши кайфиятда уйга келиш яхши. Лекин, бундай ҳолат ҳадеб давом этаверса, томошабинларни фильмларни кўриб, умуман фикрламасликка, фильмлар борасида билимсизликка ҳам олиб келиши мумкин. Томошабинлар фильм кўриб, фақат шунчаки кулиб, хурсанд бўлишлари керакми? Ҳамма нарсани ҳам чегараси бўлиши керак. Ўйнаб-кулишни, ҳаёт ҳақида фикрлашни ва ишлашни ҳам ўз вақти бор. Шунинг учун ҳам ҳозирда режиссёрларимиз олдида мана шу катта муаммо турибди. Халқимиз фильмларни, кинони жуда яхши кўради, бизда кино суратга олиш ҳам ўсиб бормоқда. Агар ўйлаб қаралса, Мустақилликдан сўнг, ҳеч қайси МДҲ давлатларида кино санъати бизникичалик ривожлангани йўқ! “Олтин гепард” Халқаро кинофоруми бунинг ёрқин исботидир! Бошқа МДҲ давлатларида кинотеатрларда хориж фильмлари кўпроқ қўйилади ва ўзларининг миллий фильмларига кам сонли томошабин бориши ҳақида айтишади. Бизда эса, тан олиш керак, кинотеатрларимизда хориж фильмларига 10 фоиз томошабин тушса, ўзимизнинг ўзбек фильмларига 90 фоиз томошабинлар тушади. Халқимизнинг кинойимизга бўлган меҳру муҳаббати, қизиқиши жуда кучли ва бунинг қадрига етиш керак! Арзон-гаров сифатсиз кинолар билан кинони қадрсизлантириш керак эмас! Бизда кинога, санъатга фидоийлар ҳам кўп. Баъзи тижорат фильмларида ишлайдиган режиссёрлар, машинаси, уйларигача сотиб, пулини фильм суратга олиш учун ишлатишади. Бизни киноматографияни, ундаги инсонларнинг мана шу жиҳатларига қойил қолмай илож йўқ. Мен бундай фидоийларига қойил қоламан, уларни қўллаб-қувватлайман. Лекин, киноматографиядаги фақатгина пул топишга қаратилган, ёлғон ва сохтакорликка қаршиман! Аммо, ҳозир томошабинларимиз ҳам, ақл билан фикр юритиб, енгил-елпи фильмларга тушмай қўйгач, юқорида айтиб ўтган “киноижодкорлар”нинг кинопрокатдаги фойдаси камайиб, кинолари ҳаттоки кетказилган маблағни ҳам қопламай қўйди. Менимча, кўпроқ мавзуларни хилма-хил қилиш керак, ҳозирги кунда нима қизиқарли эканлигига катта эътибор бериш керак. Кўпчилик режиссёрларимиз ўзбекларни жуда ҳам оддий, содда мавзуларни ёқтиришади, мураккаб психологик фильмларни кўрмайди, деб билишади. Бу нотўғри фикр, деб ўйлайман. Бизнинг халқимиз, аксинча, фильмларни жуда чуқур мушоҳада қила олади ва уларга ёш боладек муомала қилиш керак эмас! Мен халқимизни, томошабинларимизни қанчалик интеллектуал, чуқур мушоҳада қила олишларини биламан. Тўғри, улар бизнинг ёш киноюлдузларимизни ҳам жуда яхши кўришади, ҳурмат қилишади. Бу тушунарли, ёшга боғлиқ ҳолат. Лекин, улар шу билан бирга фалсафий, мураккаб психологик, тарихий фильмларни ҳам жуда яхши кўрадилар.
- Сиз актёр, режиссёр, ҳамда мультипликаторсиз. Мультипликаторлик фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
- Биласизми, актёрлик маҳорати ва мультиплакация кутилмаган хоббим, десам ҳам бўлади. Мен ҳеч қачон актёрликни ҳам, мультипликаторликни ҳам орзу қилмаганман. Лекин, тақдир ҳаммасини ўзгартириб юборди. Илк марта кинога қадам қўйишим билан ташқи кўриниш типажим режиссёрларга маъқул бўлди ва роль ижро қилдим. Мен актёрлик ва режиссёрликка тақдир туфайли, қадам қўйган бўлсам ҳам, бундан сира ҳам афсусланмайман! Мультипликацияни ҳам болаликдан ёқтирар ва уни киноматографиянинг юқори санъатларидан бири, деб билардим. Мультиплацияга қадам қўйишим ҳам тасодифан юз берди. Ўша вақтларда бироз бўшроқ эдим. “Ўзбекфильм” қошида “Мультбирлашма” ташкил қилинди ва у ерда режиссёрлар етишмай қолди. Шунда “Мультбирлашма”нинг директори менга шу ерда ишлашни таклиф қилди, мен ўйлаб кўрдим. Биринчидан, бу мустақил ижод! Мен ўзим у ерда ўзимга ўзим режиссёрман, кимгадир бўйсунмайман, ўз фильмимни яратишим мумкин. Бу фикр менга жуда ҳам маъқул бўлди. Ҳоҳлаган мавзуйимда ғояларимни чизаман, амалга ошира оламан, об-ҳавога, актёрларга, декорацияга боғлиқлик йўқ. Ташқарида қиш бўлса, мен бемалол мультфильмда иссиқ ёзни акс эттира оламан. Айнан, шу жиҳатлари мени жуда ҳам ўзига тортди. Шундан сўнг, мультипликатор ҳам бўлдим. 30 йилдан буён, актёр, сценарист, мультипликатор, режиссёрман. Мени, “мана Нозим ҳам, сценарий ёзади, роль ҳам ўйнайди, режиссёрлик ҳам қилади” дейишади. Мен бу ишларни яхши кўрганимдан қиламан, қолаверса, уддасидан ҳам чиқяпман. Агар ишларим яхши чиқмаса, ўхшамаса, албатта, бу ҳақида гапирмаган бўлишарди. Чунки, вилоятларга борганимизда, менинг мультфильмларимни ҳам “бизга ёқади” деб, ўз фикрларини билдиришмоқда. “Бизга ролларингиз ёқади, режиссёрлик ишларингиз манзур бўлмоқда” деб, гапиришади. Агар чиндан ҳам, бу соҳаларда ишларим яхши чиқмаганда, улар гапирмай жим турган бўлишарди. Шунинг учун ҳам, мультипликация, актёрлик, сценаристлик ва режиссёрлик билан ҳам шуғуллана олганим учун тақдирдан миннатдорман. Агар операторлик қилиш қўлимдан келганида, операторлик ҳам қилардим. Чунки, кино суратга олиш майдончасида, асосий кадрларни ўзим қўяман. Лекин, бу билан мен ёмон операторлар билан ишлаганман, демоқчимасман. Чунки, баъзида гапириб ўтиргандан кўра, икки оғиз сўз билан қандай суратга олиниши кераклигини кўрсатиб, тушунтириб қўя қоламан. Баъзи режиссёрлар актёрлар билан ишлашни ҳам билмагани етмагандек, операторлик санъати сирларини ҳам тушунишмайди. Мен эса, қизиққанимдан операторларнинг ишларигача ўрганганман. Қандай объективдан фойдаланилади? Камера титрамаслиги учун нима қилиш керак? Проявка қандай қилинади? Свет қандай қўйилиши керак? Агар сен кино соҳасида ишласанг, ҳаммасини билишинг керак. Ҳаттоки, гримгача! Гримёрга қандай грим кераклигигача айта олишинг керак. Ҳозир-чи? Ҳамма ўз ишини қилсин, дейишади. Режиссёр кино суратга олиш майдонига келади, бу пайтда гримёр грим билан, оператор ўз камераси билан банд. Режиссёр нима қилиши керак? Албатта, актёрлар билан ишлаши керак! Режиссёр бўлса нима қилади? У актёрга “Мана бу ерга ўтасан, мана сўзларни айтасан ва мана бу ердан чиқиб кетасан!” дейди. Шу режиссурами? Шунинг учун ҳам, савиясиз фильмлар кўпайиб кетяпти. Чунки, профессионаллик йўқ. Билим, маълумот олиш, дунёдаги ҳамма нарсани тушуниш имконини беради. Чунки, кино ҳамма нарса ҳақида гапиради. Кино бу, ҳам театр, адабиёт, тасвирий асар, мусиқа бошқа истаган нарсангиз! Ҳозирги режиссёрларнинг кўпчилиги битта яримтами китобни ўқиганми, йўқми, музейларга боришмайди, тасвирий асарларни кўрганлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, классикани умуман эшитмайди, фақат попса, ўйин бўлса, бўлди. Эстетикани умуман гапирмаса ҳам бўлади. Тушунаман, ресторанда бўлсангиз, бу нормал ҳолатдир, лекин улар ресторанда эмаслар-ку. Баъзида, ишонасизми, ўзимизнинг актёрлар билан баъзида нима ҳақида гаплашишни ҳам билмайсан! Ёш, гўзал актрисаларимиз бор, ташқи кўриниши жойида, лекин 3 соатлаб пардоз қилиб, бўянишади. Ўзимнинг иш жараёнимда, шундай ҳолат юз берган. Психологик эпизод бор эди. Бизни 15 минутда грим қилиб бўлишди. Чунки, эркак кишимиз, ортиқча грим ҳам шарт эмас. Ҳаттоки, соқол ёпиштирганда ҳам, узоғи 20 минут кетади. Ёш актриса, дебютант, ўзи гримсиз ҳам чиройли, лекин гримга шу қадар кўп вақт сарфлади-ки! Кутяпмиз, бир соат, икки соат ўтди! Ишонасизми, 3 соат ҳам ўтди! Биз у ёқдан бу ёққа юрибмиз, асабийлашдик, тушлик ҳам қилдик. 4 соатдан ортиқ вақт ўтди! Ниҳоят, роппа-роса 5 соат (мен аниқ белгилаб қўйгандим) деганда, ўша дебютант ёш актриса ўз гримхонасидан чиқиб келди! Унинг юзига қараб, кўринишида ҳеч нарса ўзгармагандек туюлди, менга. Тасаввур қиляпсизми, ўз юзини 5 соат грим қилдиришни! Ўзи унинг юзи ва ташқи кўриниши шундоғам яхши кўринишда эди. Кўзлари катта-катта, юзи тиниқ, қошлари ҳам нормал. Яна уни қандай грим қилиш мумкин эди, ҳайронман! 5 соат гримхонада нима қилди, шуни ҳеч тушуна олмадим! Ниҳоят, “мотор” дейилди. Суратга олиш ишлари бошланди. Лекин, нима бўлди денг? Бечора режиссёр, у қиз битта кичик эпизодни суратга олиши учун, нақ 3 соат овора бўлди! Ўйлаб қолдим, биз ўша 5 соатни нима учун сарф қилдик, бу вақт ичида, нечта эпизодни бемалол суратга олиш мумкин эди! Уни нима учун шунча грим қилишди? Либос танлашди, безантиришди, нима учун? Ахир ўз ролини фикран ҳис қилмаяпти, юрагида бўшлик бўлса! Шунча вақт кетказиб, ҳамманинг вақтини олганига яраша, у ҳеч нарса қила олмади! Мен ўшанда, аввалига асабийлашдим, жаҳлим чиқди, “кетаман” деб жаҳл ҳам қилдим, кетмоқчи ҳам бўлдим... Лекин, кейин бирдан, ўша актриса қизга ачиниб кетдим! Бечора қиз, афсуски, ҳеч қачон машҳур ва ҳақиқий актриса бўла олмайди! Бу қизни ролга олиб, шундай хатога йўл қўйган бечора режиссёрга ҳам жуда ачиндим! У ролга актриса эмас, қўғирчоқни танлаган деса ҳам бўлади. Ҳаттоки у қиз йиғлаган бўлиб кўриниши учун глицериндан фойдаланишди. Биринчидан, унда маҳорат йўқ, иккинчидан билим ҳам йўқ. У ҳаттоки озгина бўлса ҳам, шу соҳада билимга эга бўлганида эди... Ҳозирги ёш актрисаларнинг ярмидан кўпида билим, маълумот йўқ. Кўчада кўриб қолишган ва кинога таклиф қилинган. Кўплари бошқа соҳа вакиллари. Лекин, шу билан бирга уларнинг жуда маҳоратлилари ҳам учраб туради. Масалан, актриса Раъно Шодиева! У ҳақиқатдан қобилиятли актриса! Тўғри. У дарс ҳам олгандир? Лекин, агар сенда ростдан ҳам маҳорат бўлмаса, юрагингда ҳеч нарса бўлмаса, қанча дарс олсанг ҳам бекор! Лекин, дарс олиш зарур, негаки, қобилият бўлмаган тақдирда бу дарслар оз бўлса ҳам, билим беради. Ҳеч бўлмаса суратга олиш майдонида ўзини тутишни ўрганади, шу роль борасида тушунчаси бўлади. Ролини тушуна олади, билими бўлади. Бу ҳам катта гап. Мен умумий, ҳозирги кундаги кинодаги муаммолар ҳақида гапиряпман. Ёш актёрлар кўп бўлса ҳам, улардан фақатгина 5-6 таси ҳақиқий ўз устида ишлайдиган актёрлар. Шуни айтишим мумкин, ёши каттароқ актёрлар улардан кўра яхшироқ. Чунки, улар актёрлик мактабини ўташган. Агар эътибор қилсангиз, театрларда ҳам, маҳоратли яхши актёрлар бор. Чунки, театр бу ҳар кунги иш! Ҳар кунги ўрганиш! Кинодаги ёш актрисалар-чи? Тўғри, мен пардозга қарши эмасман. Лекин, французларнинг бир яхши гапи бор: “Косметика сезилиши керак эмас!” Мени ёш актёр ва актрисаларга маслаҳатим, кўпроқ ташқи кўриниш ҳақида эмас, ролнинг ички ҳолати, ички дунёси ҳақида ўйланглар! Мен ҳақимда, “Нозим ака ёш бўлмаса ҳам, “Киношок”да “Энг яхши эркак роли учун” мукофотини олди, M&TVA мукофотига сазовор бўлди, “Олтин гепард”ни ҳам қўлга киритди. Ахир у ёш актёр эмас-ку. Биз бўлса ёшмиз, бу мукофотларни биз олишимиз керак” ҳам дейишди. Тўғрисини айтаман, бу мукофотларни олишга ҳаракат ҳам қилмаган эдим. Мен фақат ўз касбимга жиддий ёндошаман холос.
- Унда бунинг сири нимада? Баъзилар сизни катта гонорар олади, ҳам дейишади.
- Мен фақатгина берилаётган маблағ учун роль ижро қилмайман. Лекин, тўғри, ортиқча маблағ ҳеч қачон зарар қилмайди. Албатта, ҳар қандай инсонга маблағ керак. Мен ҳам, “бахт маблағда эмас” деб, баъзиларга ўхшаб ёлғон гапирмоқчи эмасман. Баъзида шундай инсонларни ҳам учратасиз, “бахт бойликда эмас” дейишадию, ўзи аслида пул учун ҳамма нарсага тайёр бўлишади. Шунинг учун ҳам, мен барибир ҳар қандай соҳа вакилига маблағ кераклигини биламан. Чунки, масалан, биз актёрлармиз, омма кўз олдидамиз, яхши кийинишимиз керак, ташқи қиёфамизни асрашимиз учун ҳам, қимматбаҳо воситалар ҳам сотиб олишга тўғри келади. Лекин, маблағни ва ташқи кўринишни биринчи планга қўйиб бўлмайди. Роль ижро қилаётганда авваламбор, ўша роль ҳақида юрак билан ўйлаш керак, ўз касбига жиддий ёндошиш керак. Баъзилар бир-икки роль ижро қилиб, кўзга кўриндими тамом, у “машҳур юлдуз”, бурни осмонда, худди тирик ҳайкалдек юради. Менга масалан, баъзида “Нозим ака сизни ҳеч бунчалик самимий деб ўйламагандик” айтишади. “Ахир машҳурсиз-ку, сизни баъзиларга ўхшаган жаҳлдор, бошқаларни менсимаса керак, дегандик, дасхат сўрашга чўчигандик. Ҳатто ярим соатлаб вақт кетса ҳам, индамай дасхат бериб суратга тушяпсиз” дейишади. Тўғри, вилоятларга гастролларга борганда, бундай ҳолатлар кўп содир бўлади, ҳатто бир гал актриса Шаҳзода Матчонова билан гастролга борганимизда, шунчалик кўп томошабинлар йиғилиб келишдики, дасхат олиб, суратга тушамиз деб, бизни босиб кетишларига озгина қолди. Лекин, ўйлаб қаралса, ахир биз шу инсонлар, томошабинлар учун яшаяпмиз-ку! Қандай қилиб, уларга қўпол гапириш мумкин! Айнан шу инсонларни, томошабинларни, мухлисларни деб, мен бу оламда яшаяпман, шу инсонлар туфайли роллар ижро қиляпман, уларнинг меҳридан куч оламан! Мен ҳам уларга меҳр беришим керак. Улар билан мулоқотда бўлишим керак! Ҳар бир ролим уларнинг ҳаётидан келиб чиқиши учун ҳам бу нарса керак, инсонийлик тарафлама ҳам эмас! Баъзи бир машҳурларга ўхшаб, ўзимнинг қимматбаҳо машинамга беркиниб олиб, ўз уйимдан ташқарига чиқмай, томошабинлар билан мулоқот қилмай ўтирсам, улардан узоқ бўлсам, қандай қилиб ҳаётий, уларнинг кўнглига яқин роль ижро этишим мумкин? Энг муҳими, биринчи навбатда ўз халқингни, томошабинларни, мухлисларингни севишинг, уларни қадрлашинг, деб биламан. Баъзида баъзи актёрларни ўз мухлисларига қўпол муомала қилганларини, нари итарганларини кўриб қоламан. Уларга бир савол бергим келади. “Сен ким учун яшаяпсан, фильмларда роллар ижро қиляпсан? Мухлисларинг бўлмаса, сен ҳам бўлмайсан! Сени фильмларингни кўраётган шу инсонлар бор экан, сен машҳур бўлиб юрибсан-ку! Ўшалар кинотеатрга келишаётгани учун ҳам, сен машҳурсан, эртага улар сенга эътибор бермай қўйишсин-чи, сен умуман ҳеч ким бўлмай қоласан!” Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон, машҳур, ўз халқини, томошабинларни, мухлисларини қадрлаши керак, деб ўйлайман!
- Ҳозирги кундаги ўзбек киноси ҳақидаги фикрларингиз?
- Ҳозирги ўзбек киноси Мустақилликдан сўнг, ўз ўрнига эга бўлди. Ҳозирда маълум бир ривожланиш босқичида, деб ўйлайман. Фақат, гап шундаки, негадир илгариги кино режиссёрлар бошқалар учун қандайдир бир бошқача ҳурматда эдилар. Масалан, режиссёр Комил Ёрматовлар мана шу “Ўзбекфильм”нинг йўлакларида юришганда, бошқалар четга ўтиб, ҳурмат билан қараб туришарди, чўчишарди ҳам. Лекин, улар қандайдир жаҳлдор ёки мағрур эмасдилар. Аммо, уларни бошқача ҳурмат қилишарди. Ҳозир-чи? Режиссёр суратга олиш майдонига кириб келса, ҳаттоки шу режиссёрми, деб ўйланиб ҳам қоласан! Қандайдир бир нотаниш кўчадаги инсонга ўхшаб кириб келади. Суратга олиш майдонидаги ҳаттоки, оддий бир ишчи ҳам, унга нимадир деб юбориши, ҳурматсизлик қилиши мумкин. Бунинг сабаби нимада? Ҳозирда кино суратга олаётганда ижодий гуруҳга, кинога мутлақо алоқаси бўлмаган инсонларни ҳам, олишаётганлигидир! Улар кинодан мутлақо бехабар. Ким режиссёр, ким актёр, уларга фарқи, қизиғи ҳам йўқ, билишмайди ҳам. Мен кинога тасодифан кириб қолган, режиссёрлар, актёрлар ҳақида ҳали гапирганим йўқ! Кўчада бир чиройли қизни кўриб қолишдими, тамом, ролга чақираверишади. У қизлар ҳам бир-икки роль ижро этдими, тамом қўлидан ҳеч нарса келмаса ҳам, ўзини машҳур бир юлдуздек тутадилар. Натижада, мана шундай ҳолатлар, савиясиз фильмлар яратилаётганининг бош сабабидир! Сценарийлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади! Ҳозир ҳамма сценарий ёзяпти. Ахир сценарийнавислик ҳам бир касб эканлигини унутиб қўйишяпти. Масалан, ўзим ҳам сценарий ёзаман, лекин мажбур бўлганлигим учун! Сабаби, яхши сценарийнавислар жуда ҳам кам! Сценарийнависнинг ҳам ўз ҳуқуқлари бор. Масалан, режиссёр фильмни сценарий бўйича олмаса, сценарийнавис юридик тарафлама ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, ҳаттоки фильмни тўхтатиб қўйиши, етказилган маънавий зарарни қоплаттириши ҳам мумкин! Бизда эса, ҳаттоки баъзи режиссёрларнинг ўзида сценарий ҳам йўқ! Сценарийсиз бемалол фильм суратга олишяпти! Ҳаттоки, актёрларни фильмларда ўйнатиб, уларга хизмат ҳақи бермаётган айрим режиссёрлар ҳам бор! Баъзи шундай режиссёрлар халқнинг дидини бузишмоқда!
- Халқаро «Олтин Гепард» кинофоруми ҳақидаги фикрларингиз?
- Бу кинофорумда энг муҳими, биз у орқали нафақат Халқаро киноматограф билан алоқалар доирасини кенгайтирамиз, балки бу кинофорум билан учун намуна ҳамдир. Яъни, мастер класс, бизнинг киноматографларимиз учун фильмларни қандай суратга олиш кераклигини ўрганиш имконияти, улар ўз фильмларини мазкур кинофорумга иштирок учун топшириб, ўз ижодий маҳоратларини янада ошириш, мукаммаллаштиришлари мумкин. “Олтин гепард” миллий киноматографиямизнинг мукамаллашувидаги энг муҳим тадбир, деб ўйлайман.
- Кино тамоша воситаси, кўнгилочар манба, ҳам деган фикрларга режиссёр сифатида муносабатингиз?
- Ҳозирда кино кўнгил очиш, дам олиш учун тамошага айланиб кета бошлади. Кино бу тамошами, ёки санъат? Бир тарафдан кино 100 йил аввал тамоша тарзида бошланган ва бозорда омма учун тамоша сифатида кўрсатилган. Бир неча йиллар ўтиб эса, инсонлар бу фокусдан ҳақиқий санъат асари яратиш мумкинлигини англаб қолишди. Шу тарзда у мукаммаллашиб, театр билан параллел равишда буюк кино санъатига айланди. Кейинчалик эса, янги технологиялар пайдо бўлиши натижасида, кино яна тамошага айлана бошлади. Масалан, мен ўзим 3 D фильм фильмга тушгандим. Атрофимда ўтирган тамошабинлардан болаларнинг баъзилари қўрққанларидан ҳаттоки, йиғлаб юборишди. Ўша жунгли, ёмғир ва бошқа эффектлар, агар олиб қаралса, фокус. Бу эса, мени ўйлантиради. Албатта, янги технологиялар яхши нарса, лекин кинода биринчи планда инсон бўлиши керак, унинг ҳаёти, унинг туйғулари, қалби, қувончи, кечинмалари акс этиши керак, деб ўйлайман. Мен ундай фокусларга қарши эмасман, аммо улар иккинчи даражали бўлиши керак, назаримда. Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Сиз ўзингиз театрда фаолият юритган бўлармидингиз?
- Агар мен фақат актёр бўлганимда эди, фақат театрда ишлаган бўлардим. Лекин, менинг режиссёрлик фаолиятим ҳам бор. Шунинг учун ҳам, афсуски, менда театрга вақт етишмайди. Театрда, актёрда масъулият ҳисси кучли бўлади. Масалан, дейлик, фалон куни соат 19.00 да сен спектаклда роль ижро қилишингиз керак. Чипталар сотилган, томошабинлар келишган. Сиз эса, ўша куни Жиззах ёки бошқа бирор жойда суратга олиш ишлари билан бандсиз. Агар фақат актёр бўлсангиз, театр раҳбарияти билан келишган ҳолатда, бирор чора топишингиз мумкин. Лекин, режиссёр бўлсангиз, бунинг қандай уддасидан чиқасиз? 30-40 кишидан иборат, ижодий гуруҳга қараб “Сизлар Жиззахда бўлиб туринглар, мен бугун бориб, спектаклимни ўйнаб келай” дея олмайсиз-ку. Менинг ижодим фақат бир йўналишда эмаслиги, мени театрда ҳам роль ижро эта олмаслигимга сабаб бўлган. Аслида эса, ўзим театрни жуда ҳам яхши кўраман.
- Баъзи режиссёрлар театр актёрлари, кинода роль ўйнаганларида, “фальш” ижро қилишлари мумкин, уларда эмоция ва мимик ҳаракатлар жуда кўп бўлади, дейишади. Бундай ҳаддан ортиқ эмоция ва мимик ҳаракатлар кинода, кўп керак эмас, деб фикр ҳам билдиришади. Сизнинг бунга муносабатингиз?
- Тўғри, чунки, театр бу томошабинлар зали! Томошабинлар эса, саҳнадан ҳар хил узоқликдаги масофаларда ўтиришади. Шунинг учун ҳам, театрда, саҳнада роль ижро қилаётганда, кучли “жест”лар, аниқ ҳаракатлар билан роль ижро қилишга тўғри келади. Масалан, баланд овозда гапириш керак, аслида асарда ўша жойида шивирлаш керак бўлган бўлса ҳам, уни баланд товушда ижро қилиш керак. Чунки, томошабинлар буни эшитиши керак. Театрнинг аниқ спецификаси бўйича, бу керак, деб ўйлайман. Кино эса, бу катта экран ва томошабин қаерда ўтиришидан қатъий назар, бемалол бирдек кўриб, эшита олади. Шунинг учун ҳам, мана шу технологик специфика туфайли ҳам, театрдаги актёрлар ижроси, кинодагилардан фарқ қилиши мумкин. Чунки, кинода ундай баланд гапиришларнинг кераги йўқ. Кинода юзингиз катта экранда, катта кўрсатилганлиги учун ҳам, ундай жест ва кучли эмоция ортиқча ва нотабиий бўлиб туюлади. Лекин, замонавий театрда бунинг ҳам чораси топилмоқда. Масалан, актёрлар кичик микрофонлар тақиб олишиб, роль ижро қилишмоқда. Унда сиз секин гапирсангиз ҳам, буни бутун зал эшитиши мумкин. Демак, замонавий технология театр актёрларига ҳам қайсидир маънода ёрдам бермоқда.
- Ўзингизнинг шогирдларингиз борми?
- Билмадим, ҳамма ёш актёрлар мени “устоз” дейишади. Мен улардан буни талаб қилмайман. Ҳаттоки, ҳайрон бўламан, мен сизларга сабоқ бермаган-ку, дейман. Улар эса, “Нозим ака, биз экрандаги сизнинг ролларингизни кўриб, сиздан ўрганяпмиз” дейишади. Бундан албатта, хурсанд бўламан. Устоз бўлиш учун баъзида маърузалар ўқиш шарт эмас, актёрлик ёки режиссёрлик билан ҳам намуна бўлиб, қайсидир маънода сабоқ бериш ҳам мумкин, менимча. Машҳур режиссёрлар, Бергман, Феллини ва бошқалар ҳам, бошқа режиссёрларнинг фильмларини кўриб ўрганишган. Баъзида мени институтда маъруза ўқиш учун таклиф қилишади, жоним билан рози бўлишим мумкин, лекин, афсус, менда вақт муаммоси туради. Бу бир тарафдан катта масъулият ҳам! Педагог бўлиб туғилиш керак. Мен, ҳамма актёрни ҳам педагог бўлиб, дарс беришга ҳаққи бор, деб ўйламайман. Бу ҳам алоҳида касб! Лекин, баъзида педагоглар етишмаслиги учун, ёшлар актёрлар ёки режиссёрларнинг ўзларига бориб, дарс олишларига ҳам тўғри келяпти. Дарс бера олиш маҳорати ҳам, бир бахт, деб ўйлайман. Чунки, баъзиларнинг дарс бериш ҳам қўлларидан келмайди.
- Актёр ва режиссёр сифатида ўзингиз учун кашф қилган фикрлар?
- Ижод давомида ўзим ҳурмат қилган режиссёр ва актёрлардан кўриб ўрганган жиҳатларимни, ўзимда намоён қилишга ҳаракат қиламан. Тақлид қилмайман, асло! Мен бошқаларга, “мана бундай қилиш керак” деб ўргатиб ўтирмайман. Мен ҳар бир актёр, режиссёр, ҳар бир ижодкор ўзига хос бўлиши керак, ўз инвидуаллиги бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Йиғлаш, кулиш, жаҳлни мушт билан кўрсатиш, булар штамп, буларни ҳар бир актёр билиши керак. Бу худди алифбени билгандек гап. Актёрлик ва режиссёрликка бу касбларнинг алифбесини билмай туриб, қўл урмаслик керак, деб ўйлайман. Бу ёғи эса ўз маҳоратингга боғлиқ. Баъзилар кўп ўқисалар ҳам, негадир халққа танилиб, севимли бўла олишмайди. Бунинг сабаби, эса, уларда ўзига хослик, индивидуаллик етишмайди. Шунинг учун ҳам, улар томошабинга қизиқарли бўлмаслиги мумкин. Томошабинга эса, айнан мана шу ўзига хослик, бошқаларга ўхшамаслик ва индивидуаллик қизиқроқ. Томошабинга доим янгилик, қандайдир бошқаларга ўхшамаслик, ғайриоддийлик, ўзига хослик керак, назаримда. Кинода томошабин актёрларда одатий, кундалик кундаги нарсаларни кўришни эмас, қандайдир бир ўзига хос янгиликларни кўришни ҳоҳлайди.
- Муваффақиятга илк қадам, сизда нимадан бошланган эди?
- Биласизми, муваффақият шундай хавфли нарсаки, мен уни бевафо рафиқага ўхшатаман. Бугун сени севади, эртага сенга хиёнат қилади. Муваффақият ҳам худди шундай. Ҳеч қачон олдиндан у қандай бўлишини билмайсиз. Масалан, мен ўзимнинг “Ласковый дождь” мульфильмимни муваффақият қозонишини билмаганман! Биламан, ўзини экранда кўришни севадиган актёрлар ҳам бор, улар ўз фильмларини, ўз ролларини 10 марталаб ҳам қайта кўришади. Лекин, ўзига экранда тоқат қила олмайдиган, ўзини экранда кўра олмайдиган актёрлар ҳам бор. Мен шундай актёрлар тоифасига кираман. Ҳаттоки, менга “Энг яхши эркак учун” мукофотини топширишганда ҳам, биринчи хурсанд бўлиш ўрнига ҳайрон бўлиб, тушунолмай, “Мабодо адашмаяпсизларми?” деганман. Билмадим, балки ўзимга етарли даражада баҳо бера олмасман. Лекин, барибир мен актёрлар, режиссёрлар ўз ижодига нисбатан, ўзлари танқидий муносабатда бўлишлари керак, шундай янада яхши ижод қиладилар, деб ўйлайман. Қачонки, актёр ёки режиссёр ўз ишидан жуда ҳам қониқиб, “мен зўр роль ўйнадим, зўр кино олиб қўйдим” деса, менимча, бу унинг ижод тарафлама, профессионал ва бадиий жиҳатдан ўлими, деб ўйлайман. Ижодкор, ҳеч қачон ўзидан, ўз ижодидан кўнгли тўлиши керак эмас, назаримда. Менимча, ижодкорнинг муваффақият томон йўли, шу бўлса керак. Чунки, сиз қанчалик ўзингга танқидий назар билан қараб, норози бўлсангиз, шунчалик интилиб, ўқиб ўрганасиз, турган жойингизда туриб қолмайсиз ва мукаммаллашиб борасиз. Муваффақият томон йўл, шундай иборат.
- Унда, ўзингизга четдан қандай баҳо берасиз?
- (самимий кулиб) Мен ўзим ўзимга ёқмайман. Менга ўзимнинг режиссёрлик ишларим, фильмлардаги ўзимнинг ижройим ҳам ёқмайди. Доим, бу ишни бундан яхшироқ қилишим мумкинлигини ҳис қилиб тураман. Балки, мен ўзимга нисбатан етарли даражада талабчан эмасдирман? Баъзи ҳолларда, дейлик, бир фильмда суратга тушяпман, сценарий яхши эмас, режиссёр яхши эмас, фильмнинг яхши чиқмаслиги кундек равшан. Шундай пайтларда ўзимга ўзим, “Нозим бу ерда нима қиляпсан? Бир сенинг ижройинг, бу фильмни қутқара олмайди-ку” дейман. Лекин, ўша фильм экранга чиққач, баъзилар “фильм яхши эмас, аммо сизнинг ижройингиз зўр чиқибди, қайсидир маънода фильмни сақлаб қолибди” дейишса, ҳайрон қоламан. Ахир мен денгиз ёнидаги қутқарувчи эмасман-ку, қачонгача бундай фильмлар олишади ва уларни актёрлар ижроси қутқариб қолади, деб ўйлайман. Аммо, бошқа тарафдан эса, ҳаттоки ёмон фильмда ҳам, ўз ролингни муносиб ижро қилишинг керак, деб ҳисоблайман. Бир гал шундай бўлганди, мени бир фильмда суратга тушишга таклиф қилишди, бир куни суратга олиш жараёнига бордим, аҳвол шу даражада эдики, мен ҳеч кимга билдирмай, у ердан кетгим келди. Аммо, у ерда баъзи кадрларда суратга тушиб бўлгандим. Агар мен кетсам, улар бошқа актёрни топиб, қайта суратга олиш учун, яна маблағ, вақт, куч кетказишлари керак эди. Мен эса, киноижодкорларни ва бу соҳани жуда ҳам ҳурмат қиладиган инсонман. Қолаверса, инсонийлик тарафлама ҳам, уларнинг ҳолатини тушуниб туриб, ишни тугатмай ташлаб кетиш, ноқулай эди. Шунинг учун ҳам, ўзимга ўзим “Нозим, бу чиндан ҳам яхши фильм бўлмайди! Лекин, бу энг ёмон фильм бўлса ҳам, сен ўз ролингни аъло даражада чиқиши учун, бор имкониятларингни ишга солиб ҳаракат қилишинг керак!” дедим. Фақат шу нарсагина мени хотиржам қилди ва мен ўз ролимни ижро этдим. Ўйлаб қарасам, ҳаттоки, жаҳон миқёсида ҳам, маҳоратли, яхши актёрларни, ёмон фильмларда роль ижро қилганликлари, одатий кузатиладиган ҳолат. Ҳаттоки, Аль Пачинодек машҳур актёрларни ҳам, бир нечтагина сара фильмларда роль ижро қилишган. Қолган ўйнаган роллари эса, ўртамиёна, ҳаттоки, унчалик яхши бўлмаган фильмларда бўлган. Шунинг учун ҳам, яхши бўлмаган фильмларда роль ижро қилиш мумкиндир, лекин сен ўз ролингни яхши ижро қилишинг керак, шунда тарих ҳам сени оқлайди.
- Тақдирга ишонасизми?
- Албатта. Баъзида тақдир адолатсиз, ёки тушуниб бўлмайдиган ҳам бўлиши мумкин. Масалан, баъзида тақдир умуман маҳорати бўлмаган инсонларга муваффақият ва омад олиб келиши ҳам мумкин. Улар унчалик жон куйдирмай, муваффақиятга эришишлари мумкин. Лекин, кўп нарсаларга муносиб инсонларга эса, адолатсизлик ҳам қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам, мен тақдирга ишонсам ҳам, уни ҳурмат қилмайман. Балки, тақдирнинг кўзлари ёпиқдир? Кўзлари ожиздир? Биз эса, оддий инсонлармиз ва доим ҳақиқат сари интиламиз. Бирор бахтсизликни, тасодифга йўямиз ва бу тақдир, деймиз. Тақдир қандай ҳоҳласа, шундай бўлади. Масалан, ерга ҳам метеорит тушиши оқибатида, динозаврлар йўқолиб кетишган. Бу ҳам тақдир.
- Ҳаётда ҳамма нарсани ўзингиз ҳал қиладиган, мустақил инсон сифатида тасаввур уйғотасиз. Аслида ҳам шундайми, яъни ҳамиша ҳамма қарорларни бир ўзингиз қабул қиласизми, ёки нимадир юзасидан оила аъзоларингиз билан ҳам маслаҳатлашасизми?
- Ҳаёт шундайки, барибир ўзинг танлашингга, қарор қабул қилишингга тўғри келади. Ҳаммамиз ҳам, яхши ва доно маслаҳатгўйимиз бўлишини ҳоҳлаймиз, аммо ҳаёт ўзингни қарор қабул қилишга мажбур қилади. Масалан, мен ҳаётимда 90 фоиз тўғри қарорлар қабул қилганман, деб ўйлайман. Лекин, шундай вақтлар бўладики, бир тарафдан, яхшиси гапирмай жим турган маъқул, деб ўйлайсан, иккинчи тарафдан эса, нега, ахир сен гапирмасанг, ким гапиради, ҳам дейсан. Ахир кимдир, ҳақиқатни ҳам гапириши керак-ку. Айниқса, биз киноижодкорлар ўз фильмларимиз, ролларимиз билан бошқаларга ибрат бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Баъзида ҳаётда ички сезгимга ҳам таянишга ҳаракат қиламан. Ижодда ҳам танлаш муҳим аҳамиятга эга, ахир бу ролни ижро қиламанми, йўқми, барибир ўзим танлайман. Тўғрими, йўқми, бу менинг қарорим бўлади ва мен бундан афсусланмайман. Чунки, бу ҳам менинг ҳаётим. Ҳамма ҳам хатога йўл қўйиши мумкин. Ҳаттоки, малакали жарроҳ ҳам хатога йўл қўйиши ва бемор вафот этиши мумкин. Биз эса ижоддамиз ва биз ўз хатойимиз билан инсонларнинг қалбини ногирон қилиб қўйишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам, касбимизда масъулият кучли! Баъзида роль танлаш қароринг, инсонлар тақдирига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
- Ижодни бошлаган вақтларингизда сизга оила аъзоларингиз ёрдам беришганми?
- Албатта, ҳоҳлайсизми йўқми, сизга оилангиздагилар ёрдам беришлари табиий ҳол. Менга отам Ўзбекистон Халқ ёзувчиси раҳматли Туроб Тўла ҳам ёрдам берганлар. Онам шифокор бўлсалар ҳам, уларда ижод борасида ҳам ўзига хос дид бор эди. Опам Муҳаббат Туробовна Тўлахўжаева, театр санъати бўйича профессор, улар менинг биринчи мухлисим, танқидчиларим бўлишган. Ахир фақат уларгина мени яхши билишади. Оила аъзоларим мени юзимга камчиликларимни айта олишади. Адолатли танқид, инсонга ёрдам беради, буни тўғри қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Баъзи ҳамкасбларимни танқидни тўғри қабул қила олмасликларидан хабарим бор. Масалан, мени бир собиқ дўстимни тўғри танқид қилишганда, у норози бўлиб, ҳаттоки газеталарга хат ҳам ёзган. Менимча, инсонни танқидни тўғри қабул қила олмаслиги, бу уни ўзига жуда ҳам юқори баҳо бериб, ўзини жуда бир юқори даражада билиши, деб ўйлайман. Ундай ижодкорнинг фильми, ижоди ҳақида гўёки ҳеч ким фикр билдириш ҳуқуқига эга эмасдек. Бу ўзини назорат қилишни йўқотиш бўлиб, кейинчалик ўша инсонларни ўз маҳорат, қобилиятларини йўқотишга олиб келади. Шунинг учун ҳам, фильмларнинг сифатини оширишда, ақлли ва асосли танқид, ўринли деб биламан.
- Ички сезги ҳақида гапирдингиз. Ички сезги, яъни интуицияга ишонасизми?
- Қулоқ тутаман, лекин у менга ҳамиша панд беради. (кулади) Шунинг учун ҳам, мен қилмоқчи бўлган ишимни ҳар жиҳатдан таҳлил қилиб кўраман. Агар шунда ҳам хато қилсам, демак ўзим айбдор бўламан. Агар мен сезгига ишониб иш қилсаму хато бўлса, бу аҳмоқлик. Таҳлил қилган бўла туриб, хато қилиш эса, демак, нимадир ҳисобга олмагансиз. Бундан баъзида унчалик афсусланмаслик ҳам мумкин, чунки сиз қўлдан келган ҳаракатни қилгансиз.
- Ҳаётда нима учундир, нимадандир воз кечганмисиз?
- Ҳаётда ҳамма ҳам, нимадандир воз кечади, қурбон қилади. Нимадир олиш учун, эвазига ниманидир бериш керак. Масалан, тўғридан тўғри таъриф берилса, кийим сотиб олиш учун, пул тўлайсиз. Маънавий тарафлама ҳам шундай. Баъзилар ҳаттоки, ҳаётини қурбон беришган, ҳаётидан воз кечишига тўғри келган. Масалан, бир фильмни жуда ҳам суратга олгингиз келди, лекин бунинг учун нимадир нотўғри иш, ёки ноҳақлик қилиш керак бўлиб қолди. Сизни жуда ҳам ўша фильмни суратга олгингиз келяпти, бундай пайтда нимадан воз кечасиз? Ўз қалбингиздан! Дейлик, кимгадир панд бериш эвазига мақсадга эришишга тўғри келиши мумкин. Ёки, баъзи, ҳамкасбларимда кўрган ҳолатим, жуда ҳам кўзга кўрингиси келади, лекин қандай қилиб? Баъзида, ўз дўстини шаънини ерга уриш керак бўлса, шу ишни ҳам қилишади. Биз ҳамиша нимадир эвазига, нимадир сотиб оламиз. Бу жуда ҳам оғир ва аламли. Шунинг учун ҳам, айтмоқчи бўлганим, агар нимадандир воз кечиш ёки қурбон бериш керак бўлса, бу ишни ҳам муносиб равишда амалга ошириш керак, токи кейинчалик қилган ишингдан уялиб, пушаймон бўлмаслик учун!
- Бу сўзларингиздан кейин актёрларнинг ўртасида дўстлик бўлиши мумкинми, деган савол туғилади.
- Биласизми, актёрлар, режиссёрлар шундай бир алоҳида инсонларки, улар ўзлари истамасалар ҳам, шуҳратпарастлик ва ўзларини яхши кўриш касаллигига чалинганлар. Масалан, заводда ишлайдиган ҳамкасблар, бир-бирларига ҳасад қилмайдилар. Лекин, бу ерда-чи, машҳурлик, пул, халқ меҳри, мухлислар олқиши, ҳаммаси шуҳратпарастликни, ўзини яхши кўришни янада кучайтиради. Бу эса, ўз-ўзидан дўстликка тескари нарса. Жуда ҳам кам ҳолларда, сиз ўзингизни яхши кўрмайдиган бўлсангизгина, агар актёр бўлсангиз актёр билан, режиссёр бўлсангиз режиссёр билан дўст бўлишингиз мумкин. Мен ўзим ҳам, дўстона муносабатларни жуда кам учратаман. Албатта, ташқи юзаки дўстликни ҳар доим кўрасиз, “қадрдон дўстим, яхшимисиз, бормисиз, қадрдоним” ва ҳоказо... Лекин, аслида ҳам шундаймикан?... Бу табиий ҳолат, чунки бу шундай касб, деб ўйлайман. Бу касбда ҳамма нарса фақат сени ўзингга йўналтирилган. Ўзини яхши кўриш, ўзига бўлган эътибор ҳиссининг кучлилиги, нима учун актрисалар 8 соатлаб грим қилишади? Чунки, актёр ва актрисаларнинг ташқи кўриниши, бу уларнинг меҳнат қуроли! Ҳеч қайси касбда бундай эмас. Ҳамма касбда эътибор, сен яратган нарсага қаратилади. Бу касбда эса, фақат сен ўзинг эътиборда бўласан, табиийки буни ўзинг ҳам ҳоҳлайсан. Шунинг учун ҳам, актёрлар ва режиссёрлар орасидаги ўзаро чинакам дўстлик, жуда ҳам кам учрайдиган ҳолат, назаримда.
- Сизни ўзингизни бу соҳада дўстингиз борми?
- Бўлган эди. Кимлигини минг талаб қилсангиз ҳам айтмайман! У режиссёр эди, менга сотқинлик қилган. Мен унга жуда ҳам ишонардим, ҳақиқий дўстим, деб билардим. Мен уни ҳайдадим ва бошқа ҳеч қачон ҳаётда у билан ҳеч қандай муносабат ўрнатмасликка аҳд қилдим. Унда ўзини яхши кўриш, шуҳратпарастлик, дўстликдан устунлик қилди. Афсуски, мен ҳаётда қобилиятли, маҳоратли, лекин ўзи инсонийликдан йироқ инсонларни ҳам учратганман. Ҳозир режиссёрлардан энг яхши дўстим, бу режиссёр Ёлқин Тўйчиев ва уни ҳурмат қиламан, яхши муносабатдамиз. Мени унда ҳурмат қилган жиҳатим, у ҳеч қачон бировга ҳасад қилмайди. Менимча, ҳақиқий дўстлар кам бўлади. Агар дўстларингиз кўпми, демак, сизни аслида ҳақиқий дўстингиз йўқ, деб ўйлайман.
- Ўзингизни ўзингиз танимай қолган вақтингиз ҳам бўладими?
- Менимча, жаҳлим чиққанида бўлса керак! Агар суратга олиш жараёнида, ҳамма нарса кўнгилдагидек бўлмаса, тартиб бўлмаса, шундай бақиришим мумкин-ки... суратга олишнинг 2-3 кунлари ҳаттоки овозим бўғилиб қолиши мумкин. Асосий сабаби, ижодий гуруҳдаги нопрофессионаллик! Ижодий гуруҳдаги жараён кўнгилдагидек бўлса, ижодкорлар ҳар бири ўз вазифасини яхши бажарса, ҳеч ким ҳеч қачон овозини кўтармайди. Тўғри, яхши инсонлар ҳам бор, аммо, ўз ишини тушунмайдиган ва шунчаки ишлаётганлар ҳам бор. Улар ҳеч бўлмаса, шу соҳани қонун-қоидаларини ўргансалар ҳам майли эди. Ишонасизми, суратга олиш чоғида, рельс билан “панорама” қилиб суратга олганда, камера қимирлагани учун кадрлар титраяпти, унинг қимирламай туриши учун, оператор нимадир қилиши керак, тўғрими? Албатта, асабийлашасиз-да! Оз фурсатда, кўп вазифа билан сифатли нарса қилмоқчи бўлишади. Шундай пайтларда асабийлашсам, ўзимни чиндан танимай қолишим мумкин. Шундай пайтларда, ўзимга ўзим “асабийлашма, асабингни асра, хунук кўриняпсан” деб ўзимни хотиржам тутишга уринаман. Менга ўзи жаҳлдорлик, асабийлик ва инсонларнинг ўзаро уришганлари мутлақо ёқмайди! Мен тинчликсевар инсонман. Лекин, афсуски, асабийлашишга вазият мажбур қилади. Ўзим ҳам бундан хафа бўлиб кетаман.
- Бошқа мамлакатларда кўп бўлгансиз. У ерларда биринчи навбатда нималарга аҳамият бергансиз?
- Биринчи навбатда, ўша мамлакатларни нима дунёга машҳур қилган, танитган, мен шунга алоҳида аҳамият бераман ва шундай жойларни кўришга интиламан. Масалан, музейлар, тарихий обидалар, мен ўша борган мамлакатнинг бирор тарихий ва маънавий жиҳати бўлиши керак. Кўпчилик бошқа давлатларга дам олиш ёки айланиб келиш учунгина боришади. Менда эса, бутунлай бошқача. Масалан, мен Италия, Франция, Испания, Грецияда бўлганимда, мен учун катта байрам бўлган! Нима учун? Ўша мен болаликда дарсликларда ўқиган тарихий жойлар, менинг қаршимда эшик очгандек бўлган. Мен учун мана шуниси муҳим эди. Лекин, уларни кўриб, бир фикрга келганман, ҳеч қайси мамлакатнинг тарихий обидалари, бизни Ўзбекистонимизнинг тарихий обидаларига тенг келолмас экан! Масалан, Самарқанд ёки Бухорога борсам, мақбараларга кирганимда, шундай бир ҳиссиётни ҳис қиламанки, буюк тарих билан уйғунлашув, фахр ҳисси қалбимни тўлдиради. Дунёнинг бошқа ҳеч қайси давлатида бўлмаган, фақат Ўзбекистонда бўлган буюк архитектура ёдгорликлари қаршисида турганлигимдан фахрланаман! Ўзбек архитектурасининг жаҳонда тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ! Масалан, Европа архитектураларини сиз, Франция, Германия, Италияда ўхшашини топа оласиз! Қаердадир барибир ўхшашликлари бор. Аммо, Ўзбекистонга хорижликлар айнан, жаҳоннинг ҳеч қаерида ўхшаши йўқ, миллий тарихий ёдгорликларимизни, миллий маданиятимиз намуналарини кўриш учун келишади. Дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида бўлганман, ҳамма океанларгача кўрдим, аммо ҳеч қаерда ўзингизни Ўзбекистондагидек ҳис қила олмайсиз, ўз Ватанингизга етмайди.
- Сиз учун каръера оиладан устунми?
- (ўйланиб) Бу қийин савол. Балки шунинг учун ҳам, мен ҳалигача ёлғиз, уйланмаган бўлсам керак. Кино, мен учун, рафиқам, оиламдек бўлиб қолган. Ўзим бундан баъзида афсусланаман ҳам. Чунки, иш ҳаётимда ҳамиша энг муҳими бўлиб келган. Сабаби, мен ўзимни энг бахтиёр ҳис қиладиган дамлар, бу кино суратга олаётган жараёнларим, кинода суратга тушаётган онларим. Бу ҳақиқат! Севиб қолганимда бахтиёр бўлганман. Аммо, суратга олиш жараёнидаги ўзим ҳис қиладиган ҳолатни, таърифлаб бера олмайман! Камера, ижодий гуруҳ, режиссёрларнинг, актёрларнинг овозлари, мана шу бор жараён, менинг ерим, борлиғим, тушуняпсизми? Суратга олиш майдончасида бўлишдагидек бахтни, бошқа ҳеч қаерда ҳис қилмаганман! Мен шахсий ҳаётни назарда тутяпман. Тўғри, ота-онага бўлган туйғу, бутунлай бошқача туйғу! Ҳеч қандай бахт, ота-онанг ўрнини боса олмайди! Инсоннинг энг бахтиёр дамлари эса, менимча, бу болалик чоғлари бўлади! Катта бўлгандан кейин эса, ҳар хил кечинмалар, ҳиссиётлар баъзида ўзингни тўлақонли бахтли ҳис қилишингга тўсқинлик қилиши мумкин. Бахт ўлчови ҳам ҳамма учун ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, ёш болага, кичкина ўйинчоқ машина ҳадя қилсанг, у ўзини бахтли ҳис қилиши мумкин. Лекин, унга катта ва ҳақиқий Мерседес русумидаги автомашина совға қилсанг, сени тушунмайди ҳам. Катта ёшли инсонга ўйинчоқ машина совға қилиб кўр-чи? Тушуняпсизми, бахтни ҳам ўз категорияси, вақти, маънавий тарафлари ҳам бўлади. Ишонасизми, ҳаттоки битта спиртли ичимлик ичиб ўзини бахтли ҳисоблайдиган, маънавий тарафлама суст инсонлар ҳам бор. Ёки, дейлик, бир марта тўйиб, яхши овқат ейиш, бахтми? Ҳаммаси инсоннинг ўзига, маънавияти ва онгига боғлиқ, деб ўйлайман. Ҳар бир инсон ўзича бахтли. Мен учун бахт, ишда! Менинг касбим, ишим, менинг бахтим.
- Ёлғиз яшар экансиз. Қийин эмасми? Қолаверса, ошхона, овқат, дегандек, ўзингиз тайёрлайсизми?
- Ҳа, албатта! Мен уйда ҳамма ишни қилишни биламан, квартирамни ҳам тозалай оламан, қандил тузатишдан мебель тўғрилашгача, ҳаммасини қила оламан. Телевизор, соат, газ тузатишгача биламан! Овқат қилишни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, менга кўпинча, “сен шундай ҳамма нарсани билганинг учун ҳам, ҳалигача уйланмагансан” дейишади. (кулади) Чунки, кўпчилик эркаклар айнан овқат қилишни, уй тозалаш ва кир ювишни билмаганликлари учун ҳам, уйланишаркан. Уларга рафиқа эмас, хизматкор керак бўлар экан! Менга эса, хизматкор керак эмас! Менга, шу ёшда, шундай ишлаш қийин бўлса керак-а, дейишади. Йўқ! Негаки, кўплаб узоқ умр кўрган инсонларнинг сири ҳам шунда, улар кексайганларида, ёшликдан ҳам кўпроқ ишлашган. Айнан, меҳнат, иш уларга, ҳаракатда бўлиб, янада узоқ яшаш имкониятини берган. Вақт ўтиб, менда ҳам дангасалик пайдо бўлса, мен ўзимни ишлашга мажбур қила оламан. Инсон қанчалик кам меҳнат қилса, у шунчалик тез қарийди. Кўпинча, менинг ёшимни эшитиб, ишонишмайди, шу ёшга кирганга ўхшамайсиз, дейишади. Биринчидан, менинг касбим ташқи кўринишга аҳамият беришимни талаб қилади, чунки, актёрлар руҳиятини шундай бўлади, ҳеч қачон қаришни истамайди. Иккинчидан, мен, доим ҳаракатдаман, доим жисмоний ҳаракатда бўлсанг, қаримайсан. Овқат қилишни ҳам яхши кўраман, мен пиширган паловни жуда мақташади. Лағмондан тортиб, мошхўрда, қовурдоқ, шавла, шўрвагача тайёрлашни биламан. Шунинг учун ҳам, аёл танишларим, менга “сиз ҳавас қиладиган қайлиқсиз! Чунки, ҳамма ишни қилишни биласиз!” дейишади. Бу бир тарафдан яхши, бир тарафдан ёмон. Чунки, сен ҳеч ким ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмайсан. Ҳамма ишни ўзинг қила оласан! Ҳамма муаммо шунда!
- Унда сизга ёлғизлик маъқул экан-да?
- Ҳа! Мен ўзим ишдан сўнг, ёлғиз ўзим кино кўриб, фикр юритишни, китоблар ўқишни ёқтираман. Лекин, менинг оилам, яъни опам ва қариндошларимнинг ҳаммаси кўпчилик бўлишни ёқтирадиган инсонлар. Мен эса, аксинча, агар шовқин бўлса, ўзим ёлғиз бўлмасам, бўлмайди.
- Ҳаётда ҳам актёрмисиз?
- (кулади) Ҳаётда ким актёр эмас? Ҳамманинг ўз ниқоби бўлади. Масалан, бундай ниқоб сизда ҳам бўлиши мумкин. Ҳаттоки, оддий деҳқоннинг ҳам ниқоби бўлади, деб ўйлайман. Афсуски, ниқобсиз яшаб бўлмайди, назаримда. Агар очиқ-ойдин, ниқобсиз бўлсангиз, инсонлар ҳеч қачон буни қадрлашмайди. Аксинча, юзга туфлаб, оёқости қиладиганлар топилади. Ниқоб, дегани, бу инсон иккиюзламачи, дегани эмас! Мени тўғри тушунинг! Ниқоб, бу ўзни ҳимоя қилиш воситаси! Чунки, қалбингни очсанг, устпнгдан куладиган, юзингга туфлайдиганлар, сен ҳақингда бошқаларга бу ҳақида гапириб, камситадиганлар бўлади. Шунинг учун ҳам, сен ҳаммани ўзига, характерига қараб, муомала қилишга, муносабат ўрнатишингга тўғри келади. Лекин, энг муҳими бу ўзлигингча қолиш! Ўз қалбингда иккиюзламачи бўлмасанг, ўзингни ўзинг алдамасанг, ўзингни қалбингни ўзинг сотмасанг, сотилмасанг бўлди! Ниқобдан бирор қабиҳ мақсадга эришиш учун фойдаланмасанг бўлди! Энг муҳими, ниқобинг ноҳақлик, кўролмаслик ва ҳасадга қарши, фақатгина ҳимоя воситаси бўлсин холос!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фото: DV PHOTOGRAFER САРДОР АРИПОВ