FATTOHHON.COM

« Все новости

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” IX ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИ: ЯКУНИЙ НАТИЖАЛАР! 30.08.2013 20:04

foto(1)_277.jpg

Самарқандда “Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивали ўз якунига етди. Тантанали очилиш ва якуний катта концертни ҳам ўз ичига олган фестиваль кунлари давомида, Регистон майдонидаги саҳнада Австрия, Буюк Британия, Латвия, Литва, Исроил, Эрон, Япония, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатлар вакиллари ўз санъатларини, ижро услубларини намойиш қилдилар.

Шунингдек, хорижлик меҳмонлар, ўзбек миллий анъаналарига ҳам гувоҳ бўлиб, ўзбек миллий таомларидан ҳам баҳраманд бўлдилар. Шаҳардаги музейлар, ҳунармандчилик марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва чолғу асбоблари кўргазмаларини, тарихий обидалар, буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ мажмуаларни, ҳамда истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотларни ўз кўзлари билан кўриб, унутилмас таассуротлар олдилар.

“Регистон” майдони, “Мўъжиза” ва “Ниҳол” амфитеатрлари, “Ёшлик” истироҳат боғи, Самарқанд, Оқдарё, Пастдарғом ва Жомбой туманларида жами, 52 мамлакатдан ташриф буюрган санъаткорлар ўз истеъдодини намойиш этдилар.

Ватан, тинчлик ва дўстлик, муҳаббат ва садоқатни мадҳ этувчи қўшиқлар турли тилларда янграган бўлса ҳам, уларни бир мақсад, эзгулик бирлаштиради.

30 август куни эса, фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда фестиваль қатнашчилари ва ҳакамлар ҳайъати, барча тадбирларни юқори савияда ташкил этилгани, юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун мамлакатимиз раҳбариятига, халқимизга миннатдорчилик билдирдилар.

foto(2)_239.jpg

Фестиваль ғолиблари:

Бош соврин Гран при Ҳиндистон Республикаси вакиллариники бўлди.

Биринчи ўрин Буркина Фасо ва Афғонистонлик иштирокчиларга берилди.

Иккинчи ўрин эса, Хитой, Буюк Британия ва Жанубий Корея вакилларига насиб этди.

foto_1474.jpg

Учинчи ўринга эса, Ўзбекистонлик созанда Аброр Зуфаров, Япониянинг “Чикуюша” гуруҳи ва Австриялик санъаткорлар сазовор бўлдилар.

Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилди.

Фестиваль ғолиб ва совриндорлари, юртимиз санъат усталарининг катта концерт дастури ҳам намойиш қилинди.