FATTOHHON.COM
« Все новости
“Меҳр нури” хайрия жамғармаси нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти бўлиб, халқимизга хос бўлган олийҳимматлилик, ҳамжиҳатлик, меҳмондўстлик анъаналарига таянган ҳолда, маънавий бирдамлик асосида фаолият олиб боради.
Жамғарма ўз фаолияти мобайнида ўйлаб лойиҳаларни амалга оширган, минглаб иштирокчиларни қамраб олган бўлиб, уларда маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда!
“Меҳр нури” жамғармасининг Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш йўналиши, “Оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган грантлар” ҳамда, “Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар” сингари дастурларни ташкил этишни ўз ичига қамраб олади.
2013 йилнинг 2 августидан 19 августига қадар, “Меҳр нури” жамғармаси томонидан Кичик тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини бошлаш арафасида турганлар учун маҳорат дарслари ташкил қилинди. Мазкур маҳорат дарслари “Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар” дастури доирасида ўтказилди.
2013 йилнинг 15 августидан 15 октябрига қадар эса, “Меҳр нури” жамғармаси томонидан, “Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантирига қаратилган грантлар” дастурига ҳужжатлар қабул қилинади! Мазкур Грант дастури ўз тадбиркорлик ёки фермерлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахсларга қаратилган.
Танловда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи озиқ-овқат, тўқимачилик, касаначилик ва ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик ёки паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлганлар иштирок этишлари мумкин.
Гулноза Абдуллаева “Меҳр нури” жамғармаси Лойиҳалар ва грант дастурлари бўйича координатори: - “Меҳр нури” жамғармаси ҳар йили анъанавий тарзда, “Оилавий тадбиркорлик ва фермерлик” йўналиши доирасида, Кичик ва ўрта тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар дастурини ўтказиб келади. Мана шу дастур доирасида, биз ҳар бир вилоятда, дастур бошланишидан олдин, маҳорат дарслари ўтказамиз. Маҳорат дарсларида аёлларимиз керакли ҳужжатларнинг тарқатма материалларини олишади. Бизнес режалар ишлаб чиқиш ва бизнес лойиҳани амалга ошириш бўйича сабоқлар олишади. Сўнг, мана шу сабоқларга таянган ҳолда, ҳужжат топширишади. Танлов икки босқичдан иборат: Биринчиси, улар ҳужжатларини топшириб, ҳужжатлари саралаш босқичидан ўтгандан кейин, уларни биз семинарга таклиф қиламиз. Семинарда, улар ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказиб беришлари керак. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган кўпгина саволларга, мана шу ишлаб чиқараётган маҳсулотлари улар яшаб турган ҳудудда керак-керакмаслиги, мана шу тадбиркорликда уларнинг ишбилармонлик қобилиятлари борми, шу тадбиркорликни ўзлари ривожлантира оладиларми, деган саволларга жавоблар олинган ҳолда, ҳакамлар ҳайъати яна бир бор йиғилиб, натижалар қабул қилинади. Декабрь ойига ғолиблар аниқланади! Ҳар йили биз декабрь ойида бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимига ғолибларни таклиф қиламиз ва улар ғолиблик сертификатларини қўлга киритишади. Биз июль ойида ҳар битта вилоятда, давра суҳбати ўтказдик! Мана шу давра суҳбати натижаларида, ҳар битта вилоятимизда, “Меҳр нури” ташаббуси билан ташкил қилинган устахоналар очилди. Бу устахоналар очилишидан мақсад, янги иштирокчиларга, грант лойиҳалар ғолиблари ҳунарлар ўргатишлари, ўз тажрибалари борасида маслаҳатлар бериши, грант лойиҳаларида иштирок этиш қоида ва тартибларини ўргатишлари мумкин бўлади!
Грант лойиҳаларида иштирок этиш учун ҳужжат топширганларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш учун, ҳакамлар ҳайъати ташкил қилинган. Улар, Савдо-саноат палатасидан, Фермерлар кенгашидан, “Тадбиркор аёл” уюшмасидан ва шу каби бир қатор ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат. Улар топширилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, баҳолашади. Юқори баҳоланган ҳужжатлар эгалари, семинарларга таклиф қилинади. Масалан, ўтган йили, 30 нафар ғолиб аниқланиб, уларга 60 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур Грант дастуримизнинг асосий мақсади, аёллар ва эркакларни уй шароитида ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган бизнес режаларни қўллаб-қувватлаш!
Танловда иштирок этиш учун номзод қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
1. Иштирокчи анкетаси
2. Бизнес-режа
3. Паспорт нусхаси
4. Маҳалла қўмитасидан тавсиянома
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова