FATTOHHON.COM
« Все новости
2- Сентябр соат 19.00 да Киночилар уйида “Заминфильм” томонидан суратга олинган, яна бир янги “Сохта туйғу” фильми тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотни актёр Миролим Қиличов олиб борди. Фильм ижодкорларини саҳнадаги таништирувдан сўнг, фильм намойиши бошланди.
Бош ролда Суҳроб Ҳасанов
Ролларда: Саида Раметова, Теша Мўминов, Зуҳра Ашурова, Муяссар Бердиқулова, Зарина Низомиддинова...
Картина директори Муҳиддин Мусабоев
Фильм мелодрама жанрида суратга олинган бўлиб, фильм воқеаларига кўра, унда бир йигит ҳаёти қисқача кўрсатиб ўтилган. Фильм воқеалари, шу бугунги кундаги ёшлар ҳаёти тимсолида кўрсатилган. Унда бир бефарзанд йигит ўз ҳаёт тарзини ўзгартиришга уринган ҳолатда, умуман ўзи ўйламаган тарзда кўп нарсани ўзгартириб юбориши акс эттирилган. Фильмда ўйламай босилган қадам, беникоҳ алоқалар яхшиликка олиб келмаслиги кўрсатилган.
Аммо, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек баъзи камчиликлар ҳам мавжуд. Масалан, фильм қаҳрамонларининг характери тўлиқ очиб берилмаган, айниқса, иккинчи қаҳрамон қизни ижобий ҳам, салбий ҳам деб бўлмайди, назаримизда. Биргина уйига бориб, онасидан қўлини сўраганига ишониб, ўз ихтиёрини суриштирмаган ва билмаган бир йигитга топшириб қўйиш, назаримизда, ўзбек қизларига хос бўлмаган хислат бўлса керак. Шунингдек, бош қаҳрамонни тезгина ўз қотиллигига иқрор бўлиб қўя қолиши ва қолаверса, ўша қотилликни жуда тез, жуда оддий ва мантиқсиз ҳолатда ошкор бўлиб қолиши, ишонарли эмас, деб ўйлаймиз. Шунингдек, фильмда йигитнинг онаси ҳам, унинг оиласини сақлаб қолиш учун, қолаверса, ўз ўғли тақдири ҳақида, ҳаттоки жиддий ўйлаб ҳам кўрмайди.
Фильмни кўргач, бир фикрга келиш мумкин, қизлар биров билан турмуш қуриш, бировнинг севгисига ишонишдан аввал уни синовдан ўтказишлари, яхшилаб сўраб-суриштиришлари шарт, назаримизда. Бўлмаса, фильм қаҳрамонлари каби, ҳаётлари бекорга издан чиқиб кетиши, ҳеч гап эмас.
“Сохта туйғу” фильми 1 сентябрдан юртимиз кинотеатрларида намойиш қилинмоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова