FATTOHHON.COM
« Все новости![]()
Самарқанд. Регистон майдони.
3 сентябрь куни Регистон майдонида, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг тўлиқ жонли ижродаги концерти бўлиб ўтди! Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, асрлар оша, не-не ҳодисаларга гувоҳ бўлган Самарқанднинг қадим Регистон майдони, шу куни хонанда томонидан қўйилган ҳақиқий жонли ижродаги концерти гувоҳи бўлди!
Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, майдондаги ўриндиқларда қанча томошабин бўлса, яна шунча томошабин тик турган ҳолда ҳам концерт кўришди. Шунингдек, ташқарида, майдон атрофида концертга кира олмаган, кириш учун чипта топа олмаган томошабинлар саноқсиз эдилар. Улар, майдон атрофида тик туриб олганча, бир неча километрлаб қаторларни ташкил қилиб, майдондан таралаётган Озодбек Назарбеков ижросидаги қўшиқларни тинглаб, узоқдан кўринаётган майдондаги катта мониторларга тикилиб, концерт қандай ўтаётганлигини билишга қизиқаётган эдилар. Одам шунчалик кўп эдики, очиғи, жуда катта бир байрам шодиёнаси бўлаётганга ўхшарди...
Майдонда эса, ҳамма томошабинлар ҳаяжонда, барчасининг кўзи Регистон майдонида тайёрланган катта саҳнада, мониторларда...
Саҳнада эса, эл севган, кутган хонанда Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков!
Концерт, “Табаррук” қўшиғи билан бошланди. Сўнг, бирин-кетин “Севмайман энди”, “Мажнунтол”, “Гул”, “Қошинг қароми”, “Интизорим”, “Ёр кетди Андижонга”, “Олма”, “Кеча-кундуз”, “Хафа бўламан”, “Сурхонча”, “Доирангни чал” каби қўшиқлар ижро қилинди... 100 фоиз жонли ижро! Ҳақиқий санъат, томошабинлар олқиши чексиз...
Қўшиқлар орасида, мухлислар орасидан чиқиб, Озодбекка ўз мухлислиги ва ҳурматини намойиш қилишга журъат қилганлар ҳам бўлди. Бир кичик хонанда Озодбек билан бирга куйлаган бўлса, бир Самарқандлик мухлиса қиз эса, ўз ҳурматини баён этиб шеър ҳам ўқиб берди. Озодбек Назарбековнинг ҳам, барчаларига самимий ҳурмати чексиз бўлди!
Концертнинг биринчи блоки ўз ниҳоясига етгач, сўз устаси Шукурулло Исроилов саҳнага чиқди! Шу кунларда, Шукурулло Исроиловнинг ҳам номерларида сезиларли янгиликлар борлиги, қувонтиради. Чунки, бу ижодкор ҳам, янгидан янги ижод намуналари билан халқни қувонтириб келмоқда. Айниқса, бир неча хонандалар ҳақидаги теш тегмаган бир неча қизиқарли гаплари, аллақачон, эл оғзига тушиб, оммалашишга ҳам улгурди!
Концертнинг иккинчи блоги 2012 йилнинг энг яхши қўшиғи “Сарсон” билан бошланди. Сўнг, бирин-кетин “Cевиб қолмасаммиди” (сўзи ва мусиқаси Озодбек Назарбековнинг ўзига тегишли), “Келгин гулим”, “Найда бор”, “Онам бўлсайди”, “Йиғлама қиз” (марҳум хонанда Муҳриддин Холиқов репертуаридан), “Дутор”, “Ишқ ўти” (Хоразмча), “Самарқандча”, “Андижонча”, “Яна соғиндим”, “Ватан” қўшиқлари янгради.
Ҳар бир қўшиққа мос рақслар саҳналаштирилган бўлиб, рақсларда “Офарин” рақс дастаси қизлари қатнашдилар.
Шунингдек, Регистон майдонига ўрнатилган катта мониторда ҳар бир қўшиқ ҳолатига мос, видеолавҳа, клиплардан кадрлар бериб борилди.
Айниқса, марҳум хонанда Муҳриддин Холиқов репертуаридан “Йиғлама қиз” қўшиғини Озодбек Назарбеков маромига етказиб куйлаганида, томошабинлар орасида кўзлари ёшланмагани қолмади ҳисоб... Айни шу қўшиқ вақтида экранда Озодбекнинг устози суратини чизиш жараёни тасвирланган клип намойиш қилинди, Муҳриддин Холиқов сурати кўрсатиб ўтилди.
Озодбек Назарбеков энг таъсирли “Онам бўлсайди”, қўшиғини куйлаб бўлгач, томошабинлар қаторида ўтирган кекса Ҳожи онахонни, оммага таништириб, унга гул тақдим қилди. Бу онахон уни ўз ўғлидек кўриб, ҳамиша дуо қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
![]()
Концерт давомида янграган шўх қўшиқлар вақти рақс тушмаган томошабин қолмади ҳисоб!
Муҳит, саҳна кўриниши, рақслар ва албатта, Озодбек Назарбековнинг маҳорати уйғунлашиб, шундай бир ажойиб ҳолатни юзага келтиргандики, ҳеч қайси томошабин концерт тугашини истамасди!
Аммо, ҳар нарсанинг якуни бўлганидек, концерт дастури ҳам, таъсирли “Ватан” қўшиғи билан ўз ниҳоясига етди. Томошабинлар эса, концертнинг яна давом этишини исташарди...
![]()
Озодбек Назарбеков эса, навбатдаги яна янги концерт дастурларига қадар томошабинлар билан хайрлашар экан, самимий, қўли кўксида, бир неча бор таъзим қилиб, барчага миннатдорчилик билдирди. Чиндан ҳам, Озодбек Назарбеков бошқа хонандалар ичида, ўзининг самимий ва камтарлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, бу эл кўзига эмас, ҳақиқий чин маънодаги самимийлик. Ижодда қанчалик юқори кўтарилмасин, ҳеч қачон ҳаволанмаслиги, ҳамиша камтарлиги ҳамда, маданияти билан барчага ибрат бўлишга арзийди!
Хонандага тақдим қилинаётган гулларнинг, дасхат сўраётган, бирга суратга тушиш, ҳеч бўлмаса бир бор қўл бериб сўрашиш ниятидаги мухлисларнинг чегараси йўқ эди...
“Жонли ижро қаҳрамонлик эмас” дейишади, аммо, уни томошабин талаби даражасида, дид ва юқори сифат билан ўтказиш, осон иш эмас! Ҳозир ҳамма жонли куйлаши мумкин, аммо уни дид билан, энг инжиқ томошабинни ҳам қониқтирадиган даражада етказиб бера олиш қийин! Озодбек Назарбеков эса, бунинг уддасидан чиқа олган санъаткор! Бу чиндан ҳам тарихий воқеа бўлди, негаки шу кунга қадар, ҳеч қайси хонанда, Самарқандда Регистон майдонида, яккахон тўлиқ жонли ижрода, концерт бермаган эди!
Жонли ижро бўлиши учун авваламбор, мос муҳит бўлиши керак, яъни керакли техника ва овоз операторларидан ҳам маҳорат талаб қилинади. Фонограмманинг айбини ҳофизларга ташлайвериш ҳам яхши эмас. Табиийки, жонли ижродаги концерт учун катта маблағ ва катта меҳнат керак. Бу эса, ҳамма санъаткорларнинг ҳам имконият доирасида эмас, назаримизда. Ўйлаймизки, Озодбек Назарбековнинг мазкур жонли ижродаги концерти орқали, унинг ижоди ҳақидаги, Жонли ижро ва фонограмма борасидаги барча саволларга жавоб топилди!
![]()
Режиссёр Саъдулла Абдуллаев: - Биз ўйлаган ниятимизга етдик. Озодбек Назарбековни мана шу Регистон майдонида концерт бериши, Миллий эстрада йўналишида куйлайдиган хонандалар ичида биринчи марта юз берди! Ундан олдин бастакор, мусиқачи дўстимиз Султонали Раҳматов концерт берганди. У концертни ҳам ўтказгандим. Қолаверса, бу ерда “Шарқ тароналари” фестивали бўлди. Биз ҳам ўйлаган ниятимизга етдик. Ўйлайманки, халқ ҳам мамнун. Озодбекнинг ўзига ҳам ёқди. Концерт жуда ҳам чиройли ўтди. Техник тарафлама ҳам, чироқлар, видеопроектор, видеотасвир, видеоклиплар, ҳаммаси бир вақтда ишлаши керак. Шу нарсаларни ҳам қила олдик. Ҳаммамиз хурсандмиз! Яқиндагина Андижонда Мустақиллик байрамини ўтказаётганимизда, менга, Озодбек аканинг продюсери тарафидан, мана шу бугунги концерт борасида таклиф бўлганди. Ўша кунданоқ, “менга қайси қўшиқлар бўлади, менга тез юборинглар” дедим. Шунинг хаёли билан ишладим. Сўнг, бу ерга 1 сентябрь куни келиб дарҳол ишга киришдик. Бизнинг яна бир ютуғимиз, “Шарқ тароналари”дан сўнг, ҳамма аппаратлар бу ерда турган эди. Ҳаммасини корректировка қилиб, жой-жойига қўйдик. Озодбекнинг шлягер қўшиқлари танлаб олинди. Яна бир менга енгил бўлган тарафи, масалан, бу шлягер қўшиқлар тўпламида, устозлари Муҳриддин Ҳолиқовнинг “Йиғлама қиз” қўшиғига тайёр клип бор эди. Бошқа баъзи бир қўшиқларга тайёрланган клиплардан абстракция, экран кўринишларидан ҳам фойдаландик. Бу гал менга қийин бўлгани йўқ. Озодбек билан ишлаш, ҳамиша мароқли, у билан ижодий ҳамкорликда, ўзим ўйлаган режиссурани қила оламан! Ўйлайманки, у ҳам ўзи ўйлаган даражадаги режиссурани концерт учун мендан олади. Шунинг учун ҳам, шунча йилдан буён ижодий ҳамкорликдамиз ва мен қачон биринчи концертни биргаликда амалга оширганимизни, бирга ишлай бошлаганимизни эслай олмайман. Гўёки, азалдан шундай бўлгандек. Озодбек билан биргаликда ишлаш ҳам ижодий тарафлама ёқимли, ҳақиқий ижодкор инсон!
Озодбек Назарбеков: - Мен ҳаммага самимий раҳмат айтаман. Бу мен учун тарихий унутилмас кун, лекин бу кунни амалга ошишида, жуда ҳам кўп инсонларнинг ҳиссаси бор! Бугунги концерт нимаси билан тарихий бўлди? Биринчи навбатда, Регистон майдонида бўлишининг ўзи, иккинчидан эса, 100 фоиз жонли ижрода бўлиши. Жонли ижро ўз-ўзидан бўлмайди! Концертнинг жонли ижрода бўлиши, созандалардан жуда катта меҳнат талаб қилади. Мана шу Регистондаги концерт учун ҳам, созандаларимиз бир неча ойлаб, тинимсиз репетиция жараёнлари билан банд бўлишди! Ҳаммаларига алоҳида раҳмат! Концерт очиқ жойда бўлганлиги учун ҳам, ўйлаган нарсамизни амалга ошира олдик. Агар ёпиқ залда бўлганида, овоз етказиб берилиши борасида, ўзига яраша қийинчиликлари бўлиши мумкин эди, назаримда. Мана кўриб турибсизлар, қанча созандалар меҳнат қилишди, барчаларидан миннатдорман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Самарқанддан махсус
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()
![]()





