FATTOHHON.COM

« Все новости

НИЛУФАР УСМОНОВА: ОНАМЛАРНИНГ ҲАР БИТТА ГАПЛАРИДА МАЪНО КУЧЛИ! ҲЕЧ ҚАЧОН ҲЕЧ КИМНИНГ ҚЎШИҒИНИ ШАРМАНДАЛИ ДАРАЖАДА “БУЗИБ” АЙТМАГАНМАН! 08.09.2013 13:32

foto(11)_105.jpg

Нилуфар Усмонова нафақат хонанда, балки ҳозирда бўлажак ҳуқуқшунос (маълумоти бўйича), ҳамда уч фарзанднинг меҳрибон онаси ҳамдир. Хонанда санъат ва оилани баравар олиб бормоқда. У аввалига томошабинлар назарида фақатгина машҳур хонанданинг қизи сифатида тилга олинган бўлса, эндиликда эса, тинимсиз меҳнат билан ўз истеъдодини намойиш қилиб, ҳақиқий санъаткор сифатида намоён бўлди.

  foto(4)_192.jpg

- Хонанда, бўлажак юрист ва бахтли она. Яна нималарга эришишни истардингиз?

- (самимий кулиб)  Ҳозир эмас-ку, лекин кейинчалик яна она бўлишни истардим. Ҳаётий нарсалардан, худо ҳоҳласа, вақти келиб кексайиб буви бўлишни ҳоҳлардим. Яна Ўзбекистонда ҳамма севадиган, севимли санъаткор бўлишдан ташқари, дунёга танилишни ва дунё ҳам суйган санъаткор бўлишни ҳоҳлардим.

 

- Учта фарзанддан кейин, тез фурсатда ўз қоматингизни тиклаб олдингиз. Сирлари билан бўлишасизми?

- Сирлари оддий, масалан, ширинлик емаслик! Ўзимни жуда ҳам таомлардан тийишимга тўғри келди. Масалан, қовурилган таомлар емадим, буғда пиширилган ёки қайнатилган таомлар ейишимга тўғри келди. Тўғри, жуда ҳам қийин иш. Чунки, катта оилада, битта инсонни алоҳида овқатланиши қийин. Бундан ташқари, рақс тўгарагида ҳам шуғулланаман.

 foto(15)_83.jpg

- Институтдаги ўқишингиз бироз узоқроқ давом этди?

-Ҳа, ҳозирда тўртинчи курсни битирдим, Давлат имтиҳонларини топширяпман. Магистратурани давом эттирмасам керак. Ҳаммага инсофини берсин!

 

- Турмуш ўртоғингизни қачонгача оммадан сир тутмоқчисиз?

- Мухлислар санъаткорнинг санъатига баҳо берганликлари маъқул, деб ўйлайман.

 

- Фарзандларингиз тарбиясида асосан, нималарга эътибор қаратасиз?

- Авваламбор, “Ассалому алайкум”дан бошланади. Салом беришдан тортиб, ҳаммасини ўргатиш керак. Ёш бола барибир кичиклигида ҳоҳлаган ишини қилади. Лекин, тергаб-тергаб туриш керак. Уриш керак эмас! Койиса бети, урса эти қотади, дейишади. Аммо, катта ўғлимни бир марта қаттиқ жазолаганман. Ўғлим 3 ёшларда эди, ёдимда йўқ, лекин бир нотўғри иш қилганди, ўшанда ўзимни ҳам жаҳлим чиқиб, атайлаб эмас, лекин камар билан уриб қолганман. (афсус билан) Урган жойим қизариб чиққан, шу нарса уни ҳам, мени ҳам ёдимда қолган! Ўшанда бошқа боламга қўл кўтармасликка ўзимга ўзим ваъда берганман! Ўшандан буён бирор марта ҳам урмаганман, қаттиқ жазоламайман ҳам!

  foto(1)_288.jpg

- Фарзандларингизнинг энг қаттиқ шўхлиги ва келтирган моддий зарарини эслай оласизми?

- (кулади) Ҳар куни ва жуда ҳам кўп! Масалан, қўл телефонларини кўп алмаштиришга тўғри келади. Чунки, телефонлар бизнинг уйда доим сувга тушиб кетади, овқат ичига тушиб кетади, иккинчи этаждан пастга ҳам тушиб кетади. (кулади) Иккинчи ўғлим, яқинда холодильникни бузди! Холождильникни ортига сув сепаверган, натижада холодильник ортидаги темири занглаб бузилди! Катта ўғлим, телевизорни ағдариб юборган, яхши ҳамки ўзига ҳеч нарса қилмади! Ipad лар эса, умуман, чидамайди! Бувиси совға қилиб, олиб бераверади, булар бузаверади. Ўғил болали оилага қийин, зарар ортидан зарар. Мана энди ҳозир, катта ўғлим Саизаъзамхон бироз катта бўлиб, зарар келтиришлари камайди! Лекин, кичик ўғлим ҳозирча катта зарар келтиришлардан тўхтамаяпти. (кулади)

 

- Фарзандларингизни илк сўзлаган сўзлари эсингиздами?

- Албатта, Саидаъзамхон биринчи марта “ая” деганди. Иброҳимхон “дада” деганди, Сулейманхонни эса, “бува” деб тили чиқди.

   nilufar_usmonova(1).jpg

- Уларни биринчи марта қўлга олганингизда, ҳар бирида қандай ҳолатни ҳис қилгансиз? Фарқ бўлганми?

- Катта ўғлим Саидаъзамхонни қўлимга олганимда, жуда ҳам ёш бўлганман ва тўғриси унчалик тушунмаганман! Ғалати бўлганман! (самимий кулади) Болангизни биринчи марта қўлингизга беришганда, у билан танишасиз. Катта ўғлимнинг кўзлари тетик эди, тили ҳам тез чиққан! Иброҳимхон эса, кутилган фарзанд бўлган, анча танаффусдан кейин, мен ҳам ўзим ҳам бу фарзандимни жуда кутган эдим! Уни қўлга олиш, жуда бир бошқача бўлган! Учинчи болам Сулейманхонда эса, анча тажрибам ошган вақт, бутунлай бошқача бўлди! Лекин, ҳамма болаларимни бирдек яхши кўраман!

 

- Санъатга қандай таъриф берасиз?

- Санъат  сўзига таъриф берадиган бўлсам, бу ҳаётнинг бошланиши! Айтишадики, инсон баданига руҳ, най орқали кирган экан! Най куйига маст бўлиб, руҳ инсон танига кирганини билмай қолган. Шунинг учун ҳам, бу туғилиш, бу менинг санъат сўзига таърифим! Санъатимиз тарихига эмас. (кулади)

 

- Яккахон концерт дастури тақдим этишингизни кутишмоқда!

- Ўзи бу йил кутаётган эдик, бу йил бўлмади. Энди кейинги йил бўлади! Албатта, жонли ижрода бўлади!

  nilufar_usmonova_1.jpg

- Янги мусиқий альбомингиз қачон чиқади?

- “Бахтингни кутгин” мусиқий альбомимдан сўнг, янги мусиқий альбом чиқармаган эдим. Натижада янги қўшиқларим ҳам йиғилиб кетди. Кўпларининг клиплари ҳам бор. Янги мусиқий альбомимга қуйидаги қўшиқларим кириши мўлжалланган: - “Тасанно”, “Баҳор”, “Фаришталар”, “Серобгинам”, “Хаёлим ўғриси”, “Қара-қара”, “Қайт”, “Ана-ана”, “Жани”, “Уйландинг”, “Қарай оласанми?”, “Тегаман” Жаҳонгир Позилжонов билан дуэт, “Соғинмайман”, “Ниқоб”, ҳамда актёрлар билан бирга куйланган бир янги дуэт! Яна бир неча янги қўшиқлар! Барча қўшиқларни қайта аранжеровка қилдириб, қайтадан ёздирдим. Чунки, ўзимга жуда ҳам талабчанман.

 

- Болаликдан шу бугунгача амалга оширолмаган орзуйингиз борми?

- От спортти бўйича профессионал спортчи бўлиш! Югуриш бўйича ҳам жуда тез югурардим. Уни ҳам ривожлантирсам бўларди, лекин бундай қилмадим. Ҳозир ҳам от минишни ҳоҳлайман, лекин вақт етишмайди!

 

- Сизнинг қўшиғингизни сўрамай, “кўчириб” ижро қилишса?

- Ҳеч нарса демайман! Чунки, ўша “кўчирган инсонга шу нарса керак экан! Ўзи шундоқ ҳам кўпчилик кўчиради. Мени ёки онамларни қўшиқ айтиш усулларини кўчиришга ҳаракат қилишади. Улар бир нарсани тушунишмайди, тўғри мактаб бир Юлдуз Усмонованики бўлиши мумкин, лекин овози меникига ўхшамаса, ўзини мендан зўрроқ ноласи, услуби бўлса ўшани қилгани маъқул. Барибир мени нолам, мени услубим бошқа санъаткорга мос келмаслиги мумкин. Ёки бошқа санъаткорнинг услуби менга мос келмаслиги мумкин. Шунинг учун, ҳам уларга омад тилаб қоламан. Ҳозир ким кўчирмаяпти? Ўзим эса, ҳеч қачон ҳеч кимнинг қўшиғини шармандали даражада “бузиб” айтмаганман! Шу нарсани баралла айта оламан!

  foto(8)_140.jpg

- Онангизнинг қайси ўгитлари доим ёдингизда?

- Онамлар доим “санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак” дейдилар. “Санъаткорни халқ санъаткор қилади! Халқим санъаткорим деса, халққа хизмат қилган санъаткор бўласан! Халқ артисти даражасида бўласан! Халқ севган санъаткор бўлгин! Ўқигин, билиминг бўлсин! Қайси йўналишда ишлаяпсан, шу соҳани билишинг керак! Меҳнат қилишинг керак!” Агар бир фоиз қобилиятингиз бўлиб, тўқсон тўққиз фоиз меҳнат қилсангиз, ўша бир фоиз қобилиятни юз фоиз қила оласиз! Агар, тўқсон тўққиз фоиз қобилиятингиз бўлсаю, бир фоиз бўлса ҳам меҳнат қилмасангиз, қобилиятингиз ҳам қолиб кетаверади. Онамларнинг ҳар битта гапларида маъно кучли!  

 

- Онангиз сизни ҳеч қаттиқ жазолаганмилар?

- Ёшлигимда, сигарет чекишлар бошланганда жазолаганлар. (кулади) Ёшликда бундай ҳолатлар кимда ҳам бўлмайди?

 

- Вилоятлардаги концертларингиз қандай ўтади? У ерда сизни қандай қабул қилишади?

- (самимий) Албатта, вилоятлардаги концертлар қандайдир бошқача ўтади. У ердаги инсонлар сизга қандайдир ҳавас билан бошқача қарашади. Минг кун меҳнат қилинг, бир кун саҳнага чиқсангиз, тингловчилар меҳр билан қабул қилиб олишса, бор чарчоқларингиз чиқиб, яна ишлагингиз келади. Лекин, Водийнинг халқи ўзига яраша талабчан, улар санъатни яхши тушунадилар. Водийга борганимда, қўшиқларимни тинглаб, олқишлаганларида, мен ҳам қувониб, ростданми, деб ҳам юбораман. Тошкент шаҳри бу пойтахт, бу ерда ҳамма ижод қилади. Бу ер санъаткорлар ишлаб чиқариладиган фабрика, деса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, фақат пойтахтга қараб баҳо бермаслик керак, деб ўйлайман. Бутун Республикага қараб фикр юритиш керак, назаримда. Масалан, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва водийда кўп концертлар берганмиз. Ҳар гал яхши кутиб олишса, қайсидир қўшиғимни “мана шу қўшиғингиз яхши чиқибди” дейишса, демак, мен халқ имтиҳонидан ўтган бўламан. Чунки, водийликлар жуда ҳам мусиқани яхши тушунишади, қўшиқ сўзларига ҳам, товушнинг қўшиққа тушиш-тушмаслигига ҳам жуда эътиборли!  Чунки, улар санъат шайдоси!

  foto(16)_81.jpg

- Биринчи марта қачон ўз машҳурлигингизни ҳис қилгансиз?

- “Қайт” қўшиғимни куйлаганимдан сўнг, бир нарсани ҳис қилганман. У вақтда ҳомиладор эдим! Тўққиз ой бўлиб қолган вақтда куйлаганман. Қўшиқ ва клип бошқа хонандага бўлиши керак эди, лекин мен куйлашимга тўғри келган. Ўшанда билганман, қобилият, санъат агар сизга берилган бўлса, бошқа нарсалар аҳамиятга эга эмас экан. Ўша қўшиқ менга тушибдими, мен айтдим, муваффақият қозонди. Бўлмаса, ўша қўшиқни бир супер декорацияларсиз, оддийгина фонда куйлаганман. Лекин, қўшиқ чиройли куйланганлиги учун, тингловчиларга ёқди! Шу қўшиқнинг ортидан тушундимки, мингта қўшиқ чиқарасизми, мингта клип суратга олдирасизми, барибир халққа ёқадиган бўлиши керак экан! Бундай қўшиқлар эса, бир-иккита чиқиб қолади, ҳар доим ҳам чиқавермайди! (самимий) Мен таниқли эканлигимни биламан, мени ҳамма танийди. Масалан, мухлисим бўлмаганлар ҳам танишади. Лекин, омад менга “Қайт” қўшиғи билан яна қайтиб келди, дейишим мумкин. Чунки, уни ҳомиладор вақтимда куйлаганман, тингловчилар эса, ҳеч нарсага аҳамият бермай, қўшиқни тинглашган, улар учун шу қўшиқ, шу овоз, дард, шундан юқори баҳо беришган. Шундан бери, ўша даражадан тушмасликка ҳаракат қиламан. Ҳаммада юқори парвозлар ҳам, тушишлар ҳам бўлади. Лекин, мен юқори парвоз бўлиб, тушиш қаттиқ бўлишини истамайман. Мен секин-секин битта-битта зина чиқиб, пойдеворни яхшилаб кетишга ҳаракат қиламан.

 

- Фарзандларингиз қайси қўшиғингизни кўпроқ тинглашади?

- Иккинчи ўғлим Иброҳимхон кўпроқ мени қўшиқларимни эшитади, кўпроқ “Жани” қўшиғимни тинглайди. Тўғрисини айтсам, (кулиб) уйда менинг қўшиқларимни умуман эшитишмайди! Улар кўпроқ хорижий қўшиқларни эшитишади. Тўғри, ҳамма болалар каби фарзандларим ҳам санъатга қизиқишади. Лекин, бу дегани, улар ҳам санъатор бўлади, дегани эмас!

  foto(14)_85.jpg

- Актрисаликни давом эттирасизми?

- Яқинда шу ҳақида ўйлагандим. Агар яхши сценарий бўлса, фильмга суратга тушишим мумкин. Яхши режиссёрнинг нормал бюджетли фильми бўлса, рози бўлишим мумкин. Лекин, мен санъаткорман, мени кинога таклиф қилган ижодкор, менга роль учун маблағ тўладими, ўзи кинотеатрда менинг мухлисларим орқали, маблағ йиғиб олиши мумкин. Бу дегани, мен унга муваффақият келтираман, ёки унинг фильми менга муваффақият келтиради, дегани эмас! Бу фақат яхши бизнес бўлиши мумкин.

 

- Бугунги кун тингловчисининг дидини қай даражада, деб баҳолашингиз мумкин?

- Ҳар хил, бир фоиздан юз фоизгача бор.

 

- Тўйга тан соқчи билан чиқасизми?

- Йўқ! Хорижда эмасмиз-ку. Тўйга ким чақиради? Халқ чақиради, халқ бирор ёмонлик қилиш учун чақирмайди-ку. Халқ емай-ичмай, севимли санъаткорини чақириш учун маблағ йиғади.

  foto(9)_123.jpg

- Оилангизда кимда рашк кучли?

- Менда кучли!

 

- Оилада ким лидер?

- Қизлик уйимда онам! Ҳозир эса, оилада турмуш ўртоғим!

 

- Хонанда машҳур бўлиш учун, кучли мазмундаги қўшиқлардан ташқари, яна нималарга эътибор қаратиши керак?

- Ташқи кўринишига эътибор қаратиши керак. Қолаверса, куйлаётган қўшиқларининг ҳар бирини сўзларига эътибор бериши керак.

 foto(13)_92.jpg

- Куйлаганингиздан сўнг, ҳозир эслаб уяладиган қўшиқларингиз ҳам борми?

- Ҳа, аввалги қўшиқларим ичида бундайлари бор. Масалан, олдинги баъзи куйлаган қўшиқларимдн уяламан!

 

- Бугунги кун хонандаси қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

- Ҳозир хонандалар ҳар хил, жуда ҳам кўп хил. Қийшиғидан тортиб, тўғрисигача бор. Баъзиларини санъаткор деб ҳам бўлмайди. Бир хиллар ўзи маблағ тўлаб, қўшиқ айтади, бир хиллар қўшиқ айтиб маблағ топади. Бир хиллар ташқи кўриниши туфайли маблағ топса, бир хиллар тўйдан маблағ топади.

 

- Продюсерлик фаолиятингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

- Продюсерлик фаолиятимни эндигина бошладим. “Махита” гуруҳи, икки қиздан иборат, улардан бирининг ёши 14 ёшда бўлганлиги учун, ҳозирда лицензия билан боғлиқ масалаларни ҳал қиляпман. Клипларини тайёрлаяпмиз, лекин ҳали чиқарганим йўқ. “Усмонзода” гуруҳи икки қиз ва бир йигитдан иборат, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаяпман. “Ниқоб” клипида суратга тушган ёш актёр йигит Манучеҳр Қаланзода ҳозирда театрда ҳам фаолият юритади.

  foto(10)_114.jpg

- Продюсерлик фаолиятини бошлашингизга нима сабаб бўлди?

- Мен баъзида ўзимдан ўзим зерикаман. Бу гуруҳлар эса, ўзимдан бироз бўлса ҳам чалғишимга сабаб бўлади. Менимча, қобилият эгалари ёшларга ёрдам бериш керак. 

  foto(2)_247.jpg

- Шаддод ва қувноқ инсон сифатида таассурот қолдирасиз? Аслида қандай инсонсиз?

- Ҳаётда ҳам шундайман! (кулади) Лекин, жиддийлигим ҳам бор! Баъзида жаҳлим ҳам чиқади. Баъзи нарсаларни шартта юзга айтадиган одатим ҳам бор.

 

- Ҳамма инсонларнинг бир ожиз тарафи бўлади.

- Менинг ҳам ожиз тарафларим бор, чунки аёл киши ожиза бўлади. Масалан, кўнглим бўш тарафим ҳам, қаҳрим қаттиқлик тарафим ҳам бор. Масалан, ҳамма нарсага рухсат беришим мумкин, лекин меъёри билан, агар меъёрдан ошса, муносабатни шартта узиб қўяман.

  foto(6)_164.jpg

- Оила тинчлиги ва аҳиллиги кимга кўпроқ боғлиқ, деб ўйлайсиз?

- Аёлга! Чунки, аёл киши уйда кўпроқ бўлади, болалар  тарбияси билан ҳам аёл киши кўпроқ шуғулланади. Уйдаги муаммоларни ҳам аёл киши кўпроқ билади ва гапиради. Ана ўша гапиришнинг ҳам йўли бор. (бир неча ҳолатларни кўрсатиб беради) Масалан, жаҳл билан гапирсангиз ёқмайди, нотўғри оҳангда гапирсангиз ҳам бўлмайди. Кулиб, ширин сўз билан айтсангиз ҳаммаси ҳал бўлади. Шунинг учун ҳам, аёл киши муомалани ва гапиришни билиши керак. 

  foto(5)_175.jpg

- Фарзандларингизнинг феъл-атвори кўпроқ кимга ўхшайди? Сизга ёки турмуш ўртоғингизга?

- Кўпроқ менга ўхшаса керак! Чунки, жуда ҳам шўх!

 

- Дўстларингизнинг юзингизга айтадиган камчиликлари ҳам борми?

- Дўстларим кўп камчиликларимни юзимга айтишади. Масалан, мана бу қўшиғинг бўлмабди, дейишади. Қачон озасан, мана бу қўшиғинг ярашмабди, дейишади. Ҳаммасини очиқ айтишади.

  foto(7)_154.jpg

- Ўзингизни қайси жиҳатингиз ўзингизга ёқмайди?

- Андишалиман. Биров менга ёмонлик қилса ҳам, баъзида индамайман. Майли, дейман. Индамай, андиша қилишим мумкин. Лекин, у яна нимадир қилаверса, муомалани шартта узиб қўяман. Кейин яна бир андишали тарафим, менга ҳам мана шу нарсани қилиб беринглар, демайман! Андиша қиламан! 

 

- Каръерангиз учун энг керакли маслаҳатни ким берган?

- Фақат онамлар. “Агар ёмон йўлга кириб кетсанг, шу билан кириб кетдинг. Агар санъаткор бўлиб кетсанг, ўзингга ишониб чиқиб кетсанг, унда ростдан ҳам санъаткор бўласан! Халқ қабул қилади. Агар ўзингни бошқа томонга урсанг, ундан кўра санъаткор бўлма, ўша чап томондан боравер.” деганлар. Бу ҳар бир санъаткор билиши керак бўлган нарса. Қолганини ўзим ишлаб юрган вақтларим, кўриб, хулоса чиқариб олганман.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto(12)_98.jpg