FATTOHHON.COM

« Все новости

АКТРИСА ГУЛЧЕҲРА ЭШОНҚУЛОВА: СЕВГИ БУ БАҲОНАСИЗ ҚУРИЛГАН БАХТ! 14.09.2013 13:54

foto_gulchehra_fattohhon.com(15).jpg  

Актриса Гулчеҳра Эшонқулова ўзининг драматик талқиндаги роллари билан кино оламида бирданига ярқ этиб порлай олди. У ижро қилган кучли характердаги ролларни, ўз вақтида бошқалар ижро қилишга журъат қила олишмаган. Унинг драматик қаҳрамонлари, ҳар қандай томошабин қалбида меҳр уйғотган. У ролларни фақат ижро қилмайди, у маълум бир муддат ўша образ ҳаётини яшайди. Шу тарзда томошабин дилига йўл топа олади.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(10).jpg

- Хусусий студияларда суратга олинаётган фильмлардаги маълум бир танаффусдан сўнг, режиссёр Саид Мухторовнинг “Рашк” фильмида суратга тушдингиз...

- Маълум бир танаффус дедингиз, аммо ижодимда ҳеч қандай танаффус бўлгани йўқ. Шунчаки, мен фақат бироз вақт чиндан тижорат фильмларида кўринмадим. Бу орада, масалан, режиссёр Санжар Бобоевнинг “Она дарё” сериалида роль ижро қилдим. Сўнг, Темур Маликовнинг “Крепкое слово” деб номланган, шоиралар Увайсий, Нодира, Маҳзуналар ҳақидаги тарихий қисқа метражли фильмида ҳам суратга тушдим. Ижодимда ҳеч қандай танаффус ва тўхташ қилганим йўқ, шунчаки тижорат фильмларида кўринмадим. Бу бироз гап-сўзларга ҳам сабаб бўлди.

 

- Бунинг сабаби нимада бўлди?

- Сабаби, таклиф бўлган фильмларнинг сценарийлари саёз, енгил бўлгани учун ҳам суратга тушмадим. Режиссёр Саид Мухторов мени ўтган йили ҳам ва бу йилда, умуман 3 та фильмида ролга чақиргандилар. Аммо, мен биттасига ҳам розилик бермаган эдим. Сабаби, у сценарийларда тасвирланган роллар, мени ўйнаган ролларим ичида аввал ҳам бўлган. Бу сафар эса, “Рашк” фильмига суратга тушишга рози бўлганимнинг сабаби, менга берилган бу образда актёрлик маҳоратини кўрсатиш мумкин эди! Умуман олганда, режиссёр Саид Мухторов билан ишлаш ҳам қизиқ бўлди. Чунки, кўпчилик билади, бу режиссёр сценарийсиз ишлайди, деб ҳам айтишади. Биз эса сценарий билан ишлашга ўрганганмиз, сценарий сўраймиз. Аммо, мен ҳайрон қолдим, бу гал биринчи куни чақирганларидаёқ сценарий ҳам бор эди, ҳатто фильмга асослаб декорация ҳам қурилди! Кейин менга бу ижодкор билан ишлашнинг яна бир ёққан жиҳати, биз бу сафар импровизацияга ишладик. Импровизация дегани, биз учун, яъни Улуғбек Қодиров ва мен учун бир имтиҳондек бўлди! Энди қайси маънодаги имтиҳон? Мени фильмда биринчи марта импровизацияга ишлашим эди. Менимча ҳақиқий актёр импровизацияда, билинади.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(12).jpg

- “Рашк” фильмидаги ролингизни сценарийсини ўқиганингизда, ролингизни қандай тассавур қилгандингиз ва тассавурингиздек чиқдими?

- Мен ролимни ҳеч қанақасига тассаввур қилмаганман. Мен битта нарсани билганман, бу жуда ҳам мураккаб роль эди. Менга юклатилган роль, чиндан ҳам жуда оғир! Бу ролга шунчаки қараб бўлмасди. Мисол учун, мени шунчаки бир ролга таклиф қилишди, гонараримни айтдим, ўйнайман, кетаман дегани эмас! “Рашк” фильмидаги ролим, ўйлашимча бутун ҳамма ўйнаган ролларимдан ҳам, масъулиятлироқ, деб ўйлайман. Чунки, бу ерда ҳам комедияни, мелодрамани, трагедияни ўйнаш керак эди. Ундан ташқари, изланиш керак, импровизацияда ишлаш жуда ҳам қийин эди.

 

- Унда “Рашк” фильмидаги ролингизни ўзингиз истагандек шакллантира олдингизми? Ўзингизнинг кўнглингиз тўлдими?

- Албатта, бу ролдан кўнглим тўлди деб айтсам, бу сал осонроқ жавоб бўлади. Билмадим, тўғри мен оғир роллар ўйнаганман. Лекин, бунақасини ўйнамаганман. Бу ерда янгилик бўлди мен учун, десам ҳам бўлади. Ундан ташқари, бу ерда импровизация бўлгани учун ҳам, мени ўйлантирди. Мисол учун, сценарийни ўқисангиз, эртага нимани ижро қилишингизни биласиз, ўшанга тайёрланасиз, тасаввур қиласиз, кўзингизнинг олдига келтирасиз. Лекин, тасаввур қилиш бошқа, у ерда импровизацияга ишлаш, умуман бошқа!

  foto_gulchehra_fattohhon.com.jpg

- Шу кунгача яратган қаҳрамонларингиз ичида, характер тарафлама, қайси ролингиз ўзингизга яқин?

- Ҳеч қайсиси яқин эмас! Менга аксинча, “сен ҳаётда талабчан, кучли, жиддий қизсан! Ҳар бир нарсага йиғлаб кетадиган қиз эмассан” дейишади. Лекин, менга негадир шу йиғлайдиган, севиб қоладиган драматик ролларни беришади, ҳайронман. Лекин, режиссёрларнинг ишончини оқлашимга тўғри келади. (самимий кулади)

 

- Роль танлашда биринчи бўлиб ким билан маслаҳатлашасиз?

- Оила аъзоларим билан! (кулади) Актрисалик фаолиятимга 10 йилдан ошди. Сценарий борасида оз бўлса-да, фарқига борганим ҳам ролларга талабчанлигимга сабаб бўлса керак. Ўзи инсон катта бўлган сари, роллар борасида, кучи ҳам кўпаяди. Ақли ҳам кўп нарсага ета бошлайди. Юки оғирроқ ролларни ижро қилгингиз келади. Гап, у ролнинг комедия, мелодрама ёки трагедия бўлишида эмас! Мени ўйлантириб қўядиган ролларга ташналигим сабаб бўлса керак. Агар менга таклиф қилинган сценарий халқимизни эътиборини торта олса, қабул қиламан. Мисол учун, “Рашк” фильмида мен қанчалик ўша аёлнинг дардини кўрсатиб бера олдим, билмайман. Лекин, ўзбек аёлларимиз учун, бу фильм жуда қизиқарли бўлади, мен бунга аминман.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(14).jpg

- Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кун томошабинига қандай фильмлар керак?

- Ҳозирги томошабинга, менимча, охири яхшилик билан тугайдиган фильмлар ёқадиган бўлган. (самимий кулади) Фильмни охири яхшилик билан тугаса, хурсанд бўлиб чиқиб кетишади.

 

- Сизни ўзингизга-чи, қандай фильмлар ёқади?

- Мени ўзимга тўғрисини айтсам, фильм охирида инсонни ўйлантирадиган, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини кўрсатиб бера оладиган, ҳар бир қийинчиликка жавоб ҳам бор, унинг мукофоти ҳам бор бўлган, фильмлар ёқади. Мисол учун, инсоннинг ҳаётида ҳар хил ҳолат бўлади, хурсандчилик, қийинчилик ёки қандайдир вазиятларга тушиб қолиши мумкинлигини кўрсатиб бера оладиган фильмлар. Фильмни кўрган ҳар бир инсон ўзи учун хулоса чиқариб кетиши керак. У ҳоҳ комедия бўлсин, драмами, трагедиями, ўзи учун нимадир олиб, яхши фикрда чиқиб кетиш мумкин бўлган, фильмлар ёқади.

 

- Фильмларда ўзингиз роль ижро этиб, сўнг афсусланган ролларингиз ҳам бўлганми?

- Бўлган, жуда кўп бўлган.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(17).jpg

- Ўша ролларингиз ҳақида айтиб ўта оласизми?

- Энди қайси маънода афсусланганман? Ҳеч қачон, “бу фильмда бекор ўйнаган эканман”, деган маънода эмас! “Мана бу жойида, мана бундай қилишим керак экан”, деб актёрлик маҳорати тарафдан, ўзимга нисбатан танқидий қарашларим кўп бўлган!

 

- Шоу бизнес сизни қай тарафлама ўзгартира олди?

- (сал ўйланиб) Шоу бизнес менимча, продюсерларга тегишли сўз. Биз актёр ва актрисалар таклиф асосида ишлаймиз. Мен инсон сифатида ҳеч қачон ўзгармайман (самимий кулади)! Мен учун бу шоу бизнес эмас, бу мени ишим, касбим! Касбимни яхши кўраман. “Мен таниламан, лекин тезроқ танилсам эди” деган гаплар, менда талабалик давримданоқ бўлмаган.

 

- Ундай бўлса, ўз карьерангизни қандай тасаввур қилгансиз? Чунки, ҳар бир ижодкор қайсидир маънода, ўз карьерасини бошида қандайдир тасаввур қилади...

- Ҳеч қачон тасаввур ҳам, орзу ҳам қилмаганман. Мен шунчаки меҳнат қилиб, ҳаракат қилганман! Қолгани ўзидан-ўзи келиб чиқаверган. Ролларимни яхши кўриб, ўша ролларда яшаб, ижро этганман. “Мен шу ролни ўйнасам, эртага машҳур бўлиб кетаман” деган хаёлда ҳеч қачон роль ижро қилмаганман! Таниқли бўлиш ва халқнинг назарига тушиш, менда ўзидан-ўзи бўлиб кетган. Мен шундай тасаввур қилиб, режалар тузмаганман, ҳаммаси табиий, ўз меҳнатим ва ҳаракатим ортидан бўлди. Режиссёрларнинг назарига тушишимга эса, театрда ижро этган ролларим сабаб бўлган бўлса керак.  

  foto_gulchehra_fattohhon.com(8).jpg

- Мана сиз сериалларда ҳам роллар ижро этдингиз, ижро этяпсиз. Тўғрисини айтганда, баъзи актрисалар, негадир сериалда роль ижро этгиси келмайди. Биз сизни сериалда роль ижро этасиз, деб ҳеч ким ўйламаган. Чунки, сиз таниқлисиз, кўпинча тижорат фильмларида роль ижро этардингиз. Сизни катта гонорар талаб қиладиган  актриса дейишади.

- Мен тўғримда ҳам, “бу қиммат актриса, гонарарни катта сўрайди” ҳам дейишган. Мен буни ўзим ҳам эшитаман. Лекин билишмайдики, актриса Гулчеҳра Эшонқулова сериалларда ҳам суратга тушади. Ҳақиқий актриса, ҳоҳ сериал, ҳоҳ эпизодик роль бўлсин, ўз мавқейини йўқотиб қўймайди ва барибир халқнинг назарини тортади! Тўғри, тижорат фильмлари қандайдир даромад олиб келиши мумкин. Лекин, актриса, қачон чиройли кўринади? Қачонки ўша ролида яшаса! Гап, сочини чиройли, кўзларини чиройли қилиб қарашда эмас! Ролини ишончли ижро этса, ўшандагина чиройли бўлади! Бизларни актрисаларимиз шуни сал адаштириб қўйишади. Имидж, бу хонандаларда бўлиши мумкин, клипларга керак бўлиши мумкин.  Актрисада имидж бўлмайди! Актрисада ишонтириш бўлиши керак! Бу менинг шахсий фикрим! Ҳар бир инсоннинг юрагидан жой олишга эса, меҳнат қилиш керак!

 

- Кўп севишганлар ролини ижро этасиз. Қачондир партнёрингизни севиб қолганмисиз?

- Билмадим, менда бундай ҳолат бўлмаган (кулади). Севгини ўйнаганмиз, масалан ҳаётда дўстмиз, яхши партнёрмиз, лекин роль ўйнаб партнёрни севиб қолиш ҳолати, бўлмаган! Балки, партнёрларим мени ёқтириб қолгандир, билмадим. (самимий кулади). Ўзимга айтишмаган! Бу фильм, ҳаёт эмас!

  foto_gulchehra_fattohhon.com(13).jpg

- Айнан, қайси ролларим билан томошабинларнинг қалбидан жой олганман, деб ўйлайсиз?

- Тўғрисини айтсам, менга ҳамма жойда, ҳар хил фильмларим тўғрисида гапиришади. Кимдир “Шабнам” фильмини, яна кимдир “Фотима ва Зуҳра” фильмини, кимдир эса “Сўнги лаҳза”, “Паноҳ”, “Севги фазоси” фильмиларини гапиради. Айнан, битта фильмни эшитмаганман. Ҳар ким ўзига тўғри келганини ёқтирар, билмадим.  Ҳар битта ролим ҳаммага ёққан. Энди ҳар бир мухлиснинг диди, ҳар хил. Лекин, Худога шукур, ёқмади, деган гапни эшитмаганман.

 

- Сизнинг қаҳрамонларингиз, кўпинча ҳаёт қийинчиликларига дуч келган, ўзига хос дардига, изтиробига эга бўлади. Баъзилар айтади, роль ижро этганда, инсон ўзининг бошидан ўтганларидан, ҳаёт тажрибасидан фойдаланади, бу нарса ролларида акс этади дейишади. Сиз бу ҳақида қандай ўйлайсиз?

- Жуда ҳам, нотўғри фикр. Бу балки, Санъат институтида ўқимаганларнинг фикридир? Чунки, биз талабалик давримизданоқ ёш бўлсак ҳам, масалан туғиш, ёки бўлмаса эридан ажрашган, кимдир ташлаб кетган, боласи билан қолиб кетган ҳолатларни кўрсатиб беришга ўқиганмиз, 4 йил ичида шу нарсаларни ижро қилиб, амалиётда кўрсатганмиз.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(4).jpg

- Бизни талабалик давримизда дардлик ролларга яхши тайёрлашган, ўргатишган, деяпиз. Шунинг натижаси билан ролларингизни яхши ижро этаётган экансиз. Демак, қайсидир маънода, ижро этаётган ролларингиздаги кўз ёшларингиз ҳам, соҳта экан-да? Уларни шунчаки ижро, деб айтиш мумкин экан-да?

- Мени айтмоқчи бўлганим, ўзингиз ижро этаётган образингизни, халқни ишонтириб кўрсата олишингиз керак-ку! Мисол учун, менинг қаҳрамонларимга, сценарийни ўқиганимда, ўзимни жуда ҳам раҳмим келган. Яна қайсиларигадир, балки ҳавасим ҳам келган. Қайсиларидадир, ҳаётда ечимини топган қаҳрамонларим бор. Уларнинг дардига дардкаш бўлиш учун эса, ўзимни уларнинг ўрнига қўйиб кўришимга мажбурман! Инсонлар қандайдир ечим билан чиқиб кетиши учун, сиз инсонларни алдамайсиз-ку. Лекин, у ҳаёт тажрибасидан чиқиб келди, дегани эмас. Чунки, мен ҳар хил роль ўйнаганман. Мисол учун, мени бошимдан “Шабнам” фильмидаги ҳолат ўтмаган. Ёки, “Сўнгги лаҳза” фильмидаги, “Паноҳ” фильмидаги воқеалар ҳам менинг ҳаётимда бўлмаган. Инсонлар балки, шунчалик ишонгандир, бунинг учун раҳмат, мен шу гапдан хурсандман. Аммо, бу ролларимдаги ҳолатлар, менинг ҳаётимдаги тажрибамда бўлган, дегани эмас! Менинг ҳаётим умуман бошқача, худога шукур ҳаммаси яхши!

 

- Ҳаётдаги шиорингиз?

- Қайси бирини айтсам экан? (самимий кулади).  (Сал ўйланиб) Ўзи умр жуда қисқа. Шунинг учун ҳам, ҳар бир кунимизни қадрига етиб,  яшашимиз керак. Сабаби, ҳар бир ўтган кунимиз, умримиздир. Ҳозирги пайтда, мени шиорим шу.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(9).jpg

- Актрисаликдан ташқари, санъатнинг бошқа йўналишларида ўзингизни синаб кўришингиз мумкинми?

- Бошқа йўналиш билмадим. Мен ишимни жуда ҳам яхши кўраман. Энди синаб кўриш эмас, мен юрист бўлишни жуда ҳоҳлаган эдим. Терговчи бўлишни истаганман. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Ҳиндистон жамияти аъзосиман! 2 марта Ҳиндистонда бўлиб қайтдим.

 

- Сизни Юридик институтга кирди, деган гапларни ҳам эшитгандик. Унда шу гаплар ростми?

- Ҳа, иккинчи мутахассисликка ўқишга кирмоқчи эдим, аммо афсуски ўша йили иккинчи мутахассисликни олиб ташлашибди! Шундай бўлмаганда, иккинчи мутахассисликка Юридик институтга ўқишга кирардим. Мен болаларни ҳам жуда яхши кўраман. Шунинг учун қандайдир боғча ҳам қилмоқчи бўлгандим. Лекин, бу ҳам амалга ошмади.

  foto_gulchehra_fattohhon.com(6).jpg

- Хонандалик билан ҳам шуғулланишингиз мумкинми?

- Йўқ, менда ундай ният йўқ. Мени кўп ижодий учрашувларга таклиф қилишади, меҳрибонлик уйлари, коллеж ва олийгоҳларга! Шунинг учун, ўзим учун бир қўшиқ тайёрлаб қўйгандим. “Соғиндим” деб номланади. У қўшиқни тарқатиб юборишибди! Лекин, хонандаликка ҳеч қандай даъвогарлигим йўқ. Масалан, қўшиқ айтиб, хонандалик қилиш ниятим  йўқ.

 

- Ҳаётдаги характерингизда, камчилигингиз нималардан иборат?

- Ёмон билан яхшини ажрата олмайман! Ичи қора билан кўнгли тоза инсонни ҳам ажрата олмайман. Ҳаммани ўзимдек, деб биламан. Ишонувчанман. Ҳар бир инсонда яхшиликни кўришни ҳоҳлаганим учун ҳам, менимча панд ейман! Ҳаммани фақат яхши томонларини кўргим келади.

 

- Дўстларингиз-чи, қайси камчилигингизни кўп гапиришади?

- (сал ўйланиб) Билмадим, буни дўстларимдан сўраш керак (самимий кулади).

  foto_gulchehra_fattohhon.com(7).jpg

- Гулчеҳра Эшонқулова ошхонада?

- Вой, мени ошхонада мақташади (самимий кулиб меҳр билан). Чунки, мени 3 та укам бор. Албатта, бир жойга кетадиган бўлсам, аввал овқатини қилиб кетаман. Яна, у овқат қандай? Хоним, манти, ош!  Мен учун энг осон овқат, хамирли овқатлар! Тез-тез тайёрлаб, кейин ишимга бораман. Буларга 2-3 маҳал овқат қилиб бермаса, улар “дод” деб юборишади! Гулчеҳра Эшонқулова, фақат актрисалик билан эмас, уйда ҳам жуда яхши бека. Мен кинодаги характерим билан ҳаётдаги характерим, умуман бошқача! Ер билан осмонча фарқи бор! (кулади)

 

- Характер тарафлама кучли, лекин тақдири яхшилик тугамаган қаҳрамонларни ҳам ижро этгансиз. Шулардан ортиқча гап-сўздан чўчимаганмисиз, ёки ирим қилмаганм­исиз? Кўп актрисалар бундай ролларни ижро этишни исташмайди.

- Йўқ! Иримчи бўлганимда актриса бўлмасдим! Ҳақиқий актриса роль танламайди! Қайси тарафлама, масалан “Фотима ва Зуҳра” фильмидаги Фотима ролини ижро қилишдан, кўплар қўрқишган. Кўпчилик “Зуҳрани ўйнаймиз” деб келишган. Мен бўлса, “Фотимани берсангиз ўйнайман” деганман.

 

- Чўчимаганмисиз? Ҳар хил гап-сўзлардан масалан?

- Мен ҳеч нарсани ўйламаганман. Чунки, мен сценарийни бошидан охиригача ўқий олмаганман, бошини ўқибоқ, таъсирланиб йиғлаганман ва у ёғини ўқий олмадим. Мен “фақат Фотимани берсангиз ўйнайман, бўлмаса йўқ” деганман. Шунда фильм ижодкорлари ҳам хурсанд бўлиб кетишган, “Фотимани топдик” дейишган! (кулади).

   foto_gulchehra_fattohhon.com(16).jpg

- Нима учун, айнан “Фотима ролини ўйнайман” дегандингиз? У роль сизга қайси жиҳати билан ёққан?

- Ҳа, мен айнан шу “Фотима ролини берсангиз ўйнайман” деганман. Кейин билсам, шу Фотима ролини ўйнайдиган актрисани кутишган экан. Лекин, мен буни билмаганман. Фотимани бошидан ўтказгани, мени балки ўша “Фотима ва Зуҳра” фильмигача ўйнаган ролларим, ичида бундай роль бўлмагани учундир? Балки, шунга менинг эътиборимни тортгандир? Лекин, бу қаҳрамоним шунчалик томошабинларнинг ич-ичига кириб кетади, деб ўйламагандим.

 

- Ҳар баҳор келганда нималарни ҳис қиласиз?

- Баҳор севишганлар фасли! Мен қишни унча яхши кўрмайман. Совуққа унча йўқман. Совуққа унча йўқ бўлсам ҳам, мана режиссёр Саид ака Мухторовнинг анча совуқ жойларда суратга олинган, “Рашк” фильмида ишладим. (самимий кулади)

 

- Гўзаллик ҳам баҳор каби ўткинчи, дейишади. Гўзаллигингизни сақлаб қолиш учун нималар қиласиз? Нималарга тайёрсиз?

- (самимий кулиб) Тўғриси, ҳеч нарса қилмайман! Чунки, мен учун инсоннинг ички гўзаллиги биринчи ўринда туради. Оддий юраман, шундоқ юзимни ювиб, ортиқча пардоз қилмай ҳам кўчага чиқиб кетишим мумкин. Камдан кам ҳолларда бўянаман. Масалан, юз массажи, торттириш деган нарсаларга умуман, бормаганман!

  foto_gulchehra_fattohhon.com(11).jpg

- Кўпларнинг эътиборини тортган ҳолат, узун сочларингиздан воз кечибсиз?

- (самимий кулади) Ҳамма узун сочларимни яхши кўрар экан, билмаган эканман! Жуда кўпчилик афсус билан гапиришди! Лекин, инсон ўзгариши керак. Бироз оғирлик қилди, узун соч. Ҳозир мана шу калтароқ сочларим, мен учун қулай. Соч ўсадиган нарса. Тўғри, узун соч ҳаммага ёқади, лекин агар шунчалик яхши кўришларини билганимда, сочимни кесмаган бўлардим. Кўпчиликдан, “сизни узун сочларингизга ҳавас қилиб, соч ўстиргандик” деган гапларни эшитиб, хурсанд бўлдим ва афсусландим.  

 

-  Аёлларга энг яхши совға нима деб ўйлайсиз?

- Аёлларни, ҳеч қачон аёллик бахти тарк этмасин! Аёллик бахтидан ортиқ бахт йўқ, деб ўйлайман. Аёллик бахтига нималар киради? Оила, фарзанд, ота-она ва ўша ўзи яшаётган уйнинг тинчлиги! Аёл учун ҳам энг муҳим нарса, бу унинг оиласи, деб ўйлайман!

  foto_gulchehra_fattohhon.com(5).jpg

- Шахсий ҳаётингиз кўпларни қизиқтиради?

- (самимий кулиб) Шу ўринда мана шу савол билан боғлиқ 3 та доимий саволларга жавоб бериб кетмоқчиман! Биринчидан, Гулчеҳра турмушга чиқмаган! Иккинчидан, Гулчеҳра Эшонқулованинг севган инсони йўқ! Ҳоҳ ишонишсин, ҳоҳ ишонишмасин! Учинчидан, Гулчеҳра Эшонқулованинг фарзанди йўқ, ҳали туғмаган, чунки, турмушга чиқмаган! (кулади) Мана шу учта менга энг кўп бериладиган саволларга бир йўла жавоб бердим.

 

- Сиз учун севги-муҳаббат?

- Севги баҳонасиз қурилган бахт! Баҳона фақат севиш ва севилиш деб ўйлайман!

  foto_gulchehra_fattohhon.com(2).jpg

- Ўзингизни ҳаётингизда кутилган севги келганми?

-Мен эл назарида бўлганим учун, кимгадир ишонишим жуда қийин! Шунинг учун ҳам ҳалигача турмуш қурмаганман! 

 

- Орзуингиздаги инсон қандай унда?

- Мен учун бу орзу эмас, мен ҳаётга реал қарайман. У ҳақиқий ўзбек эркаги бўлиши  керак! (самимий кулади)

  foto_gulchehra_fattohhon.com(1).jpg

- Томошабинларга айтар сўзингиз?

- Мени билмай туриб, мен билан гаплашмай туриб, мени ҳаётимни, менинг оиламни, яшаш тарзимни билмасдан туриб, ҳар хил гапларни гапирманглар. Мен умуман, бошқача қизман, деб айтишни ҳоҳлардим. Тўғри, ўзим ҳақимда яхши гапларни ҳам кўп эшитаман, лекин, нима учундир баъзи инсонлардан сал нотўғрироқ гаплар ҳам эшитиб қоламан. Эътибор бермасликка ҳаракат қиламану, лекин айтмаса бўлмайдиганга ўхшаяпти. Мени билмай туриб, ўз-ўзидан хулоса чиқарманглар, деган бўлардим. Мени касбимни муҳокама қилишсин, лекин шахсий ҳаётимни эмас! Шахсий ҳаётим бу менинг ҳаётим!

Барча аёлларга тилагим, оилали бўлсангиз, турмуш ўртоғингизни бахтли қилинг, фарзандингизга энг яхши она, “дунёда фақат сизсиз онажон” дейдиган даражадаги она бўлинглар! Қизларга тилагим, ота-онангизга энг яхши қиз бўлинглар, агар келин бўлиб бошқа хонадонга бораётган бўлсангиз, оиланинг энг чиройли, гуллатадиган келини бўлинглар! Фақат яхши ният қилинглар, ҳавас қилинглар! Шунда ҳаммаси яхши бўлади!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto_gulchehra_fattohhon.com(3).jpg