FATTOHHON.COM
« Все новости
19-24 октябрь кунлари пойтахтахтимизда III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми яна бир бор кино ихлосмандлари учун ўз эшикларини очади. Мазкур лойиҳа, Фонд форум томонидан бу йил 3 бора ўтказилмоқда. Жаҳон кино жараёнларини ўзида акс эттирувчи ёрқин ва ўзига хос кино асарларини жалб қилиш; кино соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш; миллий кинематографияни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, уни жаҳонда оммалаштириш ҳамда ўзбек киноси олтин фондини тарғиб этиш; маҳаллий томошабинларни замонавий жаҳон кинематографияси билан таништириш; ёш, истеъдодли кинематография усталарини кашф этиш ва уларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни ўз олдига қўйган ушбу кинофорумга бу йил ҳам ўзига хос равишда тайёргарлик кўрилмоқда. Бу йилги “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумига қандай тайёргарлик кўрилмоқда? Учинчи бор ўтказилаётган ушбу лойиҳа олдингиларидан нимаси билан фарқ қилади? Жаҳон киноматографларидан кимлар ушбу кинофорумга таклиф этилди? Биз бу саволлар жавоб олиш ниятида III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми Дастурий директори Нигора Каримова билан суҳбатлашдик. Иш қизғин паллада... III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумига тайёргарлик ишлари айни ҳозир қизиган паллада. Бу йил ушбу кинофорумга 40 яқин давлатлардан 500 га яқин фильмлар келиб тушди. Биз бу фильмларни учта номинация бўйича танлаб олдик. Тўлиқ метражли, қисқа метражли ва анимацион фильмлар. Фильмларнинг мавзулари кенгайиб, сони ҳам ортиб бораётганлиги туфайли уларни саралаб олиш ҳам йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда. Етакчи кино арбоблари, киношунослар, режиссёрлар ва кино танқидчилардан иборат комиссия аъзолари томонидан, шу кунга қадар кўриб чиқилган фильмлар орасидан 10 та бадиий, 12 та қисқа метражли ва 10 та анимацион фильмлар танлаб олинди. Конкурсдан ташқари дастурлар... Бу йил конкурсдан ташқари, дастуримизда 5 та муаллифлик фильмлари ва хусусий студиялар маҳсулоти бўлган 3 та миллий премьералар тақдимоти бўлиб ўтади. Албатта, бу ўзбек тамошабини учун ажойиб туҳфа бўлади. Ҳар йили бу тақдимотларни тамошабинлар жуда катта қизиқиш билан кутиб оладилар. Шунингдек, жаҳон ҳужжатли кино мактабидан «Воқелик векторлари» фильмлар дастури, Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилган «Эртаклар оламида» дастури ҳам, энг ёш томошабинлар учун тақдим этилади. Мана шу дастур орқали, бу йил “Олтин гепард” ўз томошабинлари сафига болажонларни ҳам таклиф этади. Шунингдек, Кинофорум доирасида«Глобал оламда миллий кинематографнинг ўрни»мавзусида илмий конференция бўлиб ўтади. Унда – Германия, Франция, Россия, Чехия, Эрон, Хитой ва Ўзбекистонлик киношунос олимлар замонавий кино санъатининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тамойилларига доир муаммоларни муҳокама қиладилар. Ижодий машғулотлар... Бу йил ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, жаҳон кино усталари томонидан ташкил этиладиган учрашувлар 2-3 соат эмас, балки 2-3 кун давом этади. Унда ёш мутахассислар ва махсус олийгоҳлар талабалари танлов асосида иштирок этадилар. Турли ихтисосликлар – режиссура, операторлик, актёрлик маҳорати, монтаж ва бошқа йўналишлар асосида, маҳорат дарслари ва машғулотлар ўтилади. Жумладан, Эронлик кинорежиссёр ва сценарист Аббас Киростами, германиялик тасвирчи Маркус Цукер, кино танқидчи Ханс Шлегель, Франциялик кино документалист Марион Сталенлар томонидан ташкил этиладиган бу учрашувлар бизнинг ёш ижодкорлар учун жуда катта мактаб вазифасини ўтайди, деб ўйлайман. Маълумот учун: Ўтган йили ўтказилган кинофорумда 15 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрган 49 та кинотақдимот, 1000 дан ошиқ ёшларни ўзида жамлаган 11 та ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ташкиллаштирилди. Бу рақамлар биринчи йилга қараганда икки марта кўпроқдир. Кинофорум учаётган нозик гепард тарзида акс эттирилган бўлиб, у лойиҳа мутасаддиларининг жаҳоннинг етакчи кино кўриклари қаторига киришга бўлган интилишларини билдиради. Бир сўз билан айтганда “Олтин гепард” кинофоруми долзарб, катта қизиқиш уйғота олган ва умуммиллий лойиҳага айланиб улгурди.