FATTOHHON.COM
« Все новости
Фонд Форум яъни, «Ўзбекистон санъати ва маданияти форуми» фондининг кўплаб лойиҳалари ичида, ҳар йили орзиқиб кутиладиган лойиҳаларидан бири, бу шубҳасиз Art Week Style.Uz санъат ҳафталиги бўлиб, унинг доирасида ўтказиладиган “Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофоруми ҳам, ўтказилаётганига эндигина 3 йил бўлаётганига қарамай, Жаҳоннинг нуфузли кинофестиваллари қаторидан ўрин эгалламоқда!
“Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофоруми ўз шиорига эга бўлиб, бу шиор “ХХI аср тамаддунлари-маданиятлар мулоқоти” деб номланади.
“Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофорумини ўтказишдан асосий мақсад, кино санъати орқали турли мамлакатлар ўртасида маданиятлараро мулоқотлар ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.
Миллий кинематографиямизни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, уни жаҳонда оммалаштириш, дунё кино жараёнларини ўзида акс эттирувчи ёрқин ва ўзига хос кино асарларини жалб қилиш, ўзбек томошабинларини ҳам, замонавий жаҳон кинематографияси билан таништириш, кино соҳасида ҳам халқаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ёш ва истеъдодли кинематография усталарини кашф этиш ва уларнинг ижодини қўллаб-қувватлашда “Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофоруми муҳим аҳамият касб этади!
Кинофорумда нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаш комиссияси тузилган бўлиб, бутун дунёдан кинофорумда иштирок этиш учун юборилган номзод фильмлар орасидан,3 йўналиш: тўлиқ метражли, қисқа метражли ҳамда анимацион фильмлар саралаб олинади!
“Олтин гепард” ҳайкалчалари қуйидаги йўналишлардаги номинациялар бўйича топширилади:
“Энг яхши тўлиқ метражли филм”
“Энг яхши қисқа метражли фильм”
“Энг яхши анимацион фильм”
“Энг яхши режиссёр”
“Энг яхши актёр”
“Энг яхши актриса”
Шиордан ташқари, ҳар йили Кинофорум учун махсус слоган ҳам танланади! Слоган саралаш комиссияси навбатдаги саралашда, қандай фильмларга устунлик бериш кераклигини белгилаб беради. Илк марта ўтказилган кинофорум слогани “Инсоният тақдири: туйғулар фалсафаси” бўлиб, унда мелодраматик фильмларга урғу берилганди. Кўпроқ инсон туйғулари акс этган фильмларга алоҳида аҳамият берилган!
Иккинчи «Олтин гепард» кинофоруми учун, қадимги юнон файласуфи Гераклитнинг “Яширин уйғунлик ошкорасидан кучлироқ” деган сўзлари, слоган қилиб олинган ва у интеллектуал, арт-хаус йўналишидаги киноларга эътиборни кучайтирди! Шундан келиб чиққан ҳолда ижодкорлар орасида муаллифлик киноларига қизиқишни кучайтириб, муаллифлик фильмларининг ривожланишига ҳам сабаб бўлди.
Бу йилги «Олтин гепард» кинофорумининг слогани “Per Speculum Et In Aenigmate”, яъни “Кўзгу ва тилсимда, акс-садо ва маъжозий ифодада” деб белгиланди! Бу йил ҳам арт-хаусга, ҳам мелодраматик фильмларга урғу берилади, шунинг учун саралаш комиссияси ҳам шу принциплардан келиб чиққан ҳолда иш олиб борди.
Журналистлар учун бу йил илк марта уюштирилган махсус намойишлардаги Кинофорум учун саралаб олинган фильмлардан ҳам маълум бўлдики, уларда инсонлар ўртасидаги муносабат, туйғуларни деталлар ёрдамида, фалсафий тарзда очиб беришга эътибор қаратилган. Бу фильмларда оддий ҳаёт ифодаси ҳам, турли жумбоқлар ҳам мавжуд. Яъни, қалбингдаги туйғуни минг яширган билан барибир у кўзгуда акс этиши, маъжозий маънода ифода этилади.
Кинофорум тасвири ҳам, ўзига хос! У гепард тимсолида бўлиб, бу гепард учаётгандек тасвирланган, яъни лойиҳа мутасаддиларининг жаҳоннинг етакчи кино танловлари қаторига киришга бўлган интилишларини ифода этади.
III “Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофоруми 19-24 октябр кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтади. Кинофорумга Россия, Сербия, Эрон, Германия каби кўплаб мамлакатлардан, 500 дан ортиқ фильмлар келиб тушган. Улар орасидан 10 та анимацион, 11 та тўлиқ метражли ва 13 та қисқа метражли-жами 34 та фильм саралаб олинган. Кинофорум ҳақидаги дастлабки маълумотлар 12 июндаги матбуот анжуманида эълон қилинган.
Бу йилги Кинофорум, фильмлар ва ҳакамлар ҳайъати таркиби билан аввалгиларидан анчагина фарқ қилади. Кинофорумнинг бу йилги дастури жуда бой бўлиб, нафақат ижодий учрашувлар тарзидаги маҳорат дарслари, балки тўлақонли тренинглар ўтказилиб, унда фақат талабалар эмас, балки кўпроқ ёш профессионал кинематографлар, режиссёрлар, оператор ва сценаристлар иштирок этишади. “Олтин гепард” кинофоруми бўлиб ўтадиган кунларда хорижлик мутахассислар ёш кинематографларимиз учун тренинглар циклини ўтказиб беришади. Замонавий ўзбек киноси панорамаси ҳам ўтказилади. Маълумки, бу кинофорумнинг анъанавий бир қисми. Унда конкурс дастурига кирмаган янги фильмлар намойиш этилади.
Асосий конкурс дастурига қўшимча равишда ўтказилаётган мазкур лойиҳалар сабаб Тошкент халқаро кинофоруми янада бойиб, таъсирчанлиги янада ошиб бормоқда.
Кинофорум доирасида “Глобал дунёда миллий кино” мавзусида илмий конференция ҳам ўтказилади. Барча конференцияларнинг асосий вазифаси – бадиий жараённи англаш, бу санъат турининг қайси томонга ривожланаётганини ўрганиш, уни таҳлил қилиш ва баҳолаш билан боғлиқ. Конференция иштирокчилари унда нафақат илмий маърузалар ўқишади, балки кинофорум ҳақида, кино санъатимиз борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади. Бу жаҳон киносида санъатида, ўзбек киносининг ўрнини аниқлаш учун, муҳим аҳамият касб этади. Кино санъатимиз қайси босқичда эканини ва бунда “Олтин гепард” кинофоруми қандай роль ўйнашини билиб олиш учун муҳим ҳисобланган фикр алмашинуви бўлади. Кинофорумнинг илмий қисми бизнинг “Олтин гепард”нинг ютуғи ва ўзига хос жиҳатидир. Шунинг учун ҳам “Олтин гепард” кинофестиваль эмас, балки кинофорум ва кинофорум формати эса, таҳлилий қисм ҳам бўлишини тақозо қилади! Бу конференциядан мақсад, ҳозирги кунда жаҳон киносида кечаётган жараёнларни англаш ва баҳолаш ҳамда, миллий кино санъатининг ўзига хос хусусиятларини йўқотмаслиги учун нималар қилиш кераклигини белгилашдан иборат!
“Олтин гепард” кинофоруми кино санъатимиздаги вазиятга катта таъсир кўрсатмоқда, кино санъати қандай бўлиши кераклигини кўрсатувчи мезонларни белгилаб бермоқда. Кино санъати усталари кинофорумда бўладиган воқеаларга, жаҳон киносидаги қайси тенденцияларга кинофорум ўз эътиборини қаратганига, ҳар доим муносабат билдиришади, бу тенденциялар асосида янги фильмлар суратга олишга ҳаракат қилишади. Шунингдек, айнан “Олтин гепард” Кинофоруми Ўзбекистонда қисқа метражли фильмлар ривожига туртки бўлди. Биринчи кинофорумда қисқа метражли фильм мукофот билан тақдирланганидан сўнг, бизда бундай фильмлар кўпайди. Ёш ижодкорларда қисқа метражли фильмларни суратга олишга иштиёқ кучайди.
Ўйлаймизки, йилдан йилга нуфузи ортиб бораётган “Олтин гепард” Кинофоруми ўзбек киноси ривожига ҳисса қўшишдан ташқари, унда кўплаб янгиликлар ва ижобий ўзгаришлар бўлишига ҳам янада таъсир кўрсатади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова