FATTOHHON.COM
« Все новостиБир неча кундирки, “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Ардоғимдасиз” концерт дастури муваффақиятли давом этмоқда!
Концерт муваффақиятида, одатда санъаткор билан биргаликда, энг катта масъулият режиссёрнинг ҳам зиммасида. Озодбек Назарбековнинг ҳар йилги концертлари режиссёри эса, “Замин” студияси раҳбари, режиссёр Саъдулла Абдуллаев.
Концерт режиссёри Cаъдулла Абдуллаев: - Концерт ғояси асосан, анча вақт ўйлаб юрилади. Одатда, қўшиқлар ҳақида, режиссёрнинг ўз фикри, хонанданинг ўз фикри, бошқа тингловчиларнинг ўз фикрлари бўлади. Режиссёр санъаткорнинг концерт учун ажратилган қўшиқларидан келиб чиқиб, режиссура қилади, қолаверса санъаткорга ҳам ўз таклифларини беради. Мен доим концерт дастури репертуарининг ранг-баранг бўлиши тарафдориман, томошабинларни ўйлатадиган, ўйнатадиган ҳар хил мавзулардаги қўшиқлар бўлса, концерт ҳам томошабинларга манзур бўлиши шубҳасиз. Озодбек Назарбековнинг концерт репертуари эса, айнан шундай! Доим, концерт дастури олдидан, Озодбек Назарбеков, продюсерлар ва мен, ўз фикрларимизни билдириб, фикрларни уйғунлаштирамиз. Озодбек Назарбековнинг концертларида жуда кўплаб янгиликларни амалга оширганмиз, экранлардан тортиб, қумли суратлар чизишу, саҳнадаги жонли саҳна кўринишларгача! Барибир қанча меҳнат қилинса ҳам, ҳақиқий баҳони томошабин беради, дейишади, бу гал эса янада ҳайрон қолганимиз, концерт биринчи кунданоқ жуда кўтаринки руҳда, кайфиятда бошланди! Концертдан кўнглим тўлди! Ўйлаган мақсадимизга 100 фоиз эришдик! Ўзим ҳам деярли ҳар куни томошабинлар орасидаман, чунки экранлар, свет, саҳна, ҳаракатларни кузатиб боришим керак. Қолаверса, янги қўшиқлардан биттаси шахсан ўзимга ҳам жуда маъқул бўлди! “Аллоҳимга айтиб бер” қўшиғи, шу қўшиқни ҳар куни кутаман! Бошқа қўшиқлар ҳам ўзига хос, лекин мени ўзимга бу қўшиқ ўзгача таъсир қилди, чунки тинчликни, ҳозирги бахтиёр ҳаётимизни қадрини англатадиган қўшиқ бўлган! Бу қўшиқ билан халқимиз тинчлик даврида яшаётганлиги яна бир бор эслатиб ўтилган! Бунинг ичида шукрона бор, яхшиямки, шу давлатда яшаяпмиз! Шу қўшиқ неча кундан буён янграётган бўлса, шунча кундан бери тинглаганимда кўзимга ёш келади, таъсирланаман.
Бу галги концертда чиндан ҳам асосий эътибор қўшиқларга қаратилди! Масалан, ҳаттоки экранларни ҳам иккинчи планга ўтказдик, яхлит экран йўқ, бўлиб ташланган экранларни кўрасиз! Экран ичидан чироқлар тушиб турибди! Асосий эътибор эса, қўшиқларга ва хонандага қаратилган! Ҳар бир кун ўзига хос кўтаринки руҳда ўтмоқда!
Бу йилги концертдаги энг томошабинларни ҳайратга солган қўшиқ “Аллоҳимга айтиб бер” қўшиғининг шеър муаллифи, “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси” аъзоси, шоир Ботир Эргашев: - Концертни бир эмас, 3 марта бошидан охиригача кўрдим! Ажойиб, бошиданоқ кўтаринки руҳда, санъаткорнинг ижроси, созандаларнинг чалишлари, саҳна декорацияси, ҳаммаси ўзгача, юқори даражада! Қўшиқларга келсак, мавзулар турфа хил. Бу санъаткорнинг концертида ҳар йили тингловчиларни ўзига жалб этадиган долзарб бир мавзу бўлади! Бу йил ҳам, шундай бир жуда долзарб мавзудаги қўшиқ, бу “Аллоҳимга айтиб бер” қўшиғи бўлди, буни томошабинларнинг бу қўшиққа муносабатидан ҳам билиш мумкин, қўшиқ бошланишиданоқ бирга қўшилиб куйлашяпти! Бундан ташқари, Озодбек ака Назарбеков яна бир яхши анъанани йўлга қўйди, дастурда янги қўшиқлардан ташқари, яъни томошабинлар соғинган қўшиқларни ҳам, интернет орқали сўровнома ўтказиб, кўп овоз олган, қолаверса, томошабинлар илтимосларига биноан, куйламоқда! Бу эса, ўзининг зўр исботини топдики, мухлислар бу анъанани ҳам зўр қабул қилишди! Менга концертнинг энг ёққан жиҳати, 100 фоиз жонли ижрода бўлаётганлигидир! “Аллоҳимга айтиб бер”дан ташқари, менга “Лола” қўшиғи ҳам жуда манзур бўлди. Ўзим шоир бўлганлигим учун ҳам, Бобурнинг ижодига таъзимдаман, бу ташаббус учун Озодбек Назарбековга раҳмат айтаман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз