FATTOHHON.COM
« Все новости24 апрель куни «Ғунча» кинотеатри, “Киночилар уйи” ва “Алишер Навоий” киносаройида хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжоновнинг “Қизалоғим” фильмининг премьераси бўлиб ўтди! Фильм трагик комедия жанрида суратга олинган.
Премьерада кўплаб ижодкорлар меҳмон томошабин бўлишди.
Премьерани Дилшод Мусабеков олиб борди.
Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Фильм режиссёри Жаҳонгир Позилжонов
Асосий ролларда: Райҳон Позилжонова,
Жаҳонгир Позилжонов, шунингдек,
Наргиза Салмонова, Феруза Норматова,
Жавлон Шодмонов
Ролларда: Маъруф Отажонов, Отабек Мирзахолов, Робия Позилжонова ва бошқалар...
Фильм ижодкорлари таништирилгач, актёр Маъруф Отажонов сўзга чиқиб, фильм ҳақида ўз фикрларини билдириб, ижодкорларга ва томошабинларга миннатдорчилик билдирди.
Фильм намойиши бошланди.
Фильмда ҳозирги кундаги долзарб мавзуга қўл урилган. Унда ҳаётга енгил қарайдиган, фарзанднинг қадрига етмайдиган, хато қилиб, ундан осонгина қутилмоқчи бўлган масъулиятсиз инсонлар танқид остига олинган.
Илк роли бўлишига қарамай, Жаҳонгир Позилжоновнинг қизи Райҳон ўз ролини ишонарли ижро қилишга ҳаракат қилган. Қолаверса, Жаҳонгир Позилжоновнинг айтишича, у бу ролга унинг қизи бўлгани учун танланмаган! Фильмдаги бош ролдаги қизча учун кастинг қилинган, аммо кўп қизчалар ўзларини камера олдида эркин тута олишмаган. Райҳон эса, маълумки рақс гуруҳига қатнашади ва анчадан буён концертларда иштирок этиб келмоқда.
Жавлон Шодмоновнинг бу роли унинг бошқа ролларидан фарқ қилади, лекин афсуски ҳаётда бундай турдаги қаҳрамонлар ҳам учраб туради.
Жаҳонгир Позилжоновнинг қаҳрамони комик характерга эга ва фильм бошида масъулиятсизлик қилса ҳам, аммо ҳаётнинг ўзи уни тарбиялайди. Ундаги энг катта инсонийлик жиҳати, у қизалоқни ташлаб кетмайди ва унинг учун ҳамма қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилади.
Қолаверса, режиссура тарафлама ҳам, Жаҳонгир Позилжоновнинг тажрибаси ошганлиги ва мавзуга масъулият билан ёндошганлиги сезилди.
Фильм бироз ҳинд фильмларига ўхшашдек туюлса ҳам, камчиликлардан ҳоли бўлмаса ҳам, ундаги кўтарилган мавзу жиддий, ҳамда ёшларни сабоқ чиқаришга, ҳаётда қоқилмасликка ундайди, назаримизда. Бундай ҳолатлар эса, фильмда комедик тарзда чиқариб берилган.
Фильмда кадр ортидан, актёр Акбархўжа Расулов ўзи ёзган ва ўқиган шеъри ҳам томошабинларни таъсирлантирди.
“Қизалоғим” фильми 25 апрелдан кинотеатрларда намойиш қилинмоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз