FATTOHHON.COM
« Все новости
III Олтин Гепард Кинофорумининг “Томошабин билан ҳамнафас” дастури (нодавлат студияларда суратга олинган фильмлар миллий фестивали) доирасида, 21 октябрь куни «Алишер Навоий» номли (собиқ “Панорама”) киносаройида хонанда, режиссёр, актёр Жаҳонгир Позилжоновнинг “Салом Наташа” фильми премьераси бўлиб ўтди.
Премьерадан аввал, анъанага кўра, “Салом Наташа” фильми ижодий гуруҳи, ҳамда кўплаб таниқли ижодкорлар анъанавий қизил йўлакдан ўтдилар. Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова, хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов, режиссёр ва актёрлар Жавлон Шодмонов ва Отабек Мирзахолов, актёр Дилшод Мирзамуротов, актёр ва продюсер Камолиддин Қосимов, актриса Муқаддас Саъдуллаева, сценарист ва журналистлар Феруза Фаттохова, Саида Вахобова, хонандалар Рухшона, Умидахон, “Уммон” гуруҳи ва бошқалар...
Шунингдек, Камола Орипова ўғли Билолхўжа Орипов билан, хонанда ва телебошловчи Ойхон Ифорзода, ҳамда продюсер Руслан Мирзаев ва бошқалар...
Қизил йўлакчада ижодкорларни актриса Райҳон Уласенова ва тележурналист Отабек Тожибоев таништириб бордилар. Катта залда саҳнада ҳам премьерани улар олиб боришди.
Бу гал томошабинлар учун мини концерт фақат катта залнинг ўзида бўлди. Унда хонандалар Умидахон, Рухшона, “Уммон” гуруҳи, ҳамда хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг ўзи ажойиб қўшиқлар билан томошабинларни қувонтирдилар.
Мини концертдан сўнг, фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Режиссёр Отабек Мирзахолов
Бош ролларда: Жаҳонгир Позилжонов, Муниса Ризаева, Саида Раметова
Ижодкорлар таништирувидан сўнг, сўз устоз актриса Саида Раметовага берилди. Саида Раметова “III Олтин Гепард” Кинофоруми ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдирди.
Сўнг, Жаҳонгир Позилжоновнинг ўзи сўзга чиқди ва бугун 22 октябрь куни ўз туғилган кунини нишонлаётган Муниса Ризаевани табриклади!
Саҳнада, фильм ижодкорлари томонидан Муниса Ризаева совғалар билан алоҳида тақдирланди!
Шундан сўнг, фильм намойиши бошланди. Фильм комедия жанрида суратга олинган бўлиб, кайфиятни кўтарувчи турли ҳазиллар билан бойитилган. Фильм ижодкорлари бу фильм билан инсон ўз ақли, ўз дунёқарашига эга бўлиши кераклиги, акс ҳолда енгил ўйлаш, оилавий ҳаётга енгил қараш, яхши оқибатларга олиб келмаслиги, инсонга ҳаттоки омадсизликлар келтириши мумкинлигини, кўрсатиб бермоқчи бўлишган назаримизда. Чунки, Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги бош қаҳрамон йигит оилавий турмушга енгил қараши оқибатида, биринчи оиласи бузилиб кетади. Муниса Ризаева қаҳрамони Наташа эса, аксинча, ҳаддан ортиқ даражада қатъиятли. Бу икки инсоннинг тасодифий учрашуви уларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади.
Фильмда Жаҳонгир Позилжонов ўз ролини ишончли ижро қилган. Унинг роли ёши катта бўлса ҳам, ҳаётда ўз ўрнини топа олмай, ота-онасининг оғзига қараб ўтирадиган, ҳар кимнинг гапига кириб, ҳаётга енгил қарайдиган инсонларнинг юзига кўзгу тутгандек бўлган, деб ўйлаймиз. Фильм давомида унинг қаҳрамони турли кулгили ва шу билан бирга таъсирли воқеаларга ҳам дуч келади.
Муниса Ризаеванинг қаҳрамони Наташанинг ҳатти-ҳаракатлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди!
Фильм турли кулгили ва кутилмаган вазиятларга бой бўлиб, ундаги мазмун юморли воқеалар орқали чиқариб беришга ҳаракат қилинган.
“САЛОМ НАТАША” ФИЛЬМИ 22 ОКТЯБРДАН БОШЛАБ “АЛИШЕР НАВОИЙ” КИНОСАРОЙИ ВА БОШҚА КИНОТЕАТРЛАРДА НАМОЙИШ ҚИЛИНМОҚДА!
Саида Вахобова
Фотолар учун X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.
МАЗКУР ПРЕМЬЕРА ҲАМ ОН-ЛАЙН ТАРЗИДА ҚУЙИДАГИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ЁРИТИБ БОРИЛДИ:
ИНСТАГРАММ - http://www.iphoneogram.com/u/297223664
ФЕЙСБУК- https://www.facebook.com/feruza.fattokhova?ref=tn_tnmn
ТВИТТЕР - https://twitter.com/FeruzaFattohova
В КОНТАКТЕ - http://vk.com/fattokhova
ИНСТАГРАММ - http://www.iphoneogram.com/u/390779250
ФЕЙСБУК - https://www.facebook.com/saida.fattohhoncom
ТВИТТЕР - https://twitter.com/SaidaVahobova