FATTOHHON.COM
« Все новости- Концерт дастурингизда ўйланган ғояларни қанчалик амалга ошира олдингиз, кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар бўлдими?
- Тўғрисини айтсам, концерт кунлари давомида, мени масъулият ҳисси, умуман ухлатмади! Ўзимни ижройимдан унча кўнглим тўлмади, бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди! Лекин, менимча, уйқусизлик халақит берди.
- Концертнинг илк куни, бошланганида нимани ҳис қилгандингизу, охирги куни нимани ҳис қилдингиз?
- Концерт бошланганидаги, ўша даражадаги ҳаяжон, охирги кунга келиб бироз йўқолгандек. Чунки, ҳамма нарса жойига тушди, нима қилишни биласиз, саҳнадаги ҳатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар, қўшиқлар, ўз ўрнини топди, ҳаммаси ўз ўрнига тушди, синовдан ўтди. Охирги куни эса, “охирги куни, ўтказиб оламиз” деган қандайдир ўзни бўш қўйиш, чарчоқни сездим. Ҳаттоки, бир кун олдин ҳам бу ҳолат йўқ эди.
- Концерт номи “Ардоғимдасиз”, бу Сиз томонингиздан томошабинларга айтилдими, ёки улар томонидан Сизга?
- Бу мен томонимдан томошабинларга айтилган!
- Сиз 19 кун давомида жонли ижрода куйладингиз! Шогирдингиз Рашодбек Агзамов эса, фонограммада куйлади. Бунга ҳамма гувоҳ бўлди. Бу ҳақида ҳаттоки, хонанда ва созанда Фарҳод Саидов “Сарбон” гуруҳи, ўзининг инстаграмдаги профилида, айтиб ҳам ўтди. Шундан томошабинларда ҳам, бошқаларда ҳам “шундоқ санъаткорнинг шогирдига шу иш ярашадими?“ деган савол пайдо бўлди. Чунки, ўтган йили яна бир шогирдингиз Беҳзодбек Эшонов жонли ижрода куйлаганди...
- Рашодбек бемалол жонли ижрода куйлайди. Лекин, уни созандалар билан ишлаб олишига вақт бўлмади! Яъни, созандалар мени қўшиқларим билан банд эди! Шунинг учун, мажбурият юзасидан у фонограммада куйлашига тўғри келди. Беҳзодбек эса, танбур чалиш қўлидан келади, танбур чалиб куйлаганди, қолаверса, у халқона қўшиқ ижро қилган.
- Ўзингиз ҳаётда ва ижодда қанчалик мукаммалликка интиласиз?
- Қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, интиламан. Одамзот ҳеч қачон мукаммал бўлмайди.
- Ўтган йили, концерт кунларидан сўнг, “концерт кунлари давомидаги энг шукуҳли кун, бу санъаткорлар келган кун бўлди. Ўша кундаги таассуротни бошқа кунларда ҳис қилмадим” дегандингиз. Бу сафар қайси кун, шундай бўлди?
- Бу гал санъаткорлар, ҳамкасблар келган кундаги таассуротлар, ундан икки баравар кучлироқ бўлди! Cанъаткорлар меҳмон томошабин бўлган кундаги ҳолат, олдиндан режалаштирилмаган, ҳаммаси импровизация асосида бўлди! Фақат санъаткорларни чиқишини режиссёр Саъдулла ака Абдуллаев киритди. Санъаткорлар келган кунида, аксинча, бошқа кунлардан фарқли равишда, чарчамадим, десам ҳам бўлади. Ўзи концерт жонли ижрода бўлгани учун ҳам, баъзи ҳолатлар, қўшиқлар ҳам, вазиятдан келиб чиқди, яъни импровизация бўлди, сўралган қўшиқлар ҳам ижро қилинди!
- “Оллоҳимга айтиб бер” қўшиғини куйлаш ғояси Сизга, қўшиқ шеъри эса шоир Ботир Эргашевга тегишли. Илк бор бу шеърни ўқиганда кўнглингиздан нималар ўтганди?
- Бу шеърни биринчи марта ўқиганимда йиғлаганман... Чунки, тўлиқ матнини ўқиганимда, ўша болаларнинг ҳолати кўз олдимга келган, таъсирланганман. Лекин, қўшиқ бўлиши мумкинлиги концертга озгина қолганда хаёлга келди.
- Сиз бу мавзуда куйлаганингиздан сўнг, бу мавзудаги қўшиқлар кўпайиши табиий. Чунки, Сиз олдиндасиз ва қолаверса, бу мавзу ҳам долзарб мавзу. Энди Сизни шундай яратилажак қўшиқ “клон”ларига муносабатингиз?
- Мен бундан хурсанд бўламан, бу яхши! Чунки, тинчликка чақирадиган, инсонларни бугунги тинчликнинг қадрига етишга ундайдиган қўшиқлар кўпайгани яхши, деб ўйлайман. Энг таъсирчан нарса, бу қўшиқ! Қўшиқ, бошқа ҳар қандай санъат туридан кўра тезроқ таъсир қилади! Шунинг учун, агар қўшиқ орқали жамиятга, инсониятга қандайдир наф тегиши, тинчликни тарғиб қилиш учун, ундай “плагиат”лар бўлса, такрорланишлар бўлса, бу нарса мени безовта қилмайди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз