FATTOHHON.COM
« Все новости
Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев 28,29 ва 31 октябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг яккахон “Соғиниб” деб номланган янги концерт дастурини томошабинларга тақдим қилди.
Концертнинг учинчи 31 октябрь куни ҳам, зал томошабинлар билан гавжум эди.
Концертнинг машҳур меҳмон томошабинлари сафида, хонандалар Лола, Азиз Ражабий, Достон Убайдуллаев, хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов, актёр, режиссёр, хонанда ва футболчи Алишер Узоқов, режиссёр ва актёр Жавлон Шодмонов ва бошқалар...
Концерт декорацияси, икки тарафда 2 та монитор ва ўртада креатив декорация, тўридан созандалар жой олишган.
Концерт “Омадим келмади, севги бобида” таронаси билан бошланди. Саҳнада оқ заррин либосдаги раққосалар рақси, саҳна декорацияси, барча уйғунлашган эди. Кучли олқишлар янгради.
Улуғбек Раҳматуллаевнинг фан клуби ҳам жуда фаол эди, барчаси хонанданинг сурати туширилган футболкада, саҳнанинг икки тарафига туриб олганча, Улуғбекнинг фотосуратидан катта баннер кўтариб, қўллаб-қувватлаб туришарди!
Кучли олқишлар билан Улуғбек биринчи қўшиқни тугатиб, иккинчисига ўтди: “Кўзларингга қараб жоним сени ташлаб кетолмайман!” қўшиғи янгради.
Шундан сўнг, Улуғбек Раҳматуллаев томошабинларга миннатдорчилик билдириб, бугун дастурда 9 та янги қўшиқ тақдим этишини айтиб ўтди.
Концерт давом этар экан, биринчи блог давомида Улуғбек Раҳматуллаев, “Нега маъюссан?”, “Қанийди бир зум ортга қайтсам яна...”, “Нечун сенга интизор бўлдим?” қўшиқларини куйлади.
Сўнг, концертдаги таниқли меҳмон томошабинларни алоҳида таништириб ўтди ва уларга вақт ажратиб келганликлари учун миннатдорчилик ҳам билдирди!
Биринчи блог якунида, ёш хонанда Саидолим Маликовни оммага таништирди ва у ҳам, “Гўзалим” қўшиғини куйлаб берди.
Иккинчи блог “I love you” таронаси билан бошланди. Юрак шаклини кўтариб олган кичик раққосалар айниқса, томошабинларга ўзгача кайфият улашди.
Деярли ҳар бир қўшиққа алоҳида саҳна кўриниши, рақслар намойиш қилиниб, хонанда қўшиқ якунида, рақс гуруҳларининг номларини келтириб ҳам ўтди.
Сўнг, “Мени кечир” қўшиғи янгради. Ундан сўнг, томошабинлар учун севимли бўлган “Бемор” қўшиғини куйлади.
Шундан сўнг, навбат гулларни олишга етиб келди. Бу вақтда, “Лайлойимсан” қўшиғининг мусиқаси бериб турилган эди.
Кутилмаганда, Улуғбек Раҳматуллаев ўзи айтгандек, концерт сценарийсида бўлмаса ҳам, “Лайлойимсан” қўшиғини жонли ижрода куйлаб юборди. Сўнг, эса, бу қўшиқни залдаги томошабинларнинг бир нечтаси билан бирга айтиб чиқди! Қўшиқнинг ниҳоясини эса, Адишер Узоқов билан бирга куйлади, ҳамда Алишер унинг қўшиғини билганлигидан ҳайратини яширмади.
Сўнг, Улуғбек томошабинларга улар истаган қўшиқни бирга куйлашини маълум қилди ва талабларга биноан, “Чақалоқлар” қўшиғини куйлашни бошлади ва барча томошабинлар у билан бирга жўр бўлиб куйлашди! Бу қўшиқ ҳам, концерт сценарийсидан ташқари, қўшиқ эди.
Шундан сўнг, Улуғбек хонанда Манзура билан “Чегаралама” деб номланган дуэт куйлади.
Иккинчи блог давомида Улуғбек Раҳматуллаев яна “Жоним”, “Дўст” қўшиқларини куйлагач, саҳнага сўз устаси Ботирхон Имомхўжаевни таклиф қилди.
Ботирхон Имомхўжаев томошабинлардан Улуғбек Раҳматуллаевнинг ашаддий мухлиси бўлган бир йигит ва бир қизни ажратиб олиб, улар билан саҳнада ўйин ўйнади. Шартга кўра, Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиқлари қўйилди, иштирок йигит ва қиз эса, бу қўшиқларга рақсга тушишди. Йигит ғолиб бўлган бўлса ҳам, ҳар иккисига ҳам Улуғбек Раҳматуллаев номидан совға тақдим қилинди.
Сўнг, кутилмаганда, Ботирхон Имомхўжаев “Улуғбек Раҳматуллаев” деб эълон қилдию, ўзи ичкаридан чиқиб келиб, Улуғбекнинг “Соғиниб” қўшиғини куйлаб кетди. Улуғбек чиқиб уни тўхтатди. Шу тарзда Учинчи блог бошланди.
Улуғбек ҳазил аралаш томошабинларга Ботирхон Имомхўжаев, Улуғбек бормаган тўйларга Ботирхон Имомхўжаев бориб, унинг қўшиқларини куйлаши ҳақида сўзлаб берди. Сўнг, хит қўшиқларидан бўлган “Соғиниб” қўшиғини куйлади.
Ундан сўнг, “Гўзал қизлар нозли бўларкан” қўшиғини куйлаб бўлгач, ўзига айтиб берилган, она ҳақидаги ўта таъсирли воқеани сўзлаб берди. Ана шу воқеа таъсирида яратилган, таъсирли “Агар ҳаёт бўлсалар дўстим, онажонинг кўзларидан ўп...” қўшиғини куйлади! Сўнг, “агар бу қўшиқни тинглагандан сўнг, бирор ширинлик олиб, бориб онангизни йўқласангиз, мен жуда хурсанд бўлардим” деган самимий сўзлари янада таъсирли бўлди!
Шундан сўнг, Улуғбек Раҳматуллаев, устоз санъаткорларнинг қўшиқларини нима учун, фақатгина улар кексайгач, уларнинг юбилейида, ёки вафотидан сўнг куйланади, унинг ўрнига улар ҳаётлигида қўшиқларини куйлаш керак, деган фикрларни билдириб, устоз санъаткорларимиздан Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Гул шохида турса гўзал” қўшиғини куйлашни бошлади. Кутилмаганда, залдан Озодбек Назарбековнинг ўзи, бу қўшиқнинг кейинги куплетини куйлаб чиқиб келиб, Улуғбекка жўр бўлди! қўшиқдан сўнг, Озобек Назарбеков Улуғбекни табриклаб, у ҳақида яхши фиклар билдириб, омадлар тилади.
Шунда сўнг, Улуғбек Раҳматуллаев “санъаткорлар ичида энг ўхшагим келадиган санъаткор Озодбек Назарбеков” деб, раҳматлар айтиб, миннатдорчилик билдирди.
Сўнг, кутилмаганда, Озодбек Назарбековни жуда ҳазилкаш инсонлигини айтиб, у киши билан бирга ҳамкасблардан бирига қилган ҳазили ҳақида айтиб берди.
Шундан сўнг, “Гўзалим нега?” қўшиғини куйлагач, залдан шу бугун ўзининг туғилган кунини нишонлаётганлар борми, шу ҳақида сўради. Бир болакай, шу бугун ўзининг туғилган кунилигини айтгач, Улуғбек Раҳматуллаев унинг туғилган кунини саҳнада нишонлашни таклиф қилди ва бир зумда саҳнада шодиёна бошланди! Мульфильм қаҳрамонларию, мусиқа, тортгача муҳайё бўлди!
Улуғбекнинг ўзи “Табриклаймиз!” қўшиғини куйлади ва шу тарзда шодиёна билан концерт ўз ниҳоясига етди!
Айтиш мумкинки, Улуғбек Раҳматуллаевнинг бу концерти, янгиликларга ҳамда, томошабинлар учун кутмаган бурилишларга бойлиги билан жуда қизиқарли бўлди! Энг ҳайрон қоларлиси, янги қўшиқларнинг сўзларига жуда катта аҳамият берилиб, ёдда қоларли эканлигидир!
Улуғбек ўзининг ҳеч қаерда янграмаган энг янги қўшиқларини 2-3 қаторини куйлаши билан томошабинлар, бу қўшиқларни ёдда олиб қолиб, дарҳол жўр бўлиб, хиргойи қила бошлашди! Бу шу пайтгача, кўпчилик хонандаларнинг коцертларида учрамаган ҳолат бўлди.
Концерт кўтаринки руҳда ва жуда ҳам файзли ўтди!
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова
КОНЦЕРТ ОН-ЛАЙН тарзида, қуйидаги ижтимоий тармоқларда бериб борилди:
ИНСТАГРАММ - http://www.iphoneogram.com/u/297223664
ФЕЙСБУК- https://www.facebook.com/feruza.fattokhova?ref=tn_tnmn
ТВИТТЕР - https://twitter.com/FeruzaFattohova В КОНТАКТЕ - http://vk.com/fattokhova ИНСТАГРАММ - http://www.iphoneogram.com/u/390779250 ФЕЙСБУК - https://www.facebook.com/saida.fattohhoncom ТВИТТЕР - https://twitter.com/SaidaVahobova