FATTOHHON.COM
« Все новости
Актриса Раъно Шодиева кино оламига “Атроф оппоқ қорга бурканди” фильми билан кириб келгач, вақт ўтиб, “Чимилдиқ”, “Ватан”, “Мактуб”, “Қизғалдоқ”, “Ўтов” каби фильмлардаги характерли образлари билан томошабинлар меҳрини қозонди. Актриса оила ва ижодни доим биргаликда олиб боришга ҳаракат қилади. Турмуш ўртоғи Олимжон ака билан 3 фарзандни тарбия қилишмоқда. Катта ўғли Диёрбек 16 ёшда, қизи Рахшона 15 ёшда (“Ўтов” фильмида суратга тушган) ҳамда кичик ўғли Амирхон 1 ёшу 9 ойлик.
Раъно Шодиева 2006 йилда нуфузли M&TVA тақдимоти совринига, 2007 йилда эса, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган.
Раъно Шодиева билан суҳбатимиз, “X Frame Media Production” студиясида бўлиб ўтди. Раъно Шодиева билан, 30 ёшдан кейин яна она бўлишга журъат қилганлиги, учинчи фарзанди, бугунги кундаги ижоди ҳақида суҳбатлашдик.
- Маълум бир вақт фарзанд тарбияси билан банд бўлдннгиз. Ижодга қайтишга кўника олдингизми?
- Ҳа, албатта. (самимий кулиб) Ўғилли бўлдим, исмини Амирхон қўйдик. Учинчи фарзандим. Ҳозирги кунда ижодга қайтиб, яна фильмларда роль ижро қила бошладим. Тўғрисини айтсам, 15 ёшли қизим Рахшона менга ҳақиқий ёрдамчи бўлган, ҳозир укасига мендан ҳам яхши қарайди. Боламга иккимиз ҳам ойимиз, десам бўлади. (кулади) Мен съёмкалар билан банд бўлган вақтларим, куни билан укасига у қараб туради. Тўғрисини айтсам, ижодга қайтишим, менинг ўзим учун оғир кечди. Барибир аёл киши фарзандли бўлгач, тўлишиши, ташқи кўриниши ўзгариши табиий ҳол. Мен эса, бундан бироз тушкунликка тушгандек бўлдим. Сабаби, актрисаман, актриса ўзига қараши керак, ташқи кўриниши рисоладагидек бўлиши керак. Лекин, ўйлайманки, барибир фарзанд биринчи ўринда! Қолаверса, 30 ёшдан кейин дунёга келгани учун ҳам, кичик ўғлим мен учун ўзга бир дунё! Албатта, ўзига яраша қийинчиликлари бўлди. 2 йил ичида суратга олиш ишларида қатнашмадим. Аммо, чақалоғим 3 ойлик вақтида, режиссёр Ҳилол Насимовнинг таклифига кўра, “Тубанлик” фильмида кичик роль ижро этишга рози бўлдим. У вақтда, туғруқдан кейин ташқи кўринишимни тўлиқ тикламагандим. Аммо, буни ўзим тўғри қабул қилишга ҳаракат қилдим. Қолаверса, орада танаффус бўлганига, суратга олиш жараёнида, матн ва ижро борасида бироз қийналдим. Аммо, бир-икки дублдан кейин ўзимга келиб, ижро қила бошладим. Қолаверса, режиссёр Ҳилол Насимов ҳам ёрдам бердилар. Сўнг, орада яна танаффус бўлди, таклифларни рад қилдим. Чунки, болам ҳали жуда ёш эди ва уни ёлғиз қолдиргим келмади. Мана энди, ўғлим Амирхон сал каттароқ яъни, бир ёшу тўққиз ойлик бўлгач, яна фильмларда суратга туша бошладим. Ўйлайманки, томошабинларни яна янги роллар билан хурсанд қиламан.
- Катта ўғлингиз Диёрбек 16 ёшда, қизингиз Рахшона 15 ёшда, орадаги фарқ катта. Бу уларнинг кичик укасига бўлган муносабатларга таъсир кўрсатмаяптими?
- Тўғри, орадаги фарқ катта бўлгани учун, улар кичик ўғлимга опа-ака эмас, ҳаттоки ота-онадек бўлиб ҳам қолишди. Чунки, дадаси, яъни турмуш ўртоғим ҳам ишлайдилар, мен фильмлардаги роллар ҳамда, ижодий учрашувлар сабаб узоқ сафарларга ҳам кетиб қолишим мумкин. Масалан, Жиззахда сафарда бўлиб қайтдим. Шунда Диёрбек ва Рахшона кичик укаси Амирхонга қараб туришди.
- Иккита катта фарзандларингиз, укаси туғилгунча уйнинг эркаси бўлишган. Энди эса, бор эътибор кичик укада! Улар бунга қандай қарашмоқда?
- (самимий кулади) Жуда ҳам тўғри савол. Мен учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганимда, шифокорлар уни ноябрь ойида туғилади, дейишди. Катта ўғлим Диёрбек эса, 4 ноябрь куни туғилган! Катта ўғлим, Диёрбек бироз ўзини яхши кўрадиган, ўзига эътиборли, аммо худбин эмас. У ҳозир айни ўсмир ёшида, яъни 16 ёш ва ўз менига эга. Хуллас, у укаси ноябрда туғилишини эшитгач, мендан “Ойижон, уни яна айнан менинг туғилган кунимга совға қилиб олиб келманг” деб қатъий илтимос қилди! (кулади) Бир неча ой шундай қилди! Лекин, биласизми, (кулади) айнан ўша катта ўғлимнинг туғилган куни, 4 ноябрда кичик ўғлим Амирхон дунёга келди ва акасини туғилган кунига совға бўлди! Икки ўғлим ҳам туғилган куни бир кун, яъни 4 ноябрь! 16 йилдан кейин, яна айнан шу куни кичик ўғлим туғилди! Иккаласи ҳам жума куни ва яна бир вақтда яъни, соат 15 минути кам тўртда дунёга келишди! Жуда бахтли тасодиф! (кулиб) Мен уларнинг ўша туғруқхонада қўлига боғлаб қўйилган, кичик бирка ва кийган кичик кийимчаларигача асраб қўйганман! Кичик ўғлим дунёга келган куни, дарҳол туғруқхонадан катта ўғлимга қўнғироқ қилдим ва кечирим сўрадим. (кулади) “Кечир ўғлим Диёрбек, мен атайлаб қилганим йўқ!” дедим. Ўғлим ҳам тўғри тушундию, “ҳа, майли” деди. (кулади) Кейин унга яна тушунтирдим, “ака-ука икковинг бир кунда туғилганингизда ҳам бир белги, ҳикмат бўлса керак, сизлар бирга ва аҳил бўлишингиз керак! У сени уканг, туғилган кунни барибир сен биринчи нишонлайсан, яхшиси, икковинг бирга аҳил бўлиб, нишонлайсизлар!” дедим. Шундан сўнг, ўғлим ҳам буни тўғри қабул қилди. Мана ҳозир кенжатойимнинг тили чиқди, “Ака” деб, катта ўғлимга гапирганида, у ҳам хурсанд бўлиб кетади.
- Бу фарзандингизни қўлга олганингизда айнан нимани ҳис қилдингиз? Аввалгиларидан фарқ қилдими?
- Бу фарзандим, энг каръерам ўсаётган вақтда, кетма-кет янги роллар, хизмат сафарлари, фестивалларда билан банд вақтимда, дунёга келди! Бирданига яна ўша айтиб ўтганим, тиғиз ижодий жараён, фарзандим туғилгач, мен учун тўхтаб қолди! Мен ўз соғлигимга эътибор қаратишим, фарзанд кўришим керак эди. Шунинг учун ҳам, суратга тушиш ишларини тўхтатдим. Ана шу жараённи ўтказишнинг ўзи, мен учун бироз оғирроқ бўлди. Туғруқдан кейин, бироз дипрессияга ҳам тушиб қолдим. Ўзи бу нарсага ишонмасдим, аммо бундай ҳолат ростдан ҳам бор экан! Аммо, такрор айтаман, фарзанд биринчи ўринда! Шу фарзандимни дунёга келтириб олай, кейин бир оз оёққа турғазиб олгач, яна ижодга қайтаман, яна янги роллар яратаман, дедим ва танаффусга чиқдим!
- Ҳозир фарзандингизнинг тили чиқдими? Қайси сўзларни айтади?
- Ҳа, фақат аниқ сўзларни айтади. Унга қараб, кузатиб, “ҳозирги замон болалари барибир умуман бошқача” деган фикр хаёлга келади. Иккита катта фарзандларим оғирроқ, босиқроқ эди. Масалан, бир ёшда сўрғич сўришган, икки ёшларда қадам ташлаб юришган, гапира бошлашган. Учинчи кенжатойим эса, (кулиб) бир ёш олдинга ривожланган, деб ўйлайман. Эндигина 1 ёшу 9 ойлик бўлса ҳам, каттароқ болалардек, ҳамма гапимни тушунади, айтганимни қилади! Ўзига яраша характери ҳам бор! Характерини кўрсатишга ҳаракат қилади. Масалан, унга “Амирхон, мана бу сўзни айт!” десангиз, аввал ўша сўзни ичида қайтариб олади, агар айтолмаслигини билса, гапирмайди! Буни унинг кўзларидан уқиб олишингиз мумкин! Агар гапиролса, дарров айтади! (кулади) Биринчи айтган сўзи “ада” бўлган! Жуда ҳайрон қолганман! Ҳақиқий адасининг боласи! Адасининг ўзгинаси! Агар кичик ўғлим билан адасини ёнма-ён қўйиб қўйса, ғирт ксерокопиядек ўхшайди! (самимий) Ўзим ҳам шуни жуда ҳоҳлагандим! Умр йўлдошимга бир совға қилиб беришим керак, кичкинам уларга ўхшаса, дердим. Чунки, иккита катта фарзандларим ўзимга ўхшашади. Астойдил ният қилган эканман, ниятим ҳам амалга ошди!
- Турмуш ўртоғингизни касбингизга муносабати?
- (самимий ва меҳр билан) Умр йўлдошим Олимжон ака санъатни жуда ҳам яхши кўрадилар, мусиқани жуда ҳам севадилар. Мен у кишини исмини айтиб мурожаат қилмайман, доим “Жон” деб мурожаат қиламан. Яъни, “жоним” маъносида. У киши шунчалик санъатни яхши кўрадиларки, ҳаттоки мен билмаган санъаткорларнинг номларигача биладилар. Ҳаттоки, баъзи санъаткорларнинг қўшиқларини қўйиб берсалар, мен ўша санъаткорнинг номини эслай олмасам, ёки билмасам, ўзлари айтиб мени уялтирадилар. “Қандай қилиб, ўзинг ҳам санъаткор бўла туриб, шу инсонларни билмаслигинг мумкин” дейдилар. Улар ҳаттоки, 60-70 йиллардаги санъаткорларнинг ҳам қўшиқлари, мусиқий альбомлари номларигача ёддан биладилар ва мени доим қойил қолдирадилар. Шунчалик санъатни яхши кўрадилар.
- Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансизлар?
- У киши мени олдиндан ёқтириб кузатиб юрган эканлар. Лекин, келиб тўғридан тўғри танишишга андиша қилганлар. Сўнг, менинг ижодий дўстларим орқали танишганлар.Улар “агар шу қиз мени ёқтириб қолса, севиб қолса, албатта унга уйланаман”, деган жиддий ниятда бўлган эканлар. У киши билан танишган вақтимда, мен 24 соатлаб ишлардим ва ўзим ҳақимда сира ўйламасдим. У киши эса, менга “аёл киши ўзини қадрлаши керак, ўзига вақт ажратиши, ўзини ҳурмат қилиши ва асраши керак” деганлар. Мен у кишининг шу сўзларига қойил қолганман ва шу сўзлари, мени қадрлаб, асраб-авайлаганликлари, ҳурмат қилганликлари учун ҳам, чин дилдан севиб қолганман ва биз турмуш қурганмиз. Ҳозирги кунда жуда ҳам бахтлимиз. Тақдир менга шундай инсонни учраштирганидан бахтиёрман! У кишининг шундай бир ажойиб одатлари бор, ишонасизми, шунча йилдан бери биргамиз, фарзандларимиз бор. Аммо, шу кунгача, менга бир марта бўлса ҳам, оғир нарса кўтаришга рухсат бермаганлар. Масалан, магазинлар, бозорларга борсак ҳам, қўлларида кўп нарсалар кўтариб олган бўлсалар ҳам, менга ўша нарсалардан бирини қўлга олишга ва кўтаришга рухсат бермайдилар! Қанчалик оғир бўлса ҳам, ўзлари кўтариб оладилар. Ана шундай мени асраб-авайлайдиган ажойиб, меҳрибон инсон!
- Танаффус вақтларида ўзингиз янги актрисаларни кузата олдингизми?
- Ҳаракат қилдим. Лекин, тўғриси кичик фарзандим бўлгани учун, кўп вақтимни фарзандимга ажратдим! Телевизор кўришга вақт оз бўлдию, аммо, барибир янги фильмлар ҳам кўрдим. Ёш актрисалар Шаҳзода Муҳамедова, Зарина Низомиддинованинг ижодини кузата олдим. Маҳоратли қизлар, агар янада ҳаракат қилишса, яна ҳам яхши ютуқларга эришадилар, деб ўйлайман.
- Бирга фильм кўраётганингизда, дейлик, турмуш ўртоғингиз бошқа бир актрисани мақтаб гапирсалар, рашк қилмайсизми? Ижодий ёки ҳаёт тарафлама?
- Йўқ, буни хотиржам қабул қиламан. Чунки, мен ҳаётда ҳам рашкчи эмасман! Ҳаттоки, шунинг учун, турмуш ўртоғим мендан хафа ҳам бўладилар. Аммо, мен рашк қила олмайман! Мен уларни тўғри тушунаман, у киши бўлса, рашкка ўрин қолдирмайдилар! Чунки, турмуш ўртоғим билан бир-биримизни жуда ҳурмат қиламиз! Аммо, сиз айтгандек суҳбатлар бўлган, масалан, турмуш ўртоғим актриса Лола Элтоеванинг мухлиси, у кишини жуда яхши кўрадилар, ҳурмат қиладилар. Лола Элтоева бизнинг оилавий дўстимиз! Оилавий дўст бўлишимиздан аввал турмуш ўртоғим, бу актриса роль ижро қилган фильмларни кўриб, менга шу актрисани яхши кўриб, ҳурмат қилишларини, маҳоратли актриса деб билишларини айтгандилар. Мен ҳам буни тўғри тушундим ва биз Лола Элтоева билан оилавий дўст бўлдик!
- Орадаги танаффус вақтида “томошабинлар мени унутиб қўйишади” деган қўрқув бўлмадими?
- (кулади) Йўқ, қўрқишга қўрқмадим! Аммо, “мени вақтим ўтиб кетади” деган фикр бўлиб қолди. Лекин, агар менинг томошабинларим, менинг ижодимни чин кўнгилдан ҳурмат қилишса, мени ҳеч қачон эсдан чиқаришмайди! Қолаверса, мен ўзим ҳам яхши фильмларда суратга тушганман, у фильмларни телевизорда ҳам кўп намойиш қилишади. Ўйлайманки, мухлислар, агар чиндан ҳурмат қилишса, менимча ёддан чиқаришмайди. Ўзим танаффус вақтида, томошабинлар мени “соғиниб” қолишганларини эшитгандим! Буни кўплар гапиришган!
- Ҳозирги кунда актрисалар ўртасида рақобат бор, деб ўйлайсизми?
- Жавобим учун, авваламбор, актрисалардан, ҳамкасблардан узр сўрайман! Аммо, тўғрисини айтишга ўрганганман, биз яъни, менинг ёшимдагилар орасида, соғлом ижодий рақобат бўлган. Соғлом ижодий рақобат яхши нарса, чунки, агар шундай бўлмаса ўсиш ҳам бўлмайди. Кимнидир ижодини кўриб, соғлом ижодий рақобат деб, сен ҳам ижодий ўсишга яхши маънода ҳаракат қиласан. Лекин, менимча, ҳозирги ёш актрисалар орасида бундай рақобат йўқ! Ҳозир бошқа нарса, нима десам экан, ҳасад десам, қаттиқроқ бўлади, ҳавас десам, ундан бошқачароқ, ҳасаднинг юмшоқроқ формасими билмадим, бор, деб ўйлайман. Мен шу нарсани сездим. Ўзи актрисалар бир-бири билан дўст бўлиши, бир-бирига ёрдам бериши керак. Чунки, қачондир шу актриса, сенинг ёнингда туриб партнёр бўлади! Партнёр сифатида эса, агар кўнглида ўша юқорида мен айтган туйғу бўлса, яъни ҳавасми, ҳасадми, (ёки шунинг ўртаси) бўлса, сенга ёрдам бера олмайди, керакли ҳолатни етказиб бера олмайди. Шунда сен ҳам, ўзингга берилган вазифани чиқариб бера олмай қоласан. Масалан, биз ёши каттароқ актрисалар, ҳаммамиз дўстмиз, аҳилмиз. Доим бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. Масалан, ҳомиладор вақтимда, танаффусда бўлсам ҳам, телефоним умуман тинмаган! Тенгдош актрисалар, Райҳон Уласенова, Раъно Зокирова, Нигора Каримбоева, Лола Элтоева, ҳаммалари менга доим қўнғироқ қилиб, хабар олиб туришди! Актрисалар шундай бўлади! Актрисалар, шундай бўлиши керак, назаримда! Доим ёнма-ён бўлиб, бир-бирларига ёрдам беришлари керак, деб ўйлайман.
- Шу кунгача ижро қилган ролларингиздан қай бири кўнглингизга яқинроқ?
- Ҳар битта ролга, агар сценарий ўқиган вақтим, юрагим жиз этмаса, кўнглимга ёқмаса, ёки шу ролни яхши кўриб қолмасам, уни ижро қилмайман! Ҳар бир ролим фарзандимдек қадрли! Улар учун вақтим, керак бўлса, соғлиғим кетади. Аммо, тўғри меъёрига етган ролларим бор, етмаганлари бор. Энг яхши кўрганим эса, 13 ёшимда, шубҳасиз, режиссёр Қамара Камалованинг “Атроф оппоқ қорга бурканди” фильмидаги ролим! Ўшанда Мустақиллик байрамига дугоналарим билан айланишга чиққанимизда, Қамара Камалова бизни учратиб қолиб, шу ролга таклиф қилгандилар! Мустақиллик байрами, мен учун икки тарафлама байрам, чунки у ижодий каръерамнинг бошланишига ҳам сабабчи бўлган! Ўтган вақт ичида, улғайдим, оила қурдим, фарзандларим туғилди, фильмларда яхши роллар ижро этдим! Масалан, “Чимилдиқ” фильмидаги келинчак, “Ватан”, “Мактуб”... ҳаммаси мен учун жуда қадрли! 2007 йил эса, камтарона меҳнатларимни шунчалик қадрлаб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига муносиб топишди! Бу мен учун жуда катта мукофот бўлди! Қолаверса, 2006 йил юксак M&TVA совринини ҳам қўлга киритганман!
- Ролларингиздан бирортасини ижро қилганингизга кейинчалик афсусланган вақтингиз ҳам бўлганми? Масалан, кейинчалик вақт ўтиб, яна такрор кўрганингизда?
- Йўқ, ҳеч биридан афсусланмайман! Аммо, “Қизғалдоқ” фильмидаги образимни кўргач, оиламдаги яқинларимда, нохуш таассурот бўлди. Фильм премьерасига келган ота-онам ва фарзандларим, мендан шу ролни ижро қилганимга хафа бўлиб кетишган! Турмуш ўртоғим ҳам, барибир касбимни тушунганлари учун тўғри қабул қилдилар! Аммо, фарзандларимда сал оғирроқ кечди! Чунки, ўзингизга маълум, мен ижро қилган қаҳрамон фильмда, бетоб бўлиб, вафот этади. Шу нарса уларда нохуш таассурот қолдирди. Аммо, мен бу ролни ижро қилганимга ҳеч қачон афсусланмайман!
- Роль танлаганда энг яқин маслаҳатчингиз?
- Албатта, биринчи бўлиб, турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашаман! Шуни очиқ айтаман, яширмайман, ҳар битта ролга қўл уришдан олдин, турмуш ўртоғимдан рухсат сўрайман! “Сценарийни ўқиб кўринг, нима дейсиз?” дейман. Агар улар қарши бўлсалару, лекин ўша образ менга жуда ҳам ёқиб қолса, унда уларга тушунтиришга ва рухсат олишга ҳаракат қилиб кўраман. “Шу образ менга жуда ёқди, агар ижро қилиб кўрсам, менга маънавий тарафлама қандай ёрдам бера оласиз?” деб, суҳбатлашаман ва иккимиз бир қарорга келамиз! Яқинда шундай ҳолат бўлди, бир янги фильмга, салбий ролга проба топширдим. Турмуш ўртоғим менга “Шу образ ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрдингми? Бу сенга керакми, керак эмасми? Томошабинлар сени ёмон кўриб қолишидан кўрқмайсанми?” дедилар. Мен эса, “агар шу образим орқали, томошабинлар мени ёмон кўриб қолишса, демак, образни маромига етказиб бердим, деб ўйлайман”, дедим. Аммо, бу проба бўлгани учун, бу ролни ижро қилишим, ҳали аниқ эмас. Лекин, шуни айтишим мумкин, салбий роль ижро қилишдан қўрқмайман! Ҳаттоки, салбий роль ижро қиладиган актрисаларга ҳавас қиламан!
- Эндиликда, ишингиздан орттириб, фарзандларигизга кунига неча соат вақт сарфлайсиз?
- Кичик фарзандим туғилганда, бор вақтим фарзандларим учун эди, албатта. Аммо, энди ижодга қайтгач, яна вақт зиқлиги бошланди. Ҳаттоки, кенжатойимга, нисбатан ҳам! Энди, бизга берилган истеъдодни юзага чиқариш, образлар яратиб, томошабинларга тақдим қилиш, уларни қувонтириш, образларимиз орқали фикрлашга ундаш, бу бизнинг қарзимиз, фарзимиз, назаримда. Ўйлайманки, фарзандларим буни тушунишади!
- Сизни нима учундир, роль билан бирга режиссёр ҳам танлайди, дейишади?
- (кулади) Шундай вақтлар бўлган, яширмайман. Бунинг сабаби эса, ўша вақтда ким бўлишидан қатъий назар, ҳамма режиссёрликка қўл уриб ташлайверишган! Шундай вақтлар бўлганда, мен сал инжиқлик қилганман. Лекин, тўғри қилганман, деб ўйлайман. Чунки, актриса барибир роль танлаши, муҳими танлай билиши, ҳамда ўша ролни меъёрига етказиб бериши керак! Ўйлайманки, ўша вақтларда танлашга ҳаққим бор эди!
- Лекин, актёр ва актрисалар роль танламасликлари керак, деган фикрлар ҳам бор-ку?
- Нима учун танламаслик керак? Масалан, ўша образ унга мос келмаслиги ҳам мумкин-ку! Масалан, ташқи қиёфаси... Балки, у ўша образни ярата олмас, кучи етмаслиги мумкин. Ёки шу образнинг ҳеч қандай ижодий юки йўқ! Қандай қилиб, уни меъёрида чиқариб бериши мумкин? Ахир “бўш” образлар ҳам бўлади-ку! Ҳаттоки, минг ҳаракат қилсангиз ҳам ўша образни жонлантира олмайсиз!
- Келажакда сиз ҳам режиссурага қўл уришингиз мумкинми?
- Билмадим, бўлиши мумкин. Шу нарса кўнглимдан ўтганди. Агар фильм суратга олсам ҳам, биринчи ўринда ёш томошабинлар яъни фарзандларимиз учун, яхши бир комедия жанрида болалар фильмини яратишни ҳоҳлардим. Биласизми, бу ғоя қаердан чиққан? Менинг турмуш ўртоғимда ҳам, актёрлик маҳорати бор. Аммо, улар бутунлай бошқа касб эгаси. У киши менга ўз болалигидаги воқеаларни айтиб берганлар. Жуда қизиқарли воқеалар. У кишини тинглаб, менда бу воқеаларни фильмга ишлатиш, фикри туғилган! Лекин, режиссурага қўл уришдан аввал, албатта, бу соҳага ўқимоқчиман! Ҳозир айтганимдек, вақт зиқроқ, шунинг учун фарзандларимни оёққа қўйгач, албатта, режиссурадан таълим оламан.
- Фарзандларингизга энг кўп такрорлайдиган сўзингиз?
- Албатта. “кўчага чиққанингда эҳтиёт бўлгин!” ҳамда, “Ўқигин!”
- Агар қизингиз Рахшона ҳам, сизнинг касбингизни эгаллаб, актриса бўлмоқчи бўлса?
- Айтган, лекин мен рухсат бермаганман! Балки, эгоистлик қилгандирман, аммо, ҳозирги вақтда, қизимнинг ўзи менга “Ойижон тўғри қилган экансиз” дейди. У ҳозир бошқа йўналишдаги касб, яъни шифокорликни танлади! Яъни, болалар неврапатологи бўлиш ниятида! Қизимга актриса бўлишига рози бўлмаганим сабаби, ҳар бир касбнинг ўз қийинчиликлари бор. Қолаверса, мен онаман, сезаман, онанинг ҳиссиёти, барибир кучли бўлади! Мен актрисалик касби, қизимники эмаслигини сезганман! Чунки, қизим ҳаётда жуда ҳам мулойим, хушмуомала, болаларни жуда ҳам яхши кўради! Унга шу жиҳатларни ҳисобга олиб, “сени ички дунёйингга шифокорлик мос келади, шу касбни танласанг, катта шифокор бўласан” дедим.
- Катта ўғлингиз Диёрбек-чи?
- Ўғлимда актёрликка умуман қизиқиш йўқ! Билмадим кимга тортган? (кулади) Лекин, у санъатни ёқтирмайди! Фильмларим ҳақида сўрасам ҳам, “бўлади” дейди.
- Оила аъзоларингизга энг ёққан фильмингиз?
- “Ватан” фильми, гарчи ундаги оғирроқ роль бўлса ҳам, мен учун жуда қадрли.
- Дубляжда ҳам фаолият олиб борган бўлармидингиз?
- Дубляжда ҳам ишлаганман! Дубляж жараёнини ҳам жуда яхши кўраман! Ҳаттоки, учинчи фарзандимни кўрганимдан кейин, балки суратга олиш жараёнларига қайтиб келмайман ҳам, деб ўйлаганман. Аммо, дубляжга албатта қайтаман, деб ният қилганман. Битта камчилигим бор, рус мактабида ўқиганман, шунинг учун бироз акцент билан гапираман. Ҳозир шунинг устида ишлаяпман!
- Орзуйингиздаги образни яратганмисиз?
-Биласизми, менда жуда қизиқарли воқеалар юз берган. Масалан, мен дардли, синовларга дуч келган, оғир бир аёл образини яратсам, дегандим. Ижро қилган ролларим ичида бундай роль йўқ эди. Бироз вақт ўтиб, режиссёр Иброҳим Расулов менга “Қизғалдоқ” фильмида шундай образга таклиф бердилар. Кейин эса, мен бир эртак-фильмда, эртак қаҳрамонини ижро қилишни орзу қилдим. Орадан озгина вақт ўтиб, менга шундай имконият беришди. Айтмоқчиманки, қайси ролни орзу қилсам, бир оз вақт ўтиб, айнан шундай ролдан таклиф бўлиш ҳоллари юз беради. Ўзим яна бир тарихий образлар яратгим келади. Бу борада ҳам менга омад кулиб боқди! Режиссёр Темурмалик Юнусов мени ҳужжатли фильмга, Нодирабегим образини яратишга таклиф қилдилар. Яқинда суратга олиш ишлари тугади.
- Машҳурлик сизни ўзгартира олдими?
- Йўқ, ҳеч қандай ўзгартира олмади. (кулади) Ўша-ўшаман. Фақат, бироз улғайдим! Ҳамда ижод борасида, бироз ўсдим!
- Ҳозирги кун томошабинларига қандай фильмлар керак, деб ўйлайсиз?
- Биласизми, кўчада юрганингизда, магазинларда одамлардан барибир эшитасиз, кўпинча, “ёшлар орасидаги муҳаббатдан бошқа мавзу йўқми? Фақат бой ва камбағал, деган нарсалар” дейишади. Чиндан ҳам, бошқача бир севги муҳаббат йўқми, масалан, ўз ёрига, ака-сингиллари, ота-онаси, опа-укаси, қолаверса, Ватанига бўлган муҳаббатни тараннум этиш мумкин эмасми? Қаерга қарасангиз, фақат ёшлар муҳаббати! Қаерга қарасангиз, бой ва камбағал муҳаббати. Бизнинг тарихий, маънавиятимиз жуда ҳам бой бўлса, ўзи халқимиз адабиёт тарафлама ҳам жуда бой халқ. Шунинг учун бўлса керак, халқимиз, шу фильмлардаги ёшлар муҳаббатидан бироз чарчаб қолган, деб ўйлайман.
- Ўзингиздаги қайси одатни ёқтирмайсиз?
- Ёқтирмайман эмас, аксинча ёрдам берадиган одатларим бор. Инжиқлик ва талабчанлик. Бу одатларим кўп жойда керак бўлиб қолади.
- Ўзингиз томошабин сифатида қандай фильмлар кўрасиз?
- Кўпроқ комедик фильмларни кўришга ҳаракат қиламан. Чунки, драма бўлса, ўзим ҳам ўша фильмдаги актрисалар билан бирга йиғлашиб ўтираман. Шунинг учун ҳам, кўпроқ енгилроқ мелодрама ёки комедия кўраман.
- Сиз сўзлаш имконияти чекланганлар мактабида дарс ҳам берардингиз. Ҳозирда ҳам шу фаолиятингизни давом эттиряпсизми?
- Йўқ, ҳозирда вақт тарафлама зиқлик бўлгани учун тўхтатдим. Аммо, уларга ҳомийлар топиб бериб, ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Ҳозирда улар Москвага ижодий сафарга кетишди. Аммо, мен кичик фарзандим борлиги учун, улар билан бирга бора олмадим. Улар Россияда шу сўзлаш имконияти чекланганлар (кар-соқовлар) кунида, катта стадионда, рақслар намойиш қилишади, фонограммада қўйилган қўшиқларни ижро қилишади.
- Шекспир айтган, “ҳаёт бир театр, биз унда актёрлармиз ва ўз ролимизни ижро этамиз” деб. Шу сўзларга муносабатингиз?
- Албатта, чиндан ҳам, ҳаёт бу катта театр!
- Унда сиз ҳам ҳаётда роль ижро қилиб яшаяпсизми?
- Нафақат мен, балки бошқа инсонлар ҳам ўз ҳаётида роль ижро қилишади. Қандайдир вазият, ҳолатларда керак бўлса, ёлғон ҳам ишлатишади, вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қилишади. Бу актёрлик маҳорати эмасми?
- Сизга энг ёқмайдиган савол?
- Шахсий ҳаётимга тегишли бўлган, шахсий ҳаётимга чуқур кириб боришни истаган саволлар! Чунки, бу шахсий ҳаёт! Тўғри, айтиб беришим мумкин, аммо, устидаги нарсаларни, жуда чуқурлашишни ёқтирмайман! Чунки, шахсий ҳаётда чегара бўлиши керак, деб ўйлайман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова