FATTOHHON.COM
« Все новости
4,5,6 ноябрь кунлари «Истиқлол» санъат саройида “Миллион” жамоасининг концерт кунлари белгиланган бўлиб, 5 ноябрь куни биз ҳам, мазкур концертнинг томошабинларидан бўлдик.
Собиқ ҚВЗ, эндиликда “Миллион” жамоасига бу концерт, жуда катта масъулият юклаганлиги аниқ. Негаки, ҚВЗ сифатида кўп марта концерт берган жамоанинг, бу “Миллион” жамоаси сифатидаги илк концерти бўлди!
Авваламбор, концерт декорацияси ҳақида сўз юритсак, шуни эътироф этиш жоизки, концертга декорация дид билан тайёрланган бўлиб, гуруҳ имиджига мос келган. Яъни, капалакнусха бўйинбоғ атрофига смайликлар жамланмаси, кичик мониторлар ва улардаги ҳолатларга мос тасвирлар намойиши, ўзига хос янгилик бўлган.
Гуруҳ аъзоларининг дид билан бир хил либосларда чиқишлари, номерлар, уларга мос саҳна кўринишлари, барчаси концертга кучли тайёргарлик кўрилганлигини билдириб турибди.
Концертда тилга олинган, шу кунлардаги долзарб муаммолар ҳам, жамоа эътиборидан четда қолмаган! Барча ҳолатлар юмор билан бериб ўтилган! Ўзбек халқ мақолларига, уларнинг маъносига ҳам ҳазиломуз эътибор қаратилган!
Ўзига хос саломлашувдан тортиб, то электроклиплар намойишигача динамик тарзда саҳналаштирилган бўлиб, томошабинларга зерикишга фурсат қолмайди!
Концерт меҳмонлари, хонандалар Райҳон,
Улуғбек Раҳматуллаев,
Жаҳонгир Позилжонов,
Умидахонлар бўлиб, уларнинг қўшиқларига мос саҳна кўринишлари ҳам, ўзига хос тайёрланган.
Райҳоннинг “Қайлардасан?” қўшиғининг клипига мос ҳолат саҳналаштирилган бўлса,
Улуғбек Раҳматуллаевнинг бир неча қўшиқларига юморга бой саҳна кўринишлари ҳозирланган.
Орада Улуғбек Раҳматуллаев бир неча кун аввал ўзининг яккахон концертида ижро қилган “Мени кечир” қўшиғини ҳам, премьера тарзда куйлади.
Жаҳонгир Позилжоновнинг қўшиғига ҳам, мос шўх рақс барчанинг кайфиятини янда кўтарди.
Актёрлар Адиз Ражабов, Алишер Узоқов ва хонанда Нигора иштирокидаги креатив ўйин ҳам қизиқарли ўтди!
Шунингдек, хонанда Ойбек,
“Ато” гуруҳи хонандаси Шуҳрат,
Жаҳонгир Позилжоновнинг рафиқаси Дилдора қизи Райҳон билан,
марҳум Мўмин Ориповнинг рафиқаси Камолахон ўғли Билолхўжа билан,
сўз устаси Шукурулло Исроилов,
актёр ва режиссёр Жавлон Шодмонов ҳам меҳмон томошабинлар бўлишди.
“Миллион”нинг ҳар бир иштирокчисининг чиқиши ўзига хос бўлиб, томошабинларга завқ улашди!
Шунингдек, янги “Гап йўқ” гуруҳи ҳам концертда илк марта ўз чиқиши билан иштирок этди.
Концерт давомидаги намойиш қилинган номерларда, айниқса, гап тагида гап, усулига алоҳида аҳамият берилиб, кўпчилик сўзларнинг иккинчи маъносига ҳам урғу бериб ўтилган ва бу томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди!
Жамоа иштирокчилари, ўзбекнинг гапи қизиқлигига таянган ҳолда, ижро маҳоратини уйғунлаштириб, жуда ажойиб номерлар намойиш қилишди! Буларни фақат кўриш керак!
Юз марталаб эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек, ҳали ҳам бўлса, вақт бор!
6 ноябрь “Истиқлол” санъат саройида, “Миллион” жамоасининг учинчи концерт куни барчасидан ўзингиз ҳам баҳраманд бўлишингиз мумкин!
Концертга таклиф учун “Миллион” жамоаси раҳбари Беҳзод Комилжоновга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз! Жамоага омад тилаймиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame Media Production фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.
КОНЦЕРТДАН ЭНГ ЁРҚИН ЛАҲЗАЛАР