FATTOHHON.COM
« Все новости
Сomedy Uz нинг “Истиқлол” санъат саройидаги концерт дастурининг биринчи куни!
Саҳна орти. Тайёргарликлар авжида. Концерт бошланишига ярим соат вақт қолган. Ҳамма тайёргарлик билан банд.
Шу ўринда, Сomedy Uz резидентларига саволлар билан мурожаат қилдик.
- Концертнинг бошланиш онлари яқинлашяпти! Ҳажондан ташқари, нима ҳис қиляпсизлар?
Аброр: - Ҳис қилаётган нарсамиз, ҳаяжондан ташқари, озгина қўрқув! Чунки, барибир ўтган сафарги концертдан фарқли ўлароқ янги дастур, ундан ташқари, концертда элимиз суйган санъаткорлар ҳам чиқишмоқда! Улар билан ишлаб тил топишдик, албатта. Лекин, барибир саҳнада нима бўлади? Қандай бўлади? Шу тарафларидан озгина қўрқув бор!
- Янгиликлардан озгина учини чиқариб ўта олмайсизми? Айни вақтда, томошабинларни қандай ижодий “бомба” кутмоқда?
Аброр: - Буни ўзим ҳам билмайман. Айнан қайси ижодий намунамизни “портлаши”ни ўзим ҳам аниқ билмайман тўғриси. Балки, биз ҳозир унча аҳамият қилмаётган оддий бир чиқишимиз, бўш деб ўйлаётган ҳазилимиз, кутилмаганда томошабинларга аслида жуда кучли натижа бериши мумкин! Биз чин дилдан ҳаракат қилдик, меҳнат қилдик. Буни томошабинлар қандай кутиб олишади, билмаймиз.
- Ҳозир концертда томошабинларга қандай янгилик тақдим қилмоқчисизлар?
Даврон: - Тўғрисини айтсам, бу концертимизда ҳар битта чиқишимиз, ҳар битта саҳна кўринишларимизнинг ўзи янгилик бўлмоқда! Чунки, биз бир ой аввал “Зарафшон”да концерт берганимиз. Ундан ташқари, мана шу бир ой ичида янгиликлар қилиб, янги саҳна кўринишлари, янги ҳазиллар, ҳар бир чиқишимизнинг ўзи янгилик бўлмоқда!
- Бу концерт бир ой аввалги концертдан нимаси билан фарқ қилади? 100 фоиз фарқлими ёки ундаги баъзи чиқишларни ҳозир ҳам кўришимиз мумкинми?
Даврон: - Анчагина фарқ қилади. Лекин, талабларга биноан баъзи чиқишлар бўлиши мумкин.
- Концертда қайси таниқли юлдузларни кўришимиз мумкин ҳозир?
Даврон: - Буниси сир! Буни концертда кўриш мумкин!
- Сизнинг исмингиз ҳаётда ҳам Миршакарми ёки бу саҳнавий тахаллусми?
Миршакар: - Ҳаётда ҳам Миршакар! Ҳамиша, туғилганлик гувоҳномасида ҳам, паспортда ҳам, Миршакар бўлган!
- Исмингиз билан боғлиқ муаммоларингиз кўп бўлса керак?
Миршакар: - Йўқ! Ҳамма муаммо бор, деб ўйлайди! Аслида йўқ! Ҳеч қачон бўлмаган ҳам.
- Наҳотки, мактаб вақтида ҳам, исмингиз билан боғлиқ муаммо бўлмаган бўлса?
Миршакар: - Йўқ, ўзи мактабга фақат бир кун, яъни шанба куни борардим. Ўша куни ҳеч ким келмасди, шунинг учун ҳам ҳеч гап бўлмасди!
- Исмингиз ҳақида ҳеч ота-онангиздан сабабини сўраганмисиз?
Миршакар: - Ота-онамни бунга алоқалари йўқ! Чунки, исмимни бобом қўйганлар. Бобом мени чақириб, кейин ўзлари кулардилар.
- Бугунги намойиш қиладиган чиқишингизни ҳаётдан олганмисиз ёки тўқима?
Миршакар: - Айнан ҳаётдан олинган ва мана шу исмим билан боғлиқ чиқиш бўлади! Аслида ҳамма чиқишларим ҳаётдан олинади!
- Қайси саҳна чиқиши энг қийин бўлди?
Ислом Али: - Энг қийини, ўзи умуман, бизда ҳар битта гуруҳ, ҳар бир дуэт, триоларга ҳазил ўйлаб топишимиз ҳар доим қийин бўлади. Чунки, бизнинг ажралиб турадиган афзаллик тарафимиз, Сomedy Uz да ҳар бири алоҳида йўналишга эга бўлган трио, дуэтлар бўлса ҳам, уларнинг чиқишларини ҳаммасини биргаликда қиламиз.
- Бугунги концертга қанча вақт тайёргарлик кетган аслида?
Ислом Али: - Бугунги концертга август ойидан бошлаб тайёргарлик кўрилган. Чунки, илк катта концертимиз ҳам мана шу “Истиқлол” санъат саройида 21 майда бўлиб ўтган эди. Бу мазкур санъат саройида бераётган иккинчи концерт дастуримиз!
- Бир йилда 2 та концерт бергани қўрқмадингизми?
Ислом Али: - Ростини айтсам, ҳозиргача қўрқяпмиз. Иккинчи марта концерт бераётганимизнинг сабаби эса, мухлисларимизнинг талаб ва илтимослари! Чунки, Сomedy Uz лойиҳаси, ҳар ойда, “Зарафшон” киноконцерт залида мунтазам бериб борилади. Бугунги катта дастурнинг сабаби ҳам, ҳамма ёқлардан, Ўзбекистоннинг чекка жойларидан ҳам, мазкур концерт ўтказилиши учун илтимослар келиб тушганлиги, шуни эътиборга олган ҳолда аҳд қилинганлиги туфайли.
- Бугунги дастур, “Зарафшон”даги концертлардан айнан нимаси билан фарқ қилади?
Ислом Али: - У ердаги концерт, ўша ТВ орқали намойиш қилинган кўрсатувимизга мослаштириб олинади. “Истиқлол” санъат саройидаги концертимиз эса, катта шоу концерт бўлганлиги учун ҳам, улардан катта фарқ қилади.
- Битта чиқишга қанча муддат тайёргарлик кўрасизлар?
Ислом Али: - Ҳар доим ҳар хил! Баъзида, жуда ҳам қийин бўлган чиқишни бир кунда ҳам ёзиб қўйишимиз мумкин! Баъзида энг осон чиқишни ҳам бир ой ўйлашимиз мумкин!
- Бугунги концертда нечта гуруҳ ва триолар иштирокини кўришимиз мумкин?
Ислом Али: - “Ҳасан ва Ҳусан” триоси, “Нобель” жуфтлиги, “Қошмақом” жуфтлиги, “Ва бошқалар” жуфтлиги, Ислом Али, Расул 24, Олим ака, Жаббор ака, Умид... (самимий кулиб) саноғини билмадим...Концертга меҳмон сифатида ҳам хонандалар таклиф қилинган. Улар залда, томошабинлар қаторида ҳам бўлишади, саҳнада ҳам иштирок этишади. Уларнинг кимлиги ҳозирча сир, уларни концерт вақти, мухлислар кўзи билан кўриб, ажабланган яхши, деб ўйлайман.
- Хонандалар билан бирга ўзгача креатив чиқишлар тайёрлайсизлар. Яъни, хонандаларни кутилмаган кулгили вазиятларга солиб қўясизлар. Бу гал ҳам, шундай ҳолатларни кутиш мумкинми?
Дилшод: - Бу сафар ҳам, айнан эстрада юлдузлари билан бирга бўлган чиқишлар тайёрлаганмиз! Бу мухлисларимиз учун сюрприз талқинида! Уларга маъқул бўлади, деган умиддамиз.
- Бу чиқишлардан, ундаги ҳолатлардан санъаткорлар 100 фоиз хабардор бўладиларми?
Дилшод: - Йўқ эмас, санъаткорларнинг хабари бўлади. Лекин, ҳамма нарса тўғрисида эмас! 80 фоиз хабардор бўлишади. 20 фоиз кутилмаган вазият, барибир бор. Чунки, тайёр сценарий бўйича ишлашса, томошабинга қизиғи қолмайди, деб ўйлаймиз! Биз барибир, санъаткорни саҳнага олиб чиққандан кейин, уни хижолат қилиб, бошқача вазиятларга тушириб қўйишимиз керак бўлади! Шунинг учун ҳам, улар билан репетиция вақтида битта нарсага келишилади. Саҳнада эса, баъзи жойлари бироз ўзгариб кетади. Яъни, уларнинг ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлиб қолади. Буни ўзимиз импровизация қилиб, ўзгартириб юборамиз.
- Шундай ҳолатларда бирор бир санъаткор сизлардан ранжиб қолган ҳолатлар ҳам бўлганми?
Дилшод: - Йўқ, ҳеч қайси санъаткор хафа бўлмаган! Масалан, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков билан боғлиқ чиқиш бўлганида, улар билан репетиция вақтида, шундай келишилганки, “Ҳақиқий Озодбек Назарбеков мана шу бўлади” деб, олиб чиқамиз, деганмиз. Лекин, саҳнага чиққанларидан кейин, уларга қараб, “ака уялмайсизми, улар сал бўлса ҳам ўхшайди, лекин сиз қаерга келяпсиз?” деган гап бўлган. Ўша пайтда, биз Озодбек акани кутилмаган вазиятга солиб қўйганмиз. Лекин, уларга импровизация ёққан. Ўзлари ҳам саҳнада тез киришиб кетиб, гапни олиб қочиб кета олдилар. Шу билан чиқишимиз ҳам муваффақиятли бўлди.
- Бугунги чиқишингизга тайёргарликлар қандай кечди?
Ёқутбек: - Бизда чиқишга тайёргарликлар у даражада шарт эмас. Чунки, ҳамма репетиция қилиб юрган пайт, биз съёмкада бўламиз. Асосий, қизиқарли видеороликларни биз “Ва бошқалар” дуэти тайёрлаймиз. Шунинг учун ҳам, бизнинг саҳнадаги “иш”имиз осонроқ! Чиқиб, роликнинг мазмуни ва мавзусини эълон қиламиз! Томошабин асосан, бизни экранда кўради!
- Видеоролик учун мавзуларни қаердан оласизлар? Китоблардан, ёки тўқима?
Ёқутбек: - Асосан, кўча-куйларда учрайдиган қизиқарли воқеалар асосида, ёки ўзимизнинг резидентлар билан бирга ўтириб, кимда қизиқарли фикр бўлса, агар шу нарсани видеоролик тарзида суратга олиш мумкин бўлса, қизиқарли қилиб, тайёрлаб, мухлисларга тақдим қиламиз!
- Тайёргарлик жараёнида концертнинг ўзига хос мураккабликлари?
Азамат: - Мураккаблик тарафи, бу концертда бироз рекламага улгура олмадик! Энди, барибир мухлис қарсак чалиб турмаса, санъаткор ҳам берилиб ўйнай олмайди! Мухлис қанча кўп бўлса, ҳазилларингиз ёзилгандан ҳам зиёда чиқади!
- Ҳазилларни ўзингиз ёзасизми, ёки тайёр матндан фойдаланасизми?
Азамат: - Ўзимиз ёзамиз! Ҳар куни камида 2-3 соатдан ўтириб, шунинг устида ишлаймиз. Ҳар ой охирида ҳисобот концерти кўринишида тақдим қиламиз! Ярим йил, бир йилда мана бундай катта дастур билан концерт берамиз!
- Концертга тайёрланиш жараёнида, қайсидир чиқишимиз ўхшайди, ўхшамайди, деган баҳслар бўладию, ўшанда ким ҳал қилувчи сўзни айтади?
Азамат: - Бизни 3 та муҳаррир бошлиқларимиз бор. Сomedy Uz раҳбари Аброр Бахтиёрович, мен ҳам муҳаррирликка қарашиб юбораман. Режиссёримиз эса, Абдусамад Меҳмонов.
- Бугунги концертда намойиш қиладиган чиқишингизни қачондан буён ўйлаб, тайёргарлик қилгансиз?
Иноятулло: - (самимий кулиб) У пайтларда совуқ эди! Йили ёдимда йўқ! Лекин, анчадан буён мухлисларга мисли кўрилмаган саҳна кўринишини тақдим қилиш ниятида эдик! Шахсан ўзим, ҳозир чиқадиган саҳна кўринишимизни бир ярим йил ўйлаганман! Мен ғояни илгари сурганман, Ва билан Ҳасан мени “мана шуни қилайлик” деб мени олдинга ундашган! Кўп нарсани ўйладик ва барибир яна шу ғояга қайтиб келдик.
- Ғояларни қаердан оласиз?
Иноятулло: - Ғоялар асосан, дадам уришганларида келади! Кўп уришмайдилар, лекин гоҳ-гоҳида уришиб турадилар. Ҳазил, ёзишга келадиган бўлсак, ўзи умуман (жиддий) биз ҳазил ёзишга, кўп мактабларда ўқиганмиз! “Клуб весёлых и находчивых”, шунингдек, Қозоғистон, Украина, Москвадаги махсус мактабларда таҳсил олганмиз. Ғояларни бугунги кеча-кундуздаги актуал мавзулардан оламиз!
- Саҳнага чиққан вақтингизда ҳазилларингизга томошабинлар кулмай қолишган вазиятлар ҳам бўлганми?
Арсен: - Фақатгина қўрқинчли тушда! Чунки, биз чиқиш номерлари тайёрлаганимизда, авваламбор, уни текшириб кўрамиз, ҳамда уларнинг кулгили эканлигига мутлақо ишончимиз комил. Шунинг учун, худога шукур, бундай вазият бўлмаган.
- Саҳнада бирор марта, саҳна кўринишидаги айтишингиз керак бўлган сўзлар, ёдингиздан чиқиб қолган ҳолатлар бўлганми?
Арсен: - Айнан мана шу ерда, бир марта бўлган! Бир неча дақиқага сўзларим ёддан чиқиб қолган. Бу ўзбек тилидаги шеър эди, бир неча қатори ёддан чиқиб қолди. Кейин яна эсладим ва охиригача ўқиб бердим.
- Энг қийин саҳна кўриниши-чи?
Арсен: - Ўйлайманки, бундай саҳна кўриниши ҳали олдинда!
- Қаттиқ берилиб тайёрланмоқдасиз! Бугун сизнинг ҳам иштирокингизга гувоҳ бўлишимиз мумкинми?
Самандар Ҳамроқулов хонанда ва актёр: - Албатта! Мана қўлимда матнларни беришган, бугун кундузи репетиция қилдик. Ўзи умуман, менга Сomedy Uz нинг ижоди ёқади. Уларнинг ишлатадиган ҳажвияларини азалдан кузатаман! Ҳар ҳолда ҳажвчининг фарзанди бўлганлигим учун, бошқача бир қарашим бор. Лекин, уларнинг ижоди, янгиликлари менга ёқади.
- Бугунги концертда хонанда сифатида иштирок этасизми, ёки актёр сифатида чиқиш билан кифояланасизми?
Самандар Ҳамроқулов хонанда ва актёр: - Битта интермедия бор, аралаш мавзуларда! Бу концертда қўшиқ куйламайман, фақат резидент сифатида иштирок этаман!
- Агар сир бўлмаса, қандай чиқиш ва сўзларни ўзингиз ёздингизми, ёки тайёр матн?
Самандар Ҳамроқулов хонанда ва актёр: - Бугунги мен чиқадиган саҳна кўринишини, менинг ижодимга алоқаси йўқ, яъни ўзимнинг ижод намунам эмас. Бу олдин намойиш қилинган нарса, лекин менинг фикримча, яхши ижод маҳсули қолиб кетиши керак эмас! Уни янгилаб, янгича образлар билан ижро қилиб, ишлатса, у барибир томошабинларга манзур бўлади. Агар айнан ўзимнинг ижодим бўйича бўладиган бўлса, ўзим кўпроқ дадамлар раҳматли Рустам Ҳамроқуловнинг ижодий репертуарларидан кўпроқ фойдаланаман! Шароитга қараб, ҳажвияларни ўрнида ишлатишга ҳаракат қиламан.
- Бу концертда сизни ҳам бирор саҳна чиқишида кўришимиз мумкинми?
Элдор Қаюмов бастакор: - Бу концертда меҳмон санъаткорлар бор. Шулардан бири, яъни хонанда Нилуфар билан бирга иштирок этиб, саҳнага чиқаман. “Тантанам мани” қўшиғида, бу қўшиқнинг муаллифиман! Нилуфар билан биргаликда саҳнага чиқиб, томошабинларнинг кайфиятини кўтарамиз! Лекин, ўзи биз саҳна ортидаги инсонмиз! Асосан, студияда ижод қиламиз. Нилуфар билан “Тантанам мани” қўшиғимиз омадли чиқди! Янги мусиқий альбом ҳаракатидамиз. Бундан бу ёғига ҳам яхши қўшиқлар яратиш ниятидамиз! Сomedy Uz га ҳам омад ёр бўлсин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.