FATTOHHON.COM
« Все новости
Art Week Style Uz 2013 санъат ҳафталигидаги энг ёрқин ва энг кутилмаган либослар намойиши бу шубҳасиз, дизайнер Stefano Ricci нинг Тошкент циркида ўтказилган оламшумул шоуси бўлди! Шу кунгача, бирор дизайнер ўзининг либослар намойишини, циркда ўтказмаган эди!
Фақатгина эркаклар либослари яратувчи бу дизайнернинг “Циркда либослар намойиши ўтказади”, деган хабарнинг ўзиёқ, барчани бу шоуга жуда ҳам қизиқтириб қўйганди, ниҳоят, либослар намойиши бошланди!
Цирк аренасининг тепасига ўрнатилган катта мониторда, учиб келаётган улкан қуш тасвири кўринди, сўнг қиш, ёғаётган қор фонида Stefano Ricci ёзуви акс этиб турарди.
Шоу намойиш бир неча қисмга бўлинган бўлиб, ҳар бир қисмда қайсидир фаслга мос, услубга мос либослар намойиши қилиниб, ҳар бир қисмда, ўша қисмга мос келган фильмдан мусиқа янграр, ҳамда акробатлар томонидан махсус кўринишлар ҳам намойиш қилинарди.
Биринчи бўлиб, Шимолий қутбни акс эттирувчи мусиқа янгради ва оқ қишки либослардаги 3 та модел йигитлар аста цирк аренаси бўйлаб, одимлай бошладилар.
Оқ мех бош кийими, оқ свитер ва куртка, оқ шим, бошдан оёқ оқ либослардаги биринчи модел йигит, олис Шимолий қутбдаги экспедицияга отланган саёҳатчини эслатарди.
Оқ, олд тарафи очиқ эркаклар жемпери, оқ свитер ва оқ шим кийиб, қора кўзойнак таққан ўрта ёшли иккинчи модел йигит, гўёки ҳозиргина жиддий бизнес учрашувидан келган қиёфани акс эттираётган бўлса,
учинчи модел йигит оқ свитер, оқ шим ва оқ калта пальтода бўлиб, қора кўзойнак тақиб олган эди.
Ҳар уччала модел ҳам фақат бир қўлига қора чарм қўлқоп кийиб, иккинчи қўлқопни ўша қўлларида ушлаб олган эдилар.
Мониторда ёғаётган қор тезлашди. Аренага эса, қўлларида турли ов қушларини кўтарган кўк, кўлранг, жигарранг ва қора кийимдаги модел йигитлар чиқиб келишди.
Уларнинг барчалари шим, калта курткалар кийиб олишганди.
Мусиқа ритми тезлашди, мониторда жуда тез юраётган соат механизмлари акс этди, ўртада акробатик кичик трюк намойиш қилиндию, кейин қисмга ўтилди.
Скрипкадаги мусиқа оҳанги романтикроқ тус олди, эндиликда шим, жемпер кийиб, шарф ўраган модел йигитлар чиқиб келишди.
Сиёҳранг жемперга тўқ кўк, кулранг жемперга оқ, қора жемперга кулранг, кулранг-пушти уйғунлигидаги жемперга тўқ пушти, яна қора жемперга гулли, тўқ қизғиш жемперга шу рангдаги гулли шарф боғлаб, елкаларига ўша жемпер рангидаги сумка осган моделларнинг эгнидаги либослар ҳақиқатдан ўта юқори дид билан тикилган эди!
Шундан сўнг, аренада икки спорт кийимидаги акробатнинг ўзига хос парвоз трюки амалга оширилди. Мусиқа ҳам, эртаклардаги каби сирлироқ оҳангда янграй бошлади.
Аренага бошдан оёқ бир хил, ёрқин ранглардаги спорт кийимлари кийимларида, спорт сумкаларини осиб, бошларига кепка кийиб олган моделлар чиқиб келишди.
Тўқ пушти, тўқ кўк, зарғалдоқ, асфальт рангидаги эркаклар спорт либослари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Қолаверса, моделлар шунчаки арена бўйлаб юрибгина қолмай, балки актёрлик маҳоратларини ҳам, намойиш қила бошладилар.
Улардан сўнг, мусиқа тезлашди ва кутилмаганда шиддатли оҳангда янграй бошлади. Аренада олов ўйнатувчи пайдо бўлди ва аренанинг ўртасида туриб олганча, тўхтовсиз оловли ҳаракатларни амалга ошириб, ҳаттоки оғзидан ҳам олов пуркади. Мана шу жараёнда, мониторда ҳам оловли кадрлар акс этди, албатта олов орасидан Stefano Ricci ёзуви акс этиб турарди.
Шунда, теридан тикилган, ёқали куртка кийиб, кўзларига қора кўзойнак таққанча, катта чарм сумка кўтарган модел йигитлар пайдо бўлишди!
Кийимлар оч кўк, тўқ кўк, зарғалдоқ, ёрқин қизил ва яшил рангларда эди.
Сўнг, сокин мусиқа янгради, мониторда қоронғулик қаърига сингиб кетаётган оқ шарлар лавҳаси акс этди, ҳамда аренага катта пластик шар ичида акробат йигит чиқиб келди. У пластик шар ичида сокин ва сирли мусиқага мос бўлган бир неча ҳаракатларни амалга оширди!
Бундан кейинги қисмда, ёқа четлари қора чизиқли, ўзи сиёҳранг, кўк, яшил, зарғалдоқ ранглардаги костюм-шим ва бош кийимлар кийган моделлар, аренага ит етаклаб чиқиб чиқиб келишди!
Улар кечки сайрга чиққан жентельменларни эслатишарди.
Улардан бири қўлига микрофон олиб куйлаб ҳам юборди ва шу билан кейинги қисмга ўтилиб,
биринчи бўлиб, аренага оқ кўйлак, қора шим ва нимча кийиб, ёқаларига бўйинбоғни боғламай, ташлаб олган модел йигит,
ундан сўнг, гўёки чала тикилган, бир енги йўқ костюмни кийиб олган модел йигит,
костюм шим кийган, лекин бўйинбоғни боғламай бўйнига ташлаб олган йигит,
ҳамда (икки бортли) костюм-шим кийиб, капалакнусха бўйинбоғ боғлаган, жиддий қиёфада бўлса ҳам, қўшиқ оҳангига мос рақсларга тушиб, ўрта ёшлардаги модел чиқиб кела бошлашди. Мониторда эса, эркаклар либосининг қандай тайёрланиши, тикилиши акс этган лавҳалар кўрсатила бошланди.
Яъни, бу бу қисмда эркаклар либосининг қандай тайёрланиши, аренада ҳам кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилинди.
Шундан сўнг, жосус Жеймс Бонд фильмларига хос шиддатли мусиқа янгради ва саҳнага (икки бортли) ҳаворанг, тўқ кўк, кўк чизиқли, кулранг костюм-шим кийиб, қўлида бир донадан гул тутган ўрта ёшли эркак моделлар чиқишди.
Уларнинг қиёфалари, ўша машҳур жосус ролини ижро қилган, Ҳолливуд актёри Шон Коннорининг қиёфасини эслатарди.
Бу қисмдан кейин, аренада, бир йигит ва бир қиз акробатлар, обруч ёрдамида ҳавода ўта мураккаб, мусиқага мос рақс трюкни амалга оширдилар!
Мусиқа сирли ва янада шиддатли тус олди, ҳамда шу вақтда аренада тизза баравар узунликдаги, ёқаси мўйнали пальтода, бошига шляпа кийган модел йигитлар пайдо бўлишди.
Сиёҳранг, оқ йўл-йўл, кулранг, қора, тўқ кўк рангдаги пальто ва шляпа кийган моделлар арена бўйлаб одимлаган вақт, мусиқа худди изқувар Артур Конан Дойль фильмларидаги мусиқалар билан алмашди.
Модел йигитларнинг ўзини тутиши ва ҳаракатлари ҳам изқуварларни эслатарди.
Улардан сўнг, аренада бир гуруҳ акробатлар қадимий италян байроқларини қўлларида осмонга отган ҳолда, махсус номер намойиш қилишди. Аввалига бу номер шиддатли мусиқа остида кўрсатилди,
кейин эса мусиқа сокин тус олиб, дарҳол аренага, турли ёрқин рангдаги (сариқ, қизил, оқ, кўк, қора гулли) костюм ва қора шим кийиб, капалакнусха бўйинбоғ боғлаган моделлар чиқиб келишди.
Сўнг, аренада фрак кийган модел пайдо бўлди ва арена бўйлаб айланиб чиққач, арена четида турган модел қизни ва
томошабинлар ёнидан актриса Дилноза Кубаевани ҳам қулидан тутганча, ҳаммалари биргаликда аренани айланиб, томошабинларга ўз либосларини намойиш қилиб, сўнг ичкарига йўл олишди.
Аренада саксофон садолари янгради.
Шундан сўнг, кутилмаганда жўшқин мусиқа янграй бошладию, аренада уч чавандоз от ўйнатиб пайдо бўлдилар! Улар от чоптириб, баъзи трюкларни амалга оширгач, яна ичкарига йўл олдилар. Сўнг, икки йигит, от устида, Италия ва Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб чиқиб келдилар! Отда шиддат билан чопган йигитлар қўлларидаги байроқларни баланд кўтардилар!
Айниқса, Ўзбекистон байроғининг баланд кўтарилиши ва ҳилпираши, томошабинларни ниҳоятда руҳлантирию юборди! Қарсаклар, олқишлар тинмасди!
Улардан сўнг, шиддатли мусиқа оғушида, 2 жуфт йигит ва қиз акробатлар ёрдамида, ҳавода лентали, ўта мураккаб трюк намойиш қилинди! Трюк давомида томошабинлар бир неча бор ҳайрат билан қарсак чалиб юбордилар.
Трюк ўз ниҳоясига етиши билан саҳнага, либос намойиш қилган барча моделлар биргаликда чиқиб келиб аренани айланиб чиқдилар!
Сўнг, олқишлар садолари остида, бренд муаллифи Stefano Ricci нинг ўзи чиқиб келди! Олқишлар, “браво” ҳайқириқлари остида намойиш ўз ниҳоясига етди.
Стефани Риччи либослари ёрқинлик билан биргаликда, жуда ҳам элегант, ҳамда дид билан яратилган. Бу бренд либосларини кийган инсон, албатта, дарҳол ярқ этиб кўзга ташланади.
Нилуфар: - Циркда бўлиб ўтган Стефани Риччи либослар намойиши жуда ҳам зўр, завқли ва мароқли бўлиб ўтди. Менга жуда ҳам ёқди. Коллекциянинг ўзи жуда ҳам замонавий ва чиройли. Яна бу коллекцияни цирк билан бирга уйғунлашув ғояси, жуда ҳам мослашган ҳолда саҳналаштирилган. Ҳаттоки, ўргатилган ҳайвонлар, моделлар билан бирга намойишда ўзини, моделлардек чиқиб бериши, мени жуда ҳам ҳайратлантирди! Бу либослар намойиши ҳаммага ёқди, деб ўйлайман. Чунки, бу шоуни шунчалик зўр бўлганидан таърифлаб бериш ҳам, қийин! Art Week Style. Uz Ташкилотчиларига жуда катта раҳматлар айтиб қоламан! Дунё миқёсидаги бундай тадбирлар бизнинг юртимизда бўлиб ўтаётганлигидан жуда ҳам хурсандман!
Каниза: - Хуллас, битта сўз билан айтганда, умуман, таърифга тил ожиз! Айниқса, акробатларнинг ҳаводаги рақси мени ҳайратда қолдирди. Итлар, қушлар билан жуда ўзига хос чиқишлар бўлди! Бундан ташқари, актриса Дилноза Кубаеванинг чиқиши ҳам ёқди. Бундан ташқари, чавандозни Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтарганлиги, мени жуда ҳам тўлқинлантириб юборди. Кўнглимда кечган фахр туйғусини таърифлаб бера олмайман! Чунки, бошқа юртдан келиб, бизнинг юртимизда мана шундай жаҳон миқёсидаги шоуни ўтказаётганлиги, ҳамда шу билан бирга бизнинг байроғимизни баланд кўтарганлиги, Ватанимиз мавқейини қанчалик юксалаётганлигини ҳис қилиб, жуда ҳам фахрландим! Байроғимизни юқори кўтаришларидан олдин, мен буни сезгандим ва дугонамга “байроғимизни юқори кўтаришади, ҳозир” деб юбордим. Чиндан ҳам шундай қилишганда, ниҳоятда қувониб кетдим! Чунки, бизнинг ўзбеклигимиз, Ватанимиз байроғи, доим юксак бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳар йили Art Week Style Uz санъат ҳафталигини кузатаман, либослар намойишларига, тадбирларига бораман, ҳар йили ўзгаришлар жуда ҳам катта! Билим, ташкиллаштириш, дид, ҳаммаси шу қадар юқори даражадалиги ҳайратда қолдиради! Бу намойишни кўриб, бизга шундай жаҳон миқёсидаги шоуларни кўриш имконини яратиб берганликлари учун, ташкилотчиларга чексиз миннатдорчилик билдираман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.