FATTOHHON.COM
« Все новости
Актёр Сайфиддин Мелиевни кино, театр ва клиплардаги ҳар хил характердаги образлари билан яхши таниймиз. Аммо, унинг яна бир ижодий қирраси бўлиб, яъни у маҳоратли режиссёр ҳамдир. "Teatry Uz 2013" да ҳам махсус диплом билан тақдирланган Сайфиддин Мелиев куни кеча, Ўзбек Давлат драма театрида, режиссёр сифатида саҳналаштирган, буюк адиб Саид Аҳмаднинг “Қоракўз” асари ва ёзувчи Шароф Бошбековнинг “Вафодор” киноқиссаси асосида, “Қизил олмалар пишганда” спектаклини омма эътиборига ҳавола этди!
Спектаклда бош ролни устоз актриса Гулбаҳор Йўлдошева ижро этди.
Спектакль муштипар она, унинг “Қоракўз” лақабли ити, ҳамда унинг фарзандлари ҳақида бўлиб, фожеавий драма жанрида.
Инсон нима учун фарзанд кўради, нима учун уни оқ ювиб, тараб вояга етказади? Вақти келиб, унинг кунига яраши, тиргак бўлиши учун эмасми?
Аммо, фарзанд севгини баҳона қилиб, Ватандан, оиладан, онасидан ва яқинларидан кечиб кетса нима бўлади?
Ёки, ўз ташвишлари билан бўлиб онасини унутса-чи?
Муштипар онанинг куни дардлашгани бир итга қолса? Бундан ҳам даҳшатли ҳолат бўлиши мумкинми?
“Қизил олмалар” спектаклида асосан, мана шу ҳақида сўз боради.
Кўп йиллар аввал армия хизмати учун, Россияга кетиб, ўша ерда уйланиб қолиб кетган, ўз юрти, оиласини унутиб ҳам юборган ўғил, вақт ўтиб, тасодиф сабаб топилади. Она шўрлик, эса, катта ҳовлида бир ўзи, ҳамма қизларини узатиб юбориб, биргина мана шу ўғли Бўривойни кутиб, бефарзанд қизи ва биргина ити “Қоракўз” билан дардлашиб, умр кечиради. Ўғли топилганда қанчалик қувонган она, уни ҳаттоки ўз тилини ҳам унутиб юборганини билганида қанчалик изтироб чекади. Онанинг “Тилингни унутибсан, динингни унутибсан, Ватанингни унутибсан, лекин ўтганларни унутганингни кечира олмайман!” дейишларида қанчалик изтироб мужассам.
Бўривойни шунча йил кутган севгилиси қўшни қиз эса, уни Россияда оилали бўлиб кетганини билганидаги ҳолати, аёл изтироби ишонарли кўрсатиб ўтилган.
Муштипар она, ўз дардини ити Қоракўзга айтади, онани гўёки фақат мана шу тилсиз жонивор тушунади. Бу ит, онани бир бор ҳушидан кетганида, ўлимдан сақлаб қолади. Лекин, иккинчи сафар ўлим барибир онани олиб кетади. Онанинг вафотидан сўнг, бераҳм куёвлар итни йўқотишга киришадилар. Уни шунчалик калтаклаб, олиб чиқиб ташлашадики, айнан шу жараённи кўриб, залда кўзига ёш олмаган томошабин қолмади ҳисоб. Спектаклда ит ролини ижро қилган актёрнинг маҳоратига қойил қолмай илож йўқ!
Аммо, спектакль якунида, барибир Қоракўз ўша ҳовлига, эндиликда онасисиз бир ўзи қолган, онанинг бефарзанд қизи ёнига қайтиб келиши саҳнаси, янада таъсирли чиққан!
Спектаклда декорация ва деталларга алоҳида аҳамият берилган! Масалан, вақт ўтишини соат ифодалаши, марҳум устоз актриса Марьям Ёқубованинг радио орқали авваллари олиб борган тунги эртак дастурининг эшиттирилиши, Бўривойнинг ёшлигидаги онаси сақлаб қўйган либослари, саҳнада сочилиб ётган қизил олмалар ва Бўривой уйга қайтиши ҳамда кетиш олдидан ўша олмаларни соғинч билан ҳидлаши, Бўривойнинг онадан айрилгандаги йиғи саҳнаси, умуман, спектаклдаги ҳар бир ҳолат, алоҳида таъкидлаб ўтишга арзигуликдир.
Мазкур спектакль инсонларга ўз онаси, яқинларига эътиборли ва меҳрли бўлишга, Ватанни қадрлашга ундайди. Мазкур спектакль орқали Сайфиддин Мелиев ўзининг режиссёрлик маҳоратини тўла-тўкис кўрсата олган.
Сайфиддин Мелиевга ижодда омад тилаймиз, ҳамда яна мазкур спектаклдай таъсирли ва мазмунли ижод намуналари кутиб қоламиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова