FATTOHHON.COM
« Все новости
Хонанда Сардор Раҳимхон ижодида 2-3 йил вақт танаффус бўлгандек туюлди ва бу матбуотга ҳам, унинг мухлисларига ҳам сезиларли бўлди. Лекин, шоу бизнес оламида кўпчилик плагиат қўшиқлар билан ўз рейтингини ошираётган бир вақтда, кутилмаганда Сардор Раҳимхон муаллифлик қўшиқларидан бир нечтасини куйладию, оз вақт ичида ўзининг аввалги рейтингини ҳам қайтариб олди, ҳамда мухлислари олдида ҳам юзи ёруғ бўлди! Асл ижод бир оз вақт эътибордан четда бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон йўқолмайди, ҳақиқий ижодкор ҳам танаффус қилиши мумкин, аммо ҳеч қачон ижоди назардан қолмайди! Сардор Раҳимхон ҳам, ҳар қандай танаффусга қарамай, ҳамиша омма эътиборида.
- Ўтган вақт давомида ўз йўналишингиздан фарқ қилувчи йўналишда қўшиқлар ижро қила бошладингиз. Бу янгилик яратиш учунми, ёки қандайдир рейтингни ушлаб туриш учун?
- Замон ўзгармоқда. Ҳозирги кун ёшлари билан бундан 4-5 йил олдинги ёшларнинг орасида катта фарқ катта. Бунинг устига эстрада жанри йил сайин ўзгариб борадиган жанр, у мумтоз жанр эмас, ҳар доим бир хил бўлиб турмайди. Бу жанр модага қараб ўзгарадиган жанр. Санъаткор эса, эстрада жанрида ижод қилганидан кейин, ҳоҳласа, ҳоҳламаса модага риоя қилиши керак. Ҳар доим услубга ва ёшларнинг талабига риоя қиладиган даражада бўлиши керак. Диққат-эътиборда бўлишни истаган, мухлисларнинг эътиборига талпинган ҳар бир хонандада бу ҳолат кузатилади ва бўлиши керак бўлган табиий ҳолат бўлиб, мана менда ҳам бўлиб ўтди. Ижодда йўналиш ўзгариши, бу замон талаби, ҳамда қолаверса, ёшларнинг талабига жавоб бериш ва қайсидир маънода ўзимни янги йўналишларда синаб кўриш, асосий мақсад ҳам шу эди.
- “Бомбей” қўшиғингиз чиққунча ижодингизда танаффус бўлгандек бўлди. Тўғри, сиз биттагина қўшиқ билан ўз рейтингизни қайтариб олдингиз. Аммо, бу танаффус сабаби...
- Тўғри, шундай ҳол юз берди. Сабаби, ижодга қўлим бормай қолган вақтлари эди... 2010 йилдан бошлаб, 2013 йил бошларигача, ўз оилавий муаммоларим билан банд эдим. Яъни, азиз инсоним отам, оғир бетоб бўлиб қолгандилар. Ижод шундай нарсаки, унга бутунлай ўзингизни бахшида этмасангиз, ундан сиз ҳоҳлаган натижа чиқмайди. Фикрингиз бир жойда бўлиши керак. Ҳар бир ишда шундай, бор вужудингиз билан киришмасангиз, ўша нарса зўр бўлиб чиқмаслиги табиий. Айниқса, биз ижодкорларда бу нарса яққол сезилади. Фикру хаёлингиз уйда, ота-онангизда, қандайдир муаммолар билан банд бўлса, ҳоҳласангиз ҳам, ҳоҳламасангиз ҳам, ижод сиз истагандек бўлмайди. Шунинг учун ҳам, ижодга қўлим бормай қолганди... Энди бу ёғига худо ҳоҳласа, ҳамма нарса ўз изига тушиб кетди.
- Сизни тушкунликдан нима қутқаради?
- Биринчи навбатда иймоним қутқаради. Мен ношукурчилик қилишдан қўрқаман. Чунки, содир бўлаётган ҳамма ҳодисалар, бу синов. Биз синовларга бардошли бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Қолаверса, ота-онам, яқинларим, фарзандларим, мени қутқарадилар. “Улар учун мен ҳар доим кучли бўлишим, улар учун мен курашишим, енгилишигга ҳаққим йўқ”, деган фикр менга куч беради. Албатта, шу вақтгача эришга ютуқларим ва мени қўллаб-қувватлаётган мухлисларимнинг ишончи, ҳаммаси менга куч беради. Шунингдек, эркаклик ғурури ҳам куч бермасдан иложи йўқ! “Эркак кишисан, чидашинг керак!”, деган фикр билан ҳар қандай ҳолатни енгиб кетамиз!
- Бу саволим учун узр сўрайман. Отангизни сўнгги кунларида ёнларида бўла олдингизми? Уларни сўнгги сўзлари...
- (оғир хўрсиниб самимий) Албатта, нафақат сўнгги кунларида, ўша оғир касалликларини билган кунимдан бошлаб, уч фарзанд, мен, акам, укам, ҳаммамиз, ҳар куни ёнларида бўлдик. Ёшлигимда шундай вазият бўлганди, оилада биз уч ўғилмиз ва ёшлигимизда, онамлар оғир касал бўлиб қолган вақтларида, биз фақат ўзимизга ишонишимизга тўғри келган. Ўшанда, отамлар, бизга ўзлари қараб, барча ишни ўзлари қилиб, бизни оқ ювиб, оқ тараб, қайсидир маънода онам ўрнида бўлганлар. Биз бир-биримизга жуда ҳам боғлангандик. Шунинг учун, отамизга меҳримиз бўлакча эди, отамизни жуда ҳам яхши кўрардик! Отамлар Мираҳмад Агзамович Раҳимов, жуда ҳам меҳрибон, кўнгилчан, таъсирчан инсон эдилар. Бу хислатлар, биз 3 ўғилга ҳам ўтган! Масалан, мен арзимаган нарсага кўзимга ёш келиши мумкин, арзимаган нарсага хафа бўлишим, хурсанд бўлишим мумкин. Бундан ташқари, жуда ҳам оилага боғланган инсонлармиз. Шундай инсонлар бор, бир ҳафталаб уйга келмай, оиласини соғинмай, оддий ҳеч нарса бўлмагандек юраверади. Мен эса, бир кун уйда бўлмай қолсам, оиламни соғинаман! Ҳаттоки, томоғимдан овқат ўтмай қолади. Биз оилада шундай тарбия кўрган инсонмиз. Бу хислат ҳам отамлардан ўтган. Шунинг учун ҳам, отамларнинг ёнида бўлиш, нафақат менинг бурчим, балки эҳтиёжим ҳам эди! Худога шукур, шундай қилдим, ҳаммамиз ёнларида бўлдик! Аммо, Оллоҳнинг иродаси экан. У киши, сўнгги сўзларини айта олмай қолдилар. Чунки, тилдан қолгандилар, гапира олмай қолдилар, гаплаша олмасдилар. Ўзимнинг қўлимда жон бердилар... Ўзи шундай ҳолат бўлар экан, инсон кўнгли сезар экан! Ҳаттоки, уйдагилар ҳам, шифокорлар ҳам, “ҳаммаси яхши, ҳали яшайдилар” дейишларига қарамасдан туриб, вафотларидан бир кун олдин кўнгилга Оллоҳ солар экан. “Отанг кетяпти, отанг билан хайрлашиб қол” деган нарса, фарзанд сифатида кўнгилдан ўтар экан. Менда шундай ҳолат бўлди. Отамларнинг вафотидан бир кун олдин, кундузи ўзимдан ўзим “Минор” қабристонига бордим, хилхонамизга бориб, гўрковни чақириб, “Отамларнинг мазалари йўқ. Эртага, оналарининг ёнига, мана шу ерга, бир жой ажратиб қўйсангиз. Мабодо шундай бўлиб қоладиган бўлса, шу ерга олиб келамиз”, дедим. Ёнимда бирга келган укам ҳайрон бўлиб қолди! Чунки, отамлар вафот этадиган аҳволда эмасдилар, мени эса кўнглимдан ўтди ва ўзим йиғлаб бориб, ўз-ўзидан шу ишни қилдим! “Авваламбор, умрлари узоқ бўлсин! Лекин, агар бўлиб қоладиган бўлса, шу ерга олиб келамиз” дедим. Айтганимдек, эртаси кечқурун қўлимда, жонлари узилди. Ўша жойга дафн қилдик. Ўзи кўнгил сезар экан. Иложи борича, ўша кунлари ёнларида бўлиб, кўпроқ гаплашишга ҳаракат қилдим. Лекин, минг афсус! Ўша сўнгги кунларда тилдан қолгандилар, гапира олмадилар. Лекин, ўша розиликларини олганимизда, “Биздан рози бўлинг” деганимда, кўзларидан тинмай ёш оққани, менинг назаримда, “мен розиман” деганлари бўлди! Отам жуда ҳам самимий ва оддий инсон эдилар. Оддийликлари, хушчақчақ самимийликлари, 2 ярим йил давомида мана шу дардни енгишда энг катта куч бўлди, назаримда. Ҳаттоки, шифокорлар ҳам айтишади, у киши охиригача, бу оламдан кетаётганликларини тан олмадилар. Бу нарсани билганлари ҳам йўқ. “Мана шундан ўтиб олсам ҳаммаси яхши бўлади, тузалиб кетаман! Яшаб кетаман!” деган нарса билан, шу кайфият билан яшаб келдилар. Ўзини ишонтириш ҳам, инсон учун ката куч! Мен яшайман, деган нарса бўлса, инсон яшайди! Бўлмаса, у кишининг касаллари жуда ҳам оғир эди, яъни Лейкоз! Шифокорлар икки ойгина муҳлат беришганди... 2010 йилда Москвадан “бир ойдан кейин вафот этади” деб қайтариб юборишганди... Шундан кейин ҳам, 2 ярим йил яшадилар. Бу қайсидир маънода, ўзларининг ҳаётга бўлган муҳаббатлари, умидлари натижаси, деб ўйлайман. Ҳаттоки, шифокорлар ҳам “Қачон кирсак яхши кайфиятда, ҳазиллашардилар. Ҳолатлари, касал инсоннинг ҳолатига ўхшамасди” дейишарди. Бўлмаса, жуда оғир муолажалар олардилар, оғир уколлар олардилар, жонлари оғрирди. Шунда ҳам, ҳеч қачон тушкунликка тушмаганлар! Ўйлайманки, уларнинг кайфиятлари, шу дардни енгишда ёрдам берган. Отамларнинг дарди, жуда оғир бўлди ва табиийки, даволаш катта маблағ ҳам талаб қилди. Шундай вақтлар бўлдики, манаман деган ташкилотларга, “ёрдам қиламиз” деб кўксини кериб юрган инсонларга ҳам мурожаат қилишимга тўғри келди. Ёрдам сўраб эмас! Мен улардан қайтариш шарти, қарз сўрадим! Даврим келган вақтда, атрофимда гирдикапалак бўлиб юрганларнинг ҳаммасига мурожаат қилишимга тўғри келди, ҳеч биридан ёрдам чиққани йўқ... Рак билан боғлиқ касалликларда хорижга бориб даволаниш жуда катта маблағ талаб қилади. Отамникида эса, афсуски, энг қимматларидан бири бўлди... Қўпол қилиб айтганда, 500 минг хориж валютаси миқдорида маблағ зарур бўлди! Минг афсуски, мен ўша маблағни, ҳеч қаердан топа олмадим! Натижада, ҳаммадан қарз сўрадим, “ўша маблағни ишлаб, қанча вақт ичида бўлса ҳам қайтараман, керак бўлса, уйимни, машинамни сотаман” десам ҳам, ҳеч ким қарз бермади! Ваҳоланки, баъзиларни бунга имкониятлари бор эди... Ўшанда англаб етдимки, ҳақиқатдан ота-онангиз ва Оллоҳдан бошқа дўстингиз бўлмас экан... Керак бўлса мен ўша жонимни фидо қилганларим, ўша маблағ қўлида бўла туриб, атрофимдан йўқ бўлиб қолишди! Кимнинг қандайлиги шундай вақтда билинар экан! Мени ҳеч кимни қоралаш ниятим йўқ, фақат ким қандайлигини билиб олдим, холос. Лекин, Оллоҳнинг яхши кунлари ҳам бор, мўъжизаси ҳам бор. Отам 2 ярим йил бўлса ҳам, яшадилар, бу вақт ичида, укамни уйлантиришга улгурдик, тўйини кўрдилар. Укам фарзандли бўлди, ўғлини кўришга улгурдилар. Уччаламизни ҳам уйли-жойли қилиб, набиралари кўриб, кетдилар. Шу тарафларидан, қайсидир маънода кўнглим тўқ, худога шукур. Аммо, биргина армоним, ота-онамни ҳажга юбора олмадим! Улгура олмадим... Юбормоқчи эдим, уларнинг соғлиқлари кўтармасди. Лекин, ният қилганман, худо ҳоҳласа, ўзим ҳажга борсам, отамларнинг ўрнига ҳам, ҳаж ўтаб келарман, деган ниятим бор. Ўлим яхши нарса эмас, аммо шундан ҳам яхшилик чиқаришга ҳаракат қилар экансиз. Оллоҳ суйган бандасига синов, дард беради, ўйлайманки, отамга ҳам, бу дард балки, билиб билмай қилган гуноҳларнинг каффорати бўлгандир? Шу билан гуноҳлари ювилиб, жаннат насиб қилгани рост бўлсин! Мен шундай деб ўйлайман ва шу нарса таскин беради. Қолаверса, ўлим ҳақ, ҳамманинг бошида бор. Отамларнинг вафоти, ҳаётимдаги туб бурилиш ва шу билан ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди! Отамлар чалинган дардни, яъни лейкоз касаллигини жуда оғир, бедаво дейишади. Аммо, мен агар мабодо, шу дардга чалинган инсонлар бўлса, айтиб ўтмоқчиман, бу касалликни биринчи навбатда давоси, инсоннинг ўзида, айниқса, атрофидагиларда! Ҳеч қачон тушкунликка тушиш керак эмас! Отамлар, шунча вақт шу касаллик билан яшадилар, яъни яшаш вақтини узайтира олдилар! Балки, имкониятлардан келиб чиқиб, дори-дармонлар қилинганлиги ҳам сабабдир? Аммо, барибир инсоннинг ўз иродасига ҳам боғлиқ! Мен шундай касалликлар шифохонасига борганимда, шу касаллик билан оғриган ёш болаларни ҳам кўп кўрганман. Бу касаллик ёш танламас экан! Нимадан келиб чиқишини ҳам ҳеч ким билмас экан! Шунинг учун ҳам, бу касал билан оғриганларга далда бўлсинки, барибир яшаса бўлади! Ёш болаларда иммунитет кучли бўлади ва енгиб кетиш мумкин!
- Шундай вақтларда ўзингизни қандай қўлга олдингиз? Нима сизга куч берди?
- Ўзи 2010 йил тўйим бўлган бўлса, шундан сўнг, бирин-кетин синовлар келди. Тўйимдан бир ой ўтиб, отам оғир касалга чалиндилар. Озгина ўтмай, қуруқ туҳматга қолдим. Ундан сўнг, ижодимда, рейтинг тарафлама ҳам тушишлар бошланди. Буларнинг ҳаммаси бирданига келгани учун, инсон қайсидир маънода сиқилиб, дипрессияга ҳам тушиб қолар экан... Бу нарса эса, ижодкор учун жуда қийин бўлар экан! Айниқса, машҳур бўлиб, ҳаммаёққа қўли етадиган бўлиб юрган инсонга, шундай ҳолатлар келиб қолса, жуда қийин экан! Инсон бундай пайтда, ўзини ўзи “еб” қўйиши ҳам мумкин. Кўп ижодкорларда шундай бўлган, ҳаттоки тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилишгача борганлари бор, кимдир ичкиликка берилиб кетган, гиёҳвандликдан чора излаган... Шундай вақтда, сизга энг куч берадигани бу сизнинг иймонингиз бўлар экан! Менга ҳам шу нарса куч берди! Ҳеч кимга керак бўлмаган вақтим ҳам, Оллоҳга ва оиламга кераклигимни ҳис қилдим! Ҳеч ким бўлмаган вақтимда ҳам, мени юксалтирган Оллоҳ эди, йиқилганимда ҳам, яна суяган Оллоҳ бўлди! Шунда, менинг дўстим йўқ экан, биринчи навбатда Оллоҳ ва ота-онам экан, дедим. Тўғри, инсонларга ишониш керак. Лекин, унақа бир даражада ишониб қўйиш керак эмас экан. Сиз ўзингиз ўйлагандек яқинингизни барибир топа олмас экансиз. Устозларимдан бири “кутган инсонингга айлан” дегандилар. Бу дегани, барибир кутган инсонинг йўқ, кутган инсонинг ўзингсан, дегани! Шу гап менга ҳар доим дарс бўлиб келган! Шу нарсанинг ҳам ҳақиқатлигини англаб етдим! Бу бир тарафдан яхши ҳам бўлди, ўзимнинг инсонларга нисбатан бўлган фикрларимни аниқлаштириб олдим! Ким қандай ва нима учун менинг атрофимда, кимга нима учун керак эканман, нима учун яшашим кераклигини англаб етдим! Ўзим учун керакли хулоса чиқардим. Биринчи навбатда оилам учун яшашим кераклигини билдим. Мана шулар менинг ҳақиқий содиқ дўстларим! Лекин, бу асло атрофдагиларга ишончсизлик билан қарайман, деган нарса эмас! Фақат ўз ёнимда, менга ўзини дўст кўрсатиб юрганларни билиб олдим, демоқчиман холос. Қайтанга, шу ҳодисалардан сўнг, атрофга янада муҳаббат билан қарайдиган бўлдим! Ҳаёт, инсонларни, яқинларни янада қадрлайдиган бўлдим! Оддий, олдин менинг кўзимга кўринмайдиган ҳис-туйғулар ҳозир мен учун жуда ҳам қадрлига айланди! Олдин мен учун катта бўлиб кўринган нарсалар, ҳозир мен учун ҳеч нарса бўлиб қолди... Масалан, олдингидек, башанг кийим-кечак, маишатбозлик, кўчада юришлар, ҳашам, атрофдагиларнинг қарсаклари, машҳурлик, мен учун биринчи ўринда эди. Ҳозир булар, мен учун умуман, иккинчи, учинчи, тўртинчи даражали. Мен учун ҳозир биринчи навбатда, инсоний яқинлар билан бўлаётган муносабатлар, уларнинг сиҳат-саломатлиги, ўртамиздаги муносабатлар, атрофимдаги инсонларнинг менга бўлган меҳри, мана шулар биринчи ўриндаги заруратга айланди! Бу ҳам менга Оллоҳнинг марҳамати, чунки шу ишлар бўлмаганда, мен адашиб, қайсидир маънода, балки нотўғри йўлдан кетган бўлардим.
- Отангизни Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин! Жойлари жаннатдан бўлсин! Ойнинг 15 қоронғу бўлса, 15 ёруғ, дейишади.
Ҳозирги кунда ўзингиз ҳам оилалисиз. Ўзингиз оталик вазифасини қанчалик уддалаяпман, деб ўйлайсиз?
- Энг зўр ота, қандай бўлишини билмадиму лекин, мен шундай ота бўлишга, қўлдан келганча ҳаракат қиляпман! Чунки, ўзим жуда ҳам болажон инсонман! Болалар менинг жону дилим! Тўйларга борганимда ҳам, болаларни олдимга чақириб оладиган одатим бор! Чунки, боладаги беғуборлик ва самимийликни ҳеч қаердан топа олмайсиз!
- Иккинчи бор ота бўлдингиз, табриклаймиз! Иккинчи фарзандингизни қўлга олганда, аввалгисидаги туйғулар билан ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бўлди?
- Оталик ҳиссини биринчи бор туйганингиз билан кейингисида албатта, фарқи бор. Чунки, сиз оталик ҳисси нималигини биласиз. Лекин, яхши тарафи ҳам шундаки, шу ҳисни яна бир бор ҳис этиш, Оллоҳ томонидан сизга яна бир бор фарзанд туҳфа бўлиши, бу ҳаммаси жуда катта мукофот бўлгани учун ҳам, сизга бахт, шодлик улашади, хурсанд бўласиз! Олдингисидан фарқи, (самимий) биринчиси, барибир биринчи! Яна бир фарқи, (кулимсираб) иккинчи фарзандим Самия менинг туғилган кунимга совға бўлди! Шунинг учун, мен учун икки баравар хурсандчилик бўлди! Ўзи рафиқам ҳам, “фарзандимиз, айнан 3 сентябрь, туғилган кунингизга дунёга келсин”, деб ният қилган эди. Нияти амалга ошди! Яна бир тарафидан хурсанд бўлдим, иккинчи қизим ҳам, биринчи қизимнинг нусхаси, иккалови бир хил! Катта қизим бўлса, худди менинг ўзим! Рафиқам ҳам, “кўрдингизми сизни қандай яхши кўраман” дейди. Шунинг учун ҳам, қизимни кўрсам, худди ўзимни, болалигимни кўргандек бўламан, кўрганимда жуда қувонаман! Айниқса, иккинчи қизимни туғилган кунимга дунёга келгани, мен учун жуда катта совға бўлди! Бутун умрим давомидаги энг катта, совға шу бўлса керак! Иккинчи қизимнинг исмини Самия, деб қўйдик. Самия, дегани, “юксак, юксакликка интилган”, деган маънода бўлиб, бу исмни танлашим жуда қийин кечди. Охири 2 сентябрь куни шу исмни топдик. Унгача, мен учун исм танлаш жуда ҳам мушкул бўлди. Мен ўзим нима исм танлашни билмай, охири рафиқамга ҳам, “қидириб кўр” деб айтдим. Ҳам катта қизим Сабриянинг исмига мос, ҳам замонга мос, ҳам чиройли, яхши маънодаги исм бўлиши керак эди! Уччаласининг йиғиндисини топиш қийин бўлди! Охири шу Самия исми чиққанида, мен жуда хурсанд бўлдим. Чунки, ҳақиқатдан мен кутгандек исм, ҳам маъноси яхши, ҳам чиройли эшитилади, ҳам замонга мос, ҳар тарафлама чиройли бўлди!
- Сабрия қизингизнинг тили чиқдими? Синглисига қандай муносабатда?
- Сабриянинг тили чиқди, айтган биринчи сўзи “Оллоҳ” бўлди. Ўзим ҳам шуни ҳоҳлаб, ният қилгандим. (самимий кулиб) Жуда ҳам шўх, маҳмадона қиз бўлган, эрталабдан туриб олиб, “Адажоним” дейди! Эрталабдан кайфиятимни кўтаради. “Кока-кола”ни жуда яхши кўради, ичирмасам ҳам унинг учун ҳамма нарса, “кока-кола”! Нима олиб берай, десам, бирор нарсани кўрсатса ҳам, нуқул “Кока-кола” дейди. Синглисига жуда ҳам меҳрибон! Бир хиллар, ота-онасини ука-синглисидан рашк қилади. Лекин, Сабрия ундай эмас! У синглисини ўпиб, қучоқлаб, аксинча, Самияни биздан рашк қилади! Бизни унга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади, “Тегма” дейди! Эрталабдан туриши билан, синглисини “Ляля” деб, ёнига бориб олади, йиғласа у ҳам уйғониб кетиб, бизга “қаранглар” деб, синглисини ёнига бориб олиб, “Алло болам”лаб алла ҳам айтади. Онасига тақлид қиладиган одати ҳам бор. Рафиқам иккинчи қизимга ҳомиладорлик вақтида, Сабрия ҳам онасининг ҳолатига тақлид қилиб, ўзича қорнига сочиқлар боғлаб олиб, “ляля болам” деб, юриб, ҳаммамизни роса кулдирарди. Кўз тегмасин, тез юриб кетди, тез тилга кирди. Ҳар тарафлама меҳрибон, ажойиб қиз, ўзим ҳам айтаман, ҳар тарафлама дастёр бўладиган, ақлли қиз!
- “New Star Media” марказингиз ёпилди, деган гапларга ойдинлик киритсак?
- Ҳа, ёпилгани рост. Бунга ярим йилдан ошди. Бунинг асосий сабаби, унга менинг вақтим етмай қолди. Ўзимнинг ҳам ишларим кўпайиб кетди. Ўзи ўйлаб қарасам, “New Star Media” марказининг очилиши, менинг ҳаётимда энг катта хатолик бўлган экан. Ўзи бошида очаётган вақтимда, устозларим менга “сизга ҳали бундай ишларни қилишга эрта, ўзингизни соҳангизда қиладиган ишларингиз кўп” дейишганди. Мен буни ўшанда бошқача тушунгандим. Ҳамма ҳар хил гапиради. Инсон юксалган вақтида фақатгина ўз фикрини тўғри, деб билар экан. Мана шу хатолик бўлар экан! Инсонга омад келганида, мен нима қилсам тўғри экан, деган фикр чулғаб олар экан. Унга атрофидаги инсонларнинг гапи таъсир қилмай қолар экан. Бу ёмон нарса экан, кўп хатони ана шунинг ортидан қилар экансиз. Шунинг учун, “New Star Media”нинг ёпилишининг асосий сабаби, вақтим етмаслиги, қолаверса, унинг менга керакмаслигини ҳам тушуниб етдим. Ундан кўра, мен ўзимнинг ижодим ва оилам билан шуғулланишим керак. Ижодимдаги орадаги танаффуснинг сабабчиси ҳам, шу “New Star Media” бўлди. Фикру хаёлим бундан ташқари, унга ҳам бўлиниб кетди ва ўз ижодим, ўзим учун учинчи даражали бўлиб қолди. Келаётган маблағ ҳам, бор эътиборим ҳам шунга кетиб қолди. Ижод эса, шундай нарсаки нафақат сизнинг вақтингизни, балки барча имкониятларингизни, молиявий имкониятларингизни, руҳий имкониятларингиз, соғлиғингизгача талаб қилади. Бу нарса 2-3 га бўлиниб кетганидан кейин, ҳоҳлайсизми, йўқми, натижа сиз кутгандек бўлмайди! Шунинг учун, ўз хатойимни вақтида тушуниб, “New Star Media”ни ёпдим. Энди биргина хонанда Дилсўз билан лойиҳамиз давом этмоқда, шартномамиз бор. Дилсўз ўз йўлини топиб кетиб бўлди! “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлди! Бу ёғига энди, қайси қўшиқни ёзиш керак, дегандек, ижод борасида маслаҳатлар билан, ижодий ҳамкорлик давом этмоқда ва Дилсўзнинг ўзи мустақил ижодини олиб кетмоқда.
- Сиз билан мухлислар ўртасида сир борми ва бу сир нималардан иборат?
- (самимий) Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам, яхшиликни кўзлаган маънода, сир бўлиши керак. Сир бу қайсидир маънода, чегара! Бу чегара қуйидагилардан иборат. Биринчи навбатда, шахсий ҳаёт! Шахсий ҳаёт эса ҳамма учун дахлсиз бўлиши керак! Қолаверса, ижоддан ташқаридаги ҳаёт ҳам. Албатта, маданият меъёрлари, этика ва эстетика меъёрлари, гаплашилганда, гаплашиш маданияти, каби меъёрлар бор! Масалан, мухлисларим билан дўстларим билан гаплашгандек гаплаша олмайман, сизлаб гапираман албатта. Улар ҳам мен билан суҳбатлашганда, муомала маданиятига риоя қилишади, “Сардор ака” деб мурожаат қилишади. Бундай чегара эса, бўлиши керак, албатта! Бу муносабатларнинг давомийлиги, узоқлигини таъминлайдиган нарсалардан бири. Чунки, ҳамма, ҳамма билан ўз ҳурматини билиб, гаплашиши керак, деб ўйлайман.
- Мухлислар учун, ўзимнинг қайси жиҳатим қизиқ, деб ўйлайсиз?
- (самимий кулиб) Албатта, ҳар доим шахсий ҳаётим қизиқ, бўлади. Албатта, шахсий ҳаётим, юриш-туришим билан қизиқишади. Мухлислар учун сир бўлиб келаётган ҳамма нарсалар қизиқ! Шунингдек, ижоддаги янгиликлар, қандай янги қўшиқ ёзаётганим, янгиликлар, қўшиқларнинг жонли ижроси билан қизиқишади!
- Ҳар бир инсоннинг ўз “мен”и бўлади. Сизники, нималардан иборат?
- Биринчи навбатда, бу ўзимнинг имоним, виждонимга хилоф иш қилмаслик! Яна, эркаклик, йигитлик ғуруримга қарши иш қила олмайман! Қолаверса, маълум бир чегараларга ҳам риоя қиламан. Бундан ташқари, ўз яқинларим, оилам, дўстларимга хиёнат қилмаслик, деган нарса ҳам бор! Бу ҳам, мени ўз “мен”имни белгилаб берадиган омиллардан бири!
- Бугунги кундаги ҳақиқатларингиз нималардан иборат?
- Юқорида айтганимдек, охирги бир-икки йил ичида ҳаётимда кўп нарсалар бўлиб ўтди. Бундан кўп фикрлар, хулосалар чиқаришимга тўғри келди! Авваламбор, менинг ҳақиқатим, ота-она ва Оллоҳдан бошқа, инсоннинг яқин дўсти йўқлиги! Бу энг катта ҳақиқат! Бу нарсани ўзим бошим деворга урилганида, билдим. Биринчи навбатда, ота-онангиздек дўст топа олмас экансиз! Барибир уларнинг гапи, ҳақиқат эканлигини англар экансиз! Бундан ташқари, бугунги кундаги ҳақиқатларимдан, нимаики ёмон бўлаётган бўлса, шу мен учун яхши экан! Нимаики, яхши деб, ўйлаган нарсам, мен учун ёмон экан! Бу ҳам мен англаб етган ҳақиқат! Мен шу кунгача, нимани ёмон деб, ўша ҳақида қайғуриб юрган бўлсам, ўшалар мен учун яхши бўлиб чиқди! Нимани яхши деб, ўйлаган бўлсам, мен учун ёмон бўлиб чиқди! Шунинг учун, бир нарса бўлиб қолса, мен илгаригидек сиқилмайдиган бўлиб қолдим. Ҳамма нарсани эртага бир яхшилиги бор, дейдиган бўлдим. Бундан ташқари, мени санъатдаги машҳурлигим, менинг ҳақиқатга етишиш йўлидаги энг катта тўсиқлигини ҳам билдим. Масалан, кимгадир ўзингизнинг ҳақлигингизни исботламоқчи бўласиз. Афсуски, машҳур бўлганингиз учун ўша нарсани қила олмайсиз! Шу нарса олдингизда тўсиқ бўлиб қолади ва инсонлар ана шундан, яъни сизнинг машҳурлигингиздан фойдаланишади. Машҳурлигим, менинг ожизлигим! Мана шу ҳам ҳақиқат! Мен ҳамма қатори уришиб-талашиб, ўз ҳақимни талаб қила олмас эканман! Машҳурлик ва маданият тарафлама, мен шу ишни қила олмайман. Ўзимни босиб, жим кетишга мажбур бўлар эканман! Шундай ҳоллар кўп бўлди! Англаб етган энг катта ҳақиқатларимдан яна бири, оила сиҳат-саломатлиги, хотиржамлиги, энг катта бойлигим, энг катта бахтим экан! Қолган нарсалар, иккинчи даражали. Яна бир англаб етган катта ҳақиқатим, ота-она бу энг катта бебаҳо бойлигингиз! Вақтида, афсуски, ҳамма ҳам бу нарсани тушуниб етмас экан! Қўлингиздан келган имкониятларни, ўз вақтида ота-онангиз учун қила олмаганлигингиз армон бўлиб қолар экан! Мана ҳозир менинг отамлар оламдан ўтиб кетдилар. Қўлимдан келганча, улар учун қилишим керак бўлган ишларни қилдим. Аммо, барибир кўнглингизда кемтиклик бўлиб қолар экан... Нимадир қила олмай қолдим, бошқаларга нимадирлар қилиб юргунча, ўшани отамга сарфлаб, бошқа нарсалар қилмайманми, деган нарсалар армон бўлиб қолар экан... Шунинг учун ҳам, энг катта бойлик ва бахтингиз, бу сизнинг бошингизда турган ота-онангиз экан! Нимаики қўлингиздан келса, ота-онангиз учун қилишингиз керак экан! Буни эса, афсуски, кеч англар эканмиз...
- Узр, лекин, сиз ҳақингизда баъзи бир гаплар ҳам тарқалган эди. Уларга ҳам ойдинлик киритиб кета оласизми?
- Биласизми, у гапларни кавлаб, янада шов-шоув қилиш ниятим йўқ. Бу ҳақида гапиришни истамайман! Туҳматларга қолишимга эса, ишонувчанлигим, кўнглим бўшлиги сабаб бўлиб, панд берган, деб ўйлайман. Сал ўзимга пухта бўлганимда, сал пишиқроқ, учарроқ бўлганимда, шу нарса, бўлмасди, назаримда. Инсонлар, менинг соддалигим, ишонувчанлигим, машҳурлигим, оддийлигимдан фойдаланиб, ҳоҳлаган туҳматини бошимдан ағдаришди! Ҳамма буни ўзича талқин қилади. Кимдир ҳақиқатни билади, кимдир эса, ўзича эшитган гапларига ишонади. Майли, ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича қолаверсин! Ўйлайманки, вақти келиб, ҳали ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади.
- Ўзингиздаги қайси одатингизни ўзингиз камчилигим деб, ҳисоблайсиз?
- Таъсирчанлигим, сал тезлигим ва айниқса, охирги вақтларда сал нарсага асабийлашадиган бўлиб қолганман. Бу ҳам камчилик. Қолаверса, айтганимдек, ишонувчанлигим, кўнглим бўшлиги ҳам бор. Укам ҳам, “сиз ҳар доим хўп-хўп деяверасиз, бошқалар сиздан фойдаланиб кетаверади. Хўп демаслик керак, сиз ҳам сизга қилганини унга қайтаринг” дейди. Лекин, мен шу нарсани қила олмайман! Шу ишни ҳам камчилик, деб ўйлайман. Яъни, мен менга ёмонлик қилган инсонга ёмонлик қила олмайман! Ёки яхшилик билан қайтараман, ёки индамай кетаман. Бугунги кунда шу ҳам камчиликдир балки? Чунки, инсонлар барибир ишонувчанлигингиздан фойдаланадиган бўлиб қолишган! Аммо, шундай ҳолатлар кўп бўлди, менинг ёнимда боши эгилиб қолганларнинг ҳам кўпини кўрдим. Ўзининг қилган ишидан уялиб қолганлар ҳам бўлди.
- Ўтган интервьюлардан бирида, радиодан маълум бир эфир вақтини олмоқчилигингизни айтгандингиз...
- Бунга энди, ҳозир вақт етишмаяпти! Ўзим лекин, буни жуда ҳам ҳоҳлардим. Аммо, ҳозир вақт мен учун жуда ҳам танқис нарсага айланиб қолди, улгуролмаяпман.
- Сиз аввал журналистлик соҳасида ҳам фаолият юритгансиз. Журналист сифатида ўзингизга ўзингиз ҳеч танқидий назар билан қараганмисиз?
- Ўзимни ўзим доим танқид қилиб келганман! Мен умумий равишда бўлаётган воқеаларга назар солиб, кейин ўшандан келиб чиқиб ўзимга баҳо бераман. Шахсан ўзимга ҳам ҳадеб танқид назари билан қарайвериш ҳам яхши эмас. Чунки, яхшиликни ҳам топа билиш керак. Ҳадеб, ўзингизни ўзингиз танқид қилаверганингиз билан барибир мукаммал бўла олмайсиз. Ўзингизни ўзингиз “еб” қўйишингиз, ёки ўша нарсага интиламан, деб кўп нарсадан маҳрум бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Ундай интилишлар билан умрингиз ўтиб кетиши мумкин. Мен шу нарсани истамайман, бори билан чекланишни яхши кўрадиган инсонман. Бори билан бахтли бўла олиш қобилияти ҳам, жуда катта фазилат. Борига шукур қилиш, борига қониқиш керак, назаримда. Агар борига қаноат қилмай, ўзимга ҳадеб танқид кўзи билан қараб, “ундай, бундай қилишим керак” деб интилаверсам, ҳаётим ҳам ўтиб кетиши мумкин, кейин ўзим ҳам афсусланаман. “Шунга ҳаётимни бахш этдимми, ахир бу ёқда ҳаётим ўтиб кетибдию...” дейман. Шуни биламан, шунинг учун ҳам, умумий шоу бизнесда, хонандалар ўртасида бўлаётган ҳолатни олиб, солиштириб чиқиб, кейин ўшандан келиб чиқиб, ўзимга хулоса чиқараман. Лекин, доим ўзимга танқидий кўз билан ҳам қараб, камчиликларни тўғрилаб боришга ҳаракат қиламан. Иложи борича, замонга ва сифатга жавоб беришга ҳаракат қиламан!
- Хонандани яхши қўшиқдан ташқари, яна нима машҳур қилиши мумкин?
- Менимча, ташқи кўриниш ҳам катта аҳамиятга эга! Инсоннинг истараси, юриш-туриши ҳам, шоубизнесдаги катта аҳамиятга эга бўлган нарсалардан бири. Қолаверса, инсоннинг юриш-туриши, феъл-атвори, тарбияси ҳам омма кўз олдида. Чунки, жуда кўплаб хонандаларни кўрдик, ўзининг нотўғри тарбияси, ноўрин гаплари, маданиятсизлиги билан ўз бошига ўзи қийинчилик орттирганлари ҳам бор. Бизнинг шоубизнес Россия ёки Европа шоубизнеси эмас! Маданиятсизлик ва беҳаёлик ҳеч қачон машҳурлик келтирмайди! Бизда аксинча, маънавий қадриятларга риоя қилишимиз керак! Гапираётган гапингиз, юриш-туришларингиз, ҳаттоки кўчадаги инсонларга қилаётган муомалангиз, салом-алигингиз, ҳаттоки оилангизнинг тарбияси ҳам, муҳим аҳамиятга эга! Масалан, мен уйимда нимадир қилсам, ҳоҳласам, ҳоҳламасам, менинг ижодимга ҳам, таъсир кўрсатади! Чунки, санъаткор инсонларнинг кўз ўнгидаги инсон. Масалан, “оиласида қандай экан?” дейишади. Дейлик, “отаси ёки онасини ташлаб қўйган экан” деса, бу жуда ҳам ёмон нарса! Бу ҳоҳлайдими, ёки йўқ, халқ эътиборидан қолди, дегани бўлади! Ёки, “боласини кўчага ташлаб қўйибди” деган гап қанчалик ёмон! Бу ҳам машҳурликка таъсир қиладиган ҳолатлардан биттаси. Албатта, ижод, қўшиқ, клип, кийиниш маданияти, ҳаммаси аҳамиятга эга!
- Ўзингиз нима деб ўйлайсиз, мухлисларингиз қай бирини кўпроқ яши кўрадилар, хонандалигингиз, радиобошловчилигингиз, ёки монологларингиз?
- Мухлисларим, авваламбор қўшиқларим орқали яхши кўришади. Лекин, ўша қўшиқларимни ёқтирадиганлар ҳам, “қўшиқларидан ташқари, мана бунисини ҳам яхши кўраман” дейди-да. Шу нарсалар ҳам таъсир қилади. Ўйлашимча, ўзимнинг инсон сифатидаги фазилатларим бўладими, юриш-туришимми, барибир инсонларни менга нисбатан, муносабатига таъсири бор.
- Қўшиқ танлаганда биринчи ким билан маслаҳатлашасиз?
- Ҳар хил. Асосан, кўпроқ ўзимнинг фикрим. Чунки, ўша қўшиққа нисбатан инсоннинг юраги “жиз” этади. Инсон, ўзи “мана шу қўшиқни мен айтишим керак” деб сезади. Қолаверса, атрофимдаги яқинларим, оилам, устозларим, қолаверса, ўзимизнинг мусиқий составимиз бор, шулар билан маслаҳатлашаман. Лекин, кўпинча, кўнглимга қулоқ соламан. Яқин орада яратган, “Яна манда”, “Отажон”, “Бомбей”... уларнинг ҳаммасида кўпроқ ўз фикримга таянганман! Айниқса, “Бомбей”ни танлаётганимда, ўзимга кўпроқ ишонганман. Бастакор Отабек Қамбаралиевнинг ёнига борганимда, ундан бутунлай бошқача қўшиқ кутгандим. Шунда у “Сизни умуман йўналишингизга тўғри келмайдиган қўшиқ бор. Эшитиб кўрасизми?” деди ва “Бомбей” қўшиғини қўйиб берди. Тинглаганимда юрагим “жиз” этиб, “бўлди, шу қўшиқни куйлайман” дедим. Унинг ўзи ҳам ҳайрон қолди. “Сизни йўналишингизга умуман тўғри келмайди! Қандай қилиб айтасиз?” деди. “Айнан шуни айтаман, ҳали кўрасиз” деди. Ҳақиқатда, кўнглим сезган нарса бўлди! Шунинг учун ҳам, асосан юрагим, кўнглим айтганига кўпроқ қулоқ соламан.
- Нима деб ўйлайсиз, Сардор Раҳимхон ҳам, ўғирланган плагиат қўшиқлар айтиши мумкинми?
- (ўйланиб, самимий) Мумкин, албатта. Мен ҳам инсонман, агар шу нарсага зарурат бўладиган бўлса, балки шундай қўшиқлар ҳам куйлашим мумкиндир? Аммо, шу кунгача гапирган баъзи гапларим нотўғри бўлиб чиқаётганини ҳисобга олган ҳолатда, мен ҳам, “ҳеч қачон бундай қўшиқлар айтмайман”, дея олмайман! Чунки, ҳеч қачон, “ҳеч қачон деган гапни гапирмагин”, дейишади. Ўша вақтларда айтган баъзи гапларим тескариси бўлиб чиқяпти ва инкор қилишимга тўғри келяпти. Лекин, ҳозирги кунда менга плагиат қўшиқлар айтишга, зарурат ҳам, ҳоҳиш ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ. Ҳаттоки, бугунги кунда, ўғирланган қўшиқлар хит бўлаётган вақтда ҳам, менинг бунга эҳтиёжим йўқ, назаримда. Худога шукур, ўз пешона терим билан қилаётган меҳнатларим халққа манзур бўлмоқда. Қолаверса, виждоним ҳам пок.
- Наҳотки шу кунгача бўлган ижодингизда бирорта ҳам, плагиат қўшиқ бўлмаган бўлса?
- Бундай қўшиқлар менда ҳам бор. Аммо, мен бундай қўшиқларни омма эътиборига ҳавола қилиб, куйламаганман! Қўрққанман! Халқ олдида гап чиқишидан эмас, бунга виждоним йўл қўймаган! Икки-уч плагиат қўшиқларим бор, чиқарсам, хит ҳам бўлиб кетар? Улар жуда зўр, оммалашадиган қўшиқлар! Лекин, шу пайтгача бунга юрагим бетламайди! Қолаверса, ўша ўзимни “мен”имдан келиб чиқиб ҳам, бундай қўшиқларни куйлай олмайман! Ҳалигача, менга шундай қўшиқларни тавсия ҳам қилишади. “Айтинг, зўр хит бўлиб кетади!” дейишади. Лекин, ўзим пешона терим билан куйлаган муаллифлик қўшиқларим ҳам хит бўлиб кетяпти. Шунинг учун, “нима кераги бор” дейман. Тўғри, шундай қўшиқлар ҳам куйласам, бундан ҳам зўр бўлиб кетиш мумкиндир? Аммо, инсоннинг қорни бир коса овқатга тўяди. Ҳозир бу нарсани кўпайтириб нима қиламан? Тинчгина, ўз ишимдан тўғри хулоса чиқариб, бошқаларга ҳам тўғри ўрнак бўла олсам, менинг назаримда, шуниси яхшироқ. Аммо, “ҳеч қачон бундай қўшиқлар куйламайман”, дея олмайман! Чунки, бировни танқид қилиш ва бировга нисбатан хулоса чиқариш, жуда осон. Лекин, ўша инсоннинг ҳолати ва вазиятидан келиб чиқиб қарасангиз, балки, ўша иш унинг учун тўғридир? Шунинг учун ҳам, мен буни ёмон, дейишим нотўғри бўлади.
- Ўзингиз, ўзингиздаги нимани кечира олмайсиз?
- Ҳаётимда қилган хатоларимни кечира олмайман. Қилмасам бўлар экан, дейман.
- Ҳозирги кунда инсонлар ўртасида, нима йўқолиб боряпти, деб ўйлайсиз?
- Албатта, оқибат йўқолиб боряпти! Ишонч йўқоляпти! Ҳаттоки, “Худо ҳаққи” деган гап ҳам, оддий бир гапга айланиб қоляпти! Шу гап ҳам, шунчаки тилдан чиқиб кетадиган бўлиб қолган! Ўша ишонтиришга уриниб, шундай деётган инсоннинг ўзи, аслида кўп алдайди! Шундай деб, турган инсондан қўрқиш керак! Самимийлик йўқолиб боряпти, лаганбардорлик кўпайиб кетган, назаримда. Гапирилса, гап кўп. Бу нарса инсоннинг оиласида кўрган тарбиясига ҳам бориб, тақалмоқда. Иложи борича, ота-оналар ҳам ўз фарзанди тарбиясига янада пишиқроқ бўлиб, инсоний фазилатларни кўпроқ сингдиришлари керак, менимча. Бу бекорга эмас, кўпинча, четдан кириб келаётган нарсалар, интернет, телевидение, радио ва ғарбдан кириб келаётган одатлар ҳам сабаб, деб ўйлайман. Чунки, масалан, мен бундай нарсаларни оилада кўрмаганман. Олдинги оилалар билан ҳозирги оилалар ўртасида ҳам жуда катта фарқ бор. Ғарб маданияти, уларнинг оиласидаги одатлар, тарбияси, ҳоҳлайсизми, йўқми, бизга ҳозирги кунда ўз таъсирини кўрсатмоқда! Уларда оиладаги муносабатлар оддий ҳолат, пул ҳамма нарсани ҳал қилади! Ота-онага меҳру оқибат деган нарса йўқ! Бир-бирига ғамхўрлик қилиш ҳам йўқ! Ҳаттоки, ака-укалар ҳам бир-бирини танимаслиги мумкин. Шу нарсалар бизга ҳам кириб кела бошлади. Биз эса, бундай бўлмаслиги учун ҳам, ўзимизнинг ўзбекона урфу одатларимиз, оиладаги тарбиявий қонун-қоидаларимиз, ота-болаларимиздан мерос миллий маданиятимиз, тарбиямизни сақлаб қолишимиз керак! Шунинг ўзи, энг катта куч!
- Янги концерт дастурини тақдим қилиш ниятингиз борми?
- Бундай ниятим бор эди. Аммо, ҳозирча ниятимдан қайтдим. Чунки, бунга биринчи навбатда етарли шароит йўқ! Шу даражада концерт қилиб бера оладиган ташкилотчилар ҳам йўқ! Чунки, барибир ҳам яхши нарса қилишга ҳаракат қиласиз! Яхши нарса эса, имконият талаб қилади. Имкониятни эса ҳамма ҳам яратиб беравермайди. Ҳамма ўз фойдасини ўйлайди ва концерт харажатни оқлашини ҳоҳлайди. Концерт харажатни оқласин, десангиз, унда концертингиз ҳамма қатори концерт бўлиб қолади! Биринчи сабаб, шу. Иккинчи сабаб эса, мен ўзим ҳам ҳали тайёр эмасман! Репертуарим тайёр эмас! Бундан олдинги концертларимдан, бу янги концертим бутунлай бошқача бўлиши, катта фарқ қилиши керак! Мен ҳозир шунга тайёргарлик кўряпман! Масалан, менинг концертимга келганлар, мана шу концертда ижро қилинадиган ҳамма қўшиқларни ёддан билишларини истайман! Репертуар шу даражада бўлиши керак! Масалан, баъзи хорижий юлдузларнинг концертини кўрсам, бутун зал бирга куйлайди. Бизда эса, 2-3 хит қўшиқлар ва қолгани янги қўшиқлар бўлади. Натижада томошабинлар, концертда тушунмай ўтираверишади, бир йил ўтгач, ўша қўшиқлар уларга секин “етиб боради”. Бундай концертни менимча, менга кераги йўқ! Ундан кўра, бироз кутиб, концертимда 21 та қўшиқ бўладими, 23 тами, ҳаммасини келган томошабинлар ёддан билишсин! Жуда ёддан билмаса ҳам, таниш қўшиқлар бўлсин! Ўша ҳис-ҳаяжонни тушуниб, қўшилиб куйлайдиган даражада концерт бўлиши керак, деб ўйлайман. Бунга эса, ҳозирги репертуарим етарли даражада тайёр эмас. Ҳозирча 10 тача қўшиқ бор, яна 10 таси устида иш олиб боришим керак. Бунинг учун, ўша қўшиқлар оммалашиши учун, клип олиб, “айлантиргунча” озгина вақт керак, бўлади.
- Лекин, баъзи ижодкорлар, “ҳамма қўшиқлар таниш бўлса, эски бўлиб қолади, бу эса томошабинни зериктиради” ҳам дейишади.
- Бўлмаган гап! Мен бу гапга мутлақо қўшилмайман! Мухлис ҳар қанақа ҳолатда, ҳам яхши кўрган қўшиқларига бефарқ бўлмайди. Масалан, хонанда Тоҳир Содиқов концерт қўйса, ўша вақтдаги, 10 йил аввалги қўшиқларини куйласа, мен биргалашиб куйлайман! Шунга ўхшаб, ким концерт қўйса ҳам, аввалги қўшиқларини куйласа, томошабинлар, мухлислар бефарқ бўлишмайди. Ахир унинг ўша “эски” қўшиқларини яхши кўриб, мухлис бўлишган. Масалан, баъзи хорижий юлдузларни ҳам, концертларда 20 йиллик қўшиқларини сўраб, ижро қилдиришади-ку! Шунинг учун ҳам, менимча, концертда хит қўшиқлар бўлиши керак ва уларни халқ билиши керак!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова