FATTOHHON.COM

« Все новости

ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВА: ЯХШИ САНЪАТКОР ЁКИ ОНА? 17.05.2015 22:08

Gulsanam (23)

Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ижодни ҳам, оила ҳам бирдек олиб бораётган санъаткор ва қолаверса, нафақат ўзининг санъати, балки одоби, самимийлиги билан ҳам барча ҳамкасблари, мухлисларининг ҳурматига сазовор санъаткорлардан. Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова.

 Gulsanam (26)

-Қайсидир хонандаларда сокин қўшиқлар, мунгли қўшиқлар муваффақиятли чиқади. Қайсидир хонандаларда эса, шўх қўшиқлар! Гулсанам Мамазоитовада параллел, иккови ҳам! Лекин, фақат ижронинг ўзи эмас. Техник ижро билан юракка кириб бўлмайди. Сизда иккови ҳам яхши чиқиши, бу дарднинг зўрлигиданми?

-  Дарднинг зўрлигидан, деб айта олмайман! Танлаш ҳуқуқимдан бу, чертиб-чертиб танлайман! Қўшиқларни куйлаб, ёзиб қўявераман. Аммо, кўнглимга яқин олганимни, мухлислар билан баҳам кўришни ҳоҳлаганимни, раво кўрганимни “айлантираман”. Кўпроқ ўйлаган хулосам тўғри чиқади. Атрофдаги дўстларимга эшиттираман, маслаҳатлашаман.

 

-Қанақадур қўшиқлар айтгингиз келадию, лекин ҳозир менга тўғри келмайди, деб ўзингизни чеклаган вақтлар ҳам бўладими? Ўзингизга қандайдир бир чегаралар қўясизми?

- Чегаралар қўяман. Нуфузли унвонлар, мукофотлар олгандан кейин, яна ҳам ўз ижодимга талабчанроқ, эътиборлироқ бўлиб қолганман. Лекин, ижро билан ижронинг ҳам фарқи бор! Сўз билан сўзни, мусиқа билан мусиқанинг фарқи бор, албатта. Ўз ижро доирамдан келиб чиқиб, савиямдан келиб чиқиб, яхши-яхши бастакорлар билан танлайман! Баъзида енгил қўшиқлар бўлса ҳам, ўшаларни маромига етказиб куйлашнинг ўзи бўлмайди! Демоқчиманки, енгил қўшиқларни ҳам бир дид билан, бир нарсага асосланиб куйланса, шундан ҳам бир мақсад бўлса, масалан, “Юраклар”ни куйладим, менга биринчи навбатда оҳанги, бошқа қўшиқларга ўхшамаслиги ёқди! Сўзлари ҳам ёқди, масалан, атрофдаги инсонларга қаратилган. Бир-бирини танийдиган ва танимайдиган, ёқтирадиган ва ёқтирмайдиган инсонлар, “Юраклар” бу кенг доирада, масалан, шу тарафларига аҳамият бераман. Ўзимни ҳар доим “мана бу қўшиқни айтишим керак, буниси бўлади, буниси бўлмайди” деб, чегаралаб туришим керак. Ёнимдагилар “балки айтсангиз бўларди” дейишади. Йўқ, бўлмайди, деб, биринчи навбатда ўзим ўйлайман ва ўзимга ўзим чегара қўяман!

 Gulsanam (8)

- “Жоним асир” қўшиғини акангиз ижросида ҳам, сизнинг ижройингизда ҳам тингладик. Ака-сингил икковингиз бир қўшиқни куйлашингизга нима сабаб бўлди?

- “Жоним асир” қўшиғини биринчи бўлиб, акам куйлаганларида менга жуда ҳам ёққан эди. Шу қўшиқни айлантиришни сал камайтириб қўйдингиз, кўпроқ айлантириш керак, дедим. Унгача бир концерт дастурида, хонандалар бир-бирининг қўшиғини айтганда, мен ҳам шу қўшиқни айтган эдим. Лекин, ҳеч қаерда фойдаланмаётган эдим. “Ака шуни кам айлантиряпсиз, мухлисларга ёқяпти, санъаткорлар ҳам айтяпти” дедим. Акам эса, “Қўявер, янги нарса айлантиряпман, бўлди, етади” дедилар. (самимий кулади) Шундан кейин мен ҳам, “айлантирмасангиз, ўзим айлантираман” деб, айлантириб юбордим! Ёзиб, радиоларга топширдим. “Айлантирсам майлими?” деганимда, “майли, сен айтдинг нима, мен айтдим нима?” деганлар. Айлантирдим ва мухлисларга манзур бўлди.

 

- Жонли ижро қанчалик қийин меҳнат эканлигини тушунамиз. Аммо, бошқа тарафдан олганда, жонли ижрода куйлаш санъаткорнинг вазифаси, дейишади. Шу борада шахсий фикрингиз?

- Албатта, вазифаси. Мени ўзим санъаткорларнинг фарзанди бўлганлигим учун туғилганимдан жонли ижронинг гувоҳи бўлганман. Дадамлар раҳматли, гуруҳлари билан ўзимизнинг Фарғонада ўзларининг тинглайдиган аудиториялари бўлган. Ўша вақтлардан гувоҳи бўлганмиз, қонимизда бор. Акамлар ҳам, кўп мухлислари яхши билишади, жонли ижрода куйлайдилар. Биз ҳам шундай. Мен ўзим унвон олгандан кейин фонограммада куйлашни кўп ҳам ўзимга эп кўрмаяпман, тўғриси. Лекин, шундай бўлса ҳам, фонограмманинг ҳам ўз ўрни бор. Катта-катта тадбирларда, гала концертларда, жонли ижрода куйлашнинг иложи бўлмаган жойларда фонограммадан фойдаланамиз. Тўйларда, эса имкон қадар, шароитга қараб, жонли ижрода куйлаш учун созларни улашга шароит борми, шу тарафларига қараймиз.

 

- Бугунги кун ўзбек санъати ҳақидаги фикрларингиз?

- Бугунги кун санъат мактаби, албатта қизиқиши борлар, фарқлай олиш қобилиятига эга бўлганлар, таълим олиш истаги бўлса, жуда кўп мусиқа мактаблари, билим юртлари, коллежлари бор. Ҳоҳиш инсоннинг ўзида! Ҳоҳлашса, устоз-шогирд анъанасини давом эттириш имконияти бор. Устозга шогирд тушиб, ёнида юриши ҳам мумкин. Асосийси, инсоннинг ўзида ҳоҳиш бўлиши керак. Ўзи танлай олиши, атрофига қараши керак. Шунинг учун ёшларга айтмоқчи бўлганим, кўпроқ ўқиб, билим олганликлари маъқул.

 Gulsanam (15)

- Акангизнинг қўшиғини куйладингиз. Дадангизнинг ҳам бирор қўшиқларини куйлаш нияти бўлмаганми?

- Дадамларнинг қўшиқлари мени унчалик ёдимда йўқ, тўғриси, акамлар билан маслаҳатлашиб, ўйлаб кўрамиз. Энди, дадамлар эркак киши бўлганликлари учун ҳам, ижроларида мен аёлларга хос жиҳатлари бўлган қўшиқларни кўрмаганман, кўпроқ эркаклар тилидан куйланадиган қўшиқлар бўлган. Ўша вақтдаги бастакорлар, хонандаларнинг қўшиқларини кўпроқ ижро қилганлар. Мустақил ижодлари кам бўлган.

 

- Бу саволим учун узр. Лекин, мухлисларингиз қизиқишади. Дадангизнинг қайси жиҳатларини кўпроқ эслайсиз?

- Онам мақтайдилар, дадам кўп сахий, қўллари очиқ, меҳрибон инсон бўлган эканлар. Уларни шу жиҳатларини биламан. Мен улар ҳақида кўпроқ эшитаман, жуда яхши инсон бўлган эканлар. Онам дадамлар билан ажрашиб кетганларида жуда ёш бўлганим учун ҳам, мен дадамларни кўпроқ онам мақтаган жиҳатларини эслайман.

 

- Санъаткорсиз, шу билан биргаликда онасиз. Фарзандларингизда мусиқага қизиқиш қанчалик кучли? Улар сизнинг бирорта қўшиғингизни ёддан билиб, куйлай олишадими?

 -  Санъаткорнинг болаларида барибир санъатга қизиқиш бўлади. Чунки, барибир қонида бор-да! Деярли ҳамма қўшиқларимни ёддан билишади. Қолаверса, ҳозир концерт арафаси, телефондан деярли фойдаланмаяпман, фақат тинглаяпман! Диск қўйиб ёдлашим жараёнини улар кўришяпти ва мен билан биргаликда босиб ўтишяпти! Уларга вақт ажратмасам ҳам, қўшиқ тинглашга вақт ажратяпман ҳозир! Шунинг учун ҳам, деярли ҳамма қўшиқларимни ёддан билишади. Қолаверса, телеканалларда берилаётган бошқа хонандалар қўшиқларини ҳам тинглаганда, эслаб қолишади. Уларда эшитиш, ёдда олиб қолиш жуда ҳам яхши ривожланган. Уларнинг тез иладиган, илғаб оладиган пайтлари, ёдлашлари ҳам осон.

 Gulsanam (14)

-Уйда фарзандларнинг тинглайдиган қўшиқлари, ўқийдиган китобларига назорат борми? Дўстлашадиган ўртоқларига нисбатан, назорат борми?

-   Йўқ, кўпроқ улар режа асосида, эрталаб ҳамма фарзандлар қатори боғчага боришади. Уйда ҳам бегона одам эмас, жиянлар қарашади. Уйда мусиқий каналларни кўришади, уларга эртаклар айтиб беришади. Мендан ҳам эртак сўрашса, ўзимиз болаликда тинглаган эртакларни, масалан, “Зумрад ва Қиммат”ни айтиб бераман! Чунки, биз ҳам ўша эртакларни эшитиб улғайганмиз. Қизимнинг ўзини яхши кўрган эртаклари бор! Кейин мульфильмлар кўришади, дадаси кўпроқ тарбиявий аҳамиятга эга бўлган мультфильмларни флешкадан тушириб беради. Болалар фақат мультфильм кўриш билан чегараланмай, эртак эшитса, китоб ўқиса, ўша нарсалар болани келажакда яхши инсон бўлиб шаклланишига катта таъсир қилади.

 

- Турмуш ўртоғингиз ҳам санъат соҳасида, бугунги кунда икковингиз болалар тарбиясига қандай улгуряпсизлар?

- Сир эмас, фарзандларимизга кўпроқ қариндошлар қарашади. Турмуш ўртоғим билан бирга кўчада, бирга уйда бўламиз. Фарзандларимизга вақтимиз камроқ. Лекин, шундай бўлса ҳам, қандайдир таълим-тарбия бера оляпмиз, деб ўйлаймиз.

 Gulsanam (20)

- Оилангиздаги тотувлик, аҳиллик кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Аёл сифатида бундай мутаносибликка қандай эриша олдингиз?

- Бу жуда ҳам қийин нарса. Бизда ҳам, бошида озгина бир-биримизни тушунмаслик бўлган, лекин йиллар ўтган сайин, ёш улғайган сари кўп нарсага аҳамият бермай қоласиз. Мен ҳам кўпинча, тўғри қилдимми, нотўғри қилдимми, деб ўйлайман. Турмуш ўртоғим кўпроқ кўнглимга қарайди, мен ҳам у кишини кўнглига қарайман. Атрофимизга қараймиз, аҳил яшаётган оилаларга ҳавасимиз келади. Биз ҳам сизларга ўхшаб юрайлик, деймиз. Шунинг учун ҳам, ҳамма нарса инсоннинг ўзида бўлиши керак. Ақлига таяниб иш кўриши керак. Бугуни ёки эртасини, кейинини ўйлаши керак. Фақат ҳозирги кун билан яшаши керак эмас.

 

- Аввалги интервьюда бола тарбиясига қаттиққўл бўлиш керак, дегандингиз. Ҳозир ҳам шундайми?

- Албатта, айниқса қиз бола тарбиясига қаттиққўл бўлиш керак. Масалан, боғчадан келдими, “бугун нима иш билан шуғулландинг, нима қилдинг?”, ёки сочига боғча опаси заколка тақиб қўйган бўлса, “қаердан олдинг? Кимники?”, мен дарров қизиқаман. Ҳаммасини назорат қилмасак бўлмайди! Кўчада юраверган билан эртага фарзандингиз катта бўлганда, “э артистнинг боласи-да” деган нарса, энг ёмони. Шунинг учун ҳам, турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам тарбияга қаттиқ қараймиз. “Нима билан шуғулландинг?”, “Неччи баҳо олдинг?”, деб, доим қизиқамиз. Қизим расмлар чизади, пластелиндан нарсалар ясаб олиб келади. Бир бурчак қилиб қўйганман, ўша ерга фарзандим ясаб олиб келган ҳамма нарсаларни йиғаман. “Онам ташлаб юборяпти” дейишини ҳоҳламайман, чунки ўзимнинг ҳам болалигимда онам шундай сақлаб қўярдилар. Болаликда чизган расмларим, эскизларим ҳалигача бор. Боғчасидан ҳам вақтимга қараб, ўзим хабар олиб тураман.

 

- Ўзингизни яхши она, деб биласизми, ёки яхши санъаткор? Қай бири устунроқ?

- Ҳозирги пайтда кўпроқ, ўзимни яхши санъаткор, деб ўйлайман. (самимий кулади) Чунки, асосий вақтимни санъатга, жамоат ишларига кўпроқ қаратяпман. Лекин, яхши она бўлишга ҳам ҳаракат қиляпман.

 Gulsanam (18)

- Фарзандларингиз шўхлик қилишса, қўллайдиган жазо усулингиз борми?

- Шўхлик қилса, албатта уришиб бераман, кейин тўғри тушунтираман. Фарзандимга кўпроқ катта одам билан муомала қилгандек, муомала қиламан. Ортиқча эркаламайман. Ана ўшанда у ҳам тушунади. Фарзандларим ҳозирдан катта одамлардек гапиради, тўғрисини айтади, алдамайди! Қизим ҳеч қачон, укасидан ҳеч нарсани қизғанмайди. Ҳамма нарсани укаси билан баҳам кўради. Укангга бер, десам дарров тушунади. “Ука, келинг” дейди. Укаси уни урса, қайтариб урмайди. Укасини ухлатсам, қараб ўтиради. Ҳозирдан шундай ақлли.

 

- Ўзингизнинг болалигингиздаги ёдда қолган қайси одатларингизни ҳозир фарзандларингизда ҳам кўряпсиз?

- Онамга меҳрибонлик одатимни кўп кўраман. Масалан, битта мисол, болалигимда баҳорда кўпинча гул узиб, онамга олиб келардим! У ўт бўлса ҳам, чиройли гули бўлса, узиб келиб, онамга узатардим. Ҳозир қизим шундай! Ортига беркитиб олиб келиб, менга узатади. Кўп ҳаракатларида ўзимнинг болалик вақтларимни кўраман. Хурсанд бўламан.

 

- Турмуш ўртоғингиз билан ҳеч бир-бирингизнинг қўл телефонларингизни текширасизми?

- Албатта. (кулади) Кўпроқ улар текширадилар, мен кам текшираман, тўғриси. Вақтим ҳам йўқ, деярли. Чунки, аёл киши уйда бўлиб қолса, рўзғор ишидан ортмаймиз. Қолаверса, ҳозир концертга тайёргарлик ишлари, телефон текширишга вақтим йўқ. Лекин, турмуш ўртоғим, телефонимни ҳар доим назорат қиладилар, нима бўляпти, ким мени безовта қиляпти, назорат остидаман.

 Gulsanam (17)

- Ташқи кўриниш ва гўзалликка қанчалик эътиборлисиз?

- Ҳар доим табиийликни яхши кўраман. Аҳамият берсангиз, юзимга ҳам ҳеч нарса қилдирмаганман. Табиий гўзаллик, деганда ички гўзаллик, ҳамма нарса киради. Биринчи ўринда, бу гўзаллик инсоннинг хулқи, одобида намоён бўлиши керак.

 

- Экрандаги, саҳнадаги ва ҳаётдаги Гулсанам Мамазоитованинг фарқлари, ҳозирги кунда?

- Мени кўпроқ, саҳнада кибрли, деб ўйлашади. Ҳаётда эса, гаплашган инсон, масалан, ўзингиз ҳам гувоҳи бўлгансиз, қандай инсонлигимни. (Гулсанам Мамазоитова ҳаётда жуда ҳам самимий инсон эканлигига кўп гувоҳ бўлганман. муаллиф) Саҳнада ёш жиҳатдан ҳам каттароқ кўринаман, чунки, соч турмаклари, макияж, либослар туфайли. Ўзингиз ҳам биласиз, ҳаётдан кўра, саҳнада кибрлидек кўринаман.

 Gulsanam (19)

- Сизнингча, санъаткор аёлнинг кучи, нимада?

- Сабрда! Ҳамма нарсага сабр қилишда! Нафақат санъаткор аёлнинг, балки аёл кишининг, умуман инсоннинг кучи, сабрда! Ҳамма сабрли бўлиши керак! Сабр қилган инсон кўп нарсага эришади.

 

- Ўтган йилда “Тановар” ва “Сенсизлигимда” қўшиқларингиз кучли ижод намуналари бўлди. Клипларингизда фалсафийликка кўпроқ эътибор қаратасиз. Фалсафага ўзингиз қанчалик қизиқасиз?

- Умуман, фалсафага қизиқаман, ноодатий нарсаларни яхши кўраман. Шунга интиламан, майли, у қиммат турса ҳам, мен учун аҳамиятсиз. Ҳеч кимда йўқ нарсани қилишга ҳаракат қиламан. Яқинда бир санъаткор опамиз Умида Мирҳамидова “Тановар”га шундай таъриф бердилар: “клипда инсоннинг миясининг ортидаги нарсалар суратга олинган” дедилар. Инсонни ўйлашга мажбур қилади. Нима у? Дейлик, гул олиб кетяпти, қўлдан тушиб, синиб кетди эмас, клипингни кўриб, жуда таъсирландим, деб, яқинларимиз, дўстларимиз ҳам ижобий фикрлар билдиришди. Мен шундай нарсани яхши кўраман. Клип олибди, айлантирибди, эмас! Нимадир бўлиши, нимадир дея олиши керак. Масалан, “Сенсизлигимда” клипини олсангиз, боя муҳокама қилдик, ўша касаллик, охирида йигит ҳам ўша касалликка чалиниб қолади, ҳаётда бор-да! Ҳаётдан оламиз кўпроқ! “Тановар” клипида ҳам, ёвузлик, тажовузкорлик, яхшилик, муҳаббат рамзи, масофалар, нима бўлишига қарамай ёрнинг висолига етиш учун интилиш, ҳаммаси ўзгача берилган.

 Gulsanam (28)

- Ижодингиз давомида сўзи ҳам, мусиқаси ҳам ўзингизники бўлган қўшиғингиз борми?

- Йўқ, мени бу нарсага даъвогарлигим ҳам йўқ. “Ёр-ёр”деган қўшиқни сўзи Бобур Бобомуродга тегишли, мусиқасини ўзим ёзгандим. Халқона йўналишдан келиб чиқиб, уларнинг услуби билан ўзимнинг услубимни келиштириб ёзгандим. Лекин, яхши нарса чиққанди. Бу қўшиқни бошқа хонандалар билан ҳам ижро қилдим.

 

- Буни яна давом эттириш ниятингиз йўқми?

- Ниятим бор, албатта. Фақат, бастакорликда ўзимни унчалик кўрмайман. Лекин, қила олмайман, деб ҳам айта олмайман. Қила олишим мумкин, лекин бунинг учун вақт керак. Қанақадур нимадандир таъсирланишим керак.

 

- Ижодкорни ёлғизликка монанд бўлади, дейишади. Сизга кўпроқ ёлғизлик ёқадими ёки давралар?

- Биласизми, менда ҳар хил. Ёлғизликни ҳам қўмсаб қоламан, давралар ҳам қандай, мана яқинлар давраси бўлса, кўнглимга яқин инсонлар давраси бўлса, мен у даврадан ҳеч қачон қочмайман. Шундай бир давралар ҳам бўлади, ўзим у ерда узоқ тура олмайман. Ўша ерда қатнашгандан кўра, кетганим яхши, дейман. Ўзимни ёмон ҳис қилгандан кўра, ёлғиз бўлганим яхши, дейман. Телеграм орқали гуруҳ ташкил қилинган “Самимийлар”. Унда санъаткор дўстлар, шогирдлар, сингиллар бор. Ҳаммамиз бормиз. Улар билан бир ойда бир марта учрашиб турамиз. Ана шу учрашувни мен соғиниб кутаман. Чунки, ана шу ерда мен маза қилиб ўтираман.

 Gulsanam (16)

- Хиёнатни кечира олармидингиз?

- Йўқ. Хиёнаткор инсон бир марта хиёнат қилдими, барибир яна қилади! Хиёнаткор, деб бекорга айтилмайди. Чунки, хиёнаткорни кечириб бўлмайди, менимча.

 

- Умуман, ҳаёт ва ижодда яна нимани кечира олмасдингиз?

- Ноҳақликни! Ноҳақликни ёмон кўраман, хиёнат, шуларни кечириб бўлмайди. Ҳақиқат бўлиши керак, барибир. Инсонни ўзининг виждонига ҳавола. Инсон бир нарса қилишдан олдин, ўйлаши керак. Бу нарсага ҳали дуч келмаганлигим учун, бир нарса дейишим қийин. Балки ҳаётий тажрибам бунга тўғри келмайди, билмадим.

 

- Ҳеч ким билан бўлишмаган бир болаликдагими, хотираларингиз борми?

- Йўқ, менда сир йўқ. Ўзим сирли бўлишни ёмон кўраман. Менда ҳаммаси очиқ-ойдин.

 Gulsanam (13)

- Сизнингча, санъаткорни юлдузлик касалига чалинишига сабаб? Ўзи, мухлислар, шон-шуҳрат ёки маблағ?

- Ҳаммаси ўзида! Шон-шуҳрат, маблағ, мухлислар... Мухлислар абадий бўлиши мумкиндир, лекин шон-шуҳрат, маблағ бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Инсон ҳар соатда ўйлаши керак, шу ерда ўзимни қандай тутяпман? Бирор инсон билан суҳбатлашсангиз, у сиз ҳақингизда яхши таассуротда қолиши керак, ўзлигингизни кўрсата олишингиз керак. Яхшимисиз, ёмонмисиз, борингизча кўрсата олишингиз керак. Шунинг учун ҳам, санъаткорнинг ўзи ҳамма нарсани назорат қилиши керак.

 

- Пиарга муносабатингиз?

- Пиарга умуман қизиқмайман! Пиарни кимгадир фойдаси бордир, лекин мен пиарни ёлғонга қиёслайман. Ҳеч пиар қилмаганман ва ҳоҳламайман, қилмайман ҳам.

 Gulsanam (9)

- Агар сизга рейтингни янада юқори кўтариш учун бир пиар таклиф этишса?

- Йўқ, рози бўлмайман, халқни алдашни ҳоҳламайман!

 

- Йиллар ўтиши билан ижодкорнинг ўзига нисбатан талабчанлиги ҳам ошиб боради. Айниқса, ижодда қониқмаслик ҳисси кучаяди. Сизда ҳам шундайми?

- Бўлади, йилдан йилга. Ҳаттоки, аранжеровкачилар, бастакорларгача талабчанлик қиламан. Бир нарса ёқиб қолса, ўйлайман, шоирга мурожаат қиламан, “балки мана бу ерини бироз тўғрилаб берарсиз, мана бу ери талаффузга ноқулайми” дейман. Фикрларимни билдираман, йилдан йилга талабчанлигим ошиб кетяпти. Бу нарса яхши тарафга бўлса керак, деб ўйлайман. Ўйлайманки, ҳамма ижодкор шундай бўлиши керак. Бор нарсани куйлаб қўйиш бу осон нарса. Лекин, унинг ичидаги нуқтасини топиб, тўғрилаб, тингловчига етказа олиш, бу бошқа нарса, деб ўйлайман. Бу ижод!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

 

“Тасвир” газетасида чоп этилган

 

Gulsanam (25)

Gulsanam (4) 

Gulsanam (12)

Gulsanam (6)

Gulsanam (2)

Gulsanam (5)