FATTOHHON.COM

« Все новости

БУГУНГИ ЭСТРАДАМИЗ ҚИЁФАСИ? «ЁШ АВЛОДНИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИ ВА УНИ ЮКСАЛТИРИШДА МИЛЛИЙ ЭСТРАДА САНЪАТИНИНГ ЎРНИ» МАВЗУСИДАГИ МАТБУОТ АНЖУМАНИДАН!  24.05.2015 18:39

photo (22)

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “Ёш авлоднинг маънавий олами ва уни юксалтиришда Миллий эстрада санъатининг ўрни” мавзусида, Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди. Мазкур тадбирда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари, Бирлашма масъул ходимлари, санъатшунос олимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

photo (18)

Матбуот анжуманини Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо олиб борди.

photo (16)

Иқбол Мирзо: - Бугун миллатимиз келажаги, ёш авлоднинг тарбияси билан боғлиқ бўлган, ҳаммамизни ўйлантирган ва ўйлантириши шарт бўлган мавзуда суҳбатлашмоқдамиз. Эстрада санъати, умуман санъат, бошқа ерларда қайсидир бир маънода кўнгил очиш воситаси бўлиши мумкиндир, аммо бизда эстрада санъати, бу тарбия воситаси! Бу маънавият, маданият! Афсуски, оёғи ердан узилган ижодкорларимизнинг баъзилари билиб-билмай, бу санъатни шоуга айлантиришмоқда! Баъзиларининг атрофида ўзини яратган “муҳит”и, ўзини гаплашадиган тоифаси бор, улар худди “кўлмак сувдаги тилла балиқчага ўхшаб”,  шуни “дунё”, деб билиб, ердан узилган, Ўзбекистон, ўзбек халқидан ажраб қолган бўлиши мумкин. Лекин, бизнинг вазифамиз, уларга тушунтириш! Ўзбек деган жуда катта қадимий халқ, унинг санъати, адабиёти, жуда ҳам буюк! Буни ҳурмат қилиш керак! Масалан, айтилаётган баъзи қўшиқлардаги сўзларни олсак, ҳайрон қоласан, ахир бизда тил ҳақида қонун бор! Айтилаётган қўшиқлардаги сўзларни бузиб айтишга, ўзбек тилига нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, “Юксак маънавият енгилмас куч” деган шиоримизга зид ишларни қилаётганликларини, ҳеч қачон кечириб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди! Ана шу маънода Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғинда ҳам, бу масалага алоҳида эътибор қаратилди!

Бу масала бўйича, куни кеча “Хотин-қизлар қўмитаси” томонидан ҳам катта анжуман бўлиб ўтди. Бугунги эстрадамиз қиёфаси, ойнаи жаҳонга кетаётган қўшиқлар, бугунги матнлардан халқимиз ҳам норози! Чунки, оммавий маданиятдан ёшларимизни ҳимояси учун, рамзий маънода эшик-деразаларни ёпиб, четдан келаётган хавфлардан огоҳ бўлинглар, деб уни ташқаридан кирмаслиги чорасини кўраётган бир вақтимизда, ўзимизнинг ичимизда, ташқаридан ҳам кўра баттарроқ бўлган,  ёшларнинг онгини заҳарлайдиган, уларни тўғри йўлдан урадиган, йўлдан чалғитадиган ҳолатлар келиб чиқяпти! Бунинг сабабларини ўрганишимиз, олдини олишимиз, амалий таклифлар бўлса, кўриб чиқишимиз керак! Бугунги савияси паст хонандани, келажакда ҳеч ким айбламайди! Келажак мана шу санъатга хизмат қилаётган кўзга кўринган инсонларни айблайди. Ўша пайтда “улар қаерга қараган экан”, дейди. Эртага кеч бўлиши мумкин. Маънавият бу яхлит нарса, уни бўлиб юбориб, алоҳида раҳбарлик қилиб, бошқариб бўлмайди.  Концертларимиз алоҳида, ёки эстрадани, мумтоз қўшиқчиликни алоҳида қилиш мумкин эмас. Ҳаммаси битта ва яхлит тушунча! Қизиғи шундаки, буларнинг ичидаги иллатлар ҳам ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Ўша маъносиз қўшиқлар, улардаги матн, савиясиз клиплар, ҳаммаси бир-бирига боғлиқдир. Маъқул бўлган клипларнинг эса, чиндан ҳам шеъри яхши. Номаъқулларини эса, сўзларига тушуниб бўлмайди! Энг асосий иллат, мана қаердан келиб чиқяпти? Адабиётга эътиборсизликдан! Санъатга қадам қўйган инсон, оддийгина мактабда ўтиладиган адабиёт қоидаларидан бўлса ҳам, хабардор бўлиши керак-ку!

photo (36)

Шундай деб, Иқбол Мирзо матни саёз бир неча қўшиқлардаги бузиб айтилган сатрларни мисол қилиб келтириб ўтди:-Масалан, аслида “Кулбам аро эй маҳлуқо, бир йўл хиром айлаб келинг” бўлиши керак. Аммо, куйланишини қарасангиз, “Кулбам аро эй маҳлуқо, бир йил хиром айлаб келинг” деб куйлаяпти! Агар бир бор китоб варақлаб кўрса, шунинг хато эканлигини биларди! Ёки, “Зеболи юз” деб куйлаяпти! Қандай қилиб? Жуда катта камчиликлар, мана шу матн масаласида бўляпти! Бу ҳақида хонандага айтсангиз, “шоир ёзиб берган буни” дейди. Куйланаётган қўшиқларни эслаб қололмайсан ҳам. Хўп, ўша шоир ёзиб берган бўлса, қўшиқ қилиб куйлайверадими? Сизга тикувчи қинғир-қийшиқ қилиб кийим тикиб берса, кийиб кетавермайсиз-ку! Ёки санъаткор одоби деган масалани олсак, санъаткорларнинг кийимлари, ўзларини тутиши, қарасангиз, “эркин жамиятда яшайман” дейди, лекин буни ёшлар кўряпти ва эргашяпти! Ёки тўйлар масаласини олсак, кечаги тадбирда кўрсатилган лавҳада, тўйида хорижий рақсга тушаётган келин ортида 5-6 ёшлардаги атлас кўйлак кийган кичкина қизча, ҳайрон қараб турибди. Мени ўша қизча ўйлантирди, у келажак авлод! Келажак уларга қараб, қандай тарбия олиши мумкин? Тўй, бу халқимизнинг орзу-ҳаваси ифодаси бўлса! Аммо, шу тўйлардаги ҳолатлар аҳлоқ ва тарбияни бузмоқда! Масалан, Тошкент шаҳрининг ўзида 3200 оиладан 1200 нафари ажралишмоқда! Сабаблар эса тўйлардан, чунки тўйда унақа “рақс”ларга тушган келиннинг ортидан гап-сўзлар бўлиши табиий! Ҳаддан ортиқ харажатлар ва тўйда юқорида айтилгандек ўзини “енгил” тутишлар, буларнинг ҳаммаси бир-бири билан боғлиқ. Аксарият хонандаларимизнинг газетада берган интервьюларини ўқисангиз, ҳайрон қоласиз! “Мен китоб ўқимайман, китоб ўқишга вақтим йўқ” дейишга, уларнинг нима ҳаққи бор, деган савол туғилади. Агар улар “мен жинниман” деб, маълумотнома берса, газеталар буни ёзиб чиқиши керак эмас-ку! Ёки уларнинг кийим масаласидаги гапларини олайлик, ахир буларнинг ҳаммаси шармандалик! Масалан, шу нарсаларни тўйларда, телевизорларда кўрамиз, куламиз, кетамиз. Лекин, бу нарса бутун жамиятимизга, келажагимизга қарши кетяпти. Буни ўйлаб кўриш керак! Ҳеч қачон жамиятдан ажралиб яшай олмайсиз! Биров келса, эшикни ёпиб қўйиш мумкиндир, лекин санъатнинг йўлини тўсиб бўлмайди, агар телевизорни ўчирсангиз, фарзандингиз барибир қўл телефони, интернет орқали, шу қўшиқларни тинглаши ёки клипларни кўриши мумкин! Умуман, шармандалик! Қаёққа қараб кетяпмиз? Масалан, концертлар, ўғирликлар масаласида! Бир меҳмон билан тўйда ўтирибмиз, бир ярим соат ўтди, меҳмон “қачон ўзбекча қўшиқ бўлади?” деб сўраяпти! Италянча, арабча, инглизча, эронча ва ҳоказо қўшиқлар бор, аммо ўзбекча қўшиқ йўқ! Шундай ўртада ўйнаш керак, сакраш керак, бунинг учун шўх мусиқани чет элдан олиш керак экан! Инсон ўзини ҳурмат қилиши керак-ку! Ҳеч бўлмаса, 50 фоиз бўлса ҳам, бўлиши керак-ку. Мана шу масалаларда мулоҳаза қилиб кўришимиз керак!

photo (31)

Санъатшунос Гулчеҳра Файзиева: - Биз санъаткорларга ақл ўргата олмаймиз, қайси маънода? Биз у соҳанинг мутахассиси эмасмиз, лекин кўрган-билганларимиз ҳақида гапиришимиз мумкин. Мени ҳозирги журналистларга ҳавасим келади! Бизнинг вақтимизда бундай имкониятлар бўлмаган! Ҳозир эса, ҳамма шароитлар етарли! Ҳозир ёшларда битта нарсани кўраман, умуман журналистикани енгил, деб ўйлайдиган журналистлар кўпайиб кетди! Масалан, ўз номини санъаткорлар орқали машҳур қилишни ҳоҳлайдиган журналистлар кўпайиб кетган! Журналистикада савияни тўғрилаш керак! Билган, билмаган одам, ҳозир санъатни ёзадиган бўлган! Масалан, мен санъат ҳақида ёзсам, санъаткорларнинг ўзи билан маслаҳатлашиб, ўзидан сўраб, терминларигача аниқ бўлишига ҳаракат қиламан! Ҳозир-чи, бирорта санъаткорнинг репертуарини билмай туриб, суҳбатлашишади, шунинг учун ҳам, саволлари ҳам шунга ўхшаган бўлади! Буларни савияси шундай бўлганига яраша, хонандага ҳам ҳайронсан, ўша саволларга жавоб беради! Ҳар икки томонда ҳам бир хил савиясизлик! Хонанда журналистга қараб, “мен ҳақимда ёзмоқчи бўлсанг, менинг ижодимни, бугунги кундаги санъатга муносабатимни сўрагин, бугунги ёшлар ижодига мунобасатимни сўра” демайдими? Умуман қандай савия, қаерда тарбияланади, тушуниб бўлмайди. Баъзида мактабни ҳам, ўқимаган, деб ўйлаб қоласан. Баъзи хонандаларнинг интервьюсини ўқисанг, сўз ишлатишни билмайди. Улар она-тили, адабиёт ўқиганми, умрида иншо ёзганми? Балки, шунинг учун ҳам, шундай қўшиқлар кўпайиб кетаётгандир? Балки уларнинг саводи йўқдир? Агар саводи бўлса, китоб ўқиган бўлса, бадиий адабиётни яхши билса, ҳеч қачон йўлдан адашмайди! Сўз қадрини билган инсонга сўздан қадрлироқ нарса йўқ-ку! Аввало сўз-ку! Афсуски, ҳозир энг беқадр нарса, бу сўз бўлиб қолди. Кераксиз жойга яхши сўзлар тиқиштирилади, чиройли жумлалар расво бўлади, буларнинг ҳаммаси саводсизликдан келиб чиқади. Менинг таклифим, биринчи навбатда мусиқий савод бўлиши керак. Мусиқий саводи бўлмаганларни юзтадан биттаси истеъдодли бўлиши мумкин, илгари ҳам бундай инсонлар бўлган. Мусиқа мактабида ўқимай, зўр санъаткор бўлиб етишганлар бор. Лекин, 100 та инсонни ҳам, саводи бўлмаса, 100 таси ҳам зўр, истеъдодли бўлмайди-ку! Уларни мусиқадан дарс олишга мажбур қилиш керак, деб ўйлайман. Мана ҳозир жонли ижро бўлгани яхши бўлди, аммо, “овозингиз бор, лекин бу матнни қаердан топдингиз?” десангиз, “ҳамма шундай айтяпти-ку” дейди. Ҳамма шундай қилаётган бўлса, у ҳам шундай қилса, унда маънавият нима бўлади? Ахир ҳамма ўзини томдан ташлаётганини кўрса ҳам, ҳеч ким ташламайди-ку. Уларнинг фикр, савияси шу даражада. Шунинг учун уларни саводхонликка ўргатиш керак, деб ўйлайман. Кейин иккинчидан, матбуот ҳам сал жиддийроқ бўлиши керак! Ахир “сариқ матбуот” ҳам Ўзбекистонда чиқади-ку! Демак, Ўзбекистонни ҳурмат қилиши керак! Ўзбекларни номидан чиқяптими, қаерда турганлигини, қайси миллат эканлигини билиши керак. Бизни менталитетимиз бошқа, бизни суянадиган ақидаларимиз, қадриятларимиз бор! Шундай экан, дуч келган нарсани матбуотга олиб чиқавериш ҳам, яхши иш эмас! Матбуотнинг ўзини ҳам қонун-қоидалари бор! “Сариқ матбуот” бўладими, бошқами, ҳар битта инсон, ўзи ёзган нарсасига жавоб бериши керак, менимча! Жавоб бера олмаса, қўлига қалам олиши керак эмас! Хонандаларнинг яна бир одати бор, қўшиқни ўзи ёзади, ўзи куй басталаб, ўзи айтади. Буни йиғиштириш, керакмикан? Ҳеч ким 3 та соҳада бараварига зўр ижод қила олмайди! Зўр хонанда бўлиши мумкин, лекин шеър ёзиш осон эмас. Агар дуч келган инсон шоир бўлиб кетаверса, менимча ҳозир буюк шоирлар жуда кўп бўларди! Яхши шоирларимиз ҳам саноқли. Тўрт мисрани бир-бирига қофия қилган билан шоир бўлиб кетавермайди. Уюшмадан ўтмаган матнларни қўшиқ қилмаслик ҳақида қоида киритиш керакмикан? Шуларни йўлга қўймасак, уларни тўхтатиб бўлмайди, назаримда. Ҳайрон қоламан, ҳозир ҳамма бастакор? Ўзи ўзбек мусиқасини билмайди, “Шашмақом”ни тушунмайди. Майли, у даражада ҳам бўлмаганда ҳам, ўзбек халқ куйларини билса бўлади-ку. Энг қизиғи, санъаткорларимиз негадир Ғарбдан фақат ёмон нарсани ўрганишади! Ахир яхши жиҳатларни ҳам олса бўлади-ку. Биринчидан, ўзи Ғарб Шарқдан кўп нарса олади. Буни билиш учун эса, ўқиш керак. Маънавият, маданият ўзи аслида Шарқдан-ку! Шунинг учун ҳам, ҳайрон бўлганим, ўзимизда Шарқда шунча нарса туриб, Ғарбга интиламиз! Агар мусиқаларига иштиёқ шунчалик кучли бўлса, эплай олса, оригиналини айтиш керак! Қойиллатиб, инглиз тилида, француз тилида айтсин! Ғарбни мусиқасини олиб, ўзбекча сўз қўйиб айтиб, бу ўзимизнинг қўшиқчиликни масхара қилишдек, гап! Нимага ўзбекча мусиқани фарқлаб бўлмайдиган даражага келиб қолди? Бизни бой мусиқий меросимиз бўлсаю, биз ғарб мусиқаларини олиб ўтирсак? Агар бу тарзда кетса, эртага болаларимиз 100 фоиз ўз мусиқамизни ёддан чиқариб юборади! Чунки, қўшиқнинг асосий тарғиботчиси, бу телевидение ва радио, деб ўйлайман. Барибир одам кўрган нарсасини кўпроқ эслаб қолади. Нимани кўрса, ёшлар ўшандан андоза олади ва ўшанга интилади. Шунинг учун, телевидениедаги намойишлар борасида ўйлаб кўриш, у ерга ўзбек менталитетини ҳурмат қилган, хабардор бўлган, ўзбекча куй-қўшиқлардан хабари бўлган, матнга ақли етган инсонларни қўйиш керак, менимча. Ҳозир, турли тижорат эфирларида эшитиб бўлмайдиган қўшиқлар кетмоқда! Бошида яхши эди, “Наво”, “MY5” телеканалларида яхши концертлар берилаётган эди. Ҳозир ҳам яхши нарсалар бор, лекин орасида, эшитишга ножоиз нарсалар ҳам баъзида кетиб қоляпти. Бундай нарсаларга телевидениенинг ўзида ҳам жиддий қараш керак, деб ўйлайман. Телевидение кучидан биз ақл билан унумли фойдаланишимиз керак. Таклифим, телевидениеда кетаётган клипларни тартибга солиш керак! Бундан ташқари, улардаги айрим бошловчиларни ҳам тартибга солиш керак, деб ўйлайман. Ҳамма нарса бир-бирига боғланиб кетмоқда. Хонандаларга шунақа таъриф-тавсифлар беришадики! Уларни мен эслаб ҳам қололмайман. Қачон журналистикада бунчалик жимжимадор нарсалар юзага келди, ҳайронман? Худди шу каби, тўйларни ҳам тартибга солиш зарур. Тўйни нима бузяпти, кечирасизлару, бошловчилар бузишяпти! Ана шу бошловчилар, тўйда қандай бошловчилик қилишса, эфирга чиқиб, худди шундай бошловчилик қилишяпти! Улар меъёр деган нарсани биладими? Меъёр бўлиши керак эмасми? Ким назорат қилади? Кимдир назорат қилиши керак! Биз ўзимиз хонандаларни чапак чалиб кўтариб қўямиз-да, кейин тепадан пастга тушира олмай ўтирамиз! Қанча пул сарф қиламиз! Одамлар бу пулларни қандай топади? Фалон пулга хонандани бирровга олиб боради, у бориб фонограмма айтади! Бу борада одамларни ўзини ҳам меъёрга солиш керакмикан?  Аввал тингловчини, томошабин маданиятини йўлга қўйишимиз керак! Агар ўзимизни тўғрилаб олмасак, тарбияни оиладан бошламасак, кўп нарсани тўхтатиб бўлмайди! Фарзанд тарбиясини йўлга солиш керак! Нафақат болаларни, балки катталарни ҳам битта нарсага берилиб кетгандан кейин, ундан қайтариб олиш жуда ҳам қийин! Шунинг учун, аввало берилмасликнинг олдини олишимиз керак!

photo (7)

Иқбол Мирзо: -Чиндан ҳам санъаткор китоб ўқийдиган бўлса, санъатдан хабордор бўлса, ўша йўлларга ҳам кирмайди! Халқ дардини билган инсон, ножўя ишни қилмайди! Агар қилса, демак уни ё кўзи кўр, ёки қалб кўзи кўр! Фузулий айтадилар: “Бедор бўлмаган инсон, юлдузлар сайрини қаердан билади?” Ёки, изтироб чекмаган, ҳақиқий реал ҳаётга яқин бўлмаган инсон, ҳоҳлаган жинниликни қилиши мумкин! Ғарб билан яшаётган одамлар бор! Мана ўтган йили санъаткорларни, хонандаларни “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси Бош директори Баҳодир Мажидович Аҳмедов билан биргаликда, Миллий Кутубхонамизга аъзо қилдик. Ўйладикки, балки келиб, китобларни ўқишса, дегандик. Лекин, кутубхонага ҳеч ким деярли бормаган! Энди у ерда суратга олинган клипни кўринг, китоб ўқиётганлар бирдан ўрнидан туриб, ўйинга тушиб кетиши, нима деган гап бу? Бу қайси қоидага тўғри келади? У ерда Навоийнинг, Бобурнинг, не-не алломаларнинг китоблари турибди! Яқинда бир хонандага “мана шу қўшиғинг яхши чиқибди, туркчадан олганмисан, десам, йўқ, Озарбайжончадан олганман, зўр чиқибдими?” дейди. Эртага бошқалар бизни санъатимизни тан олиши учун, биз бугун санъатимиз зўрлигини кўрсатишимиз керак! Менинг таклифим, маданият тўғрисида қонун қабул қилиниши керак! Санъатимиз зўрлигини кўрсатиш учун далилимиз бор! Фожеамиз шундаки, хонандаларни тўй тарбия қиляпти, тўй учун шаклланяпти! Тўғри тушуниш керак, санъаткор ҳам клип суратга олдириши, янги қўшиқ ёздириши, эфирга чиқиши керак! Лекин, биз маданият тўғрисида қонун қилиб, муаллифлик ҳуқуқини йўлга қўядиган бўлсак, яратган асаридан маблағ келадиган бўлса, санъаткор ҳам изланишни бошлайди! Мусиқалари бутун Осиёда айланса, ҳисобига пул ўз-ўзидан келади! Шунда бемалол ижодини қилаверади! Мана шуни қонун асосида яратиш керак!

photo (37)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов: - Бошқа жойларда, ўзиникидан бошқа халқнинг мусиқасини деярли эшитишмайди! Тўйларда ҳам фақат ўзиникини ижро қилади. Нимагадир бизларда, туркча, эронча, арабча, камига 70 йиллардаги хорижий қўшиқларни ҳам қўйиб, 50 ёшдан ошган аёллар ҳар тарафдан рақсга тушишяпти. Бу албатта, уят, деб ўйлайман! Қўшиқларнинг 99 фоизи фонограмма орқали! Лекин, бу билан фонограммани 100 фоиз йўқотиш керак, деган фикрда эмасман! Ўзи аслида фонограммани 50 ёшдан ошган санъаткорларга рухсат қилинса бўлардики, чунки, уларга шунча созандани олиб боришга моддий тараф сал оғирлик қилиши мумкин. Шу тарафларини ҳисобга олиб, албатта. Аммо, ҳозир тескариси бўляпти! 50 ёшдан ошганлар жонли ижро қиляпти, ёшлар эса, фонограммада! Тарбия борасида ҳам, тарбияси бузилганлари ҳам жуда кўп! Ҳаттоки, улар ўзларидан катта санъаткорларга салом ҳам бергиси келмайди! Баъзилари ўзининг қўшиғини куйламай, бировнинг қўшиғига оғиз қимирлатиб туришади. Санъаткорликнинг ҳам, халқ олдида, юрт олдида ўзига яраша масъулияти бор! Қўшиқ қилсам, тўйга бориб бойиб кетар эканман, деб ўхшаса, ўхшамаса қўшиқ қилиб, куйлаш, бу масъулиятсизлик! Қўшиқнинг ҳам масъулияти бор, эртага бемаза қўшиқ кўпайиб кетса, унинг ҳам халқ олдида жавобгарлиги бор, деб ўйлайман. Одамларга шўх қўшиқ ёқар экан, деб ҳадеб маъносиз қўшиқларни кўпайтирган билан санъаткор бўлиб қолмайди. Моддий бойлик билан маънавий бойлик ҳам бўлиши керак! Ўғрилик қўшиқлар, биз учун жуда ҳам уят! Ҳозир қарийб 70 фоиз қўшиқлар плагиат! Нимага ўзбекча қўшиқ қилишдан уялишади? Бу нарсаларни бартараф қилишимиз, ўзимизнинг миллийлигимизга қайтишимиз керак!

photo (39)

Иқбол Мирзо: - Ҳозир саҳнага чиққан одам борки, “ҳофиз” дейилмоқда! Ҳофизлар олим инсонлар бўлишган! Навоий, Бобур ғазалларини тушуниб, таҳлил қила олган инсонлар! Уларнинг маънавият деган нарса, онгида, юрагида бўлган! Шунинг учун ҳам, ҳофиз улар! Ҳофиз дегани, бу унвон, чиқиб 2 та қўшиқ айтгани билан ҳофиз бўлиб қолмайди. Хонанда дейиш мумкину, лекин хонанда дегани ҳам, тожикчасига ўқувчи, дегани! Булар ўқимайди ҳам. Ундайларни ўзимизнинг анъанавий “отарчи” деган номга қайтарамизми? Ҳаммасини ўз номи билан айтишимиз керак-да!

photo (2)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмов: - Бундай ҳолатларнинг кўпайиб кетишининг сабаби, менинг назаримда фонограммадан фойдаланишаётганлиги. Мусиқаси ҳам, ижроси ҳам, ўрта даражага ҳам етиб бормайдиганлар, фонограммани чиройли қилиб, студияда ёзиб, тақдим этаверишади. Мен бундай одамларга ачинаман, сабаби, уларнинг ёшлик вақти ўтиб кетяпти! Улар ижод қилмайди, изланмайди! 2-3 йил тўйга чиқади, кейин уларни ҳеч ким қайтиб кўрмайди! Агар фонограмма бўлмаса, ўз-ўзидан сараланарди, назаримда. Халқимизга хизмат қиладиган санъаткорлар кўпаярди. Ҳозир айнан ретро қўшиқлар айтиш, урфга киряпти. Чунки, ҳозирги пайтда мусиқанинг йўналиши, ўшандай оҳангнинг йўқлигидан! Эшитсангиз, битта қўшиқни, кетма-кет хонандалар куйлаётгандек туюлади. Ёш хонандаларга, “нега сизларни қўшиғингиз 1 ойда йўқ бўлиб қоляпти. Ахир 40 йиллик қўшиқлар ҳам бўладию” десангиз, “бизнинг авангард қўшиғимизни тушунишмаяпти” дейишади! Бунинг сабаби, аслида миллийлик йўқлигида! Ўзбекона нолалар йўқ! Доира, дутор қўшгани билан ўзбекона мусиқа бўлиб қолмайди! Айрим қўшиқларда оҳанг шу даражадаки, матнини ўзгартирсангиз ҳам ўзгармайди. Бизда миллий оҳанг, нолаларимиз ўзгариши борки, бошқа миллатда бу нарса йўқ! Шу нарсаларга эътибор берилиши керак, деб ўйлайман.

photo (6)

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Матбуот хизмати бош мутахассиси  Азизбек Турдиев: - Сентябрь ойидан бошлаб, янги мавсум бошланади. Концертларда фонограмма ишлатилиши масаласида, раҳбаримиз Баҳодир Мажидович Аҳмедов билан биргаликда,  камида хонанда 60 фоиз репертуарини жонли айтолмаса, биз у санъаткорга катта саҳнага рухсат бермаслик тарафдоримиз! Шу нарса ишлаб чиқиляпти! Концерт бермоқчи бўлган санъаткор келиб, Кенгаш олдида ўша концертдаги репертуарни, 20 та қўшиқ бўлса, 20 та қўшиқни жонли ижрода айтиб берсин, деган талаб қўйиляпти! Сентябрдан бошлаб, бу йўлга қўйилади. Аввал Кенгаш олдида, 2 соат жонли ижрода куйлай олишини, қўшиқ айта олишини исботлаб берсин, ана ундан кейин катта саҳнани банд қилсин, деган фикр айтилган ва ҳозирда шу устида ишланяпти! Бундан кейин, менимча, “Истиқлол” санъат саройи ҳозиргидек ҳар куни концерт билан банд бўлмайди. “Туркистон” саройида, ёки қамрови камроқ жойларда концерт бериши балки мумкиндир, лекин катта саҳнага имкон қадар жонли ижродаги концертлар қўйилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, яна бир яхши ташаббус бўлди, жонли ижродаги концертнинг ижара пуллари тўланган эди, энди моддий ёрдам тариқасида ҳам ёрдам бериляпти. Бу ҳам, янада жонли ижрони тарғиб қилиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга ошириляпти.

photo (21)

Иқбол Мирзо: - Бундан ташқари, “матнларни Ёзувчилар уюшмаси кўриб, тасдиқлаб берсин” деб, ёзиб қўшиб қўйиш керак, деб ўйлайман. Ўйлаб кўрилса, бугунги эстрадамиз, ўз халқимизга, маънавиятимизга қарши ишлаётгандек, яъни, адабиётга муносабати, сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари билан! Масалан, баъзи халқларнинг “энг буюк шоиримиз” деб кўрсатгани, бизнинг энг ўртамиёна шоиримизга яқин ҳам келолмайди! Агар бизнинг қўлёзмалар институтимиз, меросимизни шу тахлит ўрганса, 300 йилда бутунлай ўқиб-ўрганиб бўлинар экан! Ҳали ўрганилмаган буюк шоирларимиз бор! Уларнинг қанча бой маънавий мероси бор! Лутфий, Атоий, Саккокий деган шоирларимиз бор, ғазалларини ўқисангиз, шундоқ қўшиқ бўлиб кетади.

photo (3)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев: - Санъатимизга таъсир қилаётган баъзи нарсалар матбуот томонидан очиқ таҳлил қилиниши керак. Баъзи тўйларда кўриб қоламиз, ёши катта онахонларимиз учун “Тановар”ми, шунга ўхшаш миллий қўшиқ-мусиқаларимиз янграб қолса, улар шунга рақс тушмоқчи бўлсалар, ёшлар бунга “зўрға” чидашади! Сабр йўқ! Бориб, тезроқ шўхроғига алмаштиришни сўрашади. Бўлмаса, ўзлари ўша кексаларнинг фарзандлари! Бу ерда санъатга муносабат, ўзимизнинг миллий қўшиққа муносабат шундай бўляпти! Демак, бу ҳолатдан хонандалар ҳам, “шўх айтсам, одамлар туриб ўйнар экан, талаб шу, шундай ҳатти- ҳаракатлар қилсам, ҳаммага ёқар эканман” деб, шундай қўшиқлар айтишига тўғри келяпти, назаримда.  Биз эса, бу пайтда тингловчини, талаб қилаётганларни айбламаймиз!

photo (32)

Санъатшунос Гулчеҳра Файзиева: - Шунинг учун ҳам, ёш гуруҳлардан бири “Ўзингиз тўйга чақирасизлару, ўзингиз танқид қиляпсизлар” деди-да.

photo (4)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев: - Агар шундай енгил-елпи қўшиқлар радиода янграса, ўчириб қўйса, тўйда ҳам фонограммани ўчиртириб қўйса, бачкана ва енгил-елпи айтганда тўхтатса, “эшитмаймиз, жонли ижро эшитайлик”, деса, муносабат бошқача бўлади, назаримда. Шундай дейдиган одам йўқ! Ҳозирги ёшлар мусиқа ёзса ҳам, чет эл услубига тушириб, инглизча ўрнига ўзбекча сўзларни қўйиб, куйлаб ётибди! Қонун-қоидалардан бехабар, ахир бу ўғирлик-ку!

Иқбол Мирзо: - Ўғирлик, барибир ўғирлик! Ўзимни мусиқам, дейди, “Майкл Жексон мусиқаси” деб ёзиб қўя олмайди-ку. Кейин бирор “шоир”ни чақиради, у ҳам осонгина бировнинг шеърини олиб, мос келадиганини, ўзгартириб қўя қолади. Уларни ўз ихтиёрига ташлаб қўйиб, “эртага инсоф бериб қолар” деган билан бу ҳолат, ижобий тарафга ўзгариб қолмайди! Шунинг учун ҳам, Муаллифлик ҳуқуқини қонунийлаштириш керак! Мана концертларда фонограмма масаласи, анча тартибга солинди. Энди эртага масалан, тўйларда фонограмма масаласи тартибга солинади. Ишончим комил, агар фонограмма тўхтатилса, 70 фоиз қўшиқчи, ўз-ўзидан тўхтайди, чунки, жонли ижро эта олмайди. Тўйда фонограмма айтолмаса, йиғиштиришга мажбур бўлади. Бу билан енгил-елпи, ижро маҳорати йўқлар сараланиб қолади, назаримда. Биздаги асосий муаммо, санъат билан шоуни аралаштириб юборишган. Санъатда, фирибгарлар ҳам, ўғрилар ҳам, ҳалол меҳнат қилаётган санъаткорлар ҳам бор! Шуни саралайдиган Қонун керак! Бунинг учун Бадиий Кенгаш тузайлик, деб таклиф киритаман. Дид борасида баҳслашиб бўлмайди, тўғри. Ҳамманинг диди ҳар хил! Лекин, бу тарбия, миллатнинг эртаси куни билан боғлиқ экан, биз бунга томошабин бўлиб тура олмаймиз! Масалан, кеча лавҳада кўрсатилган Райҳон ва Лоланинг клипини олайлик, бу шармандали ҳолат! Бу ўзбекчилик эмас, бу нарса нимага тўғри келади? Инсонийликка тўғри келмайдиган нарса! Бу нима деган гап? Қаерга қараб кетяпмиз? Эртага фарзандларимиз бундай тарбия олишларини, бу йўлдан кетишларини ҳоҳламайман, ҳеч ким ҳоҳламайди, уларнинг ўзлари ҳам ҳоҳламайди! Лекин, одамларнинг диққатини тортиш учун, шундай клип олишяпти. Ёмон нарса, тез тарқалади. Биз эртага келажак олдида жавоб беришимиз керак. Агар шу кетиш бўлса, ўзимиз кўриб туриб, виждонимиз қийналади. Инсонийлик тамойиллари бузиляптими, демак, буни қонун йўли билан тўғрилаш мумкин. Шунинг учун ҳам, Бадиий кенгаш қилиш таклифини киритаман. Бадиий кенгаш қўшиқларни тинглаб, клипларни кўриб чиқиб, муносибларини қолдиради. Бадиий кенгаш, телевидения ёки радиога “мана бу қўшиқларни қўясан” демайди, фақат биз кўрган клипларнинг орасидан танлаб олсин! Биз саралаб берайлик. Эртага Муҳтарам Юртбошимиз, халқимиз сўраган пайтда, юзимиз ёруғ бўлсин! Эртага қонунийлаштириб қўйганимиздан кейин, қўшиғи шу ердан ўтмагандан кейин, ўз-ўзидан саёзлик ҳам тўхтайди. Мана телевизорда кетаётган клипларни кўриб, беихтиёр “арендага олган машинанг билан кимни ҳайрон қолдирмоқчисан?” деб юборасиз! Ким сени бу ишингга ҳайрон қоладию, қарсак чалади? Хорижнинг клипларида машина оддийгина табиий нарса, ҳолат беряпти. Лекин, бизда бу нарса керакми, керакмасми? Унинг ўрнига ҳолатга мос нарсадан фойдаланиш керак.

photo (5)

Бастакор Ойдин Абдуллаева: - Чиндан ҳам, ўша саёз нарсаларга тингловчиларда эҳтиёж бор, ўша нарсани сўрайди, шунга пул тўлайди. Нима учун бундай ҳолат юзага келяпти? Асосан, бизнинг тингловчиларимиз умумтаълим мактабларида! Мактабларда мусиқа дарслари ҳафтада бир марта ва баъзи ҳолларда жуда ҳам савиясиз ўтилмоқда, кимлар дарс беряпти? Менимча, биринчи навбатда умумтаълим мактабларидаги мусиқа дарсларига эътибор қаратиш керак! Иложи борича, мусиқа дарслари соатини кўпайтириш керак, ўтилиш савиясини кўтариш керак, ўзбек мусиқаси тарихи, мусиқа маданияти, мақом, миллий мусиқамиз ҳақида тушунтиришлар берилса, менимча, жуда ҳам фойдали бўлар эди! Қолаверса, мана шу танқид қилинаётган ҳолатларни болаларга “мана шу яхши, бу ёмон” деб тушунтириб бериш ҳам керак, деб ўйлайман. Чунки, бўлар-бўлмас нарсаларни тинглашяпти, ота-оналар ҳам “болам шуни эшитяпти” дейдию, лекин бунга тузатиш киритишмайди!

photo (14)

Муроджон Мажидов “Ўзбекнаво” Бош директори ўринбосари: -  Бу мавзу бугунги кунда жуда ҳам муҳим. Муҳтарам Президентимизнинг бошчилигида ўз олдимизга қўйган муҳим мақсадларидан бири, баркамол авлодни тарбия қилиш, баркамол авлоднинг эса албатта маънавияти ҳам юқори бўлиши керак. Ҳаммамизга маълумки, санъаткор кимдир учун “кумир” бўлади, албатта. Натижада унинг ўзини тутиши, кийинишига эътибор қаратади. Оқибатда санъаткорнинг зиммасидаги масъулият янада ошади. Бир санъаткор бир неча ёшга шахсий ўрнак кўрсатади! Бошқа соҳа вакили ёш авлодга бир неча соат давомида етказадиган фикрини, санъаткор биргина қўшиқ билан бир неча дақиқада етказиши мумкин! Ёки тескариси, битта қўшиқ билан унинг маънавиятига таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан савиясиз қўшиқларнинг олдини олиш, санъаткорлар олдидаги талабларнинг ошишига тўхталадиган бўлсам, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасида 2 та бадиий кенгаш бор. Ўтган 2014 йилнинг май ойидан бошлаб, жонли ижрода лицензия бериш йўлга қўйилди! Бу ҳолат санъаткорларнинг ўзига ҳам маъқул бўлди! Чунки, бу маҳорат ва савиянинг ошишига сабаб бўлди! Концерт дастурларига рухсат бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди, бир қатор ишлар амалга оширилди. 15 фоиз концерт дастурларига малакали шоир ва режиссёрлар жалб қилинди. Яъни, кўр-кўрона рухсат берилмаяпти! Бугунги матбуот анжуманидаги фикрлар ҳам, баёнлаштирилади, таклифлар инобатга олинади.

 photo (34)

Матбуот анжумани давомида барча сўзга чиққанлар, томонидан ҳозирги кундаги клипларнинг ёшлар маънавиятига таъсири, баъзи хонандаларнинг хориж мусиқасини олиб, ўзбекча сўз қўйиб куйлашларини, буни ўзбек эстрадасига таъсири, бастакорликнинг мураккаб жиҳатлари, шунингдек журналистларнинг ҳам савияси, уларда ҳам ички маданият бўлиши кераклиги, улар оммага тақдим қилинишга муносиб гапларни оммага етказиб беришлари кераклиги, айримлар реклама учун ҳар қандай гапни ёзиб юборишлари, бировнинг номи ҳисобига ўз номини кўтаришга уриниш, телеканалларнинг ўз ишига масъулият билан қарашлари кераклиги, ғарбдан нима учун фақатгина салбий жиҳатларни ўзлаштирилаётганликлари, қолаверса, аслида ёмон нарсани ҳадеб, ёмон эканлигини таъкидлайвериб, журналистлар ва санъат оламидагиларнинг ўзлари ҳам ўша ёмон нарсанинг “реклама”сига “ҳисса” қўшаётганликларини, натижада ўша ёмон нарсани оммалашишига сабаб бўлинаётганлиги, яхши қўшиқларга эса қўллаб-қувватлаш етишмаслиги, Маданият тўғрисидаги қонуннинг жуда ҳам зарурийлиги, менталитетга тўғри келмайдиган қўшиқ ва клипларни намойиш этилмаслиги учун, қонуний равишда ёндошиш кераклиги, ҳар қандай тартибсизликнинг сабаби, қонунсизлик эканлиги айтиб ўтилди.

Бугунги ёш авлод, келажакда ҳал қилувчи куч, юртимиз келажагидир. Шунингдек, келгусида мамлакатимизнинг асосий таянчи бугунги ёшларимиздир. Бу таянчнинг қанчалик кучли ва мустаҳкам бўлиши эса, уларнинг маънавиятига боғлиқ. Чунки, маънавиятсиз инсон, юрт келажагига ҳисса қўша олмайди, назаримизда. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ёш авлоднинг маънавияти, тарбиясига таъсир кўрсатадиган ҳар қандай воситага жиддий эътибор қаратиш, керак бўлса назоратга олиш, давлатимизнинг жамоатчилигимизнинг муҳим ва устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бу ҳақида Муҳтарам Юртбошимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” номли асарларида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Бугунги кунда эстрада санъати, ёшлар онги ва қалбига кучли таъсир кўрсатаётган экан, шу йўналишда ижод қилаётган хонандалар янада масъулиятли бўлиши, нафақат ижроси, балки ташқи кўриниши, хулқ-атвори, саҳнада ўзини тутиши, куйлаётган қўшиғининг матни каби масалаларга ҳам жиддий аҳамият беришлари зарур.

Қолаверса, шахсий фикримиз, журналистларнинг ҳам савиясига аҳамият бериш керак, деб ўйлаймиз. Чунки, биринчидан журналист ҳам, оммага нима етказиб бераётганлигини билиши керак, назаримизда. Журналистда ҳам ички маданият бўлиши муҳим, деб ўйлаймиз. Лекин, афсуски, ҳозирда агар хонанда, интервьюда аҳлоқ қоидаларига мос бўлмаган ҳолатларни гапирса, ёки ўз ҳаётига оид бирор нобопроқ воқеани тилга олса, айрим “журналистман”, деган “қаламкаш”ларнинг хаёлига биринчи келадиган нарса, шу “минус”ни тезроқ ёзиб, тезроқ ўткинчи “машҳур”ликка эга бўлиш холос! Ўша хонандага бироз “тарбия” бериш, ҳеч бўлмаганда ўша “минус” гапни ёшлар онгига салбий таъсири, ёки ўша хонанданинг ўз карьерасига таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунча бериш эса, хаёлларига ҳам келмайди! Биринчи ўринда шахсий манфаат гўё! Биринчи бўлиб, ўша нима гап бўлса ҳам, халқ, ёшлар ўқиши керакми, йўқми, маънавиятга таъсир кўрсатадими, йўқми, дарров ҳаммага эълон қилиб, “мен мана шу кирни қидириб топдим!” деб мақтаниш холос, минг афсуски! Бу ҳаммаси, саводсизлик ва онгсизликдан дарак, назаримизда! Ҳақиқий журналист, рамзий маънода, биринчи навбатда ўз миясига “фильтр” ўрнатиб, ўша хонанданинг халқ ва ёшлар маънавиятига таъсир кўрсатадиган гапларини ўша “фильтр”да “ушлаб” қолиши керак, журналист, хонанданинг оғзидан чиққанини ёзишга мажбур эмас, деб ўйлаймиз! Чунки, у мустақил шахс! Хонанда эса, халқ, ёшлар маънавиятига таъсир кўрсатувчи, аҳлоқ-одоб қоидаларига, тарбияга зид гапларни гапирса, ёки сўз бойлиги камлик қилиб, бирор нарсани тўлиқ ифода қилиб бера олмай, баъзи сал ноўрин сўзларни ишлатиб юборса, журналист дарҳол, бу ҳолатни тўғрилаши, керак бўлса, ўша сўзлар ва ҳолатнинг нотўғри эканлигини, ўша хонандага асосли равишда тушунтириб бера олиши ҳам керак! Ўз фикрини ифодалаш учун хонанданинг “сўз бойлиги” етмаса, журналистнинг “сўз бойлиги” етарли бўлиши керак! Танилиш ва пиар учун, хонандаларнинг дуч келган минусини, ёзиб чиқаравериш, бу худди “одамлар эътибор қилсин”, деб гулзорга ахлат ташлаш, ёки оппоқ деворга дуч келган рангни сепиш билан баробар, назаримизда. Журналистнинг ёзган мақоласи ҳам, иложи борича, халқ, ёшлар маънавияти ва тарбиясига ижобий таъсир қилиши керак, деб ўйлаймиз. 

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

1

Фотолар учун  фотограф Темур  Сайфуллаевга  миннатдорчилик билдирамиз

photo (35)

photo (33)

 photo (29)

photo (25)

photo (26)

photo (27)

photo (28)

photo (23)photo (21)

photo (20)

photo (19)

photo (17)

photo (15)

photo (9)

photo (11)