FATTOHHON.COM
« Все новости
15-16 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида хонанда Алишер Рўзметовнинг “Кечалар” деб номланган 2 кунлик илк яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.
Концертнинг илк куни. Залда томошабинлар гавжум. Концертга меҳмон томошабин сифатида шоубизнеснинг кўпгина таниқли ижодкорлари ҳам келишди. Масалан, Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов, продюсер, киношунос ва журналист Феруза Нодирова ва бошқалар...
Концерт дастурини севимли актриса Дилноза Кубаева ва устоз сухандон Абдумўмин Ўтбосаровлар олиб боришди.
Концерт декорацияси ҳам дид билан тайёрланган бўлиб, ўртада катта монитор, икки чеккада эса, кўпқаватли уйлар тимсолида эди. Мониторда қўшиқлар вақти хонанданинг клиплари бериб борилди.
Концерт дастурини Алишер Рўзметов “Бу кеча” қўшиғи билан бошлади.
Қўшиқ тугагандан сўнг, Алишер Рўзметов жуда ҳам ҳаяжондалигини, ҳамда томошабинлар, мухлисларидан жуда ҳам хурсандлигини билдирди ва навбатдаги қўшиққа ўтди.
Шу тарзда концертда 1 – блок бошланди. Унда, хонанда томонидан, “Бу кеча”, “Гўзал”, “Севгилим мени”, “Гулгина”, “Бу жанон”, “Холи ўзига ярашган”, “Бошқача” қўшиқлари куйланди.
2 блок бошлангунга қадар, орада Comedy Uz резидентлари, ўзларининг концерт дастурларидаги баъзи номерларни, хонанда Алишер Рўзметовнинг концертига мослаштириб, намойиш қилишди.
2 блокни доирачилар гуруҳи ўзларининг, ажойиб доира садолари билан очиб беришди. Алишер Рўзметовнинг завқи келиб, доира билан улар сафига қўшилиб, доира чалди! Сўнг, “Айладинг” қўшиғи билан 2 блокни бошлаб берди. Хонанда, ўз онаси ҳақида сўз юритиб, оналар ҳақидаги “Онам қарзин узолмасман” қўшиғини ижро қилди! Қўшиқ ниҳоятда таъсирли! Хонанда онасини саҳнага таклиф эта олмаслигини, чунки волидаи муҳтарамаси камтар инсон бўлганликлари учун, саҳнага чиқишни ўзлари ҳоҳламасликларини, қўшиқни ўз жойларида ўтириб тингламоқчи эканликларини билдирди.
Шундан сўнг, Алишер Рўзметов саҳнага Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубовни таклиф қилди. Иккови биргаликда “Ўйласам” қўшиғини дуэт тарзида куйлашди! Устоз санъаткор Ғуломжон Ёқубов саҳнада Алишер Рўзметовга яхши тилаклар билдириб, у ҳақидаги ўз фикрларини баён қилди!
Сўнг, Дилноза Кубаева Алишер Рўзметовнинг тўнғич фарзанди ўғли Ҳожиакбарга навбат берди. Аввалига томошабинларга унинг Алишер Рўзметовнинг ўғли эканлиги айтилмади. Ҳожиакбар “Мустаҳзод”ни маромига етказиб ижро этиб берди!
Шундан сўнггина, Алишер Рўзметов ўғлини томошабинларга таништирди! Олқишлар, қарсаклар ёғилиб кетди! Ҳамма Ҳожиакбарнинг овозига қойил қолди!
Бундан кейин Алишер Рўзметов, “Сиз менинг севгилимсиз”, “Хоразм лазгиси”сини ижро қилди.
3 блок бошлангунга қадар эса, телебошловчи ва сўз устаси Ботирхон Имомхўжаев ўзининг “Тош ойна” кўрсатувини саҳнада, Шукурулло Исроилов билан бирга, Алишер Рўзметовнинг концертига мослаб амалга оширди!
Номер жуда кулгили чиқди, ижодкорлар ҳар бир гапни кулгили чиқаришга ҳаракат қилишди ва шу билан бирга маданият доирасидан ҳам четга чиқмасликка ҳаракат қилишди. Айниқса, Шукурилло Исроилов ўзини Алишер Рўзметовнинг шогирди, деб эълон қилиб, қилган ҳаракатларидан томошабинлар кулгидан бир зум ҳам тўхташмади.
Номер якунида эса, саҳнага чиққан Алишер Рўзметов уларга ва томошабинларга жонли ижрода Таваккал Қодировнинг “Ўйласам шу дилбарим маккорга ўхшайди-ку” қўшиғини куйлаб берди! Албатта, Шукурулло Исроилов ҳам у билан бирга куйлашга ҳаракат қилди.)))) Олқишлар тинмади!
3 блокни хонанда “Нозли гўзал қизгина” қўшиғи билан бошлади. Сўнг, “Девонангман севгилим” қўшиғини куйлади.
Алишер Рўзметов залда унинг қўшиқларига берилиб рақсга тушган томошабинлардан кутилмаганда 2 та қизчани саҳнага таклиф қилди. Нозимахон ва Хадичабону исмли бу қизчалар хонанданинг таклифи билан, ижро қилинган мусиқага, чиройли рақсга тушиб беришди. Кейин эса, хонанданинг навбатдаги “Ёр-ёр-ёрей” қўшиғига “Паризода” гуруҳи қизлари билан бирга рақсга тушишди!
Деярли ҳар бир қўшиққа рақслар, саҳна кўриниши тайёрланган. Концертда “Паризода” рақс ансамбли раққосалари иштирок этишди.
Рақслар ҳар бир қўшиқнинг мазмун ва мусиқасига мос равишда саҳналаштирилган, либосларгача мосланган эди.
Хонанда 3 блок давомида яна, “Юзида дона холи”, “Яна тунлар”, “Сени излаб соғинаман” қўшиқларини куйлади. “Ўзбекистон” қўшиғи билан концертни ниҳоясига етказди.
Навбат гулларни беришга келганда, хонанданинг қўллари гуллар ва мухлисларнинг совғаларига тўлиб кетди. Концерт ниҳоятда файзли ва самимий ўтди.
Хонанда концерт ниҳоясида барча томошабинларга самимий миннатдорчилик билдирди.
Концерт томошабинларга манзур бўлди.
Концерт кунлари Алишер Рўзметовни Ўзбекистон ва Қоравалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам самимий табриклади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова