FATTOHHON.COM
« Все новостиТўй халқимизнинг энг чиройли орзу-ҳавас, асрлардан асрларга ўтиб келаётган анъаналаридандир! Ҳамиша қариялар ёшларга эзгу тилак билдирганларида ҳам, “Тўйларга етказсин” деб бежиз айтишмайди! Тўй учун махсус тайёргарликлар кўрилиши табиий. Энг аввало, албатта келин либосларига эътибор қаратилади. Шунинг учун ҳам, бу йилнинг энг янги урф бўлган келин либослари ва бошқа миллий урф-одатларимизни намойиш этиш мақсадида, 31 май куни TASHKENT PALACE Меҳмонхонасида “Тўйлар муборак” Тўй либослари фестивали ўтказилди.
Фестивалда тўй либослари ва миллий либослар дефилесидан ташқари, фуршет услубидаги тўкин дастурхон ҳам меҳмонларга мунтазир эди.
Фестивалда шоу бизнес вакиллари ҳам меҳмон бўлишди. Жумладан, хонандалар Динейра, Амира, Тамила, "Диёр" гуруҳи, Саида, актёр Умид Искандаров рафиқаси билан, актрисалар Ҳалима Ибрагимова, Зуҳра Солиева, Замира Бешимова, шунингдек, Comedy Uz резидентлари, Жаҳонгир Шаҳобиддинов, Ойхон Ифорзода, журналист Шоҳира Ҳамро ва бошқалар...
Фестиваль ўтказилаётган Меҳмонхонадаги майдон, миллий услубда дид билан безатилган бўлиб, меҳмонлар учун барча қулайликлар яратилган эди. Намойишдан аввалги шўх қўшиқ ва мусиқалар меҳмонлар кайфиятини янада кўтарди.
Сокин ва миллий мусиқа садолари остида фестивалнинг дефилеси бошланди.
Дефиледа “Мурсак” модалар уйи, “Nuptial” модалар уйи, дизайнерлар Нилуфар Абдувалиева, Гўзал, Ирода, Дилмурод Миркамилов яратган либослар, ҳамда
болалар коллекцияларидан Dimonds kids, Color Garnet намойиш этилди.
Махсус кастинг орқали танлаб олинган моделлар томонидан кийиб намойиш этилган, миллийлик ва замонавийлик уйғунлигидаги ўзига хос либослар барчанинг олқишига сазовор бўлди!
Фестивалда тўйдан сўнг ўтказиладиган анъанавий келинсалом ҳам ўзгача руҳиятда намойиш этилди. Актриса Зуҳра Солиева юзи ҳарир рўмол билан ёпилган келинчакни олиб чиқиб, келинсалом айтди.
“Келинчак” барчага салом қилди, олқишлар тинмади. Ҳамма келинчакнинг кимлиги билан қизиқаётган эди! “Келинчак”нинг юз очишига навбат келганида эса, ҳамма ҳайратда қолди!
Бу актриса Ҳалима Иброҳимова эди!
Келинсалом ҳамманинг кайфиятини янада юқори кўтариб юборди!
Фестивалда “Марварид” болалар гуруҳининг “Дўппи тикдим” қўшиғига
“Асал” болалар гуруҳи қизчалари рақсга тушишди!
Фестиваль якунида, мазкур Фестивалнинг ғоя муаллифи ва ташкилотчиси, "Тўйлар муборак" журнали Бош муҳаррири, "Inter Tashkent Expo" директори Дилдора Зайнутдиновага сўз берилди ва
у барчага миннатдорчилик билдирди.
Фестивалда бу гал асосий урғу либосларга қаратилди, ҳар бир либос номма-ном томошабинларга таништириб ўтилди. Меҳмонлар ўзларига ёққан либосларни танлаб, қўл телефонларига суратга олиб, қайси дизайнерга буюртма қилиш кераклигини белгилаб олишга ҳам улгуришди.
“Nuptial” модалар уйи томонидан намойиш қилинган ўзгача тўй либослари айниқса, ҳамманинг эътиборида бўлди!
Томошабинлар томонидан “энг ҳашамдор” либос, деб таърифланган либос,
шунингдек, французча нозик тўй либоси,
фата ўрнида ёпинчиқли тўй либослари, айниқса, томошабинларга манзур бўлди!
Шунингдек, Дилмурод Миркамилов томонидан яратилган нафис ва жозибали оқшом либослари томошабинларни завқлантирди!
Фестиваль кўтаринки руҳда ўтди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз