FATTOHHON.COM
« Все новостиХонанда Отабек Муталхўжаевнинг “Қалей-қалей?” қўшиғига клип суратга олинди. Қўшиқ сўзи ва мусиқаси Элдор Қаюмовга, аранжеровкаси эса Ботир Алиевга тегишли.
Клипда бош қаҳрамон Отабек Муталхўжаевнинг ўзи, унинг севгилиси ролида эса актриса Зарина Низомутдинова суратга тушишди.
Лекин, бу ҳаммаси эмас, чунки бу клип Отабек Муталхўжаевнинг аввалги клипларидан фарқ қилади!
Юқори кайфиятдаги клип ғояси клипмейкер Шуҳрат Мавлоновга тегишли.
Отабек Муталхўжаев: - Бу ҳазиломуз қўшиқ бўлиб, қўшиқ ҳам бир йил давомида 3-4 марта қайтадан қилинди, 2 қайталаб бошқатдан куйланди! Охири бир қарорга келинди ва бир йил деганда тайёр бўлди! Сабаби, вақт масаласи, ижодкорлар бир-бирининг вақтини кутишларига тўғри келди ва қолаверса, ўзим ҳам кўп сафарда бўлдим. Энди бу қўшиққа клип суратга олинмоқда. Унга кўплаб кино актёрлар ва актрисалар таклиф этилган! Жумладан, Зарина Низомутдинова, Феруза Собитова, хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов, хонанда ва актёр Азиз Раметов ва бошқалар... Клип ҳам ҳазиломуз, ранг-баранг ва қизиқарли. Клип учун декорация қурилди. Бу клипни суратга олишдан мақсад, мухлислар учун байрамона кўтаринки кайфият тақдим этиш! Клипда ранг-баранглик, юқори кайфият акс этади! Шуҳрат Мавлонов билан клип ғояси устида “нима қилсак бўлади?” деб кўп ўйладик. Тўғрисини айтсам, ғоя офисда ўтирган жойимизда келди! Чунки, офис, ранглар билан рассомлар томонидан чизилган, бойитилган эди! (кулиб)Сирни очмайману, аммо девордаги рангларга қараб, бир яхши фикр келди! Ҳаммасини клип тайёр бўлгандан кейин мухлисларнинг ўзлари кўришади ва баҳо беришади!
-Шу ўринда шундай савол туғилмоқда. Мана 3-4 клипларда гувоҳ бўлиб турибмиз, хонандалар бир-бирларини ўз клипларига таклиф этиб, бир-бирларининг клипларида суратга тушишлари, одатга айланаётгандек... Бу клипда бу фикр, яъни клипга ҳамкасбларни таклиф этиш фикри қаердан келиб чиқди?
Продюсер, журналист Феруза Нодирова: - Балки, бу урф бўлаётгандир? Лекин, бизнинг клип, айнан шундай йўналишдаги клип! Биз бундан олдин ҳам, “Самодаман” деган қўшиғимизда ҳамма хонанда, актёрларни йиққанмиз. Бу тахминан 5 йил аввал эди. Унда Отабекнинг тенгдошлари келишган, Янги йилга бағишлаб шундай қилинган эди. Бу қўшиққа келсак, бу янги қўшиқ ўзи ёшларбоп бўлганлиги учун ҳам, Отабекнинг ҳамкасблари ва дўстларини йиғишга қарор қилдик! Энди бошқа ижодкорларда бундай клипларнинг бўлаётганлиги ҳам яхши, деб ўйлайман! Чунки, бундай клиплар ижодкорларни яна ҳам бир-бирларига яқинлаштиради, ижодкорлар бир-бирлари билан дийдорлашиш имконига эга бўлади ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади! Биз ҳам, бу сафар ҳамкасблар, дўстларни дийдорлашиш мақсадида ҳам, бу клипга таклиф этдик. Ўйлайманки, бу ижодкорларнинг ўзларига ҳам позитив эмоцияларни беради, чунки қўшиқнинг ўзи ҳам, жуда позитив руҳда! Ижодкорлар ана шундай бир-бирларини қўллаб-қувватлашса, фақат ва фақат яхшиликка, деб ўйлайман! Бу асло бир-бирларидан кўчириш маъносида эмас! Бу ижодкорларни янада аҳиллаштириш, улардаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ҳамда ижодий ҳамкорликка қўйилган қадам, деб биламан! Ахир, меҳр кўзда, деб бежиз айтишмайди!
Клипни суратга олиш жараёнлари чиндан ҳам жуда қизиқарли ва юқори кайфиятда давом этди!
Клипда хонандалар Ёдгор Мирзажонов,
Ботир Яминов,
ҳамда актёр ва юрист Отабек Маҳкамовлар билан боғлиқ лавҳалар суратга олинди! Шунингдек, яна бошқалар ҳам кутилаётган эди...
Феруза Нодированинг таклифига биноан, клипда
мен
ва фотограф Сардор Азимов ҳам ўз ролларимизни ижро этдик!))))
Қандай чиққанини эса, клип тайёр бўлгач, билиб оламиз!
Хуллас, тез орада Отабек Муталхўжаевдан ўта позитив клип кутилмоқда!
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга
миннатдорчилик билдирамиз