FATTOHHON.COM
« Все новости«Grand» радиосида бош муҳаррир Иброҳим Аҳмедовнинг “Премьера” дастури бўлиб ўтди.
Бугун Рухшонанинг “Шекилли” қўшиғи премьера бўлди!
“Премьера” дастури жуда қувноқ руҳиятда бошланди! Эфирдан ташқарида, Иброҳим Аҳмедов ва унинг рафиқаси Маргаритани фарзанд кутаётганликлари, Иброҳим Аҳмедовни “яхши ота” бўлишга “репитиция” қилиб, ярим тунда рафиқасига керакли таомларни тайёрлаб бераётганлиги, бу ҳам ўзига хос “ширин ташвиш” эканлиги ҳам айтиб ўтилди.)))) Бу борада илк фарзандини кутаётган Рухшона ва Санжар Маткаримовлар ҳам, ўзларидаги ҳолатларни айтиб ўтишди!
Дастур бошланди!
Иброҳим Аҳмедов: - Бугунги премьерани бемалол «оилавий премьера» деб айтишим мумкин! Бугун дастуримизда Рухшона “Шекилли” таронаси билан, ҳамда бу таронага клип суратга олган Рухшонанинг турмуш ўртоғи клипмейкер Санжар Маткаримов ва премьерамизда мунтазам равишда иштирок этувчи Fattohhon.com сайти раҳбари Феруза Фаттохова, ҳаммамиз шу ердамиз! Ҳаммага Ассалому алайкум! Бу нафақат оилавий премьера, балки Рухшонани бизнинг дастуримизга 10 йил деганда илк ташрифи! Рухшона оилавий ишлардан ташқари, ижодда нима янгиликлар?
Рухшона: - Ижодий янгиликларимиз жуда ҳам кўп, ҳар куни ҳаракат ва изланишдамиз! Мана ҳозир “Шекилли” қўшиғимизни нафақат тарона, балки клипининг ҳам премьераси! Тез орада ойнаи жаҳон орқали ҳам намойиш этамиз. Қолаверса, янги қўшиқ ҳам ёздик. Бу қўшиққа ҳам кейинчалик клип ишлаш ниятимиз бор!
Дастурни Иброҳим Аҳмедов ўзига хос ҳазиллар билан жуда қувноқ кайфиятда олиб борди!
Иброҳим Аҳмедов: - Менимча, клип ғояси оилавий тузилган. Санжар Маткаримовга саволим: Ҳар ҳолда бошқаларга клип ишлаш бошқача, турмуш ўртоғингизга клип олиш бошқа! Қандай қийинчиликлар бўлди? (образга кириб) “Мана бу кадрни олиб ташланг! Сен қаердан биласан?” ва ҳоказо, дегандек...
Санжар Маткаримов (кулиб): - Жуда унчалик эмас! Сиз айтган диалог аслида ўзим билан ўзимда бўлиб қолди! “Шекилли” қўшиғини эшитишим билан билдим, бошқаларга клип суратга олиш бошқа, турмуш ўртоғингизни қўшиғига ғоя қилиш, чиндан ҳам бошқача экан! Бу албатта, мени “юзим”! Шунинг учун ҳам, бу қўшиқни премьера қилишга шошилмадик. Ўзи қўшиқ кузда тайёр бўлганди.
Иброҳим Аҳмедов: - Демак, ярим йил?
Санжар Маткаримов (кулиб): - Ҳа, агар ўшанда премьера қилинганда, ярим йил ўтиб клип чиқарди! Ўзи ҳеч бўлмаса, 1 апрель ҳазил мутойиба кунига премьера қиламиз, дегандик. Лекин, вақти ёз экан!
Иброҳим Аҳмедов: - Рухшонани клипда ўзи қандай образда кўрамиз? Бу мен учун жуда ҳам қизиқ!
Санжар Маткаримов: - Образларда озгина абстракцион жанрга ёндошишга тўғри келди. Қўшиқ сўзларидан келиб чиқиб, шундай қилинди. Образлар ҳақида Рухшонанинг ўзи айтсин!
Рухшона: - Энди ҳазиломуз клип бўлганлиги учун, биз клипимиз томошабинлар кайфиятини кўтарсин, деб ҳаракат қилдик! Ғояси иккимиз “Туркистон” саройига концерт дастурига борганимизда туғилганди! Ўша ерни ўзида гаплашиб, бойитилган. Мен учун бу клип қолган клипларга нисбатан умуман ўзгача бўлди!
Санжар Маткаримов: - Мультипликацион ёндошув қилдик! “Чикко”ни чизган йигит Жавлон Турдихўжаев бизга ёрдам берди ва фурсатдан фойдаланиб, унга миннатдорчилик билдирамиз. Ҳамда бутун жамоага ҳам, катта раҳмат!
Иброҳим Аҳмедов: - Турмуш ўртоғингиз билан ишлаш қийин бўлмадими?
Рухшона: - Бошида тўғри жуда ҳам қўрқдим. (кулади) Қандай бўларкин, деб. Клип олинадиган куни биринчи марта павильонга кириб, фильм суратга олинаётгандек катта жараённи кўриб, “вуй” деб юборганман! Мени ижодимда шу пайтгача бундай клип бўлмаган! Турмуш ўртоғим эса, “нега ҳайрон бўляпсан? Бу оддий ҳолат! Клиплар шундай суратга олинади!” дедилар.
Иброҳим Аҳмедов: - Бежизга айтилмайди, профессионал, барибир профессионал! Саволим Ферузага: Рухшонанинг ижодига қандай қарайсиз? Унинг сўнгги вақтдаги ижодига қандай баҳо бера оласиз?
Феруза Фаттохова: - Мен бу ижодкорни ижодининг бошидан, ижоддаги илк қадамларидан танийман! Очиғини айтаман, менга қўшиқлари ёқади ва ҳурмат қиламан! Охирги вақтдаги қўшиқларидан, тўғрисини айтсам, мана янгисини кутяпман! Ундан олдин эса, бир йил танаффус бўлгандек туюлди.
Иброҳим Аҳмедов: - Нима сабабдан? деб, Рухшона ва Санжар Маткаримовга юзланди.
Санжар Маткаримов: - Тўғри, энди оилавий ҳаёт! (кулади)
Иброҳим Аҳмедов: - Умид қиламизки, энди тўхташ йўқ! Лекин, энди буёғига ҳам танаффус бўлиб қолмасмикан?
Санжар Маткаримов: - «Ватан» ҳақида янги қўшиқ қилинди, бу қўшиққа ҳам яқинда клип суратга олинади. Кейин яна бир неча сюрпризлар бор, ёз мавсумининг ичида тақдим этиш ниятидамиз!
Иброҳим Аҳмедов: - Бизни эса, Маткаримовлар оиласига тилагимиз, умуман ижоддан тўхташ бўлмасин! Мана шундай қувноқлик, аҳиллик ҳеч қачон оилангиздан йўқолмасин!
Шундан сўнг, суҳбат “Шекилли” таронаси ҳақида борди. Бу таронанинг сўзи ва мусиқа Элдор Қаюмовга тегишли экан.
Иброҳим Аҳмедов: - Нима учун қўшиқ номи “Шекилли”?
Рухшона: - Қўшиқнинг ўзини тинглайдиган бўлсак, қўшиғимиз ҳам, клип ҳам ҳазиломуз бўлганлиги туфайли, ўзимизнинг миллий урф-одатларни ҳазиломуз тарзда “Шекилли” деб номладик.
Санжар Маткаримов: - Кимлардадур урф-одат серенада айтади. Кимлардадир “Севади, севмайди” деб ромашка гулбаргини узади. Бизнинг урф-одат эса, “мана бундай шекилли?” деган маънода, ҳазиломуз! “Ўзи урф-одат мана бундай шекилли?, олдин совчи келарди, шекилли?” дегандек.
Рухшона эса, ўз навбатида бор меҳру муҳаббатларини бу қўшиққа ва клипга берганликларини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, “Шекилли” қўшиғи премьера қилинди!
Премьерадан сўнг, фикрларга ўтилди! Иброҳим Аҳмедов ижодкорларни премьера билан табриклаб, кайфиятни кўтарадиган тарона бўлганлигини айтиб ўтди!
Иброҳим Аҳмедов: - Қўшиқнинг нақаротида бир нарсага эътибор қаратдим. Сизга ҳам шундай огоҳлантириш бўлганми? Энди бу ҳамманинг бошидан ўтади! , деб кулиб Санжар Маткаримовга мурожаат қилди.
Санжар Маткаримов: - Бу қўшиқни эшитганимда ҳали турмуш қурмагандик, учрашиб юргандик.
Иброҳим Аҳмедов: - (кулади) Ҳа, чиндан ҳам балки сизга аталгандир? Энг асосийси, бахтингизга кўз тегмасин!
Шундан сўнг, радиотингловчилар томонидан қўшиқ ҳақида яхши, кўтаринки фикрлар билдирилди! Шундан сўнг, қўшиқ ҳақида Иброҳим Аҳмедов ва Феруза Фаттоховалар ҳам ўз фикрларини билдиришди.
Иброҳим Аҳмедов: - Тўғридан тўғри қўнғироқларни қабул қилдим, фикрларни ўзингиз тингладингиз! Ҳар бир қўшиқ ортида нафақат ижодкорнинг балки, бутун бир жамоа меҳнати туради! Тарона мухлисларга қанчалик манзур бўлса, бу клипнинг ҳам ўзига хос омади, дейиш мумкин! Шунинг учун ҳам, бир сўз билан айтганда сизларни табриклайман! Кайфиятни кўтарадиган қўшиқ бўлган!
Феруза Фаттохова: - Қўшиқ ҳақида тингловчилардан ҳам яхши фикрлар эшитдик! Чунки, ҳозир ўзингиз ҳам ёз фаслида мухлислар қалбидан фақат шўх қўшиқлар жой эгаллайди, деб айтиб ўтдингиз! Тингловчилар фикрига қўшилган ҳолда, қўшиқни омадли чиққан, деб ўйлайман!
Санжар Маткаримов: - Рухшонанинг қўшиғи тингловчиларга манзур бўлди, деб ўйлайман! Яна ҳар хил фикрларни кутиб қоламиз! Клип ҳам тингловчиларга манзур бўлишини истайман! Фикрлар учун катта раҳмат!
Рухшона: - Ҳар бир фикр биз учун катта аҳамиятга эга! Қўшиқ тингловчиларга ёққанидан жуда ҳам хурсандмиз ва клипимиз ҳам ёқади, деган умиддамиз! Қўшиқни яратган ва клипни суратга олишда ёрдам берган жамоага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! “Grand” радиоси мухлисларига ва барчага омад тилаб қоламиз! Юзингиздан ҳеч қачон табассум аримасин!
Феруза Фаттохова: - Мухлисларимиз ҳамиша соғ бўлишсин ва ҳамиша омад ҳамроҳ бўлсин!
Иброҳим Аҳмедов: - Барчангизни дастуримизда қарши олганлигимдан хурсандман! Қўлимиздан келганча аъло кайфият улашишга ҳаракат қилдик ва умид қиламанки, бунинг уддасидан чиқа олдик. Дастур якунида айтадиган гапим, ўзингизни эҳтиёт қилинг, яқинларингизни асранг ва билингки, сизни уйда яқин инсонингиз кутмоқда! Азизлар, омон бўлинглар!
ҚЎШИҚНИ ТИНГЛАШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!