FATTOHHON.COM
« Все новости
4 декабрь куни «Киночилар уйи» ва «Алишер Навоий» (собиқ “Панорама”) киносаройида режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Ана холос” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Премьера ўтказилаётган залда кўплаб киноижодкорларни кўриш мумкин эди.
Шунингдек, киносарой фойеси ва кинозалда, турли мультфильм қаҳрамонлари томошабинларни кутиб олишди.
Премьера олдидан, анъанага кўра, аввал мини концерт уюштирилиб, унда хонанда Нилуфар “Дилим”, “Тантанам мани” қўшиқларини,
ҳамда ёш хонанда Жаҳонгир ва актриса Шахзода Муҳамедова “Ана холос” фильми саундтрекини куйлашди.
Мультфильм қаҳрамонлари улар ва томошабинлар билан бирга рақсга тушишди.
Премьерани “Гранд” радиоси бош муҳаррири Иброҳим Аҳмедов олиб борди.
Шунингдек, Иброҳим Аҳмедовнинг ўзи фильмда водолаз ролини ижро этган.
Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов
Картина директори Жамол Аҳмедов
Фильмнинг бадиий раҳбари Матёқуб Матчонов
Бош ролларда Матёқуб Матчонов, Ҳусан Мусабоев, Ҳосият Ҳусанова
Шунингдек, Зуҳра Солиева, Жумадилла Раметов, Азиза Бегматова, Зафар Асқаров, Асқар Ҳикматов ва бошқалар...
Намойиш олдидан фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов барчага самимий миннатдорчилик билдирди.
Фильм намойиши бошланди.
Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов билан аввал суҳбатларимизнинг бирида, у киши мазкур фильм воқеалари бир киноижодкор ҳаётида юз берганлигини, лекин унинг исми-шарифини айта олмаслигини билдирган эди.Яъни, фильм воқеалари ҳаётдан олинган экан.
Шунингдек, фильмнинг яна бир ўзига хос жиҳати, бу фильмда кўп йиллар олдин томошабинлар меҳрини қозониб улгурган “Бозор кўрмаган йигит” видеофильмидаги Матёқуб Матчонов ва Ҳусан Мусабоевлар тандемини кўришимиз мумкин бўлди.
Фильм комедия жанрида бўлиб, лекин унда кўтарилган мавзу томошабинни ўйлантира олади. Яъни, ҳаётда ўз яқинларини алдайдиган, ёлғонни ҳазил деб, бошқаларга панд берадиган инсонлар учраб туради. Фильм қаҳрамони ҳам, шундай “хислат” эгаси бўлиб, ўзининг бир лаҳзалик ҳазили, баъзиларга қанчалик қимматга тушиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайди. Матёқуб Матчонов талқинидаги бу қаҳрамон, уйи куйган ёлғончига ўхшаб, шундай бир ҳолатга тушиб қоладики, рост гапига ҳам ҳеч ким ишонмайди!
Фильмнинг ютуғи, унинг мавзуси, воқеалар комедик ҳолатлар орқали берилганлиги бўлиб, фильмни оила даврасида бемалол кўриш мумкин.
Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, дегандек, масалан, фильмдаги баъзи бир жумлаларни қаҳрамонлар томонидан бир вақтнинг ўзида бир неча марта қайта такрорланиши, актёрлар ижросида бироз бўрттиришлар сезилгандек, назаримизда. Аммо, фильмларда кўпчилик ҳолатлар бадиийлаштирилиши сир эмас. Қолаверса, фильмда таъсирли саҳналар ҳам мавжуд, кўплаб топилмалар ва томошабинни бир вақтнинг ўзида кулдириб, ҳам йиғлатишга ҳаракат қилинган. Фильмда дўстликка катта урғу берилган.
Одатда, ҳар бир фильм учун ижодкорларнинг катта меҳнати кетади. Баъзида, ҳамма касбга ҳам меҳнат кетади, дейишади. Аммо, ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнат ўртасида катта фарқ бор. Масалан, бир соатда белкурак билан катта чуқур қазиб қўйган инсоннинг қўлига қалам тутқазиб, бир соатда икки саҳифа матн тузиб ёзиб беришни сўрасангиз, афсуски бу ишни, ўша чуқур қазганчалик тез қила олмайди. Умуман, матн ёза олмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, ақлий меҳнат, жисмоний меҳнатдан кўра оғирроқ, назаримизда. Ана шундай оғир ишни уддалаётган ижодкорлар меҳнатига, томошабинлар муносиб баҳо берадилар, деган фикрдамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Икрамутдиновга миннатдорчилик билдирамиз.