FATTOHHON.COM
« Все новости
9-10 декабрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Шуҳрат Қаюмовнинг “Сиз ўшаму” деб номланган жонли ижродаги яккахон концерт дастури бўлиб ўтди!
Концерт кунлари хонандани табриклаб, кўплаб санъаткор ҳамкасблари концертда томошабин меҳмон бўлишди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон Халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Собиржон Мўминов, Саида Раметова, Илҳом Фармонов, режиссёр Иброҳим Расулов ва бошқалар...
Концерт дастурини Ўзбекистон Халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев ҳамда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаевалар олиб боришди. Улар концертнинг Ватан ҳақидаги таъсирли шеър билан бошладилар.
Шундан сўнг, Шуҳрат Қаюмов томошабинлар орасидан “Келадур” қўшиғини куйлаб, саҳна тарафга юрганча, концерт залига кириб келди.
Шундан сўнг, Ватанимизга бағишланган “Жондан азиз диёрим” қўшиғи билан концертнинг асосий қисмини бошлади.
Қўшиқдан сўнг, Шуҳрат Қаюмов саҳнада томошабинлар билан саломлашиб, барчани Обод ва эркин Ватанимизнинг Бош Қомуси Ўзбекистон Республикаси Конститутицияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этди.
Шундан сўнг, хонанда концертни “Сиз ўшаму” деб номланиши сабабини томошабинларга билдириб, концертда улар севган тароналар ва янги қўшиқлар ҳам янграшини айтиб ўтди.
Олқишлардан сўнг, томошабинлар севган қўшиқлардан бири “Сизни севолмасам нетай” қўшиғи билан концертни давом эттирди. Сўнг, “Сиз ўшаму” қўшиғи янгради.
Томошабинлар берилиб, қўшиқлар сўзларини хонанда билан бирга такрорлаб, бирга куйлаб ўтирдилар.
Отабек ва Кумуш муҳаббати ҳақида ҳикоя қилувчи 3 та қўшиқнинг учинчиси бўлган “Армон бўлиб қолдинг менга муҳаббат” қўшиғи ҳам, томошабинларнинг кучли олқишларига сазовор бўлди.
1 блок давомида, шунингдек, янги қўшиқлардан “Тушларимда кўраман сени”, устоз санъаткор Маъмуржон Узоқовнинг репертуаридан Ниҳоний ғазали билан “Бир келиб кетсин” қўшиғини, ҳамда “Келсанг кел, келмасанг ўзим бораман” қўшиқларини куйлади.
Концерт давомида хонанда ҳар бир қўшиқнинг номи, муаллифини ҳам таништириб борди. Шунингдек, қўшиқ номига мос равишда, томошабинларга ўзининг самимий тилакларини ҳам билдирди.
Хонанда ҳар бир блокдан сўнг, томошабинлардан гулларни қабул қилиб олди.
Томошабинлар концертда хонанданинг шўх қўшиқларига берилиб рақсга тушдилар.
Концертда Шуҳрат Қаюмовнинг шогирдларидан бири Санжарбек Неъматов ҳам ўз қўшиғи билан иштирок этиб, Лутфулла Саъдуллаев томонидан томошабинларга таништирилди.
Хонанданинг аввалги йилги концертларида ҳам, меҳрибонлик уйи, ҳамда махсус мактаб ўқувчилари ўз чиқишлари билан иштирок этишган эди. Бу гал ҳам бу анъанага риоя қилган ҳолда, 2 блок олдидан, 106 сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган махсус интернат ўқувчилари томонидан махсус рақс намойиш қилинди. Концертнинг биринчи куни оппоқ либосларда нафис, замонавий рақс намойиш қилган,
иккинчи куни эса, миллий сурхонча либослардаги шўх рақслари билан барчанинг олқишига сазовор бўлган қизалоқларни, аслида барча тинглаётган мусиқа ва қўшиқни эшитмай, устозининг қўл ҳаракатларига мос равишда, маҳорат билан рақс ҳаракатларини амалга ошираётганликлари, барча томошабинларнинг ҳайрат ва олқишларига сазовор бўлди.
Шундан сўнг, Шуҳрат Қаюмовнинг ўтган йилги концерт дастурида ҳам, томошабинлар томонидан юқори даражадаги эътибор ва меҳр билан кутиб олинган “Она тупроқ” қўшиғи ва унга тайёрланган композицияси, кўплаб талабларга биноан қайта намойиш қилинди. Мазкур композициясида Ўзбекистон Халқ артисти Тўти Юсупова она ролида, она монологи билан иштирок этди.
Мазкур композиция олдидан Лутфулла Саъдуллаевнинг ўзи оналарга бағишланган ўта таъсирли шеър ўқиди. Тўти Юсупованинг она тилидан айтган таъсирли сўзларидан сўнг, хонанда Шуҳрат Қаюмов “Она тупроқ” қўшиғини куйлади.
Дардли қўшиқ, оҳанг, мунгли сўзлар, барчаси уйғунлашган бу тарона сабаб, залда кўзига ёш олмаган томошабин қолмади, ҳисоб. “Она тупроқ” қўшиғи аслида, фарзанднинг онага бўлган меҳру муҳаббатини, қалб туйғуларини изҳор этувчи таронадир. Хонанда бу қўшиқни ижро қилганида, саҳнадаги катта монитор орқали, хонанданинг онаси ҳаётлигида суратга олинган тасвирлар намойиш қилинди.
Сўнг, хонанда, “Онамнинг дугоналари” деб номланган янги таъсирли қўшиғи билан концертни давом эттирди.
Бу қўшиқни куйлай туриб, у залдаги томошабинлар қаторида ўтирган онасининг дугоналари бўлган аёлларга гул тақдим қилиб чиқди.
Бу қўшиқдаги айниқса,
“Кулсангиз онамга ўхшаб кетаркансиз,
Юрсангиз онамга ўхшаб кетаркансиз,
Онам севган атирдан сиз ҳам сепаркансиз-ей,
Онамнинг дугоналари” сатрлари томошабинларни жуда ҳам таъсирлантирди.
Бу қўшиқдан сўнг, Шуҳрат Қаюмов ўз онасининг ҳар концерт ўтказганида, “ўғлим, мен яхши кўрган қўшиқларни ҳам айтасизми?” деб сўраганини эслаб, залдаги минглаб оналар учун, ўз онаси яхши кўрган “Ҳеч ким мендек ёридан айрилмасин” қўшиғини мусиқасиз куйлашни бошлаб, сўнг мусиқа билан давом эттирди. Томошабинлар қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди.
2 блокда шунингдек, хонанда томонидан янги қўшиқлардан “Яхши”, “Табибим” қўшиқлари янгради. Сўнгра, томошабинлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган “Учлик”, “Отабек ва Кумуш” муҳаббатини тараннум этувчи қўшиқларнинг ўзига хос давоми сифатида, томошабинларнинг “Нима учун, “Ўтган кунлар”нинг ўзи ҳақида қўшиқ куйламагансиз?” саволига жавоб тарзида, “Эслагаймисан?” деб номланган янги қўшиқ куйлади. Қўшиқ томошабинлар томонидан ўзгача меҳр ва олқишлар билан кутиб олинди.
Шундан сўнг, саҳнага чиқиб келган Гулчеҳра Саъдуллаева таъсирли оҳангда Зайнаб монологини ўқиб берди. Сўнг, Гулчеҳра Садуллаева ҳам, Шуҳрат Қаюмовлар ҳам барчага, “барча Кумуш бўлсин, ҳеч ким Зайнаб бўлиб қолмасин” деб тилак билдиришди.
Шуҳрат Қаюмов “Марди майдон” Жонли ижро фестивали ҳақида сўз юритиб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига миннатдорчилик билдиргач,
хонанда Ферузбек билан биргаликда, “Соқиномаи сафти калон” қўшиғини куйлаб, иккинчи блокка якун ясади.
3 блок олдидан “Қаҳ-қаҳа” гуруҳи ўзига хос ҳазиллари билан томошабинларнинг кайфиятини янада кўтардилар.
3 блокни Шуҳрат Қаюмов “Гулчилар” қўшиғи билан бошлаб берди. 3 блокда асосан, миллий фольклорга урғу берилган бўлиб, унда сурхондарёча, бухороча, хоразмча, андижонча қўшиқлар янгради.
Яъни, “Девонаман”, “Севар ёрим”, “Ёнаман”, “Ростидаман” деб номланган янги қўшиқлар билан бирга, томошабинларнинг севимли қўшиқларидан “Ҳаёт сени менга берди” қўшиғини ҳам куйлади.
Хонанда концерт ниҳоясида, барчанинг кўнглидан жой олган “Мустаҳзод”ни куйлади!
Концерт давомида, деярли ҳар бир қўшиққа мос рақслар саҳналаштирилган бўлиб, уларда “Ўзбекистон” Давлат ашула ва рақс ансамбли, раққос ва раққосалари қатнашдилар. Бадиий раҳбар Ўзбекистон Халқ артисти Қодир Мўминов, мусиқа раҳбари Аҳмаджон Собиров.
Концерт декорацияси ҳам миллий руҳда бўлиб, саҳна тўрига ўрнатилган катта монитор экраннинг икки ёнига, иккита сўзана илинган, ҳамда декорация устунлари ҳам миллий нақшлар билан безатилган. Саҳнанинг катта қисмидан созандалари гуруҳи жой олган бўлиб, улар ҳар бир қўшиққа мусиқани жонли равишда чалиб туришди.
Концерт режиссёри Зокир Қаюмов
Концертда ташкилотчилик ишлари аъло даражада уддаланган бўлиб, концерт ташкилотчиси “Шарқшин Наво” фирмаси раҳбари Рустам ака Орипов.
Концерт ўз ниҳоясига етгач, парда ортида Шуҳрат Қаюмовни кўплаб дўстлари, ҳамкасблари кутиб олишиб, табриклашди. Ҳаттоки, олис вилоятлардан ҳам хонанданинг кўплаб мухлислари келган эдилар. Шунингдек, энг таъсирли ҳолат эса, Шуҳрат Қаюмовнинг бир ашаддий мухлиси 12 декабрь пайшанба куни муҳим операцияни бошидан кечириши керак бўлса ҳам, касалхонадан чиқиб, атайлаб, хонанданинг концертини кўриш учун келибди! Хонанда дўстлари билан бирга, бу инсонга саломатлик ва операциядан соғу саломат ўтиб олишига тилак билдирди.
Шуҳрат Қаюмов бу галги концертини ҳам, тўлиқ жонли ижрода ўтказди, лекин, саҳнада “бу бизнинг вазифамиз холос” дея, камтарлик билан сўзлади. Хонанданинг самимийлиги, камтарлиги ва маҳорати барчага ўрнак бўлса, арзийди. Ижро маҳорати тарафлама, унга қойил қолмай илож йўқ, негаки, хонанда жонли ижрода куйлаётган бўлса ҳам, қўшиқ ижроси вақтида, унинг овозидаги ўзгаришни деярли сезмайсиз, худди фонограммада куйлангандек бир текис, ортиқча пасту баландларсиз, тиниқ овоз билан жонли ижрода куйлаш учун қанчалик кучли маҳорат, машқлар керак бўлишини беихтиёр ҳис этасиз! Жонли ижро дегани, бу шунчаки микрофонни олиб куйлаш эмас, аксинча, жонли ижрода, тиниқ ва равон куйлаш демакдир. Бунга эса, хонанда Шуҳрат Қаюмовнинг концерти мисол бўла олади, назаримизда.
Концертга таклиф учун концерт ташкилотчиси “Шарқшин Наво” фирмаси раҳбари Рустам ака Ориповга миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Икрамутдиновга миннатдорчилик билдирамиз.