FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбек санъатида жонли ижрода куйлаш, бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган анъанадир. Асрлар оша бизгача етиб келган миллий мусиқий меросимиз, ҳамда жонли ижрода куйлаган устоз санъаткорларимиз довруғи тилларда достон бўлганлиги ҳам сир эмас.
Бугунги кунда эса, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси билан ҳамкорликда Миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, шу билан бирга эстрада анъанавий ижрочилик ва академик вокал йўналишида ижод қилаётган ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш, ёш эстрада ижодкорларининг профессионал малакасини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳамда катта саҳналарда ўз маҳоратини намойиш қилишга йўл очиб бериш мақсадида, 2011 йилдан буён “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивалини ўтказиб келмоқда. Мазкур фестиваль шу кунгача, юртимизнинг энг катта санъат саройлари “Истиқлол” санъат саройида, “Туркистон” саройи, ҳамда Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказилиб келинмоқда.
“Марди майдон!” – жонли ижро фестивалининг навбатдаги концерти 11 декабрь куни соат 17.00 да “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтди.
Унда, ёш истеъдодлар иштироки билан бирга, санъатда ўз ўрнига эга санъаткорларимиз ҳам меҳмон сифатида қатнашдилар. Меҳмон томошабин сифатида эса, жуда кўплаб санъаткорларни учратиш мумкин эди. Жумладан, “Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти” Озодбек Назарбеков, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Шуҳрат Қаюмов, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек, Нигора, Рухшона, Умидахон ва бошқалар...
Фестивалнинг концерт дастурини бошловчилар Анвар Тожибоев ва Сурайё Мансурова олиб бордилар.
Фестивалнинг концерт дастури олдидан, бугунги кундаги ўзбек эстрада санъат жонкуяри, фестиваль ташкилотчиси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаровга сўз берилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаров: - Барчамизга маълумки, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантиришга, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавиятли бўлиб, етишишига жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бунинг натижасида юртимизда турли танловлар, фестиваллар ташкил қилинмоқда. “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ҳам, ана шундай юксак эътибор натижасида дунёга келиб, 3 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида, кўплаб истеъдод соҳиблари кашф этилди. Улар орасидан Умида Хўжаева, Шерзодбек Ортиқов, Гўзал Жуманиёзова жорий йилда ёшлар учун таъсис этилган “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлишди. Рухшона Маҳмудова “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Азиза Муҳамедова, Милена Мадмусаева, Акмал Ибодов, Жавоҳир Асадов, Камолхўжа Иқболов, “ЭлДиДо” гуруҳи аъзолари Элдор Хушвақтов, Дилниёз Ғаффоров, Достонбек Ҳакимов каби ёш иқтидор эгалари, “Наврўз”, Мустақиллик байрами ва Конституция кунига бағишланган концерт дастурларида, турли нуфузли маданий тадбирларда иштирок этиш келишмоқда. Шу билан бирга, “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ҳам нафақат Тошкентда, балки ёшларни кўпроқ қамраб олиш мақсадида, ҳудудларда ҳам ўтказилиб келинмоқда. Яқинда Қорақалпоғистон Республикасида, Самарқанд вилоятида ҳамда, Наманган шаҳрида “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ўтказилиб, уларда қатнашган истеъдодли ёшлардан 10 нафар энг иқтидорлилари, имтиёзли лицензия билан тақдирланди. Келгусидаги 2014 йилдаги режаларимиздан бири мазкур фестивални Бухоро шаҳрида ўтказиш ҳам ўрин олган. Унда Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий шаҳридан ёш хонандалар ҳам иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Келгуси режаларимиздан яна бири, Янги йилдан “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивалини, Муҳтарам Президентимиз томонидан барпо этилган янги маскан Санъат ва Маданият институти билан ҳамкорликда бевосита, шу институтда ўтказмоқчимиз! Мазкур институтда, таҳсил олиш, ҳамда Ватанни мадҳ этиб куйлаш учун, барча шароитлар яратилган.
Шундан сўнг, Азамат Ҳайдаров саҳнага Санъат ва маданият институти Ректори Бахтиёр Сайфуллаевни таклиф қилди ва улар, Муҳтарам Президентимиз Фармони билан жорий йилда юксак унвонларга сазовор бўлган хонандалардан
Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовлар,
ҳамда Абдурашид Йўлдошевларга “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси номидан совғалар тақдим қилдилар.
Санъат ва маданият институти Ректори Бахтиёр Сайфуллаев ҳам “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Тақдирлашдан сўнг, фестивалнинг концерт дастури бошланди.
Унда, иқтидорли ёшлардан ташқари, меҳмон сифатида Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова “Гулизорим қани” (Лутфий ғазали халқ мусиқаси) ва
“Асирингман” (Хуршид Дарвеш сўзи, Отабек Муҳаммадзоҳид мусиқаси) билан,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Муҳсинжон ва Яҳёбек Мўминовлар “Чароғон Ўзбекистоним” (Сирожиддин Саййид сўзи, Муҳсинжон Мўминов мусиқаси) ва “Бўйларингга” (Махтумқули сўзи, Муроджон Аҳмедов мусиқаси) қўшиқлари билан,
ҳамда Нилуфар Усмонова “Отмагай тонг” (Халқ сўзи ва мусиқаси) қўшиғи билан иштирок этдилар. Уларнинг жонли ижроси барчани қойил қолдирди, десам муболаға бўлмайди.
Гулсанам Мамазоитованинг овоз баритони барчани ҳайратга солди.
Айниқса, аниқликни ёқтирадиган хонанда Нилуфар Усмонованинг қўшиқ матнини ёддан чиқиб адашмаслиги учун, чўнтагига солиб олганлиги, қўшиқ вақти ундан фойдаланганлиги ҳам, ўз чиқишига жуда жиддий ёндошганлигини билдириб, томошабинлар назаридан четда қолмади.
Хонанда жонли ижрода маҳорат билан куйлашини яна бир бор намойиш қилди ва унинг чиқиши барчани қувонтирди.
Фарҳод Абдуллаев бошчилигидаги “Исқтилол” оркестри концерт бошида ўзларининг “Муҳаббат изҳори” мусиқасини ҳам тақдим қилиб, дастур давомида, санъаткорларни жонли мусиқа билан таъминладилар.
Концерт дастури давомида истеъдодли ёш хонандалардан, Зумрад Холмирзаева “Парирўйим” (Фурқат ғазали, Сайфи Жалил мусиқаси),
Сардор Бекмуродов “Жанон” (Мирзо Карим сўзи, Зафар Қодиров мусиқаси),
ёш хонандалар “Диёр” гуруҳи аъзолари Жамол Муродов ва Юлдуз Назирова “Мавриги” (халқ сўзи ва мусиқаси),
Мухлис Бердиев “Келинчак” (Бобур Бобомурод сўзи, Шавкат Умаров мусиқаси),
Ҳошимжон Жўрахонов “Йиғламайди” (Ориф Ҳамидов сўзи, Исоқжон Жўрахонов мусиқаси),
“Ниҳол” мукофоти совриндори Гуласал Абдуллаева “Ёр висоли” (Дилшод Аҳмадшоев сўзи ва мусиқаси),
“Ниҳол” мукофоти совриндори Дилфуза Қобилова “Ватан мадҳи” (Зилолий сўзи ва Ўлмас Расулов мусиқаси) қўшиқлари билан иштирок этдилар.
Мухлис Бердиев ва Ҳошимжон Жўраевлар эса, маҳзун қўшиқ танлаган ҳолда, ўз қўшиқларини томошабинларга таъсирли куйлаб бера олдилар.
Концертда, бир неча қўшиқларга махсус рақслар ҳам намойиш қилиниб, уларда “Тумор” ва
“Сабо” рақс ансамбллари иштирок этдилар.
Албатта, ёш хонандалар орасида, қўшиқ куйлаш давомида, ҳаяжон, овозда титраш, микрофон олиб қочиш, ҳамда баъзи жумлаларни ортиқча чўзиброқ талаффуз қилиш ҳолатлари сезилди. Аммо, иш бор жойда камчилик бўлиши табиий. Бу ёш хонандаларни, катта саҳнага журъат билан чиқиб, жонли ижрода куйлаётганликларининг ўзи мардлик, деб ҳисоблаймиз. Ажаб эмас, вақти келиб, улардан эл севган Халқ ҳофизлари етишиб чиқса. Албатта, ҳар бир устоз санъаткор ҳам, қачондир ўз фаолиятини, мана шу ёшлар каби бошлаган. Уларда ҳам, ижод бошланишида, илк катта саҳнадаги қадамларда, ҳаяжон ва камчиликлар бўлган бўлиши табиий. Шундай экан, бугунги “Марди майдон!” – Жонли ижродаги қўшиқлар фестивалида иштирок этган ёш хонандалар ҳам, ўз устида ишлаб, меҳнат қилиб, вақти келиб, санъатда юксак чўққиларни забт этадилар, деб ўйлаймиз.
Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали, 2011 йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Энг биринчи навбатда истеъдодлар орасидан, энг истеъдодлиларни кашф этадиган ажойиб бу фестиваль, Ўзбекистонга, ижодкорларга сув ва ҳаводек керак эди. Мазкур фестиваль мана шу 3 йил муддатда шунча натижа берди. Шунча натижа деганимки, мана шу “Марди майдон” жонли ижро фестивалида қатнашиб, ўз истеъдодини синаб кўрган ёшлар, “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлишмоқда, кўплаб катта-катта тадбирларда иштирок этишмоқда. Бу фестиваль ўнлаб истеъдодларни кашф эта олди. Бу жуда катта, яхши натижа, деб ўйлайман. Энг муҳими шуки, ҳар қандай ижодкор, истеъдод эгаси, кичик даврада, ёки студияда қўшиқ ёзиш жараёнида, ёки бир дўстлар даврасида, бутун маҳоратини кўрсатиши мумкин, лекин кўплаб инсонлар олдида ҳар қандай инсон ҳаяжонланиши ва ўзини йўқотиб қўйиши табиий. Бу фестивалнинг ютуғи эса шундаки, у ёш истеъдодларга ана шундай кўплаб инсонлар, мухлислар олдида ўз истеъдодини намойиш қила олишни ўргатмоқда! Жонли ижро қила оладиган хонандалар кўп, ёшларимиз орасида етарли даражада, аммо мухлислар орасида ўз маҳоратини, истеъдодини намойиш қила олиш инсондан катта куч ва маҳорат талаб қилади. Шу жиҳатдан бу фестиваль, келгусида эстрада санъати учун, хонандаларни саҳнадан туриб, мухлислар билан муносабатларини мустаҳкамлайди ва жонли ижродаги маҳоратни янада оширади, деб ўйлайман. Бу жуда ҳам керакли лойиҳа эди ва “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбари Азамат Ҳайдаров ташаббуслари билан амалга оширилди. Аммо, буларнинг барчаси аслида Муҳтарам Президентимизнинг ёшларга бераётган эътиборлари, умуман санъатга ва маданиятга бўлган юксак эътиборларнинг намунаси, деб биламан.
Эслатма учун: Фестивалнинг асосий шарти, унда қўшиқлар фақат жонли ижрода куйланади! Фестивалда 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор санъаткорлар иштирок этиши мумкин. концерт давомида санъаткор ўз репертуари, халқимиз мумтоз мероси, ёки жаҳон классикаси намуналаридан ижро этиши мумкин.
Жорий йилнинг 27 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида Фестиваль иштирокчилари ва таниқли санъаткорлар иштирокида “Ўзбекистон – сен менинг мангу бўстоним!” деб номланган жонли ижродаги гала–концерт ҳамда, Фестивалнинг 2013 йил лауреатларини тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова