FATTOHHON.COM
« Все новости
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида бадиий ижод, маданият ва санъат, журналистика ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш борасида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликлар замирида халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етказишдек эзгу мақсадлар мужассам. Мамлакатимизда маданият, санъат, бадиий ижод, журналистика ва спорт соҳаларини янада кенг ривожлантириш, мазкур соҳаларда ютуқ ва муваффақиятларга эришиб келаётган энг фаол ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, юртимизда илк бор ташкил қилинган “Эътироф” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими 2013 йилнинг 20 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида тантанали равишда ўтказилди.
Мазкур тақдирлаш маросимида, меҳнатлари эъзозу ҳурматга лойиқ топилган, юқоридаги соҳаларнинг муносиб вакиллари 23 та номинация бўйича “Эътироф” мукофоти совриндорлари бўлишди. Соврин, статуэтка, диплом, ҳамда маълум бир миқдорда маблағ чекидан иборат. Ғолибларга мукофотлар маданият, санъат, бадиий ижод, журналистика, спорт соҳасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган соҳа вакиллари, устоз-мураббийлар томонидан тантанали равишда топширилди.
Тақдирлаш маросимининг тантанали тадбири, таниқли санъаткорлар, спортчилар, ижодкорларни, “Истиқлол” санъат саройи кираверишидаги қизил йўлакдан ўтиб, саройга кириб келишларидан бошланди.
Cанъат саройи фойеси эса, киноижодкорлар томонидан худди кино музейи каби, кино соҳасига хос композициялар билан безатилган эди.
Сўнг, “Истиқлол” санъат саройининг залида тантанали маросим ўтказилди.
Дастлаб, саҳнага чиққан “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Машҳурбек Раимжонов ва Дилфуза Қобилова “Алпомишлар юрти бу диёр” қўшиғи билан тақдирлаш маросимини очиб бердилар.
Сўнг, “Ниҳол” мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжонов ва актриса Шахзода Мухамедова бошловчи сифатида, тақдирлаш маросимининг биринчи блогини олиб боришди.
Шахзода Муҳамедованинг Райҳон ва Манзурага пародияси томошабинларнинг янада кайфиятини кўтарди.
Маросимда, Маданият ва спорт ишлари вазири Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, 2013 йилда маданият ва спорт соҳасидаги катта ижобий ўзгариш ва муҳим янгиланишлар, илгари сурилган ташаббуслар ва янги ғоялар, ўтказилган бир қатор маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари ҳақида фикр билдириб ўтди.
Сўнг, “Ассалому алайкум” қўшиғи ва унга саҳналаштирилган болалар рақси билан “Аладдин” болалар эстрада ансамбли саҳнага чиқдилар.
Тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова,
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Юлдуз Турдиева ва
Ҳулкар Абдуллаева “Якка бу Фарғонада” қўшиғи билан давом эттирдилар.
Рақсида Зарина Аҳмедова, Шодиёра Омонова, Регина Давлетова иштирок этдилар.
Ўзбекистон Халқ артисти Муножат Йўлчиева ва
Ўзбекитонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев “Соқиномаи савти калон” мумтоз қўшиғини маромига етказиб ижро қилдилар.
Рақсида “Тумор” ансамбли иштирок этди.
Шундан сўнг, “Йилнинг энг моҳир мумтоз қўшиқ ижрочиси” номинацияси бўйича аввалига номинантлар эълон қилинди. Ғолибни Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева анъанавий конвертни очиб, эълон қилди.
Ғолиблар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев бўлишди!
Ғолибларга мукофот Муножот Йўлчиева томонидан тантанали равишда топширилди.
Сўнг, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев “Хабаринг йўқ” қўшиғини ижро этди.
“Юртим жамоли” қўшиғини Ўзбекистон Халқ артистлари Насиба Абдуллаева,
Зулайҳо Бойхонова,
Мансур Тошматов, ҳамда “Элдидо” ва
“Уммон” гуруҳлари биргаликда ижро қилишди.
Шундан сўнг, иккинчи блог бошланиб, унда Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева ва Мансур Тошматов бошловчилик қилишди. “Йилнинг энг яхши рассоми” номинациясини эълон қилиш учун саҳнага Ўзбекистон Халқ рассоми Акмал Нур таклиф этилди.
Акмал Нур анъанавий конвертни очиб ғолибни эълон қилди. Номинантлардан “Арт трио” гуруҳи ғолиб бўлди.
“Йилнинг энг моҳир дизайнери” номинацияси бўйича эса, Марина Бородина ғолиб деб топилди.
“Йилнинг энг моҳир амалий санъат устаси” номинацияси ғолибини Халқ рассоми Равшан Миртожиев эълон қилди. Мазкур номинация ғолиб, амалий санъат устаси Ортиқ Файзуллаев бўлди!
Шундан сўнг, хонанда Алишер Файз миллий фольклёр йўналишидаги “Дўмбирам” қўшиғини ижро қилган бўлса,
ундан сўнг, “Ниҳол” мукофоти совриндори Рўзихон Нурматова, хонандалар Нилуфар Муродова, Рухшона Ғиёсова ва “Тантана” болалар ансамбли “Салламно” қўшиғини ижро қилдилар.
Учинчи блогда, бир йўла 4 бошловчи сухандонлар, Жамшид Умрзоқов, Баҳодир Мағдиев, Акмал Мирзо ва Зиёвуддин Аҳмаджоновлар саҳнага чиқишди.
Учинчи блогдаги илк номинация “Йил телелойиҳаси” бўйича, ғолибни, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” Дилором Умаров эълон қилди.
“Тараннум” телелойиҳаси учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, сухандон ва хонанда Шуҳрат Қаюмов, ғолиб деб топилди!
“Йил радиолойиҳаси” номинацияси бўйича, ғолибни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” Абдумўмин Ўтбосаров эълон қилди.
Ғолиба Фарғонадан “Аждодлар заковати” лойиҳаси учун Шоҳиста Толипова бўлди.
“Йилнинг энг фаол телерадио ва тадбирлар бошловчиси” номинацияси бўйича ғолибни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” , сухандон Галина Мельникова эълон қилди.
Ғолиба Саида Давлетова бўлди!
“Йилнинг энг яхши бадиий асар муаллифи” бўйича Эшқобил Шукур ғолиб бўлди.
Тақдирлашлардан сўнг, хонанда Шахзода “Гўзал қизлар” қўшиғини куйлади. Рақсида “Флэш дэнс“ гуруҳи бўлди.
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Болалар” гуруҳи Тоҳир Содиқов, “Керак эмас” қўшиғини ижро этди.
Шундан сўнг, тўртинчи блог бошланиб, саҳнага сўз усталари Шукурулло Исроилов ва Ҳалима Иброҳимовалар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, хонандалар Ойбек ва Нигора билан чиқиб келишди.
Сўнг, бир оз ўтиб, блогни Шукурулло Исроилов ва Ҳалима Иброҳимоваларнинг ўзлари давом эттиришди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Нормўмин Султонов, Самандар Алимов, ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндори Барно Исматуллаевалар Ж.Вердининг “Давра қўшиғи” “Травиата” операсидан куйлашди.
Навбат, яна тақдирлаш, навбатдаги номинацияларга етиб келди.
“Йилнинг энг яхши опера ижрочиси” номинацияси бўйича ғолибни Ўзбекистон Санъат арбоби Анвар Эргашев эълон қилди.
Номинантлардан Самандар Олимов ғолиб деб топилди!
“Йилнинг энг яхши театр актёри” номинацияси бўйича, ғолибни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева эълон қилди.
Бу номинация бўйича, Ўзбекистон Халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов ғолиб бўлди!
“Йилнинг энг яхши театр актрисаси” номинацияси бўйича ғолибни Ўзбекистон Халқ артисти Ёқуб Аҳмедов эълон қилди.
Номинация ғолибаси актриса Лизахон Холиқназарова бўлди.
“Йилнинг энг яхши театр режиссёри” номинацияси бўйича эса, режиссёр Ҳайдарали Қосимов ғолиб деб топилди.
“Отмагай тонг” мумтоз қўшиғини, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Шуҳрат Қаюмов,
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Умидахон,
Дилсўз,
ҳамда Милена Мадмусаевалар ижро қилишди.
Бешинчи блогни олиб бориш учун саҳнага бошловчи сифатида “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, хонандалар Ойбек ва Нигора билан чиқиб келишди.
Навбат бешинчи блогдаги номинацияларга етиб келди.
“Йилнинг энг яхши кино актёри” номинацияси бўйича ғолибни Ўзбекистонда хизмат артист Лола Элтоева эълон қилди.
Мазкур номинация бўйича актёр Толиб Мўминов ғолиб бўлди!
“Йилнинг энг яхши кино актрисаси” номинациясини эса, Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов эълон қилди.
Бу номинация бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева ғолиб деб топилди!
“Йилнинг энг яхши кино режиссёри” номинацияси ғолибини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Жаҳонгир Қосимов эълон қилди.
Ғолиб кинорежиссёр Ҳилол Насимов бўлди!
Шундан сўнг, “Ниҳол” мукофоти совриндори Зиёда ва
“Марди майдон”-жонли ижродаги қўшиқлар фестивали совриндори Марат Содиқов, Шарл Азнавур репертуаридан “Абадий севги” қўшиғини куйладилар. Акробатик раққоса эса, ўзининг баландда обручдаги ҳаракатлари билан қўшиққа мос романтик ҳолатларни ифодалади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсат артист Шахзод гуруҳи солисти Рашид Холиқовни томошабинлар катта қувонч билан кутиб олишди. Хонанда Салвадор Адамо репертуаридан “Tombe la neige” қўшиғини куйлади.
“Тўлқин” мусиқий-хореографик композициясидан сўнг, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон “Улуғимсан Ватаним” қўшиғини куйлади. Бутун зал у билан куйлади.
Олтинчи блог бошловчилари сифатида ЎзМТРК “Спорт” телеканалининг шарҳловчилари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Даврон Файзиев саҳнага чиқишди.
Бу блогда спорт йўналиши бўйича номинациялар эълон қилина бошланди. “Йилнинг энг яхши спорт маликаси” номинацияси бўйича ғолибни “Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Улуғбек Раҳматуллаев эълон қилди. Хонанда, биринчи марта, тақдирлаш маросимида, ғолибни эълон қилаётганлигини ҳам қувонч билан айтиб ўтди.
Ғолиба Нигина Абдураимова деб топилди.
“Йилнинг ёш спортчиси” номинацияси бўйича ғолибни, хонанда Лола Йўлдошева эълон қилди.
Ғолиб ёш спортчи Достон Рўзиев бўлди.
“Йилнинг спорт мураббийи” номинацияси бўйича эса, ғолибни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўзбек Давлат Миллий Академик театри директори Маҳмуд Исмоилов эълон қилди.
Ғолиб Вячеслав Перетейко бўлди.
“Йилнинг энг яхши спортчиси” номинацияси бўйича ғолибга мукофотни Ўзбекистон Халқ артисти Муножат Йўлчиева топширди.
Ғолиб спортчи Руслан Нуриддинов бўлди.
Шундан сўнг, хонанда Муниса Ризаева “Севги” қўшиғини ижро қилди.
Қўшиқдан сўнг, саҳнага еттинчи блог бошловчилари, Сухандонлар Жамшид Умрзоқов, Баҳодир Мағдиев, Акмал Мирзо ва Зиёвуддин Аҳмаджоновлар Янги йил байрами яқинлигини эслатиб, Қорбобо кийимида чиқиб келишди.
“Йилнинг энг яхши рақс ижрочиси” номинацияси бўйича Регина Давлетова ғолиб топилди!
Шундан сўнг, хонанда Лола Йўлдошева “Love me” қўшиғини куйлади.
“Ниҳол” мукофоти совриндори “Дурдона” гуруҳи қизлари “Жонажон” қўшиғини ижро қилишди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг “Оқ кўйлагим бор дейсан ажаб-ажаб” қўшиғини, ўзининг “Мени кучлироқ сев” қўшиғи мусиқасида, куйлаган бўлса,
унга жавобан Гулсанам Мамазоитова, унинг “Хафа бўламан” қўшиғини, “Мени кучлироқ сев” қўшиғи билан микс ҳолида куйлаб чиқди.
Шундан, бу икки Ўзбекистон Халқ артистлари саккизинчи блогга бошловчилик қилишди.
Навбат яна номинацияларга етиб келди.
“Йилнинг энг фаол эстрада гуруҳи” номинацияси бўйича ғолибни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов эълон қилди.
Ғолиб, “ЭлДиДо” гуруҳи деб топилди!
“Йилнинг энг яхши бастакори” номинациясида ғолибни Ўзбекистон Санъат арбоби Бастакорлар уюшмаси Раиси Рустам Абдуллаев эълон қилди.
Ғолиба Хуршидахон Ҳасанова бўлди.
Шундан сўнг, хонанда Шохруххон Озодбек Назарбековнинг “Хафа бўламан” қўшиғини куйлади.
Озодбек Назарбеков эса, Шохруххоннинг “Зўрсан” қўшиғини!
Тақлидчи Шерзод Бин “Севимли санъаткорларим” композициясини тақдим қилди. Унда Озодбек Назарбековдан Улуғбек Раҳматуллаевгача ўхшатиб, ҳазил тарзида тақлидни амалга оширди.
Ундан сўнг, хонанда Улуғбек Раҳматуллаев “Соғиниб” ва “Бемор” қўшиқлари билан барчани хушнуд этди.
Сўнг, “Энг фаол эстрада хонандаси”ни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмов эълон қилди.
Ғолиба “Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Зиёда бўлди! Номи ғолиба сифатида эълон қилинганида Зиёда ўзини йиғидан тўхтата олмади.
Шундан сўнг, Тақдирлаш маросимининг барча иштирокчилари томонидан “Эътироф” гимни ижро қилинди.
Юртимизда, маданият, санъат, бадиий ижоднинг энг яхши намуналари, ҳамда спорт соҳасида қўлга киритилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг тарбиясида муҳим ўрин тутганлиги учун ҳам, “Эътироф” мукофоти, айни вақтда, энг кутилган ва мазкур соҳаларнинг ривожи учун энг керакли мукофот бўлди, деб ўйлаймиз. Мазкур мукофот, соҳа вакилларини янада кучли ижод қилишга, олдинга интилишга ундайди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз.