FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Мана бугун “Эътироф-2013” мукофотлаш маросими биринчи марта бўлиб ўтяпти. Ҳамма ҳаяжонда, нафақат иштирокчи ва номинантлар, умуман, мана шу санъат саройидаги томошабин мухлислар ҳам ҳаяжонда! Бу сир эмас! Ҳамма хурсанд! Мен ўзим ҳам биринчи марта мана шундай таъсирли кечанинг гувоҳи бўляпман! “Эътироф-2013” мукофотлаш маросими, барча ижодкорларни янада куч-ғайрат билан ижод қилишга ундайди, рағбатлантиради! Янада завқ билан ижод қилишимизга ёрдам беради, деб ўйлайман.
Хонанда Шахзода: - Мазкур “Эътироф-2013” мукофотини Муҳтарам Президентимизни маданият, санъат, бадиий ижод, журналистика ва спорт соҳаларини янада кенг ривожлантириш йўлидаги эътибор ва ғамхўрликлари, деб биламан. Бундай мукофотлаш маросимларини, тадбирларни кўплаб ўтказилишининг тарафдориман. Бу ерда нафақат эстрада хонандалари, балки, маданият вакиллари, спортчилар ҳам тақдирланадилар. Бу эса, ёшларни янада руҳлантириб, ўз соҳалари бўйича янада олдинга интилишга ундайди. Биз санъаткорлар эса, бундай тадбирларда бажонидил иштирок этишга тайёрмиз. Мен бугун номзоди қўйилган барча ҳамкасбларимни, мазкур мукофотга лойиқ, деб биламан. Мукофотни қўлга кирита олмаган ҳамкасбларим эса, ўйлайманки, янада ўз устида ишлаб ижод қилишлари керак. Шунда, албатта, муваффақиятга эришадилар.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев:-“Эътироф-2013” мукофоти маросимида мен ҳам иштирок этаётганлигимдан жуда хурсандман. Мазкур мукофотни биз санъаткорларга, ижодкорларга бўлган катта эътибор, деб биламан. Барча, санъаткорлар ва дўстларимиз номидан, миннатдорчилик билдираман. Бу мукофот Ўзбек санъатини янада гуллаб-яшнашига, ривожланишига, туртки ва сабабчи бўлади, десам, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов: - “Эътироф-2013” мукофотлаш маросими, бу санъат, спорт, амалий санъат каби соҳалар вакиллари учун, эътибор, кенг имконият ва рағбатлантириш, деб биламан! Мазкур мукофот бир неча соҳани қамраб олган ҳолда, бу соҳа вакилларини янада меҳр билан ижод ва меҳнат қилиб, ўсишига ўз ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман. Санъаткорларни мана шундай халқимиз кўз олдида эътироф этилиши, уларга янада куч бағишлайди! Ижодда янада яхши йўлларга бошлайди!
Хонанда Лола: - Юртимизда илк бор ўтказилган “Эътироф-2013” мукофотлаш маросимида иштирок этганлигимдан жуда ҳам хурсандман! Барча номинантларни ва мазкур мукофотларни қўлга киритганларни чин дилдан табриклайман! Бундай миллий мукофотлаш маросими илк маротаба ўтказилмоқда, шунинг учун ҳам, бу мукофотни яна кўп марталаб ўтказилишини, янада оммалашишини истайман! Бу ерда иштирок этаётганлигим мен учун шараф! Бугун мен, номинациялардан бири “Йилнинг энг ёш спортчиси” номинацияси ғолибига мукофотни топширдим, бундан ташқари, саҳнада қўшиқ куйладим.Фурсатдан фойдаланиб, мазкур мукофот маросимидаги номинантларга айтадиган сўзим, агар мукофотни қўлга кирита олмаган бўлсалар ҳам, номинацияга номзоди қўйилганининг ўзи, эътироф этилганликларидир!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов: - Бу мукофот, тақдирлаш албатта, жуда ҳам керакли тадбир! Бу санъаткорларни бир янги ижодга ундайди, янада муваффақиятли ижод қилишига туртки бўлади, деб ўйлайман. Уларни рағбатлантиради! Ҳар бир номинацияга ўз номи қўйилган санъаткор, “Мана шу қилган камтарона ижодим, меҳнатим, халқ ичида, эътирофга эга бўлибди” деган фикрга келади ва бу ижодкорга жуда катта куч бағишлайди! Шунинг учун ҳам, “Эътироф” жуда ҳам муҳим мукофот ва тадбир, деган фикрдаман!
Акмал Мирзо радиобошловчи “Орият доно” радиосидан: - “Эътироф” тақдимот маросими кенг кўламда, биринчи маротаба ўтказилмоқда! Энг хурсанд қиладиган жиҳати, маданият, санъат, спортни ўз ичига олган. Бу ерда, “ғолиб” ёки “мағлуб” деган сўз йўқ. Ҳар битта номинациядаги ҳар битта номзодни синчковлик билан ўрганиб чиқиш шартмас. Уларнинг ҳар бирлари, эътирофга лойиқ! Бу йил бу мукофотга мени номзодим қўйилмаган бўлса ҳам, бу йил биринчи марта ўтказилаётган бу маросимда, бошловчилик қилаётганлигимнинг ўзи, мен учун катта эътироф! Мазкур мукофотлаш маросими ташкилотчиларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Баҳодир Мағдиев Радиобошловчи “Орият доно” радиосидан: - “Эътироф - 2013” мукофоти тақдирлаш маросими илк маротаба Республикамизда ўтказилмоқда. Шу йилларда юртимизда, ўз истеъдодини халқимизга намойиш этаётган, маданият, спорт ва санъат вакиллари бугун ўзларининг чиқишлари билан, шу ерда, барча юртдошларимиз олдида намоён бўлишади. Бу албатта, ҳаяжонли дақиқалар! 23 номинация бўйича эътироф этилганлар! Мазкур мукофотлаш маросими эндиликда, мунтазам ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирги кунда ижод қилаётган санъат, ижод, спорт вакиллари, янада меҳнат қилиб, ўз истеъдодларини намоён қилсалар, кейинги эътирофларга албатта, сазовор бўладилар, деган умиддамиз. Мазкур мукофотлаш маросимини ўтказаётганликлари учун, барча мутасаддди ташкилотларга, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбариятига ижод вакиллари номидан ўз ташаккурларимизни билдирамиз. Бугунги мукофотлаш маросимида, 23 та номинация бўлганлиги учун ҳам, ҳар бир блогга иккитадан, бошловчилар қўйилган. Улар санъаткорлар, ижод вакилларидан иборат. Улар номинацияларни эълон қилиб, ғолибни аниқлаб бериш учун санъат арбоблари ва устоз санъаткорларни таклиф этадилар, ҳамда ғолиблар мукофотларни мана шу ҳурматли инсонларнинг қўлларидан қабул қилиб оладилар. Бу ҳам, мазкур номинациялар ғолибларига бўлган эътирофдир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз:- “Эътироф - 2013” санъаткорларга берилаётган жуда ҳам катта эътибор ва яратилаётган улкан шароитларни амалдаги биз учун қувончли бўлган жуда ҳам катта исботи, деб биламан. Бу тадбир самарали ижод қилиб келаётган ёшларга, ўз тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёш хонандалар, устоз санъаткорларни эътироф этиш баробарида, биз ёш санъаткорларни мана шу эътибордан илҳомланиб, кучлироқ ижод қилишга, янада ёниб ижод қилишга ундайди!
“Шахзод” гуруҳи Рашид Холиқов:- “Эътироф-2013” мукофотлаш маросими юртимизда илк бор ўтказиляпти. Мазкур мукофот, юртимиздаги санъаткорларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг исботидир. Мазкур мукофот, санъат оламида ўз қадамларини эндигина қўяётган, ўз ижодларини энди бошлаган, укаларимиз, сингилларимизга йўл очиб бериш, нафақат санъат, балки спорт соҳасида ҳам, Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтараётган инсонларга юксак мукофотлар билан эътироф этиб, янада олдинга қадам ташлашга ундайди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова