FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов “Йил телелойиҳаси” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - Бу мукофот энг аввало ижодкорларга бўлган энг катта эътибор! Қолаверса, қолаверса, катта бир масъулият! Уларнинг камтарона меҳнатларига катта бир рағбат, деб биламан! Нафақат мен ўзим мазкур мукофотни олаётганимда, балки мендан олаётганларни мукофотини топшириш вақтида ҳам ҳаяжонланиб кўзимга ёш келди! Меҳнат қилсангиз ва меҳнатингизга кимдир “раҳмат, барака топ” деса, албатта хурсанд бўлиб кетасиз ва янги куч-ғайрат билан иш бошлайсиз! Кўпинча, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” деб эълон қилишса, Халқимга хизмат кўрсата олдимми, хизмат қила олдимми, деб ўзимни ҳали тўлақонли хизмат қила олмагандек ҳис қилардим. “Эътироф” дек юксак мукофотдан сўнг эса, икки баравар масъулиятни ҳис қиляпман! Шунчалик юқори эътирофга сазовор бўлаётганим, халқни, устозларнинг эътирофига сазовор бўлаётганим, шундай бир катта масъулият юклайдики, ҳар битта босаётган қадамларимни ўйлаб босиб, ҳар битта гапираётган гапимни ўйлаб гапириб, бундан кейин ҳам ўша асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий мумтоз қўшиқларимизни, мусиқамизни ёшлар онгига сингдириш, шу ўринда уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат, миллий ифтихор, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш янада ҳиссамизни қўшишга ундайди. Агар шу ишлар қисман бўлса ҳам қўлимдан келаётган бўлса, демак, қилаётган меҳнатларим зое кетмаяпти, деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам, куч-қувватим борича, янги-янги телелойиҳалар билан Ватанимизга, халқимизга хизмат қилайлик! Бу катта шараф!
Актёр Толиб Мўминов “Йилнинг энг яхши кино актёри” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - Авваламбор, мазкур мукофотга лойиқ кўрганликлари учун, мазкур мукофот ташкилотчилари, устоз санъаткорларга, халқимизга, барча-барчага миннатдорчилик билдираман. Шундай юксак байрамларимиз бардавом бўлсин! Юртимизга, тинчлик, фаровонлигимизга кўз тегмасин! Юртимиз, тинч ва фаровон бўлганлиги учун ҳам, мана шундай юксак мукофотлаш маросимлари, тадбирлар ўтказиляпти. Санъатга, спортга, биз ёшларга катта эътибор кўрсатиляпти! Мана шундай тинчликда, гўзал тадбирларда дийдорлашяпмиз. Нафақат санъат соҳасида, балки ҳар қандай соҳада ҳам, инсон авваламбор, ўз касбини яхши кўриши керак! Астойдил меҳнат қилиб, ҳаракат қилиш керак. Бундай юксак мукофотга лойиқ топилиш, нафақат қувонч, балки катта бахт! Мен учун, оилам учун, яқинларим учун, катта қувонч! Камтарона меҳнатинга кўрсатилган юқори эътироф, янада олдинга қадам босишга, янада катта куч билан ижод қилишга ундайди! Бу юксак мукофотни қўлимга олганимда, ўша ҳаяжонли лаҳзаларда, кўнглимда чексиз хурсандчилик, “наҳотки мен?” деган сўзлар ўтди. Бу мен учун жуда катта шараф, чунки, ҳар бир инсон ўз касбида меҳнат қилиб, ҳаракат қилса, албатта муваффақиятга эришади, деб ўйлайман. Менга ана шундай қувончли бахт насиб этганлигидан, бошим кўкка етди! Мана шундай байрамларимиз кўп бўлсин, биз ҳам ўз ижодимиз, ролларимиз билан халқимизнинг кўнглидан яна ва яна жой олаверайлик.
Актриса Раъно Шодиева “Йилнинг энг яхши кино актрисаси” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - “Эътироф-2013” мукофотлаш маросимига келаётганимизда турмуш ўртоғим мендан ҳам кўра кўпроқ ҳаяжонланаётган эдилар. Мен эса, уларга “сиз ҳаяжонланманг, ўйламанг, агар мукофотни қўлга кирита олмасам, кейин хафа бўлиб қоласиз” дедим. Улар эса, “йўқ, кўнглим сезяпти, барибир сен олсанг керак” дедилар. (самимий жилмайиб) Барибир ҳам севган ёрингиз, ёнингизда туриб, қўллаб-қувватласа, жуда ҳам бир бошқача бўлар экан! Мазкур мукофот ташкилотчиларига, барча-барчага чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Ўтган 2013 йил мен учун жуда ҳам сермаҳсул бўлди. Масалан, режиссёр Темурмалик Юнусовнинг ҳужжатли фильмида Нодирабегим ролини ижро қилдим. Бу мен учун кутилмаган таклиф бўлди, бундан жуда қувондим. Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг “Хонадон эгаси” фильмида ҳам, келин ролини ижро этдим. Бундан ташқари, “Тоға” фильмида кичикроқ роль ўйнадим. Янги йилдан барчасини кетма-кет премьералари бўлади. Ўйлайманки, бу мукофот, биз ижодкорларга янада юқори масъулият юклайди ва шу билан бирга янада яхши ва кучли ижод қилишимиз учун рағбатлантиради! Яна бир бор барчага, чин дилдан ташаккур!
“Элдидо” гуруҳи “Йилнинг энг фаол эстрада гуруҳи” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндорлари: - Ҳозир кўнглимизда тўғриси, ҳаяжон, қувонч кучли! “Эътироф-2013” дек юксак мукофот соҳиблари бўлиш, балки, умуман, мазкур мукофотга номзодимиз қўйилишининг ўзи катта бахт! Залда шундай ҳаяжон билан ўтирдикки, эшитганимизда тўғриси, кўзларимиздан ёш чиқиб кетди! Бундай юқори эътироф учун, ташкилотчиларга, ҳамма-ҳаммага катта раҳмат! Бу йил биз учун жуда ҳам омадли келди! Бизга билдирилган ишонч учун мухлисларимизга, устозларимизга, ҳаммага миннатдорчилик билдирамиз! Янада янги ижодларимиз намуналаримиз билан, ҳамиша халқимизга хизмат қиламиз!
Хонанда Зиёда “Энг фаол эстрада хонандаси” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - Тўғрисини айтсам, умуман кутмагандим! Жуда ҳам кутмагандим! Мени шу номинацияга лойиқ, деб билганликлари учун, барча ташкилотчиларга катта миннатдорчилик билдираман! Тўғриси, бу мукофотни оламан, деб ўйламагандим. Ёки Юлдуз Турдиева, ёки Малика Эгамбердиева олса керак, деб ўйлагандим. Улар ҳам бу мукофотга муносиб эдилар! Тўғриси, бу мукофотни биринчи қалдирғочларидан бўлганлигимдан бахтиёрман! Билдирилган ишончни оқлашга, янада куч-ғайрат билан ижод қилишга ҳаракат қиламан!
Кинорежиссёр Ҳилол Насимов “Йилнинг энг яхши кино режиссёри” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - Тўғрисини айтсам, менда ҳаяжон жуда кучли бўлди! “Эътироф-2013” мукофотини илк совриндорлари қаторидан жой олганлигимдан жуда бахтиёрман ва барча ташкилотчиларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман! Бу мукофот нафақат мен, балки барча совриндорлар учун ҳам юксак ишонч ва масъулият, деб ўйлайман. Биз ижодкорларга бўлган юқори эътибор, ғамхўрлик ва эътирофнинг намунаси, бу мукофот! Бу мукофотга номзод бўлишнинг ўзи эътирофдир, мукофот эгаси бўлиш эса, улкан масъулият ва катта бахт!
Муҳаммадсоли Юсупов “Йилнинг энг яхши театр актёри” номинацияси бўйича “Эътироф-2013” мукофоти совриндори: - Авваламбор, мен жуда ҳам ҳаяжондаман. Барча ташкилотчиларга мнннатдорчилик билдираман. “Йилнинг энг яхши актёри” сифатила “Эътироф-2013” мукофотига сазовор бўлиш, мен учун катта бахт! Камтарона меҳнатларим шундай юқори эътироф этилганидан, шундай қадрланаётганлигидан бошим осмонга етмоқда! Актёр сифатида театрни ҳурмат қилган барча мухлисларга раҳмат! Ташкилотчиларга ҳам алоҳида ўз ташаккуримни билдираман! Ҳар бир инсонга, ҳаётини театрга бағишлаган ҳар бир ижодкорга мана шундай юксак мукофотлар насиб этсин! Ҳар бир қилинган мнат изсиз йўқолмайди. Келажакда албатта, самараси бўлади. Масалан, бугунги эътирофга сазовор бўлганлигим, бунинг исботи, десам ҳам бўлади. Театр актёрларини меҳнатлари, игна билан қудуқ қазишдек гап. Ҳар бир образ устида тинмай изланиш, унинг характерини топиб, ўзингники қилиб олиш, ўша образ билан халқ кўнглидан жой олиш, жуда катта меҳнат талаб қилади. Ўзини театр санъатига бағишлаган ҳар бир актёрга бахтли кунлар, юксак эътироф насиб этишига тилакдошман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова