FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси Ўзбекистон Мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган “Менинг юртим-менинг фахрим” телелойиҳасини тақдим этмоқда! Мазкур телелойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилди! Телелойиҳанинг иккинчи босқичидаги қўшиқлар, ҳар шанба куни соат 20:30 да “My5” телеканали орқали намойиш этиб борилмоқда!
Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси муҳаррири, “Менинг юртим, менинг фахрим” лойиҳаси координатори Бахтиёр Тўраханов: - «Менинг юртим- менинг фахрим» телелойиҳасининг асосий мақсади, ёшлар аудиторияси орасида юртимизга бўлган меҳру муҳаббатни янада ошириш, қолаверса, халқимизга хос бўлган миллий қадриятларга янада эътибор қаратиш, “Кексаларни эъзозлаш” йилига ҳам ҳамоҳанг тарзда, ота-онага, ёши катталарга бўлган ҳурмат, меҳру оқибатни янада кучайтириш! Агар эътибор берсак, юртимизнинг ҳар бир шаҳри ўзига хос! Уларнинг ўзига хослигини ҳам қўшиқлар орқали тараннум этиш истагидамиз! Энг муҳими эса, миллий, фольклёр йўналишдаги қўшиқлар орқали миллий қадриятларимизни тараннум этиш! Мана шу мақсадга ҳамоҳанг тарзда, шартларда ҳам 4 йўналиш белгиланган. Биринчиси, Она Ватан ҳақидаги қўшиқлар, иккинчиси Ўзбекистон шаҳарлари ҳақидаги қўшиқлар, учинчиси ота-она ва кекса авлодга бағишланган қўшиқлар, тўртинчиси бу миллий эстрада йўналишидаги қўшиқлар. Лойиҳа нафақат “Мy5” телеканали орқали, балки Нодавлат ҳудудий телеканаллар орқали ҳам намойиш этиб борилади. Лойиҳанинг ўзи эса, Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси ва “Мy5” телеканали ташаббуси билан ташкил этилган. “Камолот” Ёшлар Ижтимоий Ҳаракати, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси, ҳамда Ёшлар Маданият ва Санъат Маркази, лойиҳани амалга оширишда кўмаклашмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи, март ойида телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилди ва дастлабки босқичда, айтиб ўтилган йўналишлар бўйича аввал куйланган қўшиқларни ўзига хос талқинда, хонандалар қайта ижро этишлари керак эди! Нима учун? Сабаби, юртимиз ва шаҳарларимиз ҳақида жуда чиройли қўшиқлар бор, аммо вақт ўтган сари улар ретро қўшиққа айланган. Лекин, бугунги ёшлар у қўшиқларнинг айримларидан бехабар. Ваҳоланки, у қўшиқлар яна янграса, масалан, Самарқанд ҳақидаги қўшиқни эшитса, ёшларнинг у ерга бўлган қизиқиши ортади. Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, биз лойиҳанинг биринчи босқичида, шундай тан олинган қўшиқларга иккинчи ҳаёт бағишладик, десак бўлади. Ҳар бир хонанда дуэт, трио тарзида, ўз йўналиши бўйича қўшиққа қайта сайқал берди. Кимдир жаз элементларини қўшган бўлса, кимдир лирик йўналишда куйлади. Яна бир жиҳати, ким ким билан куйлаши ҳам ўзига ҳавола этилди. Бу лойиҳада биз барчани қамраб олишга ҳаракат қилганмиз. Кутилмаган тандемлар бўлди! Қолаверса, бу лойиҳа санъаткорлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга, ҳамда ҳамкорликка ҳам хизмат қилди. Масалан, Манзура Алишер Файз билан аввал яхши таниш бўлмаган, дуэт куйлаш ҳам, режада бўлмаган, лекин улар лойиҳамизда иштирок этиб, Озодбек Назарбековнинг “Анжанчасига” қўшиғини бирга дуэт тарзида куйлашди. Лойиҳанинг биринчи қисми март-май ойларида телеэфир орқали намойиш этилди. Бу ерда асосий ролда томошабинлар, чунки ким ғолиб бўлишини томошабинлар овоз бериш йўли билан ҳал қиладилар. Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман, бу ерда қўшиқ баҳоланмади! Чунки, ҳар бир қўшиқ яхши, фақатгина кимнинг ижроси ва кимнинг талқинидаги қўшиққа маъқул бўлганлигига баҳо берилди. Хонандалар қўшиқларни фақат ўз талқинида куйлаб, ўзбилармонлик қилганлари ҳам йўқ! Баъзи ретро қўшиқларни куйлашга, ёш хонандаларга, ўша қўшиқларни аввал куйлаган санъаткорларнинг ўзлари ҳам ижодий ёрдам беришди. Бу телелойиҳа бўлганлиги учун ҳам, баъзи қоидаларга кўра тайёрланди. Бугунги кун томошабинларининг талаблари юқори, агар сиз қўшиққа яраша тасвир тақдим эта олмасангиз, телелойиҳани кўрмасликлари ҳам мумкин. Қўшиқни чиқиб куйлаганда ҳам, шоу элементлари бўлиши керак. Шоу орқали сиз керакли ғоя ва мақсадингизни томошабинга етказишингиз мумкин. Биз шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олдик. Хурсанд бўлганимиз, бу қўшиқлар ёш томошабинлар аудиторияси томонидан ҳам тингланиб, оммалашиб улгурди. Телеканалимизда “Ёз ўтмоқда, соз” номли янги теледастур намойиш этилмоқда. Унда ёшлар ўзини ёзни қандай ўтказаётганлигини айтиш билан бирга, қайсидир хонанданинг қўшиғига буюртма беради. Буюртма қилинган қўшиқлар орасида, мана шу лойиҳада иштирок этаётган қўшиқлар ҳам бор! Демак, телелойиҳадаги, қайта жонланган қўшиқлар томошабинлар кўнглидан жой олмоқда! Энди кўрсатувнинг иккинчи босқичида, ҳар бир хонанда айтиб ўтилган 4 йўналиш бўйича, ўзи яккахон тарзда қўшиқ куйлайди. Биринчи босқичда иштирок этган айрим хонандалар, маълум бир сабабларга кўра иккинчи босқичида иштирок этишмади. Сабаби, янги қўшиқ тайёрлаб улгурмаганлиги учун иштирок эта олмадилар. Биринчи босқичда хит бўлиб улгурган, тан олинган қўшиқлар танланган эди. Энди эса, иккинчи босқичда ҳар бир хонанда 4 йўналишдан бирини танлаб, алоҳида янги қўшиқ тайёрлаб куйлади. Бу уларнинг репертуарига янги қўшиқ қўшилишига ҳам сабаб бўлди. Бу лойиҳада бирга ишлаган барча санъаткорларга, хонандаларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! Ҳаммамиз бир жамоадек аҳил бўлиб ишладик. Энг муҳими, ҳар бир хонанда бу лойиҳага ва қўшиқларга алоҳида эътибор, меҳр билан ёндошди. Қолаверса, ҳар бир хонанда ўз қўшиғини, ўзига хос саҳна кўриниши билан бирга тақдим этди. У саҳна кўринишларида ҳам, таниқли актёр ва актрисалар иштирок этишди. Уларнинг ижроси, қўшиқлар мазмунини янада очиб беришга хизмат қилди. Ўзимиз ҳам бу лойиҳага меҳр билан ёндошдик. Сабаби, ҳаммамиз ўз юртимизни, қадриятларимиз, она-онамизни яхши кўрамиз. Шу туфайли ҳам, шу йўналишларни танладик. Иккинчи қисмда лойиҳанинг қамрови ҳам кенгайди, энг замонавий технологиялардан фойдаланилди. Мазкур телелойиҳа орқали ҳар ҳафта 9 та янги қўшиқ премьераси бўлади! Бу қўшиқларни радиоэфирларда ҳам тинглаш мумкин. Лойиҳанинг иккинчи босқич ғолиблари Мустақиллик байрами арафасида аниқланади. Лекин, бу лойиҳа давом этади, лойиҳанинг учинчи босқичи ҳам бор!
Демак, кузатишни бошлаймиз! «Менинг юртим-менинг фахрим» лойиҳаси, 2 босқич! Ҳар ҳафта, шанба куни “MY5” телеканалида соат 20:30 барчасига ўзингиз гувоҳ бўлинг! Ҳамда сайтимиз орқали, лойиҳанинг 2 босқичида иштирок этаётган айрим қўшиқлар, уларнинг яратилиши ҳақидаги видеоларни кўришингиз мумкин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова