FATTOHHON.COM
« Все новостиТАСВИР газетасида чоп этилган
ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ
Ёшим катта бўляптими, ёки табиатимдан шундайми, мен Янги йилдан ҳеч қачон мўъжиза кутмаганман! Мен учун нимагадир оддийгина йил алмашиши, йилнинг ўзгариши бўлади. Янги йилнинг кириб келиши, инсонни бир тарафдан қувонтирса, бир тарафдан чуқур ўйларга толдиради. Чунки, ўша 1 январь куни инсон уйқудан турганда, 1 январь тонгги отганда, албатта, кўз олдидан ўтган йилнинг сарҳисоби ўтади. Бу эса, инсонни ё қувонтиради, ёки ранжитади. Лекин, тўғри, Янги йилда инсон ўзини болаларча тутгиси келади, болага айланиб қолгиси, қандайдир эртакка ўхшаш байрам бўлгани учунми, мўъжизалар кўргиси келади! Аммо, айтганимдек, жиддий томони ҳам бор, йилнинг ўтиб бораётгани, инсон ўтган умрини, йилини ўйлашга, сарҳисоб қилишга мажбур қиладиган байрам! Мен учун, ҳар бир инсон ўз умрини сарҳисоб қилиб, нималарга улгурдию, нималарга улгура олмади, ҳаётининг оқ ва нурли нуқталари қанча бўлдию, қора нуқталари қанча бўлди, шуларни мушоҳада қилб, кўпроқ ўйга толадиган байрам! Билмадим, агар санъаткор бўлмаганимда балки, бу байрамни байрам деб ҳам қабул қила олмаслигим мумкин эди, назаримда. Аммо, санъаткор бўлганим учун, байрамона кайфият, байрамона давраларда, хурсандчилик, хушчақчақ давраларда бўлганим учун ҳам, ўша давраларга, даврадагиларга қўшилиб, мен ҳам қандайдир бир болалигимга қайтаман! Ёшилигимни эслайман! Завқ оламан! (кулиб) Тўғрисини айтсам, мен Янги йилни ҳар йили ҳар ҳил ва ўзгача кутиб оламан! Чунки, 7-8 йилдан буён Янги йил вақти мен уйда бўлмайман! Янги йил кирган вақтда уйда бўлмайман! Баъзан қаерда бўлишимни ҳам олдиндан билмайман! Ҳар доим Ноодатий мен учун! Доим бирор байрамда бўламан! Табиийки, ҳар Янги йилни янги бир даврада ва Янгича кутиб оламан! (кулади) Айнан, биттасини айтолмайман, чунки ҳар сафар, ҳар хил бўлади!
РАЙҲОН
Янги йилдан мўъжиза кутаман, аммо айнан янги йилда мўъжиза бўлмаган. Янги йил куни барибир ҳамма катта ёшлилар ҳам, бир зум болалик оламига қайтгандек бўладилар. Ҳар қандай инсон, Янги йилга, янги умид боғлайди, янги орзулар пайдо бўлади. Энди биз санъаткорларда доим Янги йилда тадбирлар, байрамлар билан банд бўламиз! (кулади) Баъзида байрамларда кутиб оламиз! Масалан, бир йили машинада кутиб олганмиз Машинада кетяпмиз, бир байрамдан чиқиб, иккинчисига шошяпмиз. Кутилмаганда ҳаммаёқдан соат бонги овозлари, кўчада одамларнинг хурсандчиликдан бақирганлари, бир-бирларини табриклаганлари эшитила бошланди! (кулади) Биз бир неча дақиқага тўхтаб, бир-биримизга қараб: “Вой, бир пасда-я, соат 12 бўлдими? Янги йил кирдими?” дедик! Бир-биримизни Янги йил билан табрикладик ва яна шошиб йўлга тушганмиз! (кулади)
Энди бу билмадим, биринчи марта уйда оила даврасида кутсак керак! Ҳозир шунга тайёргарлик! Бу Янги йил мен учун бошқача бўлади, деб ўйлайман!
Яқинда, ўзимни эски, қачондир ёзган кундалик қоғозларимни топиб олдим. Ўшанда Москвада эдик. Раҳматли онамлар ҳам ёнимда эдилар. Ўшанда соат бонг урганда, мен қоғозчаларга ўзимни энг яхши ниятларимни ёзгандим! Ўшанда бир одат бор эди, (кулади) агар соат бонг урганда, ниятингни ёзиб, ёқиб, ичимликка солиб ичсанг, албатта амалга ошади, дейишарди. (самимий) Мен ўшанда, кундаликда ёзишимча, бир нечта ниятимни ёзиб, “шулардан бирортаси бўлса ҳам, амалга ошсин!” деган эканман. Амалга ошишига жуда ҳам ишонган эканман! Бугун эса, ўйлаб қарасам, шулардан кўпи амалга ошибди! Албатта, дарҳол эмас, йиллар давомида амалга ошиб келган! Шунинг учун ҳам айтмоқчиманки, инсон орзуларини амалга ошишига ишониши, яхши ният қилиши керак! Агар чиндан ҳам ишониб, яхши ният қилсанг, албатта амалга ошар экан!
ЙИГИТАЛИ МАМАЖОНОВ
Мен учун ҳар бир Янги йил ўзгача бир мўъжиза! Ҳар бир куннинг ўзи, ўзига хос мўъжиза, деб ўйлайман. Чунки, ўзим севган инсон билан биргаман! Бахтли ҳаётнинг ўзи, мана шундай фаровон юртда тинч-хотиржам яшаётганимиз, тинч ва хотиржам Янги йилни байрам қилаётганимиз ҳам мўъжиза! Энг ўзгача Янги йил албатта, мен учун ўтган йили бўлди! Чунки, севимли рафиқам Райҳон билан оила даврасида кутиб олдик! Кейин, эса, янги йилни кутиб олгач, рафиқам билан бир тадбирга “Ўзбекистон” меҳмонхонасига боришимизга тўғри келди. Бир дўстимиз ташкиллаштирган ва биз таклиф қилингандик. Ресторанда, у ерда дўстимиз Акбар бир ҳазил янги йил ўйини ўтказди ва мен ўша ўйинда, (кулиб) бир йигит билан “Чупа-чупс” учун спаринг тушишимга тўғри келди! (кулади) Яъни, бизни саҳнага чақиришди, бокс қўлқопларини кийдик! Худди рингга чиққандек, тайёргарлик қилдик ва табиийки ҳозир бокс тушамиз, деб ўйладик! Мен ҳам росмана бокс тушишга 100 фоиз тайёр эдим! Ниҳоят, эълон қилишди ва қарасак, (кулиб) аслида “чупа-чупс”ни очишимиз керак экан! Роса кулдик! Янги йилни жуда қувноқ ва шодон нишонладик!
ОТАБЕК МУТАЛХЎЖАЕВ
Қайси йили ёдимда йўқ, аммо, бир сафар Янги йилни тоғда, перевалда, нексия машинаси ичида кутиб олишимизга тўғри келган! Шошиб каттa тезликда келаётган бўлсак ҳам, афсуски, Янги йилга улгура олмаганмиз! Янги йил учун соатлар бонг ура бошлаганди, тоғ тагида машинада тўхтаганмиз! Қарасак, ҳамма перевалда келаётганлар ҳам тўхташган! Ўша ерда ҳамма бирданига бир-бирини табриклаб, борини олиб, машиналарининг устига қўйиб, хурсандчилик бўлиб кетган! (кулади) Буни ҳам ўзига яраша гашти бўлар экан! Машинада ўшанда мен билан Шуҳрат ака, Козим ва яна бир дўстим бор эди. Тепангизда тоғ, тоғдан кўчки тушишидан чўчиб турибмиз! Атрофимизда эса, машиналар, Янги йил билан табриклаётган инсонлар! Ҳамма хурсанд! Қандайдир бир бошқача бўлган! Янги йилни тахминан 15-20 дақиқаларча нишонлаб, кейин яна ҳамма одатдагидек шошиб, машинасига ўтириб, йўлимизга равона бўлганмиз!
Яна бир йили, водийга Янги йил арафасида концерт бергани борганимизда, бир мухлисимиз бизга кичкина кучук боласини совға қилганди! Ўша кучукни боқдик, ҳозир катта бўлиб қолган! Менга ўша Янги йилни эслатиб туради!
Бу йил Янги йилда кутилмаган бир иш қилмоқчиман! (кулади) Тоғ бағрига чиқиб, энг тепадан, қорларга қараб, бор овозим билан ҳайқириб, бор эмоциямни бақириб чиқариб юбормоқчиман!
АКТРИСА, ТЕЛЕБОШЛОВЧИ, ХОНАНДА ОЙХОН ИФОРЗОДА
Санъат соҳасидаги инсонларнинг ҳаётида, кўпинча Янги йил кунлари банд бўлишади ва бу одатий ҳол ҳисобланади.
Бундан 10 йил аввал мен «Меҳржон» театр студиясида актрисалик фаолиятимни олиб бораётган вақтларим эди. Ўшанда Қорқиз бўлиб, Янги йил байрамларида хонадонларда табриклашга борардик. Ўшанда Қорқиз бўлганман, албатта Қорқиз бўлиш мен учун қувончли эди.
Ўша йили Янги йил куни эса, яқинларимизни қариндошларимизни ҳам Қорқиз қиёфасида табриклашга борганмиз. Тўғрисини айтсам, ўшанда уйга етиб келишга қийналганмиз. Қариндошларникига борамизу, табриклаб қайтамиз, деб ўйлаганмиз. Аммо, у ерда бироз қолиб кетдик. Кейин машинада уйга қайтаётганимизда, роса кучли ёмғир ёғаётган эди. Ўзи одатда Янги йилда қор ёғади, лекин ўша йили қаттиқ ёмғир ёғди. Хуллас, йўлда машина бузилиб қолди! Соат миллари эса, 23.30 ни кўрсатиб турарди. Бизни ҳолатимизни тасаввур қилаверинг! Ёрдам сўрай десак, кўчада бирорта ҳам машина йўқ! Янги йил куни кечаси бўлса! Ҳозир кўпчилик бу вақтда кўчада бўлади, машиналар кўп. Лекин, бундан 10 йиллар олдин, Янги йил куни кечаси кўчада машина кам бўларди. Хуллас, оилавий ҳаммамиз, машина ичидамиз. Машинада эса, шампан виноси ва ширинликлар бор эди. Шунда биз тушкунликка тушмай, Янги йилни машинада нишонлашга қарор қилдик. (кулади) Лекин, ҳаётда мўъжизалар ҳам бўлар экан. Биз тақдирга тан бериб, Янги йилни машинада кутиб оламиз, деганимизда, кутилмаганда, машинамиз олдида бир машина келиб тўхтаса бўладими? Шунақа қувониб кетганмиз! (кулади) Ўша машина, бизни машинамизни буксер қилиб, олиб кетишга ёрдам берган. Хуллас, роппа-роса, соат 24.00 да уйга кириб келганмиз! Соатлар ҳам бонг ура бошлаганди! Жуда бошқача бўлган!
Яна бир йили эса, Янги йил куни жуда ишимиз кўпайиб кетган. Ҳаммамиз худди келишиб олгандек, соат 23.00 га уйга кириб келсак бўладими? Уйда даструхон ёзилмаган ва ҳеч нарса тайёр эмас! (кулади) Дарҳол шунақа тезликда стол безатишга киришиб кетганмиз-ки! (кулади) Бир соат ичида имкон қадар, столни безатиб, тўлдириб ташлаганмиз! Чунки, Янги йилни қандай кутиб олсанг, йил ҳам, кайфият ҳам шундай бўлади, дейишади. Шундан кейин, шу воқеалар сабоқ бўлиб, ҳар йили Янги йилни олдиндан тайёргарликлар билан, зўр кутиб олишга ҳаракат қиламиз!
Янги йил биз учун ҳам оилавий байрам! Мен ўзим тўғриси, Янги йилга тайёргарликни бироз олдинроқ бошлаб юбораман. Уйимизда арча ясатаман, ҳаттоки уй зиналарини ҳам ёриткичлар билан атайлаб безатиб чиқаман! Салатларга тайёргарлик кўраман! Янги йил мен учун ўзгача байрам! Ҳамма нарса, мен учун эртакдагидек гўзал бўлиши керак! Лекин, тўғриси, баъзи вақтларда касбимиз сабабли Янги йилни хизматда кутиб олишимизга ҳам тўғри келади.
Байрамнинг менга ёққан жиҳати, айнан ўша лаҳзаларда инсон эртакка тушиб қолгандек бўлади!
Яна бир одатим, баъзида Янги йилга бир-икки соат қолганида овқат тайёрлагим келиб қолади. Масалан, ўтган йили ҳам, Янги йилга 2 соат қолганида, битта таомни тезликда тайёрлаб, уйдагиларни ҳайратда қолдирганман!
Янги йилнинг биринчи куни тўғриси, мен ёлғон гапирмайман! (кулади) Мен ўзи 1 январь куни Янги йилни ҳис қилишни ҳоҳлардим. Аммо, негадир ҳеч байрамни ҳис қилганимни эслолмайман! Тўғри, қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан, лекин негадир байрамнинг биринчи куни қандайдир байрамни ҳис қила олмайман! Бўлмаса, байрам дастурхонигача завқ билан ўзим тайёрлайман! Уйларни безатаман, лекин негадир байрамни ҳис қила олмайман! Балки, нимадир етишмаётгандир? Ҳаммасини вақт кўрсатади! Балки, байрамнинг мўъжизасини ўшанда ҳис қиларман!
АКТРИСА ШАҲЗОДА МУҲАМЕДОВА
Бундан 6 йил аввал янги уйга кўчгандик. Холамнинг ўғли Португалияда яшардилар. Ўша йили келиб, биз учун шундай бир сюрприз қилганлар. Янги йил кунлари, Қорбобо, Қорқиз ва бошқа эртак қаҳрамонлари состав бўлиб, юришар экан. Лекин, шундай составки, гўёки Қорбобо ҳам, Қорқиз ҳам ҳақиқийдек! Қорбобо ёши катта киши, овози ҳам дўриллаган, кийимлари ҳам ўзига жуда мос, Қорқиз ҳам чиройли кийинган, сочларигача ўхшаган, яна ёнида Микки Маус ва бир неча эртак қаҳрамонлари! Ҳаммалари сценарийдан адашмай, ҳақиқий актёрларга хос ижро қилишмоқда! Актёрлик маҳорати шу даражадаки, уларнинг гапларига, чиндан ҳам Қорбобо ва Қорқиз эканлигига ишониб қоласан! Ўшалар билан бир соат байрам қилганмиз! Бирга ўйнаб, кулиб, жуда зўр бўлган! Ҳақиқий эртакка тушиб қолгандек бўлганман! Холамнинг ўғлидан “уларни қаердан топдингиз”, десам, ўшанда айтмаганлар. Кейин мана орадан 5-6 йил ўтиб, яна қайта сўрасам, “эсимда йўқ” дедилар.
Ўтган Янги йилда шундай қизиқ воқеа бўлганди. Янги йилни кутишга тайёргарлик кўриб, кутиб ўтирибмиз. Бир телеканалдаги кўрсатувда мен чиқишим керак. Кутяпман. Кўрсатув бошланди. Шундоқ мен чиққан жойга келганида, шартта чироқ ўчиб қолди! Яъни, электр токи кетиб қолди! Нима қилишни билмайман, уйимизда 3 та фаза бор эди. Уччаласига ҳам олиб кўрдик, йўқ. Хуллас, бир соатларда чироқ келди. Кўрсатувда ҳам, мен чиққан жойлари, ўтиб кетиб бўлган экан! (кулади)
Қорқиз бўлганман! Алишер Узоқов билан бир лойиҳада, Қорбобо ва Қорқиз бўлганмиз. Кейин, Отабек Муталхўжаевнинг бир клипида Қорқиз бўлиб чиққанман!
АКТРИСА МУҚАДДАС САЪДУЛЛАЕВА
Болалигимиздан Янги йил байрами биз учун ўзгача байрам! Айниқса, унинг ўзига хос жиҳати, дадамлар Янги йил куни Қорбобо бўлиб келардилар! Бу бизда анъанага айланганди! Болалигимда аввалига буни билмасдим. Кейин эса, билганимдан кейин ҳам, барибир бу мен учун жуда қувончли бўлган! “Қорбобо”, “Қорбобо” деб, барибир хурсанд бўлардим! Энди эса, яқин йиллар ичида, дадамлар ёшлари катта бўлиб қолгани учун, бошқаларни Қорбобо қилиб олиб келадилар! Янги йил куни, безатилган уйда, Қорбобо ва Қорқизлар билан биз ўзимизни ёш бола деб ҳис қиламиз! Худди эртаклар оламига тушиб қолгандек қувонамиз! Янги йил энг қувончли байрам!
Мен жуда ҳам ҳайвонларни яхши кўраман! Дадамлар шуни билганлари учунми, ўтган йили Янги йилда менга кичкина оппоқ қуёнча совға қилганлар! Жуда қувонганман! (кулади) Менга мушук, кучук совға қилишгандию, лекин қуён совға қилишмаганди! Бошим осмонга етди, қувонч билан боқдим! Лекин, яқинда қочиб кетибди... (кулиб) Аммо, менимча қочиб кетмаган, назаримда, қўшнимиз олиб кетиб қолган бўлса керак. Чунки, оппоқ чиройли қуён эди, қўшнимиз роса ҳавас қилиб юрарди. (кулади)
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
ДАВОМИ БОР...