FATTOHHON.COM

« Все новости

ЯНГИ ЙИЛ МАШҲУРЛАРДА ҚАНДАЙ КЕЧГАН? 2-ҚИСМ 07.01.2014 16:07

ТАСВИР газетасининг 2014 йил 2 январь сонида чоп этилган.

 Foto (5)_новый размер

ХОНАНДА ШАХЗОДА

 

Янги йилни мен жуда ҳам яхши кўраман! Ҳаттоки, ўз туғилган кунимдан ҳам Янги йилни кўпроқ яхши кўраман. Ҳар бир йил ўзига хос, ўзгача бўлади. Энг ўзгачаси эса, тахминан 5 йил аввал, биз Янги йилни Балида нишонлаганимиз бўлган! Ўша йили денгизга, Бали оролига, боргандик. Янги йил куни жуда иссиқ эди! Мана шуниси жуда ҳам ўзгача бўлган. Чунки, Янги йилни оролда, жуда иссиқ кунда кутиб олишимизга тўғри келган!

 198d660062b511e39ed7120829958d13_8

ХОНАНДА УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ

Мен ҳеч қачон Янги йилда мўъжиза кутмаганман. Мўъжизани инсоннинг ўзи яратади, деб ўйлайман. Бир нарсани айтишим мумкин, мен ёшлигимда Қорбобога алданганман! Яъни, менинг амаким, Қорбобо бўлиб келганлар. Овозларидан таниб қолганман! Шу бўйи Қорбобога ишонмай қолганман.

Янги йилда доим кўнглимдан бир ўй ўтади, у ҳам бўлса, йил давомида қилган ишларим, қилган хатоларим, ютуқларим, қила олмаган ишларим, мана шулар ҳақида ўйлаб чиқаман, мулоҳаза қиламан. Янги йил байрами ўтгандан кейин, йил бошидан, ўтган йили амалга ошира олмаган, қилишим керак бўлган зарур ишларимни, биринчи ўринда қилишга ҳаракат қиламан.

Янги йилда шундай одатим бор, ўзим ҳурмат қилган устозларим, ёши катта инсонларнинг уйларига бориб, уларга, уларнинг фарзандларига совғалар бериб, табриклаб келаман!

Янги йилни энг ўзгача кутиб олиш, бундан 3-4 йил олдин, Янги йилни кўчада кутиб олишга тўғри келган. Хизматдан хизматга бораётган вақтимиз, бир нарсани кутишимизга тўғри келиб қолган. (кулиб) Ўшанда, ҳаммаёқ қор, ер муз, яхлаган, биз сирпанчиқ учиб, Янги йилни кутиб олганмиз.

Янги йилни ўзи оилавий бирор чет давлатига бориб, кутиб олиш ниятим бор. Лекин, кўпинча, уйда оилавий дастурхон атрофида, яқинларимиз билан бирга, хурсандчилик билан кутиб оламиз!

Янги йилнинг биринчи куни (кулади) тўғриси, ухлагим келади. Лекин, имкони бўлмайди, чунки ўша куни кўпгина тадбирлар ва байрам кечалари бўлади.

Ўзи (ҳазил билан кулиб) Янги йилнинг биринчи куни бу, эски йилдан қолган эски салатлар ейиладиган кун, дейишади. Чунки, ростдан ҳам, ҳамма Янги йилга атаб, салатлар ва егуликлар тайёрлашади. Кейин эса, Янги йил киргач, улар эски йилда тайёрланган бўлади-да.

 foto(12)_41

АКТЁР, ХОНАНДА ВА РЕЖИССЁР ЖАҲОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ

Ҳар Янги йил эсда қоларли бўлади. Чунки, биз санъаткорлар Янги йилни уйда кутмаймиз! Яъни, оила даврасида кута олмаймиз. Ҳамма байрам қилаётганда, биз ўша байрам даврасида хизматда бўламиз.

Қорбобога ишонмайман! Чунки, болалигимда, боғчада, 5 ёшларимда, “Қорбобо, Қорбобо” дейишганда, Қорбобо келганда, “нима экан?” деб битта соқолидан тортсам, соқоли ечилиб кетган! “Э, бу алдоқчи экану” деганман. (кулади) Қорбобони байрам тадбирларни, даврани олиб борадиган олиб борувчи, деб тасаввур қиламан. Лекин, кўпчилик ўртоқларим, “Қорбободан ниятингни сўрасанг, бўлар экан, кейинги амалга ошар экан” дейишарди. Лекин, мен ўша соқоли юлиниб кетгандан “қанақа Қорбобо?” деганман.

Лекин, ҳозирда, ҳар йили болаларим учун, Янги йил куни уйимизга Қорбобо чақирамиз! Мен ўзим уйда бўлмайман. Аммо, Қорбобо албатта, келиб, болаларимга совғалар улашади. У қандайдир ўта қимматбаҳо совғалар эмас, худди ўша мен ёшлигимда, ота-онамдан қандай совға олган бўлсам, уларга ҳам шундай оддий, боланинг ёшига мос совға бердираман. Болаларимни ортиқча чалғитгим келмайди! Чунки, жуда қимматбаҳо совғалар кейинчалик боланинг тарбиясига таъсир қилиши ҳам мумкин. Масалан, мени ўзимга ҳам Янги йилда бир ортиқча нарса совға қилишмаган. Оладиган совғам, ўша вақтларда одатдагидек, чиройли ўрам совғада, (қутида)  печенье, 1 та апельсин, 1 та мандарин, 1 та шоколад, битта қўғирчоқ, битта қутича, конфетлар бўларди. (кулади) Ёш болага яна нима бериш мумкин?

Баъзи танишларим, байрамларда, туғилган кунларда болаларига қимматбаҳо нарсалар, совға қилишга ҳаракат қилишади. Тушунаман, масалан, велосипед-ку, майли, ёшига мос бўлса, олиб бериш керак. Лекин, болага ёшлигидан қимматбаҳо телефонлару, планшетлар совға қилишларини тушунмайман. Қанчалик қиммат нарса совға қилганинг сари, бола янада қимматроғини ҳоҳлайди. Аввал, ўйлаб кўриш керак, болага ўша нарса керакми? Агар кейинчалик, янада қиммат нарса совға қила олмасангиз, хафа бўлиб қолади, ҳаттоки сиздан хафа бўлиб, руҳан синиб қолиши ҳам мумкин. Масалан, мени отам, бунга катта аҳамият берганлар! Катта бўлиб, 15 ёшга кирганимда ҳам, Янги йилга боя айтиб ўтганимдек совғани олардим. Ҳаммамизга бир хил совға берардилар. Масалан, ҳозир кузатишим бўйича, оғайнимларимдан бири 13-14 ёшли фарзандига, бир миллион иккиз минг сўмдан ошиқроққа қўл телефони совға қилди! Лекин, ўша қўл телефони, боласининг назарида арзонроқ туюлди! Боласи, “Вой, буни тутмайман, ўртоқларимники бундай эмас!” деди. Ўшанда оғайнимнинг кўнгли сал хижил бўлиб қолди. Кимдандан яна пул олиб қўшиб, яхшироғига алмаштириб келди! Бунга ўзи айбдор, чунки боласини шундай қиммат нарсаларга ўзи ўргатиб қўйган! Мен бу билан болага бундай нарсалар олиб керак эмас, демайман! Аммо, болага, ёшига мос, болалигига хос совғалар бериш керак, назаримда. Масалан, сал каттароқ бўлиб, мактабни битириб, ўқишга кирганда, ўқишига керак бўлса, билимни ошириши учун зарур бўлса, ўша планшетни ҳам телефонларни ҳам олиб бериш мумкин. Ўшанда бола ҳам бу нарсаларни қадрига етади, керакли мақсадда ишлатади! Ҳаттоки, қарз олиб, сотиб олиб берсангиз ҳам арзийди, чунки болангиз уни билиб олиш учун ишлатади! Лекин, ҳали 13-14 ёш болага, шунчаки ўртоқларига мақтаниши учунгина, қиммат телефон, планшет олиб бериш ортиқча, деб ҳисоблайман. Яна камига, интернетли бўлса, болани ўқишдан чалғитади. Бола интернетдан ҳар хил нарсаларни кўриши, бу тарбиясига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Янги йилнинг биринчи куни дам олишни ҳис қиламан! Чунки, ўша куни маза қилиб ухлайман! (кулади) 1 январдан 10 январгача, дам оламан.

 foto1_3

РЕЖИССЁР ВА АКТЁР МУҲАММАДАЛИ ИСКАНДАРОВ

(кулиб) Мен Қорбобога умуман ишонмайман! Қорбобо менда нохуш таассурот қолдирган. Чунки, болалигимда акам Умид, Қорбобо бўлиб келиб, мени қўрқитган! Ўзиям жуда ёмон Қорбобо бўлган! (кулади) Ўша кундан бери, Қорбоболарга меҳрим кучли эмас! Укам билан ўша вақтларда боғчага борардик. Акам эса, учинчи синфда ўқирди. Қаердандир соқоллар олиб, ўзича кийиниб келган. Ўша куни, дадам ва ойим уйда йўқ эди, байрамга бозорлик қилгани кетишганди. Акам бўлса, ўша куни мактабга кетдим, деб чиқиб кетиб, кейин, соқоллар ёпиштириб, жуда хунук бир Қорбобо бўлиб, эшикни тақиллатиб келган. Билмай эшикни очсак, “Умид Искандаров шу ерда яшайдими?” деб дўқ қилиб кириб келиб, “Қани у?” деб уйга кириб кетиб, бизни роса қўрқитган! Биз ҳам бола эдик, ишониб, қўрқиб, йиғлаб, (кулади) укам билан роса қўрққанмиз. Акам, шунда ҳам ўзини билдирмай, “айтасанлар, қаерда у? Қаерга беркинган?” деб бақириб, уришган. Роса қўрққанмиз! Ўшандан бери, Қорбобонинг келиши, мен учун, тўғриси, энг ёқтирилмаган ташриф! (кулади)

Лекин, кичик болаларга барибир мўъжиза керак! Янги йилни улар қувноқ ва шодон кутиб олишлари керак, деб ўйлайман. Уларга ҳақиқий байрам шукуҳини яратиб бериш керак!

Сал ғамгинроқ воқеани айтиб беришим мумкин, мен футбол билан шуғулланганлигим учун, маълум бир муддат Украинада яшашимизга тўғри келган. Ўшанда оилавий кетганмиз. Бир йили, ойимлар уйда йўқ эдилар, (адашмасам қариндошлар билан кўришиш учун Тошкентга кетгандилар) Украинада, уйда акам иккимиз, Янги йил куни ва уйда ҳеч қандай егулик йўқ! Тайёргарлик ҳам қилмаганмиз! Нима қилишни ҳам билмаймиз, чунки, ёнимиздаги маблағ ҳам унча кўп эмас. Акам икковимиз кўчага чиқиб, кўчадаги кичик кафе олдида тўхтаб, бир стакандан ичимлик олганмиз ва Янги йилга бонг урганда, ўшани ичиб, Янги йилни кутиб олганмиз! Бошқа ҳеч нарса олмай, уйга қайтиб келиб, ухлаганмиз. Ўшанда Ватан қадри, Ўзбекистон қадри шундай билинган-ки! Ҳеч нарса, ҳеч қандай жой, ўз Ватанингга етмайди! Буни ўша дақиқаларда аниқ ҳис қилганмиз! Жуда, жуда ҳам ўшанда Ўзбекистонда бўлиб қолгимиз келган. Тўғри, кейин у ерда яхши шароитлар бўлди, аммо, барибир ўша кун ва ўша дақиқалар, ўша Янги йил ёдимда қолган. Ҳозирда ҳар гал Янги йил келганида, ўз юртимизда, оиламиз даврасида кутиб олганимизда, жуда қувонаман!

 1021713021_7

ХОНАНДА ДИНЕЙРА

Янги йилни 2 йил аввал дўстларим билан тоғда, 31 декабрни коттеджда кутиб олганимиз энг эсда қоларлиси бўлган. Атроф қор, маза қилиб, кун бўйи чанғи учганмиз. Ҳақиқий арчаларни безатиб, атроф манзара, муҳит, дўстлар, ҳаммаси жуда ажойиб эди! Айнан, Янги йил кирган вақтда, қувониб, салютлар отиб кутиб олганмиз! Жуда бошқача бўлган!

1 январь куни албатта, ўтган йилни сарҳисоб қилиб, режалар тузаман. Янги қўшиқлар, янги лойиҳалар ҳақида ўйлайман. Янги таассуротлар, қандайдир, ҳаммаси янги ва бошқача бўлади. Янги йилда янги эмоциялар бўлади.

Болалигимда Янги йилга энг ажойиб ва кутилмаган совға қилишган. Яъни, унда мен Қорбобога ишонардим. (кулади) Ўшанда Барби қўғирчоғини орзу қилганман! (У вақтларда Барби жуда камёб эди.) Янги йил куни эса, қарасам, арчанинг тагида Янги, чиройли Барби қўғирчоғи, уйчаси билан турибди! Жуда қувониб кетганман! ТўғрисиЮ чиндан Қорбобо қўйиб кетган, деб ўйлаганман. (кулиб) Кейин катта бўлганимда билдим, ўша Барбини дадам Москвага хизмат сафари билан борганида олиб келиб, арчанинг тагига қўйиб қўйган эканлар.

 994810_167901430057315_298755049_n

ХОНАНДА ЁДГОР МИРЗАЖОНОВ

Бир марта, касбимиз тақозоси билан Янги йилни кўчада кутиб олишимизга тўғри келган. Янги йил байрамларида иштирок этдик. Отабек Муталхўжаев, мен, продюсеримиз Феруза опа, ҳаммамиз, бир ресторандаги байрамда чиқиш қилганимиздан сўнг, шошиб, соатга қарамай, кўчага чиқсак, соат 12 га бонг уриб қолган! (кулади) Кўчада қолиб кетиб қолганмиз. Бир зум нима қилишни билмай, туриб қолганмиз! Ҳаммаёқда бонг уриб ётибди! Ресторандан эса, қувноқ бақир-чақир эшитиляпти. Ташқарида, салютлар отиляпти. Биз эса, (кулиб) кўчада совуқда нима қилишни билмай турибмиз! Кейин, дарҳол яна ичкарига, ресторанга қараб югурганмиз! Ичкарига кириб, Янги йилни кутиб олаётган даврага қўшилганмиз. Ўша даврада байрам қилганмиз!

Бир Янги йилда (яқин йилларда) ҳаётимда ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган воқеа бўлган! У пайтда раҳматли Мўмин Орипов (“Божалар” гуруҳидан) тирик эди. Мўмин менга Янги йил арафасида қўнғироқ қилиб, “бир ёш қизча мухлисангиз бор экан. Лекин, гапира олмас экан. Фақат, сизни исмингизни Ёдгор деб айта олар экан. Бошқа гап айтолмас экан. Ўша қиз сизни шунақа ашаддий мухлисингиз эканки, шу қиз сизни кўрса, шундай нияти бор экан, у билан кўришсангиз” деди. “Майли, бораман” десам, “Келинг, шуни Янги йил совғаси қилайлик” деди. “Майли, шу мухлисам хурсанд бўлсин” дедим. Ўшанда, Янги йил куни, мен Қорбобо кийимини кийиб, раҳматли Мўмин билан ўша қизчаникига борганмиз. Энди, юзимда соқол, Қорбобоман, қизча мени танимади, Қорбобони кўриб хурсанд бўлди. Совғалар олиб борганмиз, “Мен Қорбобоман” деб кирганман, қизчани ҳам, оила аъзоларини ҳам табрикладик! Кейин, юзимдан соқолни, бошимдаги қорбобо қалпоғини ечганимда, (ўзи ҳам қувонч билан) ўша қизча шунақа қаттиқ хурсанд бўлиб кетганки! Қувончлари чекиз бўлган! Қанчалик қувонгани, ҳалигача кўз олдимда туради. Битта инсоннинг кўнглини кўтаришнинг ўзи қанчалик бахт!

 1193796021_7

АКТЁР МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ

Биз актёрлар учун ҳар йил Янги йил ўзгача бўлади! Ҳар Янги йил йилдан йилга яхши бўлади! Масалан, ҳозир Арча байрамида эртак қаҳрамонларидан бирини ижро қиляпман. Янги йил кунлари, болажонларни хурсанд қиламиз. Аммо, шу вақтгача ҳеч Қорбобо бўлмаганман, аммо бошқа персонажлар ролини доим ижро қилиб келмоқдамиз.

Аммо, кутилмаган воқеалар ҳам бўлиб туради. Масалан, ўтган йили, Янги йил арафасида оёғимни синдириб олганман. Янги йил куни уйда гипсда ўтиришимга тўғри келган. Тўғриси, Янги йилда доим банд бўладиган инсон учун, бу нарса ёмон экан. Жуда ҳам зерикарли бўлган!

Янги йилнинг биринчи куни қандайдир бошқача бўлади. Биринчи январнинг биринчи соатларини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Туғилган кунингизда ҳам худди шундай нарса бўлади. Умр ўтиб кетаётгани, вақт тўхтамаётгани билинади. Аммо, атрофдаги хурсандчилик, байрам кайфияти, қандайдир кўнглингизни ёритади.

  foto-6_10_0

АКТЁР УМИД ИСКАНДАРОВ

Энг унутилмас Янги йил биринчи марта болалигимда бўлган. 11-12 яшарлик вақтларим эди. Янги йил куни уйимизга Қорбобо келган! Мен шеър айтиб берганман. Ўшанда жуда ҳам крассовка олишни ҳоҳлагандим. Бу орзуйимни дадам биларди. Ўша куни шеър айтиб берганимга, Қорбобо менга крассовка берган! Жуда хурсанд бўлганман! Шу жиҳати билан ёдимда қолган.

Янги йилнинг биринчи куни оила даврасида бўламан. Сўнг, эрталабгача дўстларим, қариндошларникига меҳмонга борамиз. Энг кўнгилдан кечадиган ҳиссиётлар эса, “бу йил қандай келаркин?”, “бу йил нима ишлар қилар эканман?” деган фикрлар бўлади. Режалар тузамиз. Бундан ташқари, бир одатим бор. Йил давомида уйдаги оила аъзоларимга нима керак, қандай совға олишни ҳоҳлайди, кузатиб юраман. Янги йил куни эса, албатта, улар ўзлари истаётган ўша нарсаларни топиб, совға қиламан!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова