FATTOHHON.COM
« Все новости
Хонанда Лоланинг 23-26 январь кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган “Кел” деб номланган янги концерт дастури олдидан, 10 январь куни “Пойтахт” бизнес марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Концерт ташкилотчилари “Тарона Рекордс” ва “Тарона Концерт”.
Матбуот анжуманида, хонанда Лола, ОАВ вакиллари, ҳамда хонанда Лоланинг администратори Лола Игамбердиева, концерт режиссёри Андрек Африн, хореограф Наримон Григорян иштирок этишди.
Лола, Лола Игамбердиева, концерт режиссёри Андрек Африн, Наримон Григорян Оав вакилларининг барча саволларига атрофлича жавоб бердилар.
Матбуот анжуманида дастлабки сўзни режиссёр Андрей Африн бошлаб, концерт ҳақида маълумот берди.
Матбуот анжумани давомида кўплаб саволлар бўлди, уларнинг кўплари Лолага, баъзилари эса концерт ташкилотчиларига ҳам қаратилганди.
Жумладан:
КОНЦЕРТ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА:
Матбуот анжуманида концерт 4 блокдан иборат бўлиши айтиб ўтилди. Блоклардан бири тамоман, миллий йўналишда бўлади ва унда, Лоладан ҳам миллий рақслар кутилмоқда! Лоланинг рақс бобидаги маҳоратига эса, таърифга сўз ожиз.
Концертга чет элдан 2 та хореограф махсус таклиф қилинган Низам Каримов ва Наримон Григорян. Барча рақсларни улар саҳналаштирмоқдалар, кунига 6-7 соатдан машқ қилинмоқда. Низам Каримов эса Россиянинг машҳур “Тодес” рақс жамоаси аъзоси.
Концерт декорацияси жуда ўзига хос бўлиб, ҳақиқий янгилик бўлиши кутилмоқда! Чунки, 218 метрлик ўзгача шаклдаги экран бўлиши, барчани ҳозирдан концертга янада қизиқтириб қўйди.
Лоланинг концертдаги қиёфалари ҳозирча сир сақланмоқда. Лекин, Лола бу гал томошабинлар уни фақатгина хонанда эмас, инсон сифатида ҳам кўришларини исташини, улар билан янада яқинроқ бўлмоқчилигини, ҳамда томошабинлар концерт орқали, унинг қалбига назар ташлаши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди!
Концерт режиссёри Андрей Африн айтган энг катта сир эса, бу Лоланинг концерт бошланишида, саҳнага Самолётда кириб келиши бўлди!
Шунингдек, режиссёрнинг айтишича, концертда томошабинлар умуман, зерикишга улгуришмас экан!
Концертда 24 та қўшиқ ижро этилиб, улардан 13 таси ҳали ҳеч қаерда янграмаган янги қўшиқлар бўлади.
Гарчи, шиддатли рақслар билан жонли ижрони уйғунлаштириш мушкул бўлса ҳам, имкониятдан келиб чиқилган ҳолда, концертдаги бир неча қўшиқлар барибир жонли ижро қилиниши ҳам, айтиб ўтилди.
Концертда инглиз тилида ҳам қўшиқлар янграйди.
Шунингдек, концерт кунлари Лоланинг янги “Кел” деб номланган янги альбомининг ҳам тақдимоти ҳисобланади ва томошабинлар “Истиқлол” санъат саройининг фойесидан янги “Кел” мусиқий альбоми дискини сотиб олишлари мумкин!
Концертда либос дизайнерлари Ҳилола Шер ва Зулфия Султон
Концерт максимум 2 соатга мўлжалланган бўлиб, кутилмаган қизиқарли чиқишларга бой бўлиши кутилмоқда!
ЛОЛАНИНГ САҲНАДАГИ ИЛК ҚАДАМИ
Лола матбуот анжуманида ўзининг катта саҳнага чиққан илк қадами ҳақида сўзлаб берди. -Илк марта, 10 ёшимда, “Алпомиш” саройида ўтказилаётган “Болалар шоу”да саҳнага чиққанман. Бу жуда ёдда қоларли бўлган, бу ерда мен “Томчилар” деб номланган қўшиғимни куйлашим керак эди. Саҳнага чиқиш олдидан, ҳаяжондан қанчалик титраганим, қўрқув ҳаммаси ёдимда. Бу ҳозир кулгили ҳам туюлиши мумкиндир, аммо ўшанда, мен ёш қиз учун, саҳна жуда ҳам катта кўринган. Хуллас, чиқишим керак, мен турибман, онам эса мени саҳнага чиқишга ундаб турибдилар. Улар аксинча, жуда ҳам қатъиятли аёл, мени қўллаб-қувватлаб, “саҳнага чиқ” деяптилар. Одатда, ҳамма концертларда камерада суратга олишда крандан фойдаланишади. Аммо, бу концертда кран баландлиги ҳисобга олинмаган экан, хуллас, саҳнага илк қадамни қўяман, деганимда, кутилмаганда ҳаракатга келтирилган кран келиб, менинг бошимга урилган, кўзимдан ёш чиқиб кетган. Ўша вақтнинг ўзидан онам, буни пайқамай қолиб, мени саҳнага чиқариб юборганлар. Тасаввур қилинг, оғриқдан кўзимдан ёш томчилари оқяпти, мен эса, “Томчилар” қўшиғини куйлаяпман! (самимий кулади) Ўзиям қўшиққа жуда мос ҳолат бўлган! Қўшиқ муаллифи, устозим Руслан Шарипов эса, “Қойил! Жуда ҳам истеъдодли қиз экан-а? Қаранглар, менинг қўшиғимни қанчалик ҳис қилиб куйлаяпти, юрагидан ўтказиб, кўзёшлар билан куйлаяпти!” деб тўлқинланиб, мени олқишлаган. Бу ҳануз ёдимда!
ЛОЛА ВА ФАРЗАНДЛАРИ
Лолага фарзандлари ва уларнинг концертдаги иштирок ҳақида ҳам саволлар бўлди. Лола икки фарзанднинг онаси бўлиб, қизи Шаҳинабегим 6 ёш, ўғли Шоҳдиёр эса 4 ёшда. Лола қизи Шаҳинабегимнинг ўтган йилги концертида дугоналари билан келиб, биринчи қаторда ўтирганлигини, унинг қўшиқларига рақсга тушгани ва ўшанда ўзини қувончдан кўзларига ёш келганлигини ҳам айтиб ўтди. Фарзандлари унинг қўшиқларини жуда яхши кўришларини ҳам билдирди. Лола “Фреш” шарбати рекламасида қизи Шаҳинабегим билан бирга чиққанлиги ва суратга олиш ишларини қийинчиликларини кўрган қизини, шоубизнес соҳасига қизиқиши йўқлигнни айтиб, бошқа бундай суратга олиш ишларига қатнашишни ҳоҳламаслигини ҳам айтиб ўтди. Айни пайтда, қизи Шаҳинабегим мактабга тайёрланиш билан биргаликда, йога, сузиш ҳамда рақс билан, ўғли Шоҳдиёр эса, сузиш ва каратэ билан шуғулланмоқдалар. Икки фарзанди ҳам Лоланинг касбини тушунадилар ва онаси билан фахрланадилар.
ЛОЛА ТЎЙЛАРГА ЧИҚАДИМИ?
ОАВ вакиллари томонидан Лолага “сиз тўйга чиқмайсизми?” деган савол ҳам бўлиб ўтди. Лола эса, бунга жавобан, агар инсонлар эзгу ният билан, уни ўзларининг энг яхши, шодиёна кунларига таклиф қилсалар рад этмаслигини, фақат баъзи ҳолларда, концерт, тадбир ёки гастроллар билан банд бўлиб қолишини, лекин агар куни тўғри келса, тўйларда ҳам иштирок этишини маълум қилди.
2013 ЙИЛ ЛОЛА УЧУН ҚАНДАЙ КЕЧДИ?
Лола ўтган 2013 йил ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, ҳеч қачон ҳаётдан норози бўлмаслигини, ҳар бир кун учун миннатдор яшашини билдириб, ўтган йил унинг учун қизиқарли ва мазмунли ўтганлигини сўзлаб берди. 2013 йил унинг саёҳатлар йили бўлганлигини, ўзи саёҳатни яхши кўриниши, аммо ҳамиша ижод билан банд бўлиб, авваллари бу орзуни унчалик кўп амалга ошира олмаганлигини, эндиликда эса, 2 нафар фарзанди билан ва оиласи билан кўплаб давлатларда бўлиб, саёҳат қилганлигини маълум қилди. Ўтказилиши кутилаётган янги концерт дастури, аслида 2013 йил охирида ўтказилиши керак бўлганлиги, лекин, пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, концертни 2014 йил бошига кўчирилганлигини ҳам айтиб ўтди.
ЛОЛАНИНГ КИНОДАГИ ФАОЛИЯТИ
Сир эмаски, Лола маҳоратли актриса ҳамдир. Унинг иштирокидаги бир нечта фильмлар хитга айланиб улгурган. Лола матбуот анжуманида берилган саволларга кўра, бу мавзуга ҳам тўхталганида, ҳозирда унинг кўнглидан жой оладиган ва ўзи кутганидек сценарий ҳали таклиф қилинмаганлигини, агар ўзи истагандек сценарий бўлса, албатта, яна кинода роль ижро қилишини маълум қилди! Энг, севимли фильми ва роли эса, шубҳасиз илк ижро қилган роли Севинч ва “Севинч” фильми эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, кинода роль ижро қилишдан кўра, саҳнада қўшиқ айтиш унинг учун ёқимлироқ эканлигини, чунки кинода роль ижро қилганда, унга бутун қалбини, жону дилини бағишлашини, буни эса, жуда қийинлигини билдирди.
ЛОЛА ҲОЗИРДАГИ ИЖОД ҲАҚИДА...
Лола ҳар бир қўшиғи унинг учун фарзандидай эканлиги, унинг яратилиши учун бутун жону дилини бахшида этиши, ички кечинмалари ҳам ўша қўшиқларда акс этишини, шу туфайли ҳам, клипларида бош қаҳрамон ролини ўзи ижро қилишини билдирди. Унинг қалбидаги кечинмаларни бошқа инсон, худди ўзидек томошабинларга етказиб бера олмаслиги мумкинлигини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, ижодда турли янги тажрибалардан чарчамаслигини, бугунги кунда ижодкорлар Сарвар ва Комил, Жасур Абдураҳмонов, Жасур Бадалбоев, Равиль, Роберт каби бир қатор ижодкорлар билан ижодий ҳамкорлиги, лекин ҳар бир яратилаётган янги қўшиққа ўзи ҳам ҳисса қўшишини билдирди.
Матбуот анжуманида иштирок этганларга, Лоланинг ўтган йилги концерти диски ва фотосуратлари тўплами тақдим қилинди.
Матбуот анжумани давомида, ташкилотчилар томонидан, иложи борича, концертдаги кўплаб янгиликлар сир сақланди! Чунки, ҳаммаси олдиндан айтилса, қизиғи қолмайди, деган гап ҳам бор. Аммо, барибир, маълум бир сирлар ошкор қилинди. Демак, олдинда, Лоланинг яна бир янги, ўзига хос ва кўплаб янгиликларга бой шоуси томошабинларни кутмоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова