FATTOHHON.COM
« Все новостиМуҳтарам Президентимизнинг 2009 йил 7 апрелдаги ПҚ-1091 сонли қарорига мувофиқ Республикамизда, “Ягонасан, муқаддас Ватан” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда!
Танловдан мақсад, Ватанимизни шарафлайдиган, Ватанимизга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғуларини ифода этадиган энг яхши қўшиқларни, ижрочиларни юксак бадиий мезонлар ва холислик асосида танлаб олиш ва бу мусиқий асарларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантиришдан иборатдир.
Танловда нафақат ёш истеъдод эгалари, балки халқимиз севган санъаткорлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, бошқа мукофотлар эгалари ҳам ўзларининг Ватан ҳақидаги янги қўшиқлари билан иштирок этиб келмоқдалар.
Мазкур кўрик-танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибига тажрибали бастакорлар, таниқли шоир ва эстрада хонандалари жалб этилган бўлиб, қўшиқ мусиқасининг оригиналлиги, матннинг таъсирчан бадиий образларга бойлиги, мазмундорлиги, халқчиллиги, Ватанга муҳаббат ва истиқлолга садоқат ғоялари билан йўғрилиши, баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.
Энг гўзал, энг мазмунли ва энг юракдан жой оладиган қўшиқлар ҳам шубҳасиз Ватан ҳақида бўлади. Инсон дунёга келган, у униб-ўсган тупроқ, у илк бор қадам ташлаган она замин, у қад ростлаган маскан, уни вояга етказган, чексиз имкониятлар яратган она Ватаннинг қадри чексиз ва у ҳақида, унинг шаънига ҳар қанча қўшиқлар яратилса ҳам кам! Ҳар бир қўшиқда озод ва обод, тинч ва фаровон юртимизга меҳру муҳаббат, фахр ва ғурур, шу заминда дунёга келганлик, шу юрт ҳавосидан нафас олинаётганлиги учун шукроналар мужассам.
26 июлда бўлиб ўтган кўрик-танловда ҳам, кўплаб хонандалар иштирок этишди, жумладан: Акбар Атамуҳамедов, Моҳим Абдуҳакимова, Шамсиддин Адҳамов, Шерзод Анваров, Мухлис Бердиев, Бекзод Баҳромов, Сарвар Ҳайдаров ва бошқалар.
Кўрик-танловнинг ҳакамлар ҳайъати эса, қуйидагилардан иборат бўлди:
Ўзбекистон санъат арбоби,бастакор-Темур Маҳмудов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев
Бастакор Фарҳод Абдуллаев
Ёшларнинг ҳар бирини ижроси ўзига хос, Ватанга бўлган меҳрини қўшиқларига сингдиришган. Албатта, уларнинг баъзиларини ижроларида камчиликлар ҳам бор, мусиқани ҳис қилмаслик, сўзнинг мусиқага тушмаслиги ҳамда, саҳнада ўзини тутишда бироз маҳорат етишмаслиги ва ҳоказо.
Лекин, профессионал даражада маромига етказиб куйланган қўшиқлар ҳам бўлди.
Ҳайъат аъзолари кенгашиб, маслаҳатлашиб, ҳар бир ҳолатни ҳисобга олиб, ўз хулосаларини билдириб, ёшларга керакли маслаҳатларни ҳам бердилар.
Кўрик-танлов якунида барча иштирокчилар махсус дипломлар билан тақдирландилар.
1 ўрин: - Мухлис Бердиев
2 ўрин: - Нафиса Фармонова, Моҳим Абдуҳакимова
3 ўрин: - Татьяна Лихачова, Шахзод Нормуродов, Акбар Атамуҳамедов
Бу 3 та ўрин соҳиблари ҳам, эндиликда кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этадилар.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз