FATTOHHON.COM
« Все новости
«Истиқлол» санъат саройида, истеъдодли хонанда Лола 23, 24, 25, 26 январь кунлари ўзининг янги “Кел” деб номланган яккахон концерт дастурини ўтказди.
4 кун давомидаги концерт жуда кўп креатив янгиликлар, фишкаларга бой бўлди!
Концертга ташриф буюрган томошабинлар, бу гал чиндан ҳам Лолани бутунлай бошқа қиёфада кўришди!
Концертнинг илк кунида ҳам, концертдан бир неча соат олдин, Лолани репетиция устида кўриш мумкин эди. У концертда ижро қиладиган жонли ижродаги қўшиқларини репетиция қиларди.
Соат миллари 19.00 га яқинлаша бошлади. Концертга тайёргарлик авжида эди.
Концерт зали.
Барчанинг кўзи саҳнада барча томошабинлар интизорлик билан Лолани кутишарди.
Саҳна очила бошлади ва томошабинлар кучли ҳайрат оғушида қолдилар.
Бу Лоланинг матбуот анжумани ва интервьюларида айтиб ўтгани, ўзгача креатив ҳайбатли монитор экран эди! Саҳнанинг юқори ва тепа қисмларини тўлиқ қоплаган монитор экранларда, учаётган юлдузлар акс этган само бағридан, баланд зинада Лола намоён бўлди!
Мусиқа янграб, креатив либослардаги раққослар ва раққосалар рақслари бошланди.
Лола эса, концертни “Жоним соғиндим” қўшиғини куйлаш билан бошлади.
Концерт 4 блокдан иборат бўлди. Булар, Кириш қисми, (романтик қўшиқлардан иборат), Фалсафий блок, Миллий блок ва Рақслардан иборат блок.
Ҳар бир қўшиқда, ноодатий монитор орқали ўша қўшиққа мос тасвирлар бериб борилди!
Айниқса, энг ҳайратланарли тасвирлардан бири, шубҳасиз, биринчи блокда янграган “Кечир ғурур” таронасининг жонли ижроси вақтидаги, олов ёнаётган каминли “отель” тасвири бўлди!
Тасвир шу қадар табиий эдики, Лола чиндан ҳам, ҳашаматли отелдаги хонада қўшиқ куйлаётгандек эди.
Шунингдек, иккинчи блокдаги яна бир жонли ижродаги “Сўра” таронаси тасвири экранда аввалига пианино клавишлари чалинаётганлиги акс этиб, сўнг улар ёнаётган олов билан уйғунлашиши, ҳамда бу оловни клавишларни қоплаб, бутунлай ёндириб, бутун экранни қоплаб олиб, тепадаги экранда ҳам акс этиши, гўёки бутун саҳна олов ичра қолгандек бир таассурот бериб, қўшиққа мос муҳит яратиб таъсирлантирди!
Яна бир янги қўшиқлардан бири “Таскин бер” қўшиғи вақтида тасвирдаги дарахтнинг гуллаши, унинг гулларини осмондан ёғилиши, сўнг дарахтни гуллардан айрилиб, кулранг тус олиб, осмонни ҳам булут қоплаши ҳам, жуда табиий ва таъсирли кўринишда эди!
“Севги” қўшиғини эса, Лола еру кўкдан монитор экранлари орқали “оқиб” турган заррин ёғдулар ичра куйлади!
Томошабинлар кўз олдида, оқ либосдаги раққос ва раққоса рақси билан ўта гўзал романтик муҳит намоён бўлди!
Концертнинг энг ёрқин фишкалардан бири эса, Лоланинг ҳақиқий ўзбекона “Тановар” рақсига қойилмақом қилиб, рақсга тушгани бўлди!
Миллий рақсни нафис ҳаракатлар билан жуда чиройли ижро қилганлигидан барча томошабинлар ҳайратда эдилар.
Ҳаттоки, залдаги томошабинлар орасида “Лола профессионал раққоса ҳам экан-ку! Қойил!” деган хитоблар бўлди.
Миллий блокдаги қўшиқлар ҳам ўзига хос бўлиб, уларга ҳам алоҳида саҳна кўринишлари, рақслар саҳналаштирилган, бир вақтнинг ўзида миллийлик ва замонавийлик уйғунлаштирилган эди.
Айниқса, Лоланинг “Айлонайин” қўшиғида, ўзбекча куйлаб туриб, кутилмаганда инглизча тарона билан микс тарзида куйлаб, рақс тушиб, яна ўзбекча қўшиққа қайтиши ўзига хос чиқди!
Миллий блокда экрандаги тасвирларда қўшиқларга мос равишда, меъморий обидалардан тортиб, чарпалаккача намоён бўлди.
Тўртинчи замонавий рақсларга бой блок эса, ўзига хос креатив тарзда бошланди.
Яшил лазер нури ёғдусида, саҳнанинг ўзида юқорига кўтарилган Лола, “Энди йўқ” қўшиғи ремексини жуда жўшқин тарзда куйлади!
Қора либосдаги раққослар ва раққосалар рақслари остида, қўшиқ янада жўшқин тус олди.
Инглиз тилидаги тарона ҳам, оқ либосдаги раққосалар рақслари билан уйғунлашди.
“Ўз қўлингда” қўшиғини куйлаш баробарида, Лола икки раққос йигит билан, замонавий рақсларни ҳам қойиллатишини намойиш қилди.
“Love me” таронаси бошланган вақти, мониторда ҳам қўшиқ номи ёзилди.
Ундан сўнг, бу қўшиқнинг давоми ҳисобланган “Super love” тарона янгради.
Бу қўшиқ вақтида, раққослар ва раққосалар ёнига, “Super love” клипида суратга тушган Шоҳзамон ва Лоланинг синглиси Асал чиқиб келишди. Улар ҳам бу қўшиқдаги саҳна кўринишида иштирок этишди.
Концертнинг якуний қисми олдидан, Лола экран ортида айтган “Агар бугун биргина кишининг қалбига ёғду бағишлай олган бўлсам, ўзимни бахтиёр деб билардим!” сўзларидан сўнг, суперхит қўшиқларидан бири “Кел” қўшиғини куйлаб якунлади.
Концерт давомида Лола бир неча бор томошабинларга самимий мурожаат қилиб, уларни бугун барча муаммоларини, бир зум бўлса ҳам унутишга, концертдан завқланиб, баҳраманд бўлишга чорлади. Концертга ташриф учун, томошабинларга самимий миннатдорчилик билдириб ўтди.
Концертнинг 4 кунида ҳам Лоланинг фан-клуби саҳнанинг икки четида, зарли ҳарфлардан Лола сўзини, ҳамда шарлар кўтариб, Лолани қўллаб-қувватлаб туришди.
Лола ҳам ўз навбатида 4 кун давомида, саҳнада фан-клубига миннатдорлик сўзларини айтишни унутмади.
Қолаверса, 4 якуний кунда, концертдан сўнг, фан-клуби билан мулоқотда бўлиб, улар билан бирга суратларга ҳам тушди.
Нафис қўшиқлар куйланаётган вақтида, томошабинларга Лоланинг фан-клубидаги қизлар томонидан бежирим саватчаларда, эзгу тилаклар улашилди. Бу тилаклар, Лола томонидан билдирилган эди!
Бу эса, Лоланинг мухлисларини янада қувонтирди.
Концертда Лола томонидан бир неча қўшиқлар жонли ижрода куйланди ва улардан энг таъсирлиси, шубҳасиз “Кечир ғурур” ва “Сўра” қўшиқлари бўлди.
Концертда куйланган янги қўшиқлардан, “Таскин бер”, “Жоним айт” қўшиқлари маъноси билан томошабинларни янада таъсирлантирди.
1 блок
“Жоним соғиндим”, “Манзиллар”, “Ростин айт”, “Умидлар”, “Кечир ғурур”, “Тамом-тамом”;
2 блок
“Қайтмайди”, “Кўргим келар”, “Сўра”, “Таскин бер”, “Севги”;
3 блок
“Айлонайин”, “Айланма”, “Ёмонлама”, “Жоним айт”
4 блок
“Энди йўқ” ремикс, Инглизча тарона, “Ўз қўлингда”, “Будур”, “Love me”, “Super love”.
Якуний қўшиқ: “Кел” қўшиғи.
Концерт либослари блоклардаги чиқишларга жуда мос. Биринчи блокда қордек оппоқ либосда намоён бўлган Лола,
иккинчи фалсафий блокда оч сариқ нафис либосда саҳнага чиқди. “Тановар” рақси учун махсус миллий либос танланган.
Миллий блок учун миллийликка хос либосда чиққан бўлса,
тўртинчи замонавий рақслар блоги учун, замонавий рақсбоп либосда чиқди!
Рақсларнинг ҳар бири ўзига хос бўлди! Лола, нафақат истеъдодли хонанда, балки жуда ҳам маҳоратли раққоса эканлигини намоён қилди!
Блоклар орасидаги танаффусда эса, “Соялар рақси” намойиш қилинди. Биринчи бўлиб, яқинларингизнинг қадрига етинг, деган мазмунда, сўнг Лолани ўз бувисини эслаши акс этган соялар тасвири, сўнг замонавий рақслар акс этган тасвирларни кўриш мумкин бўлди. Замонавий либосдаги Лола нафақат сокин, балки жўшқин рақсларни ҳам маромига етказди.
4 кунлик концерт давомида Лоланинг ҳамкасблари ҳам, концертга ташриф буюриб, уни табриклашди. Жумладан, Райҳон синглиси Насиба билан, Нилуфар Усмонова, Манзура, Зиёда, Шохруххон, “Беном” гуруҳидан Сарвар, Комил, “Сетора” гуруҳи, Динейра, Амира Алибекова, Якзон, клипмейкер Наримон Султонхўжаев рафиқаси билан ва бошқалар...
Шунингдек, концертнинг тўртинчи кунида, концертга Лоланинг фарзандлари ҳам келишди. Лоланинг онаси ва синглиси Асал эса, 4 кун давомида ёнида қўллаб-қувватлаб туришди.
Лолага мухлислари, томошабинлар томонидан гуллар, юмшоқ ўйинчоқлар, совғалар тақдим қилинди.
4 кун давомидаги концертнинг ҳар кунида, томошабинлар кўтаринки кайфиятда бўлдилар. Концерт уларга жуда ҳам манзур бўлганлигини астойдил билдиришди.
4 кунлик концерт ўз ниҳоясига етгач, саҳна ортида Лолани ҳамкасблари, осмонга отиб табриклашди!
Лоланинг “Кел” деб номланган концерт дастурида иштирок этган, мазкур концерт учун меҳнати сингган инсонлар:
Лоланинг администратори, ҳамда концерт администратори Лола Игамбердиева,
концерт режиссёри Андрей Африн, Либосчи-рассом Ҳилола Шер, Дизайнер-модельер Зулфия Султон, Рассом-дизайнер Баҳодир Тонготаров, Чироқ устаси Ботир, Хореограф Низам Каримов, Миллий рақслар бўйича хореограф Нариман, Тарона студияси директори Даврон Муқимов, ҳамда раққослар гуруҳи.
Лоланинг концерт ҳақидаги фикрлари, ҳамда фотоларда акс этмаган концерт фишкалари билан эса, тез кунларда FATTOHHON.COM сайт ива X FRAME MEDIA PRODUCTION студияси ҳамкорликдаги “ИЖОДИЙ ЖАРАЁН” кўрсатувининг Лолага бағишланган сонида батафсил кўришингиз мумкин бўлади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Икрамутдиновга миннатдорчилик билдирамиз