FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 апрелдаги ПҚ- 1091 сонли қарори ҳамда, “Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” 2015 йил 17 июлдаги ПҚ-2371-сон қарорида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш, Ватанни шарафлайдиган, қадр-қиммат, ғурур ва ифтихор каби фазилатлар ифодаланган энг яхши қўшиқлар ва уларнинг ижрочиларини, юқори бадиий мезонлар ва холислик билан танлаб олиш ва бу асарларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш мақсадида, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови ўтказилмоқда. Куни кеча мазкур кўрик-танловнинг “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тизими Республика босқичи бўлиб ўтди!
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним-Ўзбекистоним!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган мазкур танловда, юртимиз истиқлолини тараннум этадиган этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари сараланади.
Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлинмаларидан жами 300 дан ортиқ иштирокчилар қатнашиб, улардан Республика босқичида 30 нафар ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор ва профессионал ижрочилар ичидан ғолиблар аниқланди.
Ижрочилар, Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланиб борилди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари:
Ўзбекистон санъат арбоби Темур Маҳмудов, Ўзбекистон санъат арбоби, режиссёр Носир Отабоев, Ўзбекистон санъат арбоби, бастакор Ҳабибулла Раҳимов, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунос Гулчеҳра Умарова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, бастакор Шуҳрат Зокиров, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош мутахассиси Даврон Шералиев.
Кўрик-танловда қуйидаги ижрочилар ғолибликни қўлга киритишди.
Профессионал хонандалар ўртасида:
1-ўрин: Муслима Алиева (Тошкент вилояти)
2-ўрин: Нафиса Фармонова (Тошкент шаҳар), Эркин Исмоилов (Бухоро шаҳри)
3-ўрин: Акбар Атамуҳамедов (Тошкент шаҳри), Ҳасанжон Муродов (Андижон вилояти), Мафтуна Аҳророва (Наманган вилояти)
Ҳаваскор хонандалар ўртасида:
1-ўрин: Фарангиз Шамсиева (Самарқанд вилояти)
2-ўрин: Мухлис Бердиев (Тошкент шаҳри), Моҳим Абдуҳакимова (Тошкент шаҳри)
3-ўрин: Шохрух Хўжаниёзов (Хоразм вилояти), Кимёхон Қосимхонова (Тошкент вилояти), Татьяна Лихачева (Тошкент шаҳри), Саодат Ташбекова (Фарғона вилояти)
Кўрик-танлов ғолиблари махсус диплом ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Шунингдек, бир гуруҳ ижрочилар рағбатлантирувчи дипломлар билан тақдирландилар.
Феруза Фаттохова