FATTOHHON.COM

« Все новости

ШОХРУХХОН: НОМАЪЛУМ МУДДАТГА ШАРТНОМА ТУЗИЛГАН... 10.08.2015 00:23

Шохруххон ўзига хос серқирра ижодкор, кўпчилик уни ўта камгап дейишади. Аммо, ҳар бир ижодкорнинг ўз олами бўлганидек, Шохруххон ҳам ўз дунёқараши, ўз фикрларига эга.

7T7A6087

- Ҳозирги кунда нималар билан бандсиз?

- Бир неча янги қўшиқларимга клиплар суратга олдиряпмиз. Қолаверса, янги қўшиқлар устида ҳам ишлаяпмиз. Янги альбомимизнинг давоми сифатида, яъни йил охиригача яна бир янги мусиқий альбом чиқариш ҳаракатидамиз. Ўзи битта альбом, лекин биз уни икки бўлиб, ярим-ярим қилиб чиқарамиз. Шунда тингловчиларга янги қўшиқларни қабул қилиш осонроқ кечади, деб ўйлайман.

 

- Ўзингизнинг назарингизда, бу йил ҳисобидан, қайси қўшиғингиз “Ярим бахт” каби хитларингиздан ўтиб кета олди?

- Ҳамма қўшиқнинг ўз ўрни бор, барибир. У бундан ўтди, дея олмайман. Ҳамма жойда ҳар хил сўрашади! Лекин, энг кўп “Зўрсан” қўшиғимни сўрашади.

 

- Гастролларга чиққанингизда “райдер”ингиз борми? Ёки, ҳеч қандай талаб қўймай, “бориб, ўша ерда элга  хизмат қилсам бўлди” деган фикрдамисиз?

- “Райдер”ни кўпроқ продюсер ва администраторим Иззатилла Намазович ҳал қилади. У менга нима ёқиш, ёқмаслигини билади. Менга ҳаммаси яхши ўтса бўлди. Борганимизда, хизматни бажарсак, одамлар хурсанд бўлса, ўшандан хурсанд бўлиб қайтамиз.

Суҳбатга Иззатилла Намазович ҳам қўшилади: - Бу одамлар билан муносабат, уларда ҳам қандайдир вазият юзага келадиган бўлса, шароитдан келиб чиққан ҳолда, ҳал қилинади. Бир гап бор, пул билан бўладиган муаммо, ҳеч қачон муаммо эмас.

 7T7A6135

- Аввалги интервьюларда фильм суратга олиш ниятингиз ҳақида айтгандингиз. Аммо, жимлик?

- Жимлик эмас! Биз секин, шошмай қиляпмиз. Cценарий устида ишлаяпмиз.

 

- Онангиз режиссёр Зебо Наврўзованинг фильмларида ҳам суратга тушмай қўйдингиз?

- Мен ўзи умуман фильмларда суратга тушмай қўйдим. Мени кўнглим, кўпроқ қўшиқ айтишда!

 7T7A6327

- Бу билан актёрлик каръерасини йиғиштирдингизми?

- Йўқ! Агар яхши роль бўлса, агар муваффақиятли чиқишига кўзим етса, роль ижро этаман.

 

- Актриса Асал Шодиева билан муносабатларингиз ҳақида матбуотда кўп ёритилди. Муносабатингиз? Пиар ёки ҳақиқат?

- Бу нарсага нуқта қўйиб қўя қолишсин, ҳадеб сўрайверишмасин! Бу гапга нуқта қўйинглар! Бўлди! Бу гап шу нарса қизиқтираётган ҳамма одамларга тегишли! Нуқта!

 

- Одатда ўзбек оиласида келинни она танлайди. Сиз ҳам онангиз танлаган қиз билан оила қурган бўлармидингиз?

- (Иккиланмасдан) Албатта! Чиндан ҳам барибир онамлар танлайдилар, яъни ўзимиз топсак ҳам, уйга олиб бориб, уларга кўрсатиб, таништирамиз-ку! Албатта, уйдагиларнинг ҳам розилиги олинади, ҳамманинг фикрини, розилигини оламиз.

 7T7A6306

- Унда Онангиз ўзлари қандай келинни орзу қиладилар? Ҳеч сўраб кўрганмисиз? Одатда она ва ўғил бу борада сирлашишади...

- Онамлар, “биринчи навбатда меҳрибон қиз бўлсин, сени юракдан яхши кўрсин, умрингни охиригача сен билан бирга бўладиган инсон бўлсин”, дейдилар.

Иззатилла Намазович: - Зебо опамнинг бир гаплари бор, “ҳамма келин қизим бўлсин, деймизу лекин қизим бўладиган келин бўлмайди! Ҳақиқатда она, деб ҳурмат қиладиган, қиз бўладиган бўлса, бошқа ҳеч нарса керак эмас”, дейдилар!

 

- Келиннинг моддий ҳолати, улар учун қанчалик муҳим? Олий маълумотли ёки ўрта маълумотли? Касби ва шароити?

- Инсоний хислати, бу энг муҳими! Агар онам айтганларидек инсоний хислатга эга қиз бўлса, бошқаси муҳим эмас!

 

- Сизнингча, севги-муҳаббат асосида оила қурган яхшими, ёки совчи орқали?

- Барибир яхши кўриб, севиб уйланган яхши!

 

- Қўшиқларингиз ичида онангизга энг ёқадигани ва ёқмайдигани?

- “Сен кетма”, “Муҳаббатнома”қўшиқларим ёқса керак! Деярли, ҳамма қўшиқларим ёқади, ёқмайдиган йўқ, менимча.

 7T7A3679__новый_размер

- Концертингизда онангиз учун, саҳнада тиз чўкдингиз. 2-3 концертдан буён шундай қиляпсиз. Бу ўзига хос одатми, ёки ич-ичингиздан келиб чиқиб шундай қиляпсизми?

- Бу мени болаликдаги ниятим эди! Онамни хурсанд қилишни ва мен билан фахрланишларини ҳоҳлардим! Чунки, мактабда мени деб, жуда кўп гап эшитганлар! Ўшанда, вақти келиб, бир куни ҳаммасини тўғрилайман, деб астойдил ният қилгандим.

 

- Бундан кейинги концертларингизда ҳам, бу одатни давом эттиришингиз мумкинми?

- Албатта! Бу таъзим, тиз чўкишим, дунёдаги ҳамма оналарга бағишланади! Оналарга қанча яхшилик қилсангиз ҳам, улар учун қанча тиз чўксангиз ҳам, кам барибир, деб ўйлайман. Чунки, энг яқин инсонимиз, бу онамиз! Ҳеч ким онадан яқин бўла олмайди! Она сиз учун қанча қийналган, қанча нарсадан воз кечган! Буни она сизга айтмайди ҳам, сиз ҳам била олмайсиз. Онангиз ичида қийналиб турган бўлса ҳам, сизга кулиб қараб туради.

 

- Онангиз билан тортишиб қолган вазиятлар бўладими ва сиз уларнинг гапига қанчалик тез кўнасиз?

- Одатда, иложи борича онам билан тортишмасликка ҳаракат қиламан! Айниқса, ёш катта бўлган сари умуман!  

 7T7A6288

- Сиз уларнинг фильмларида суратга тушгансиз. Актёр ва режиссёрнинг эса, тортишиши табиий ҳолат! Она-бола эканингиз суратга олиш майдонида қанчалик ёрдам берган ёки халақит берган?

- Суратга олиш майдонида, онам билан актёр билан гаплашгандек гаплашадилар! Ўғил Шохруххон суратга олиш майдонининг ташқарисида қолади! Лекин, мен онамни, режиссёр бўлсалар ҳам, онам эканликларини ёддан чиқармайман! Мен буни эсдан чиқара олмайман ҳам!

 

- Унда вазиятни олиб қарасак. Онага фарзандининг ҳар бир қилган иши ёқади. Ўзингиз ҳам, ҳозиргина “онамга ҳамма қўшиқларим ёқади”, дедингиз. Унда, суратга олиш майдонида, улар режиссёр сифатида, сиз роль ўйнаганингизда камчиликларингизни қандай кўрадилар? Онангизни фильмларида роль ижро қилмай қўйганингизга сабаб шу эмасми?

- Уларни ўз фикри бор! Менимча, режиссёр сифатида кўра олсалар керак. Уларнинг фильмларида суратга тушмай қўйганимга бу, сабаб эмас!

 

- Бошқа тарафдан олсак, режиссёрнинг ҳамма иши ҳам, актёрга 100 фоиз ёқавермайди. Суратга олиш майдонида бирор нарса, ёки ролда бирор ҳолат маъқул бўлмаса, ўз қарашларингиз бўлса, ёки норозиликми, буни онангизга қандай билдирасиз?

- Тушунтиришга ҳаракат қиламан! Мана бундай қилсак, қандай бўларкин, деб маслаҳатлашаман! Тушунадилар! Баъзида фикримни қабул қиладилар, баъзида рози бўлмайдилар. Ҳаммаси вазиятга боғлиқ.

 7T7A6287

- Сизнинг маслаҳатингизни қабул қилиб, муваффақиятга эришилган ҳолатни эслай оласизми?

- Бошида энди фильм суратга олишни бошлаган вақтларида, бир неча мавзуларни фильм суратга олиш учун тавсия қилганман. Муваффақиятли чиққан. Масалан, “Бўрилар” фильми. Ҳаммамиз бирга ўтириб, маслаҳатлашганмиз.

 

- Соғлигингизга қай даражада аҳамият берасиз?

- Ёшликда билинмайди, ёш катта бўлгач, соғлигингизга яхшироқ эътибор бера бошлайсиз. Шунинг учун ҳам, соғликка ёшликдан кўпроқ аҳамият бериб борилса, ҳаммаси жойида бўлади.

 

- Спортнинг бирор тури билан шуғулланасизми?

- Сузиш билан шуғулланаман. Укам Муҳаммадали эса футболга боради. Ўзим Таэквандога қизиқаману, лекин бормайман, вақт етишмайди. Укамни 5 ёшидан футболга ўзим олиб борганман! Уни ўйинларида қўллаб-қувватлайман.

 7T7A6102

- Укангиз қайси жамоага мухлислик қилади? Сиз ҳам ўша жамоага мухлислик қиласизми?

- Биз ҳаммамиз Реал-Мадридга мухлислик қиламиз. Бундан ташқари, албатта Ўзбекистоннинг “Пахтакор” ва “Бунёдкор” жамоалари мухлисимиз.

 

- Укангиз Муҳаммадали ҳам актёрлик, ҳам хонандаликда фаолият олиб бормоқда. Вақт ўтиб, укангизни ўзингизга рақобатчи бўлишига муносабатингиз?

- (самимий кулиб) Агар рақобатчи бўлса, бўлсин агар ўзи рақобатчи бўлгиси келса! Лекин, ҳаммани ўз ўрни бор! Бизни эшитадиган одам бошқа, уни тинглайдиганлар бошқа! Ҳаммани ўз мухлислари бор! Шунинг учун ҳам, бу мени хавотирга солмайди, у ахир мени укам!

 

- У сиздан ижод борасида маслаҳат сўрайдими?

- Маслаҳат сўрайди, мен ҳам ўз фикримни айтаман. Хулоса қилиб, нима қилиш кераклигини ўзи билади. Чунки, барибир ўша қилаётган ижод маҳсули ўзининг юрагидан келиб чиқмаса, бошқа инсоннинг гапи, маслаҳати билан ҳеч нарса бўлмайди. Сабаби, у бошқа инсоннинг фикри бўлиб қолади, ўзиники бўлмайди. Шунинг учун ҳам, кўпроқ ўзига қўйиб берган яхши.

 7T7A6281

- Охирги вақтларда “мушук” образига кўп мурожаат қилдингиз?

- (кулиб) У “мушук” клипдан сўнг, бизнинг гуруҳимизга кирди-ку! Ҳамма концертларимизда иштирок этади! Янги клипларимизда ҳам суратга тушяпти! Бундан бу ёғига ҳам ундан фойдаланамиз. 

 

- Илгари “Қўғирчоқ” эди!

- Ҳа, илгари “қўғирчоқ” эди, энди “мушук”! Кейин эса, яна нимадир пайдо бўлади!

 

- Қанча вақт “мушук” сизлар билан бўлиши мумкин? Қанча муддатга “шартнома” туздингиз?

- (кулади) Билмадим! Балки охиригача! Балки, чарчаса ўзи кетиб қолар? Номаълум муддатга шартнома тузилган! (кулади)

 7T7A6275

- Қачондир тўлиқ жонли ижрода концерт беришингиз мумкинми?

- Албатта! Фақат бунинг учун вақт керак!

 

- Аввалги интервьюлардан бирида, бир неча қўшиқларни танлаб, жонли ижрода куйлаб, видеода тақдим этишингизни айтгандингиз. Бу қанчалик амалга ошиши мумкин?

- Ҳозирда “ХОН” гуруҳи тузилди. 12 та ҳар хил йўналишдаги ёшлар танлаб олиниб, бошламоқчимиз. Ҳамма нарса бирданига бўлиб қолмайди-ку.

 

-Унга ўзингиз продюсер бўласизми? Ёки бирор студия биланми?

- Йўқ, ўзимиз студия қилиб, ўша ерда ижод қиламиз. Бу катта гуруҳ бўлади!

 7T7A6268

- Бу гуруҳда сиз ҳамма ижодкорларни жамламоқчи экансиз. Демак, бу гуруҳ фақат сиз учун ишлайди?

- Ўзларига ҳам фойда бўлади! Уларни ўзлари учун ишлашларига ҳам шароитлар яратиб берамиз! Биласизми, бизда маҳоратли, қобилиятли, иқтидорли ёшлар кўп! Лекин, мен уларни чиққанини, бирор ижод намунасини кўрмай қоламан. Шунинг учун ҳам, шу гуруҳни туздим.

 

- Агар улар ичидан яккахон хонанда чиқса, сиз уни қўллаб-қувватлаган бўлармидингиз?

- Албатта!

 

- Ростданми? Ахир сиз бу билан ўзингизга ўзингиз тайёр рақобатчи, ўринбосар яратасиз-ку! Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан у сиздан кўра тезроқ шаклланиши мумкин!

- Боя айтдим-ку, мен ўзимга рақобатчи ярата олмайман, негаки ҳаммани ўз яхши кўрган хонандаси, ўз мухлиси бор! Кимгадир ёққан қўшиқ, кимгадир мутлақо ёқмайди!

 7T7A6249

- Бошқа тарафлама олсак, агар у хонанда муваффақиятга эришса, хонанда сифатида шакллангач, сиз ҳам продюсер сифатида ундан фойда кўрасизми? Ёки, у сизда ишлаш баробарида, бемалол ўзи учун ижод қилаверади, қўшиқ айтаверади ва сизга алоқаси бўлмайдими? Чунки, одатда продюсерлик марказлари бирор хонандага маблағ сарфлаб, уни ижод тарафлама ривожлантиргач, ундан фойда ола бошлашади.

- Бунинг учун аввал ўша йиғилган ижодкорлар шаклланиб, улардан нимадир чиқиши керак! Кейин, икки тарафнинг розилиги билан келишилади.

 

- Лекин, баъзилар ижод борасида ўзидан олдинга ўтиб кетган одамни ёқтиришмайди! Бунга қандай қарайсиз? Ўзингиз шакллантирган ёш хонанда, ижодда сиздан олдинга ўтиб кетса?

- Ўтса, ўтиб кетаверсин! (бефарқлик билан) Менга фарқи йўқ! Мен баъзиларга ўхшаб, “мана бу ўтиб кетибди, мана бу бундай қилибди, мен ҳам шундай қилишим керак”деб ўтирмайман! (самимийлик билан) Яхши клип олса, “зўр клип олибди!”, зўр қўшиқ айтса, “зўр чиқибди!” дейман! “Мана бундан ўтиб кетишим керак!” деган мақсадим йўқ! Мен ўз қўшиқларимни куйласам ва улар кимгадир ёқса, кўнглидан жой олса бўлди! Уришиб, талашиб, рақобатчи бўлиб юриш, менга хос эмас!

 

- Унда тўйларда ҳам навбат талашиш, бенавбат киришга уриниш каби, одатлар ҳам сизга хос эмас, тўғрими? Ҳеч ким билан зиддиятга бормайсиз...

- Йўқ, тўйга ҳам биз ўзимизнинг белгиланган вақтимизга борамиз.

 7T7A6223

- Агар вақтни орқага қайтаришнинг имкони бўлса, қайси қилган хатойингизни қилмаган бўлардингиз?

- Бекор ўтказган вақтларим кўп бўлган! 20 ёшлик вақтларимга қайтардим ва ўша вақтларни кўпроқ иш билан тўлдирардим!

 

- Музқаймоқ еганингизга ҳам гувоҳ бўлдик. Овозингизни асрашга ҳаракат қилмайсизми?

- (кулади) Албатта, овозимни асрашга ҳаракат қиламан, лекин музқаймоқ ҳам ёқади-да!

 

- Унда овозингиз бўғилиб қолган вазият ҳам бўлганми?

- Албатта! Бўлган! Бундай вазият ҳаммада бўлади-ку. Бундай пайтда шифокорга бораман!

 7T7A6134

- Ҳозирги кунда имиджингиз устида ким ишлаяпти? Илгари ўзим, дегандингиз.

- Ҳозир ҳам ўзим. Қаергадир бориб, маслаҳатлашиб имидж танлашга вақт йўқ. Каталогларга қарайман, ўзимга ёққан кийимни кийиб кетавераман.

 

- Ижодда бир хиллик юзага келиб қолмаслиги учун нима қиласиз?

- Бироз кутаман!

 

- Лекин, вақт кутиб турмайди, дейишади!

- Тез-тез нимадирлар қилаверсангиз, сифатли чиқмаслиги мумкин. Шунинг учун, озгина кутиб, бироз сабр қилиш керак. Кутиб, битта яхши нарса қилган яхшироқ, деб ўйлайман.

 7T7A6135

- Атрофингиздаги дўстларингиз сизга камчиликларингизни очиқ айтишадими? Уларни камчилигингизни айтишганини кўтара оласизми? Ёки эътибор бермай, қўл силтаб кетаверасизми?

- Агар тўғри гапиришса, аҳамият бераман, нотўғри бўлса, эътибор қилмайман, ёки ўзини уришиб бераман. Лекин, кўпинча, кеч қолишимни гапиришади.

 

- Кўп кеч қоласизми?

- Кеч қолгим келмайди! (кулади) Лекин, кеч қолавераман! Ёшликдан ўзи мактабга кеч қолиб борардим, чунки мактаб узоқ эди! Боргунимча, 10-15 минут кеч қолардим. Маъмура опа, деган ўқитувчимиз бўларди. “Бу кеч қолишингда, умрингни охиригача кеч қолиб юрасан! Агар ҳозир ўзингни тўғриламасанг, кейин тўғрилай олмайсан!” дегандилар. У пайт, бу гаплар бошқача эшитилган. Ҳозир эса, ҳар доим шу сўзларни эслайман. Тўғри гапирган эканлар, шунинг учун ҳам, укаларга маслаҳатим, “кеч қолманглар!”. Вақтга риоя қилишни ҳозирдан бошласангиз, кейин ўзингизга яхши бўлади!

 

- Овоз ёзиш жараёнида сизга қандай ҳолатлар ёқмайди?

- Кимдир кириб ўтириб олса! Хаёлини чалғитади. Ўзи қўшиқ ёзаётганда ҳеч ким кириб ўтириб олиши керак эмас! Иложи бўлса, ўзим ёзсам бўлди! Ёзадиган одам ҳам керакмас.

 7T7A6278

- Унда қўшиқни ўзингиз ёза оласизми?

- Ҳа! Қўшиқ ёзишни биламан. Аранжеровка қилишни ҳам биламан, энди ўзимга яраша, албатта. Ўзим учун биламан.

 

- Аранжеровкани билишингиз янгилик бўлди!

- Ўзи аранжеровкани билишимни биринчи марта айтяпман! Жасур Бадалбоевдан ўрганиб олганман. Аммо, ҳеч қайси оммага куйлаган қўшиғимни ўзим аранжеровка қилмаганман! Ўзим аранжеровка қилган қўшиқларимни беркитиб қўйганман! Улар ҳеч кимга кўрсатилмайди! Чиқарганга яраша устида мукаммал ишлаб, яхши қилиб чиқариш керак!

 

- Демак, ўз ишингиздан қониқмайсиз?

- Йўқ!

 7T7A6276

- Демак, ўзингиз учун аранжеровка қиласиз. Кейин эса, у қўшиқларни студияга олиб бориб, бошқатдан аранжеровка қилдирасиз? Яъни, қўшиқнинг хомаки нусхасини уйда, ўзингиз учун тайёрлаб оласиз?

- Ҳа!

 

- Қайси қўшиқларингиз шундай “аранжеровка”дан ўтган?

- “Зўрсан”, “Муҳаббатнома”, яна бир неча қўшиқлар, ҳозир эслай олмаяпман.

 

- Уларнинг хит бўлганини ҳисобга олсак, демак, аранжеровкада иқтидорингиз бор экан. Чунки, “хомаки” вариантини ўзингиз тайёрлагансиз. Нима учун, аранжеровкасини тўлиқ ўзингиз қилишга уриниб кўрмайсиз?

- Охиригача аранжеровка қилиши қўлимдан келмайди-да. Мен қонун-қоидасини яхши билмайман. Вақтида яхшилаб ўқий олмаганман, лекин келажакда ривожлантириш ниятим бор, вазиятга қараб, ҳоҳиш бўлиб қолса!

 

- Хонандалик ва овоз, абадий эмас, дейишади. Маълум бир вақтга етгандан кейин овозда ўзгариш бўлиши мумкин. Мабодо шундай ҳолат юз берса, нима билан шуғулланишингиз мумкин?

-Масалан, бошқаларга қўшиқ ёзиб беришим мумкин! Бастакорлик қилишим мумкин. Чунки, мусиқа басталай оламан, қўшиқларимда деярли 99 фоизини ўзим қиламан. Қўшиқларимнинг ҳаммасига ўзим мусиқа танлайман.

 7T7A6261

- Унда қўшиқларингизнинг оммалашишида муваффақият сири, шунда экан-да?

- Ижодкорнинг ўзи ижод қилиши керак! Мен ҳам ўзим қиламан. Боя айтдим-ку, укамни ҳам ўзига қўйиб бераман, деб! Шунда ўзингиз ҳис қилаётган нарсани чиқариб бера оласиз!

 

- Мухлисларингизни сизга смс ёзиб, ёки телефон қилиб безовта қилишларига қандай қарайсиз?

- Агар нормал ёзишса, ёки телефон қилишса, мен ҳам нормал муносабатда жавоб қайтараман.

 

- Шогирд сифатида, устозларингизнинг қайси ўгитларини ёддан чиқармайсиз?

- Устозларнинг гапларини кўп ишлатамиз, шунинг учун ҳам устоз деб биламиз. Тоҳир Содиқов, Рашид Холиқов ва Озодбек Назарбековдан биттадан эшитган гапларим бор, ўша гапларни ҳаётда ишлатаман. Қайси гаплигини айтмайман, буниси сир! Уларнинг гапларини ўз ижодимда ишлатаман.

 7T7A6239

- Ўз ҳаётингиздан олинган қўшиғингиз борми?

- Деярли ҳамма қўшиқларим ўз ҳаётимдан олиняпти, айниқса охирги вақтда куйлаганларим.

 

- Қайси қўшиғингизни куйлаганда, кўзингизга ёш келади?

- “Сен кетма”, “Мен сени севаман”!

 7T7A6225

- Ижодкор инсонларни севгида беқарор бўлади, дейишади. Яъни, “бугун биттасини севади, эртага бошқасини”! Шундан илҳомланади, ҳам дейишади. Яъни, муқиммас! Бу нарса фақат шахсга эмас, предметга ҳам нисбатан бўлиши мумкин, яъни бугун битта нарсани яхши кўрса, эртага бошқа нарсани яхши кўриши мумкин. Шу фикрга муносабатингиз?

- Ижодкор авваламбор, гўзалликни яхши кўради! Масалан, мен ҳам гўзалликни яхши кўраман. Ижодкор учун ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

- Асосан, илҳом олишингиз, янги қўшиқ ёзишингиз учун нима таъсирлантиради? Чунки, қўшиқ яратишда ҳаммасини ўзим қиламан, деяпсиз?

-  Одатда, ҳаётда бўлаётган ҳар хил воқеалардан таъсирланаман. Ўшанда кўпинча янги қўшиқ ёзаман.

 

- Қандай инсонлар билан суҳбатлашиш ўзингиз учун қизиқарли?

- Қувноқ инсонлар билан!

 7T7A6254

-Ўзингиз ҳаётда жиддий бўлганингиз учунми?

- Унчалик жиддий ҳам эмасман, аслида! Мени кайфиятим яхши холос, кўпчилик тушунмайди, мени жуда жиддий деб, ўйлашади.

 

- Бу бошқалар билан муносабатда тез киришиб кета олмаслигингизданми, ёки ўзингизни жиддий кўрсатиш учун ҳаракат қиласизми?

- Йўқ, менга кўпроқ нотанишлар гапирганда, уларга шундай туюлса керак.

 

- Баъзилар сизни ҳаттоки, атайлаб танишлар билан сўрашмай ўтиб кетади, ҳам дейишади.

- Йўқ, мен ҳар доим биринчи бўлиб сўрашаман! Вазият бўлиб, кўрмай қолган бўлишим мумкин, хаёл билан ўтиб кетиб қолган бўлишим мумкин. Ахир ижодкор доим хаёл билан юради.

 

- Асосан, қайси мавзуларда суҳбатлашиш сиз учун қулай?

- Мавзулар кўп. Суҳбатдошингиз, айнан сизнинг кўнглингиздаги мавзуни, гапни топиб олса, мавзу мавзуга уланиб кетаверади. Суҳбатдошга боғлиқ, сизни ўйлантирадиган мавзуни топа олса, суҳбат ҳам қизиб кетади.

 7T7A6236

- Ижодкорнинг ўз олами бўлади, дейишади.

- Албатта! Ҳар бир ижодкорнинг ўз олами бор! Ҳар бир инсонда шундай. Масалан, сизни ҳам ўз оламингиз бор. Масалан, севишганларнинг ўз романтик олами бор.

 

- Ҳеч руҳшунос (психолог)га мурожаат қилганмисиз?

- Мактабда ўқиётганимда, психлоглар келишганди. Аммо, мурожаат қилмаганман, ўзлари биз билан суҳбатлашишган холос. Ўзи руҳшунос (психолог)га боргим келган. Миямда бир-икки муаммоларни ҳал қила олмаётганимда “бориб кўрсаммикан?” деганман. Лекин, бормаганман ва ҳаммаси ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетган. Яхши нарсаларни ўйлаб, хурсанд бўладиган нарсаларни ўйлаб, хурсандчиликка кўпроқ эътибор қаратадиган бўлдим ва ҳаммаси ўтиб кетди! Муҳими, яхши нарсаларни ўйлаш керак! Эрталаб яхши ният қилиб, яхши кайфиятда “Бугун ҳаммаси зўр бўлади! Куним зўр ўтади!” деб, чиқиб кетсангиз, чиндан ҳам ҳаммаси яхши бўлади!

 

- Бугунги кундаги муваффақиятингизга характерингиздаги айнан қайси жиҳат ёрдам берди, деб ўйлайсиз?

- Менимча, шу боримча ҳаракат қилганим! Мени шундай қабул қилишди! Мен ҳам, фақат янада яхшиланишга ҳаракат қилдим.

 7T7A6161

- 2000 йил “Болалар шоу”да илк бор катта саҳнага чиққансиз. Шу ўтган вақт ва шоубизнес сизни ўзгартира олдими?

- 2000 йил чиққан бўлсам ҳам, ундан сўнг бир қаттиқ ижод бўлмаган! 5 йил фақат изланишда ўтиб кетган. Чинакам ижод қилганимга 10 йил бўлди, деса бўлади! 20 ёшга тўлганимда, кўчада қўшиқларимни қўйиб, тинглашаётган эди. Қўшиқ куйлай бошлагач, вақтим автоматик тарзда камайди! Бекорчи ишлар ва бекорга вақт ўтказишлар йўқ бўлди! Ўзи санъатга кирган инсон, яхшиликни ўрганишни бошлайди. Санъат ўзи сизни эзгуликка ўргатиб қўяди. Санъаткордан яхши инсон чиқади, менимча, ёмон бўлиши қийин. Қарасангиз, ўзи ҳеч қайси санъаткор ёмонлик тиламайди, фақат яхшилик тилайди! Улар билан гаплашиб, фақат яхши нарса олиш мумкин.

 

- Камтарлик ва кибр! Қай бири сизга бегона?

- Менимча, ҳамма кибрдан узоқроқ юришга ҳаракат қилади. Ҳар қандай инсон, ўзимдан кетиб қолмай, деб ўзини “ушлайди”.  Ҳамма ҳар хил. Лекин, кибрга берилмаслик керак, аммо одамзот баъзида ўзи билмай кибрга берилиб қолиши мумкин, шундан асрасин! Ўзи билмай қолиши мумкин!

 

- Олдинги интервьюда устоз санъаткор Ботир Зокиров репертуарига мурожаат қилмоқчиман, дегандингиз. Шу режага тўхталсангиз.

- Шу йилги концертда куйламоқчи эдим. Аммо, сал эртароқ, деб ўйладим. Ўша қўшиқни студияда куйладим, ҳам. Лекин, янада яхшироқ бўлиши учун, сал кутишга қарор қилдим. “Умид” қўшиғи эди. Қаеринидир тўғрилаш керак, нимадир етишмаётгандек туюлди, аммо нима эканлигини ўзим топа олмадим! Тўғриси, яна қайта-қайта изланиб, қаерини тўғрилашни топиб, насиб қилса, кейинги йилги концертимда албатта куйлайман! Энди билмадим, агар бу муддат ичида топа олмасам, кутавераман!

 7T7A6140

- Демак, битта қўшиқ устида йиллаб ишлаш сизни зериктирмайди ва уни мукаммал бўлишини истайсиз. Аммо, сиздан олдин ўша қўшиқни кимдир куйлаб юборса-чи?

- Бу қўшиқни мендан олдин ҳам куйлашган ва ҳамманни ўз талқини бор! Мен бошқача қилиб куйлайман! “Комила қиз” қўшиғини ҳам ўз талқинимда куйладим. Кимгадир ёқди, масалан, ўзимга ёқди. Ўзимга ёққан нарсани бошқаларга ҳам раво кўра оламан. Ўзимга ёқмаган нарсани “э, ёзим қўйдим-ку, маблағ кетгану” деб чиқариб юбора олмайман!

 

- Муҳриддин Холиқов репертуаридан “Комила қиз” қўшиғини қайта куйлашингизга нима сабаб бўлганди?

- Бу қўшиқни ёшликдан эшитганмиз, қулоққа ўрнашиб қолган. Шунинг учун ҳам, қайта куйлагим келди.

 

- Сизга тақлид қилганларга нисбатан муносабатингиз? Сизнинг қўшиғингизни куйлаганларга-чи?

- Агар менга тақлид қилишса, муносабатим яхши. Қўшиғимни куйлашларига келсак, рухсат сўраган билан нима бўлади? Барибиру қўшиқни мен айтганман. Кимдирмени қўшиғимни айтяпти. Мен аксинча, хурсанд бўламан! Агар қўшиғим ёққан бўлса! Масалан, Қозоғистонлик хонандалар бир-икки қўшиқларимни айтишган. Динейра билан куйлаган дуэтимизни, “Нима қилиш керак?” қўшиғимизни куйлашган, Озарбайжонликлар ҳам бир қўшиғимни куйлашган. Бу ахир яхши-ку!

 7T7A6101

- Иккинчи укангизни сиздан олдин оила қурганига муносабатингиз қандай бўлди?

- Бизга ўхшаб, ўйланиб, танлаб юрмади. Шартта уйланиб қўя қолди! Чунки, ўз севгилисини топди, маъқул бўлиб, турмуш қуришди! Демак, вақти келган экан. Ҳозирги кунда бахтли оилалардан бири бўлиб, яшашяпти! Яқинда Худо ҳоҳласа жиянли бўламиз!

 

- Одатда катта ўғилдан аввал кичиги уйланмасди. Сизнинг оилангиздагилар бунга қандай қарашди?

- Оиламиздагилар буни тўғри тушунишди!

 

- Инстаграм тармоғидаги профилингизни кузатганда, қандайдир ўзига хос фотолар қўясиз. Бу атайлаб, омма эътиборини тортишми? Ёки ўз характерингиздан келиб чиқиб, ички оламингизни кўрсатишми?

- Ҳар хил! Ҳолатга қараб, кайфиятга қараб!

 

- Бунга атайлаб вақт ажратасизми? Чунки, ўйланган фото эканлиги сезилиб туради.

- Интервьюга келаётганда ҳам, сув бўйларида йўл-йўлакай фотоларга тушдик! Орада бироз вақт бўлганда, илҳом келганда суратга тушиб кетаверамиз. Чиройли, ўзгача жойларда суратга тушиб олишга ҳаракат қиламан.

7T7A6223 

- Қайси одатингиздан ҳеч воз кеча олмайсиз?

- Кеч қолишни йиғиштириш керак! (кулади)

 

- Онангизни сизга кўп танбеҳ беришларига сабаб?

- Охирги вақтда кўп танбеҳ эмас, кўп гапиряптилар. Яъни, “тезроқ уйлан!” деяптилар!

 

- Бунга Онангизнинг ўзлари қанчалик “ҳаракатдалар”?

- Улар буни мени ўзимга қўйиб берганлар! Мен эса, насиб қилганини кутяпман! Барибир кимдир пешонамга ёзилган ва кимгадир уйланаман-ку, барибир! Насиб қилган куни уйланаман!

 7T7A6159

- Шундай инсонни учратдингизми?

- Кўп инсонлар билан учрашаман, аммо қайси бири ўшалигини билмайман! Яхши қизлар жуда кўп, аммо уларга мен тўғри келишим керак! Чунки, мени характерим ҳам, ишим ҳам оғир! Мени шундай қабул қилиша олиши керак! Кўпроқ гап менда! Мени тушуниш керак! Атрофда гап-сўз ва ғийбатлар тўлиб ётибди, бу эса яқинлар билан муносабатларни ҳам бузиб қўймоқда. Шунинг учун, одамлардан илтимосим, ғийбатни йиғиштиришса! Ғийбатни нима кераги бор?

 

- Шохруххон ошхонага кириб турадими?

- Овқат егани, албатта! Овқат пишира олишга келсак, студиядан тонгги 04.00-05.00 ларда келсам, уйда ҳамма ухлаб ётган бўлади! (кулади) Инсоф ҳам керак! Шунинг учун ўзим нимадир пиширишимга тўғри келади! Кўпинча, тухум пишираман. Ундан у ёғига ўтишга эса, вақт ҳам, ҳоҳиш ҳам, тоқат ҳам, тажриба ҳам йўқ!

 

- Мухлисларингиз камчиликларингизни юзингизга айтган вақтлар ҳам бўлганми? Қанчалик қабул қилгансиз? Амал қилганмисиз?

- Айтишган вақтлар кўп бўлган! Лекин, бирортасини эслолмайман. Аммо, агар тўғри бўлса, амал қиламан.

 7T7A6135

- Камчилигингизни очиқ айтган одамни, ўзингизга душман деб билишингиз, ранжишингиз, кўнглингиз қолиши мумкинми?

- Йўқ! Агар тўғри гапирса қаердан кўнгил қолади? Ахир ичингизда ўша камчилигингизни билиб турасиз-ку. Тўғри айтяпти, дейсиз.  Фақат агар кўнгли қоралик билан нотўғри гапираётган бўлса, энсам қотади!

 

- Хонанда ҳар хили концерт бериши шартми? Нима деб ўйлайсиз?

- Бу йиллик сарҳисоб! Ҳар йили концерт беришга ҳаракат қилиш керак! Барибир ҳаммаси шароитдан келиб чиқади.

 

- Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз идеали бўлади, дейишади. Сизда-чи?

- Идеал инсоннинг ўзи йўқ! Сиз ўзингизни қанчалик яхши томонга ўзгартира олсангиз, атрофингиздаги одамлар ҳам шунчалик яхшиланиб бораверади.

 7T7A6296

-  Ҳозирги кунда ҳаётда ва ижодда нимани ўзгартирган бўлардингиз? Ёки ҳамма нарсадан 100 фоиз кўнглингиз тўқми?

- Йўқ, ижодда ўзгартиришлар қиляпмиз. Масалан, қўлдан келганча, кўпроқ миллий эстрадага ҳаракат қиляпман! Борган сари миллийроқ қўшиқларим кўпайса керак, миллийликни уйғунлаштириб, қўшиқлар қилишга ҳаракат қиляпмиз.

 

- Бу йилги концерт дастурингиздан ўзингизни қанчалик кўнглингиз тўлди?

- Яхши, дейишим мумкин.

 

- Яхши, дегани, зўр дегани эмас! Одатда, яхши, бу “тўрт баҳо” дегани!

- Ҳа,тўғри “тўрт баҳо”! Чунки, ҳоҳлаган нарсаларим бўлмади, аммо кутилмаган нарсалар бўлди! Кутганимдан кўра зўр нарсалар ҳам бўлди! Масалан, мухлисларнинг қабул қилиши! Залнинг мухлисларга тўла эканлиги! Чунки, концертим қишда бўлди, қор ёғиб ётибди, барибир одам қўрқади! Концертга эса, узоқдан шунча томошабинлар келишди! Уларни кўриб, хурсанд бўлиб кетасиз! Ҳозирги кунда ким учундир озгина бўлса ҳам, маблағ орттириб, қаергадир боришга одам эринади, ахир. Улар эса, эътибор бериб, шунча йўл босиб, концертга келиб, охиригача кетмай концерт кўриб, ўйнаб, сизни қўллаб-қувватлаб тургандан кейин одам бу масъулиятни ҳам ҳис қилади! Шунча эътиборни кўриб, янада яхшироқ ижод қилишга ҳаракат қилади! Ишончни оқлаш керак!

 7T7A8579

- Концертда Шахзода билан куйлаган учинчи дуэтингиз, маҳзун дуэт бўлди! Шу қўшиққа ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Бу қўшиқни ўзим ёздим! Сал тушкунроқ вақтда ёзилган эди. Лекин, кўпларга маъқул бўлди. Биз Шахзода билан биринчи дуэтимиз яхши чиққач, келгусида яна бирга ишлаймиз, деб режалаштирганмиз. Биргаликда яна  “Яйра Ўзбекистон” қўшиғини ҳам куйладик. У ҳам яхши чиқди. Умуман, Шахзода билан куйлаган ҳамма қўшиқларимиз омадли чиқади!

 

- Янги концерт дастурингиздан қайси қўшиғингиз кўнглингиздагидек оммалашди?

- Ҳеч қайсиси, ҳали кўнглимдагидек оммалашмади! Чунки, ҳали уларга клип олишим керак! Клип суратга олингач, кўнглимдагидек натижа бўлади. Ҳамма ҳам, эшитмаган у қўшиқларни!

 

- Энг кўп такрорлайдиган сўзингиз?

- Ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси зўр бўлади!

 

- Унда жуда ҳам позитив инсон экансиз-да!

- Шунга ҳаракат қиламан!

 7T7A3112__новый_размер

- Унда тушкунликка тушган вақтингизда, қандай қилиб чиқиб кетасиз? Шундай вазиятлар ҳам бўладими?

- Бўлади, жуда кўп бўлади, ундай вазиятлар. Бундай вақтда сувларнинг бўйига бориб, қўшиқлар куйлаб, нималардир қилиб, чиқиб кетмасангиз, чиқиб кета олмайсиз! Қолиб кетиш ҳам мумкин. Шунинг учун ҳаракат қилиш керак! Ҳеч бўлмаса спорт залга бориш, нимадир билан шуғулланиш керак! Масалан, ҳеч бўлмаса, 2 та қўлингизни бир минут тепага кўтариб турсангиз ҳам, кайфиятингиз ўзгаради!

 

- Тез асабийлашасизми? Ёки оғир-босиқмисиз? Асабийлашганда қандай қилиб, ўзингизни қўлга оласиз?

- Тез асабийлашаман ва тез ўзимга кела оламан. Одатда асабийлашганда, жим ўтираман. Тўғри, “портлашлар” ҳам бўлади. Аммо, кўзни юмиб, бир-икки минут жим ўтирган яхши! Ўйлаб, чуқур нафас олиб, тинчгина ўтирган яхши! Жаҳл устида қарор қабул қилиш керак эмас!

 

- Шунча ўтган вақт мобайнида ижодга нима бера олдим, деб ўйлайсизу, ижод сизга нима берди?

- Ижод менга бахт берди! Ижод орқали орзуларимга эришдим, ниятларим рўёбга чиқди! Менга оилавий бахт берди, яъни муҳими онам бахтлилар!  Укаларимга, яқинларимга фойдам тегди! Қолаверса, элга танилдим, юртимиздаги тадбирларда иштирок этиб, кичкина бўлса ҳам, ўз ҳиссамни қўшганимдан бахтиёрман! Атрофдагиларга ҳам фойдам тегаётганлигидан хурсандман. Кўпчилик, қўшиқларингизни тинглаб, кайфиятимиз кўтарилади, дейишади. Бу ҳам бир бахт!

 7T7A6281

- Ижодкорларни, хонандаларни кам китоб ўқишда айблашади. Сиз-чи? Охирги ўқиган китобингизни айта оласизми ва қачон ўқидингиз?

- Мен кўп китоб ўқишга ҳаракат қиламан, тўғриси. Масалан, кечагина эзгуликка чорловчи ҳикматлар китобини ўқиб тугатдим. Менга кўпроқ ҳикматли китоблар ёқади! Вақт камроқ бўлгани учун, озгина вақт бўлса, ҳикоялар ўқишга ҳаракат қиламан. Афсуски, кўпларини номи ёдимда қолмайди, аммо мазмунини айтиб бера оламан. Агар ҳозир айтадиган бўлсам, вақт етмайди.  Аммо, бир яхши қиз берган, бир яхши китобни айтиб ўтишим мумкин. “Кичик шаҳзода” китоби, менга жуда ҳам ёқди!

 

- Бугунги кунда ҳамма интернетга “боғланган”. Сиз ҳам интернетга қанчалик боғланиб қолгансиз?

- О... Яхшигина “боғланганман”! Фақат интернетдан тўғри фойдаланиш керак! Жуда ошириб юбориш керак эмас! Бошида нотўғри фойдаланганман, рост, аммо кейин қарасам жуда кўп вақтимни олиб қўйяпти! Шунинг учун фақат керак мақсадларда фойдаланиш керак, фойдали нарсаларни ўқиш керак! Ҳозирги кунда кўпроқ тиббиётга боғлиқ нарсаларни ўқияпман. Ўзимга соғлиқ тарафлама фойдали бўлган турли рецептларни оляпман. Турли шарбатлар тайёрлаб ичсангиз, кайфиятни кўтаради.

 

- Лекин, баъзида интернетда нотўғри маълумот ҳам бўлиши мумкин.

- Энди, текшираман, албатта.

 7T7A2874__новый_размер

- Хонандалар одатда вақт етишмаслигини айтишади. Сиз эса, китоб ўқишга ҳам, интернетга киришга ҳам, ҳаттоки аранжеровкага ҳам вақт топар экансиз! Бу вақтни тўғри тақсимлаганингизданми? Ёки атай, кун давомида вақтингиз ўша нарсаларга мажбурий белгиланганми?

- Сал бўш вақт бўлиб қолса, нимадир иш қидириб қоламан. Вақтни бекор ўтказмасликка уринаман! Дарров бирор фойдали нарсани қидириб, интернетга кираман, ёки қўлимга китоб оламан!

 

- Шохруххон нимадан қўрқадию, нима уни қувонтиради?

- Қувонтирадиган нарсалар кўп! Масалан, шоколад есангиз ҳам, кўчада яхши инсонларни кўрсангиз ҳам, улар билан озгина гаплашсангиз ҳам кайфиятингиз кўтарилади! Қувонасиз! Қўрқув эса, қоронғиликдан, кичкина хонадан, бир ўзим қолиб кетиш, ёлғизликдан қўрқаман! Шунинг учун ҳам, атрофимда одам кўп! Кўпчилик билан бирга юрамиз.

 

- 2015 йил ҳам ярмига етиб қолди! Йил бошида ўз олдингизга қўйган режаларнинг қанчасига эриша олдингиз?

- Секин-секин эришяпман! Режалар тузилган, мақсадлар қўйилган. Энди ўша мақсадларга эришишга ҳаракат қиляпмиз. Фильм суратга олиш ниятидамиз. Клиплар суратга олиш керак. Ҳаммамиз бир жамоа бўлиб ишлаймиз.

 photo_(13)_25

- Ўзингиз қандай қўшиқлар тинглайсиз?

- Ёш каттароқ бўлган сари оғирроқ қўшиқларни кўп тинглаяпман. Оддий, лекин сўзлари тушунарли ва маъноли қўшиқлар!

 

- Бу йил ҳамкасб санъаткорлардан кимнинг концертига тушиб, бемалол охиригача кўрдингиз?

- Бу йил Озодбек ака Назарбековнинг концертларига биринчи марта тушиб, охиригача кўрдим! Олдин ҳеч тушмаган эдим! Чунки, кўпинча уларни концерт вақтларида, мен вилоятларда гастроль концертларида бўлардим. Бу гал биринчи марта тушдим. Ҳамма қўшиқлари ёқди! Айниқса, “Гулғунча” қўшиғи жуда ҳам ёқди! У қўшиқни концертда биринчи марта эшитдим. Яна Муҳриддин Ҳолиқовнинг репертуаридан куйланган “Ёнимда қол” қўшиқлари маъқул бўлди. “Айтиб бер” қўшиғи эса, жуда ҳам таъсирлантирди, йиғлатди ҳам.

 

- Озодбек ака Назарбеков билан куйлаган “Ойдин кечалар” дуэтингиз унчалик оммалашмаганди. Балки, сиз ўз йўналишингизда, улар ўз йўналишларида куйлаганлари учундир? Қолаверса, у қўшиқни промаси билан ҳам шуғулланмадингиз? Дуэт куйлаганингизни деярли ҳеч ким билмади ҳам. Ўзи таклиф кимдан бўлганди?

- Таклиф биздан чиққанди. Балки, чиндан ҳам прома бўлмагани учундир? Қолаверса, клип ҳам суратга олмадик. Етарли “айлантирмадик” ҳам. Бизда ўзи қўшиққа клип суратга олмаса, прома бўлмаса қийин. 

 7T7A6092

- Клип суратга олганда кўпроқ нимага аҳамият берасиз? Ғояни клипмейкерга ўзингиз берасизми? Ёки унинг фикрига кўниб қўя қоласизми?

- Ғояни ўзим ҳам бераман, агар унинг ғояси яхши бўлса, ўйлаб кўраман. Ўз ғоям билан олдирган клипларим, “Зўрсан”, “Нима қилиш керак?”, “Чорла”!

 

- Унда “мушук” образини ўзингиз ўйлаб топган экансиз-да? “Қўғирчоқ”, “Мушук”! Навбатдагиси нима? Балки, “Олмахон”дир?

- Бўлиши мумкин. (кулади)

 Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

photo_(13)_21

Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз