FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАХЗОДА: ОРЗУЛАРИМ ОСМОНИДА ЖАЖЖИ ЮЛДУЗ ПОРЛАДИ! 09.02.2014 06:20

    Shahzoda (12)

Санъат оламида, ҳам каръерани, ҳам оилани баравар олиб бориш осон эмас. Бунинг устига чақалоқ фарзанди тарбияси билан мунтазам шуғулланган ҳолда, бир вақтнинг ўзида янги мусиқий альбом ёзиш ва янги йилдаги яккахон концертига тайёргарликка ҳам улгураётганлигини ҳисобга олсак, хонанда Шахзодага қойил қолса арзийди!

   Shahzoda (14)

- Иккинчи фарзандингизни қўлга олганингизда нимани ҳис қилдингиз? Қандай фарқ бўлди?

- Тўғриси, фарқ жуда катта. Фарзандларимнинг қайси биринидир кўпроқ яхши кўраман, қайси биринидир камроқ, деб айта олмайман. Лекин, гап шундаки, мен катта ўғлим Солиҳни дунёга келтирганимда, жуда ҳам ёш эдим. Хаёллар, орзулар осмонида учиб юрардим. Шунинг учун ҳам, Солиҳ менга худди туғишган укамдек! (самимий кулиб) Уни жуда яхши кўраман! Холид туғилганидан сўнг, айтишим мумкин, Солиҳга янада кўпроқ меҳрим ошди! Холид дунёга келганида тўғриси, ҳаммаси бошқачароқ бўлди. Нокамтарлик бўлмасину, лекин ҳозирда кўп нарсага эриша олдим, ёшим ҳам улғайди, ҳозир 34 ёшдаман. 13 йилдан буён саҳнадаман, она сифатида ҳам, ҳар тарафлама тажрибага эгаман! Шунинг учун ҳам, Холиднинг дунёга келишини бутунлай бошқача қабул қилдим. Туғруқхонадан Холидни уйга олиб келганимиздан сўнг, мен бир ой давомида умуман ухламадим! Сабаби, Холид ухламагани ёки мени ухлатмагани учун эмас! У жуда ҳам босиқ, кўп йиғламайди. Мен бахтиёрлигимдан, бахтдан масрурлигимдан ухлай олмадим! Мен тонггача ухламай унга термулиб чиқардим. Унга қараб тўймасдим! Бахтиёрлигимдан ухлай олмасдим. Унга қараб, унинг ширин қилиқларидан кулиб, қувониб, ҳадеб жилмаяверганимдан баъзида ёноқларим оғриб ҳам қоларди. Шу тарафлама ҳам, ҳозирги ҳиссиётларим бошқача, деб айта оламан.

 

- Иккинчи ўғлингизга Холид исмини ўзингиз танладингизми ёки турмуш ўртоғингиз?

- Холид исмини турмуш ўртоғим танладилар. У киши менга бир қадимда бўлган воқеани айтиб бердилар. Яъни, қадимда Холид исмли жангчи бўлган экан. Уни “Оллоҳнинг қиличи” деб аташган экан. Чунки, у жуда кўп ғалабаларни қўлган киритган, жанговор қаҳрамон экан! Турмуш ўртоғим, менга бу воқеани айтиб, шу исмни тавсия қилганларида, менга жуда ҳам маъқул бўлди! Қолаверса, Холид ва Солиҳ исмлари ҳам ўхшаш исмлар. Бундан ташқари, болам жума куни, жума намози вақтида дунёга келди. Қурбон Ҳайит куни унинг қулоғига азон айттирдик. Барча урфу одатларни адо этдик, масалан, “Қовурдоқ”, “Ақиқа” ва бошқалар...

    Shahzoda (13)

- Солиҳ укали бўлишни қандай қабул қилди? Унинг укасига муносабати қандай бўлди? Ахир укаси туғилганча, у оиланинг ёлғиз фарзанди, эркатойи эди!

- Тўғрисини айтсам, укали бўлиш Солиҳнинг орзуси эди! Доим укали бўлишни ҳоҳларди! У ҳеч қачон сингилли бўлишни орзу қилмаган. Мен ҳомиладорлик вақтимда ҳам, ижодий фаолиятимни тўхтатмадим. Чунки, турмуш ўртоғим ва ўғлим мени доим қўллаб-қувватлаб туришди. Солиҳ мени укасидан қизғанса керак, деб ўйлагандим. Лекин, ундай бўлмади! Аксинча, укаси туғилганида Солиҳнинг қувончи чексиз бўлди! Укаси Холидни мен билан бирга чўмилтиради, ўйнатади, атрофида парвона бўлади. Укасини жонидан ортиқ яхши кўради! Мен эса, унга ҳазиллашиб, “Холид ҳозир чақалоқ, йиғламай индамай ётибди, ҳали сал каттароқ бўлиб олсин, кўрасан, таъзирингни беради, сочингдан тортади” дейман.

 

- Бола тарбиясидаги энг муҳим ва энг асосий 3 қоидани келтириб ўта оласизми?

- Ҳа, албатта. Энг муҳими, бола билан суҳбатлашиб туриш керак. Ҳеч қачон, уришиш, жазолаш ёки уриш керак эмас! Мен болани ҳаттоки, шунчаки енгилгина орқасига уриб қўйишга ҳам қаршиман! Болани уриб тарбиялаш мутлақо нотўғри! Шунинг учун ҳам, бола тарбиясида энг асосий қоидаларим, жазоламаслик, урмаслик ва овозни кўтармаслик! Энг муҳими бу бола билан гаплашиш, суҳбатлашиш! Бақириб, уришсанг, бола гапингни, мақсадингни тушунмаслиги муқаррар! Лекин, у билан суҳбатлашишга вақт топиб гаплашсанг, уни тушунсанг, уни нима учун шундай қилганини ҳам билиб оласан, бемалол тушунтира оласан. Баъзилар, “ҳали бола-ку, нимани ҳам биларди, тушунармиди?” дейишади. Йўқ, болалар ҳам худди биз катталар каби ақлли бўлишади. Фақат биз катталар уларни тушунмаймиз. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўзим ҳам бир пайтлар ўсмир бўлганман. Масалан, нимадир учун жазолаган бўлишса, сабабини тушунмаганман. Лекин, ўтириб, гаплашиб, сабабини тушунтиришса, аксинча, нима яхшию, нима ёмонлигини аниқ тушуниб олганман. Шунинг учун ҳам, бола тарбиясида энг муҳими, бу бола билан суҳбатлашиб, тушунтириш, деб биламан. Бола билан дўст бўлиш керак! Уни доим тушуниш керак!

   Shahzoda (1)

- Ўғлингиз Солиҳнинг келажагини қандай кўрасиз? Уни қайси касб эгаси бўлишини истардингиз?

- Уни ҳеч қачон кимдир бўлишга ёки бирор касбни танлашга мажбурламайман! Тўғри, “биз қарор қилдик, ўғлим сен шифокор бўласан, ёки адвокат бўласан, тамом” дейдиган, шундай оилалар бор. Мен эса инсон ўзи севган касб эгаси бўлишининг тарафдориман. Ўғлимга келсак, Солиҳ ҳозирча касб танлашда иккиланмоқда! Доим мендан маслаҳат сўрайди. Ҳозирда “Интер хаус” лицейида ўқияпти. Мен ўзим журналист ёки адвокат бўлишни, инсонларни ҳимоя қилишни орзу қилганман! Шунинг учунми, тўғриси, ўғлимни юридик соҳани танлашини орзу қилгандим. Лекин, ҳозирда уни молиячи бўлиши ҳоҳлаяпман. Ўғлим билан суҳбатлашганимда, баъзида уни бироз ижодкор эканлигини ҳам сезиб қоламан. Аммо, бу ҳақида кўп интервьюларимда ҳам айтганман, мен ўғлимни санъат соҳасидан боришини ҳоҳламайман! Чунки, бу ўзига хос жуда мураккаб касб! Солиҳни илгари хоббилари кўп эди, масалан, шахматга қатнашарди, ракеталар моделларини ясарди, ҳозир эса, “Интер хаус” лицейидаги “Нима? Қаерда? Қачон?” ўйинининг энг ашаддий иштирокчиси! Ҳар чоршанба куни шунда қатнашади! Уни ҳозир мана шундай интеллектуал хоббилар қизиқтиради.


- Ижоддан ортиб, оилавий дам олишларга вақт топасизми?

- Ҳа, албатта. Оилавий дам олиш учун саёҳатга чиқамиз, кўпинча денгизга борамиз. Бу вақт ичида қўл телефонларию, компьютерларгача ўчириб қўямиз. Фақат дам оламиз!

    Shahzoda (6)

- Одатда, ўз қувонч ва ташвишларингизни турмуш ўртоғингиздан яширасизми, ёки у билан бўлишасизми?

- Мен доим, қувончни ҳам, ташвишни ҳам, турмуш ўртоғим билан, ўғлим, яқинларим, дўстларим, Даврон ва “Тарона” даги бошқаларга ҳам гапириб, бўлишаман. Ичимда сақлай олмайман! Бу тўғрида менга, “бу сени катта муаммойинг” ҳам дейишади.. Аммо, менга, нафақат дўстларинг, балки бошқалар ҳам, сенинг гапларингни, кейин ўзингга қарши ишлатиши мумкин, ҳам дейишади. Билмадим, лекин, мен ҳамма нарсани ҳаммага гапириб, енгил тортаман, тўғриси. Ҳаттоки, шундан ўзимга қарши фойдаланишса ҳам. Тўғри, кўп марта шундай ҳолатлар юз берган, мен ўз дардимни дўст деб ўйлаб айтган инсонларим менга қарши бўлиб, шу нарсаларни ўзимга қарши ишлатган вақтлари бўлган. Аммо, мен барибир бу одатимни ташлай олмайман! Ҳамиша кўнгли очиқлик қилавераман, ўз ташвиш қувончларимни бошқалар билан бўлишавераман. Чунки, шу тарзда енгил тортаман!

    Shahzoda (5)

- Уйдаги образингиз?

- Кайфиятга қараб ўзгариб туради. Мен ўзи доим аёл киши уйда ҳам ўзига қараб юриши керак, дейман. Ўзим ҳам шунга риоя қилишга ҳаракат қиламан. Аммо, бу дегани, доим ўта пардоз қилиб юриш керак, дегани эмас. Одатда, уйга студия, ёки съёмкалардан чарчаб келаман, дарҳол яна тўй хизматлари, ёки тадбирларга кетаман. У ердан эса, янада чарчаб, уйга кеч қайтаман. Қарабсизки, душ қабул қилиб олиб, фақат болам билан шуғулланишга вақт қолади, холос. Лекин, шунда ҳам, минг чарчаган бўлсам ҳам, яқинларимга ҳам эътибор беришга ҳаракат қиламан. Баъзиларга ўхшаб, “чарчаганман” деб хонамга кириб кетмайман. Аксинча, чарчаганимда, яқинларим билан янада кўпроқ мулоқотда бўлгим, суҳбатлашгим келади. Масалан, ёш болалар тунда кўпинча ухлашмайди, ҳар икки соатда уйғониб кетишади. Мен ҳам Холидга туни билан қараб чиқаман, баъзида чарчаганимдан зўрға кўзимни очаман. Мендан дугонам, “ана шундай вақтларда асабийлашмайсанми” деб сўрайди. Йўқ, ҳеч қачон! Чунки, мен уйғонганимда, ўғлим Холиднинг юзини кўрганимда, ҳамма чарчоқларим бир зумда чиқиб кетади, унинг юзидан ўпиб, эркалатганимда, уйқум келаётганини ҳам унутаман. Ҳозир болам 2 ойлик бўлди. Унинг ширингина юзига қарашим билан, ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан!

 

- Турмуш ўртоғингизга одатда байрамларда қандай сюрпризлар қиласиз?

- Бандлигим туфайли, албатта, турмуш ўртоғимга ҳар куни, ёки байрамда қандайдир ажойиб таомлар тайёрлаб беришга вақтим етишмайди. Аммо, мен унга турли ажойиб совғалар қилишни яхши кўраман. Мен “Арслон” буржи остида туғилганман ва характеримга кўра, совға олишдан ҳам кўра, яқинларим ва дўстларимга совға беришни яхши кўраман. Масалан, мен уйқудан туриб, ҳеч қандай байрам, ёки бирор кун бўлмаса ҳам, дўкон айланиб, яқинларимга совғалар сотиб олишим мумкин. Масалан, ўғилларимга, уйда менга қарашаётган инсонларга, дўстларимга, онам, акам, эримга, албатта! Мен ҳаётда романтик инсон бўлсам ҳам, баъзиларга ўхшаб, романтик сюрпризлар, масалан, романтик шеър, бантик-фантик, шунга ўхшаш нарсалар совға қилмайман. Мен, керакли буюмлар совға қилишни ёқтираман. Ўғлимни, эримни, яқинларимни кузатаман, улар нима исташади, нима керак? Масалан, ўғлим дўсти билан телефонда гаплашиб, янгича русумдаги планшет чиққанини гапиряпти. Мен буни ҳисобга олиб қўяман ва унга шу планшетдан олиб, совға қиламан. Бундан ташқари, бир сафар, эримни анча вақтдан буён битта соатни тақиб юрганини сезиб қолдим ва унга янги русумдаги бошқача соат совға қилдим. Мен ижод кишисиман, бизнинг бутун ҳаётимиз ижоддан, романтикадан иборат. Шунинг учун ҳам, юқорида айтганимдек керакли буюмлар совға қиламан.

 

- Турмуш ўртоғингиз ва ўғлингиз байрамларда сизга қандай сюрпризлар қилишган?

- Турмуш ўртоғим ва ўғлим, менга ҳамиша эътиборли! Улар ҳеч бир байрамни ёддан чиқаришмайди! Турмуш ўртоғим ўзим каби керакли буюмларни совға қилишни ёқтирадилар. Ўғлим эса жуда ҳам романтик ва менга романтик совғалар қилишни ёқтиради. Масалан, яқинда туғилган кунимда, бутун ҳовлига шамлар ёқиб, соат 24.00 бўлганида менга гуллар ҳадя этди!

    Shahzoda (8)

- Ўзига хос имидж эгасисиз! Кийинишингизда брендлар қанчалик муҳим ўрин тутади?

- Либос танлашда мен учун бренд муҳим эмас! Аммо, оёқ кийими ва сумка танлаганимда, албатта жуда сифатли ва брендники бўлиши шарт! Оёқ кийим ва сумка танлаш борасида жуда талабчанман! Бу инжиқлик эмас, мен ўзи оёқ кийим ва сумка сифатли бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки, мен учун сифат биринчи ўринда! Либос борасида, одатда тикувчига буюртма қилиб тиктираман! Сабаби, масалан, саҳна учун бирор бренддан либос сотиб олсам, биламанки, бу либосдан бошқа бирор дўконга ҳам олиб келишган ва кимдир буюртма қилиб сотиб олган ҳам бўлиши мумкин. Ҳаттоки, бирорта хонанда ҳам кийиши мумкин. Шунинг учун, мен атайлаб саҳна ва оқшом либосларини махсус буюртма қилиб, тиктиришни маъқул кўраман! Камдан-кам ҳоллардагина тайёрини сотиб олишим мумкин.

 

-  Пардоз сумкангизда доим нималар олиб юрасиз? Қандай пардоз буюмисиз ҳеч қачон кўчага чиқмайсиз?

-  Тўғриси айтсам, мен одатда, ҳаётда кундалик кунда пардоз сумкаси ва воситаларини ўзим билан олиб юрмайман. Деярли пардоз ҳам қилмайман. Буни мухлислар яхши билишади. Бугун пардоз қилганман, бўянганман. Сабаби, бугун “Ёшлар” телеканалида янги йил дастури учун съёмка бор эди! Агар бирор муҳим сабаб бўлмаса, бирор тадбирга бормасам, одатда пардоз қилмайман. Тўғриси, баъзида пардоз қилишга эринаман. Агар ишонмасангиз, мана ҳозир сумкамни ҳам очиб кўришингиз мумкин, ичида бирорта ҳам пардоз буюмлари йўқ!

   Shahzoda (11)

- Сизни реклама роликларида ҳам учратамиз. Қандай буюмларни реклама қилишни рад қилган бўлардингиз?

- Менимча, эстетик бўлмаган маҳсулотларни, албатта.

 

- Янги мусиқий альбом борасида? Мухлисларингиз ҳар йили янги мусиқий альбом чиқаришингизга одатланиб қолишган.

- Албатта! Ҳозир янги мусиқий альбом устида ишлаяпмиз. Бундан ташқари, Худо ҳоҳласа, бу йил ҳам 7 кунли, яъни 1 майдан 7 майгача бўлган муддатга янги концерт дастурини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу йилги мусиқий альбомим ўтган йилгидан фарқ қилишини истаймиз. Чунки, ҳар йили бир хил бўлса, қизиқарли бўлмайди. Шунинг учун ҳам, ҳозир кўп ишлаяпмиз. Ўзбек, рус, инглиз тилларида янги қўшиқлар тайёрлаяпмиз. Уларнинг барчаси концертда янграйди!

 

- Дуэт куйлаш борасида-чи?

- Дуэтлар борасида таклифлар жуда кўп! Режалар ҳам кўп. Бироз вақт олдин, «Смэш» гуруҳидан Андрей меҳмон бўлиб келган эди, у ҳам дуэт борасида таклиф билдирди. Буни ҳам ўйлаб кўрамиз.

   Shahzoda (10)

- Ижод учун ғояларни қаердан оласиз?

- Ҳаётдан албатта! Масалан, яқинда, “Юрак” қўшиғимга ишланган янги видеоклипни намойиш қилдик. Унинг сюжети муаллифи ўзим. Шу ғояни суратга олишларини жуда ҳам ҳоҳлагандим. Одатда инсон, ўзини ёмон ҳис қилганида, ёнида кимдир бўлишини ҳоҳлайди. Уни кимдир қўллаб-қувватлашини истайди. Ёлғиз қолсанг, бу жуда ҳам оғир. Шунинг учун ҳам, мен бу клип орқали ўзим бошдан кечирган ҳис-туйғуларни, ҳолатларни бошқаларга етказиб бермоқчи бўлдим. Томошабинлар бу клипдаги фалсафий ғояни тушундилар, деб ўйлайман.

 

- Таниқли инсонларга атрофдагиларнинг эътибори кучли бўлиши табиий. Ана шундай вақтларда, сиз биринчи навбатда аёл киши эканлигингизни қандай эслатиб қўясиз?

- Агар ўз ҳолатимдан келиб чиқсам, масалан, бирор тадбирда қўшиқ айтяпман. Биламан, санъаткорни чарчашга, чарчаган қиёфада кўринишга, кайфиятсиз бўлишга ҳаққи йўқ. Бу ҳеч кимни қизиқтирмайди, ҳам. Шундай вақтда, инсонларда биринчи навбатда инсонийлик бўлишини, сени ҳам тушунишларини ҳоҳлайсан. Негаки, бундай вақтларда, айнан қўшиқ айтаётганингда, сен билан суратга тушмоқчи бўладиганлар кўп. Баъзилари саҳнага ҳам чиқиб кетишади. Мен бундай вақтда, уларга тегмайдиган қилиб, тушунтираман, “ҳаммангиз билан албатта суратга тушамиз, албатта! Фақат саҳнада эмас!” Чунки, бизда баъзиларда шундай одат бор, хонанда саҳнада куйлаяпти, қарасанг, биттаси саҳнага чиқиб олади, бирга суратга тушади. Агар биттасига рухсат берсанг, ортидан бошқалари чиқади, бир зумда кўпайиб кетишади, микрофонни тортишади, сени ҳам туртиб юборишлари мумкин. Бу эса, четдан қараганда, нафақат менга, балки мени ўша ерга таклиф қилган инсонга ҳам, хунук кўриниши мумкин. Инсонлар битта тўй, ёки тадбирга қанча тайёргарлик кўришади, ҳаммаси чиройли ўтишини ҳоҳлашади, шунга интилишади! Мен ҳам ўз қўшиқларимни куйлагани келаман. Шунинг учун ҳам, бирга суратга тушмоқчи бўлганларга тушунтираман. “Бемалол суратга тушишинглар мумкин, лекин фақат саҳнада эмас, холлда”. Лекин, эркаклар ва ўғил болалар мендан хафа бўлиб қолишади. Чунки, мен уларга “хафа бўлманглар, ўғил болалар билан суратга тушмайман” дейман. Бу мени одатим, тўғри тушунишади, деб ўйлайман. Қизлар, қизчалар, аёллар билан бемалол суратга тушаман.  

    Shahzoda (7)

- Агар иш жараёнида, ижод давомида келишмовчиликлар бўлса, уларни қандай йўл билан ҳал этасиз? Жимгина ичингизга ютасизми, ёки дарҳол ўша ернинг ўзида очиқчасига ҳал қилиб қўя қоласизми?

- Йўқ, мен жимгина ичимга ютиб кетмайман. Аммо, жуда бир жанжалкаш ҳам эмасман! Ўша жойнинг ўзидаёқ очиқчасига ҳал қиламан. Лекин, ўзимга яраша оғир-босиқман, жанжал қилиб, уришиб кетмайман. Шундай бир инсонлар тоифасига кираман, менда ўртача туйғунинг ўзи йўқ! Яъни, мен кимнидир жуда яхши кўраман, ёки жуда ёмон кўраман! Мен ёқтирмаган инсонимни, ёқтиргандек тутиб, роль ижро қила олмайман! Масалан, менга сен артистсан, масалан, бирор ҳамкасбинг ёқмаса, унга буни билдирма, у билан сўрашиб, табассум қил, бир сўз билан айтганда, дўст ролини ўйна, ҳам дейишади. Лекин, мен бундай қила олмайман! Менинг характерим шундай! Менга дейлик, ўша инсон ёқмайди. Аммо, бу билан у ёмон, мен яхшиман, демоқчи эмасман! Масалан, менга уни қайсидир ишлари маъқул эмас, нима учун мен унга қараб жилмайишим керак? Бу иш менга ёқмайди, ёлғондан ҳам шундай қила олмайман! Менинг характерим шундай! Ёки яхши, ёки ёмон. Шунинг учун ҳам, қандайдир келишмовчиликлар ёки зиддиятлар юз берса, мен дарҳол, албатта, маданият доирасидан чиқмаган ҳолда, очиқ фикр билдириб қўя қоламан. Тўғри, баъзилар ранжиб, хафа бўлиб қолишади. Лекин, менинг учун энг тўғриси, шу. Менга ҳақиқатни юзга айтганим осонроқ.

 

- Баҳслашишни ёқтирасизми, ёки осонгина “ҳа, майли” деб кўниб қўя қоласизми?

- Ҳаммаси вазиятга боғлиқ! Ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Масалан, турмуш ўртоғим билан мен олдин доим баҳслашардим. Ҳозир эса, умуман баҳслашмайман. “Хўп” деб қўя қоламан. Ҳаттоки, у киши ноҳақ бўлсалар ҳам, “Сиз ҳақсиз, гапингиз тўғри” дейман. Бунинг сабаби, биринчидан эркак киши билан баҳслашганингизни барибир фойдаси йўқ. Иккинчидан, мен барибир аёл киши эканлигим ёдга тушади. Аёл киши эса, эркак киши ноҳақ бўлса ҳам, унга ён бериши керак. Лекин, ҳамкасбларим билан албатта баҳслашаман! (кулади) Аммо, албатта, маданият ва одоб доирасида! Ўз фикримни ҳимоя қиламан.

 

- Ижодда ва ҳаётда, одоб доирасида бўлса ҳам, қандай ишга ҳеч қачон рози бўлмайсиз?

- Иккиюзламачиликка! Масалан, юқорида айтганимдек, бирор иши менга маъқул бўлмаган ҳамкасбимга яхши муомала қилишимни, уни кўрганимда жилмайиб, яхши гапириб, роль ўйнашимни сўрашади. Аммо, мен ҳеч қачон бундай қила олмайман! Буни ҳоҳламайман!

   Shahzoda (9)

- Лекин, санъаткор саҳнада бошқача, ҳаётда бошқача бўлиши керак, деган фикрларга қандай қарайсиз?

- Йўқ, мен ундай қила олмайман! Мен ҳаётда ҳам, саҳнада қандай бўлсам, шундай, бир хилдаман. Дўстларим ва яқинларим билан ҳам бир хил муомала қиламан. Санъаткор бир хилда ва самимий бўлиши керак. Санъаткорда, бу борада ҳам “фальш” бўлиши керак эмас! Инсонлар ҳам, буни дарров сезишади.

 

- Одатда ҳозир кунингизни нимадан бошлайсиз ва кун давомида қандай юмушларни амалга ошириб улгурасиз?

- Тўғриси, ҳозир асосий вақтимни боламга бағишлаяпман! Одатда, тонгда, энага келади. Албатта, менга бироз ёрдам бериши учун, энага олганмиз. Энага ўз сменасини қабул қилиб олгач, мен бир-икки соат ухлаб оламан. Кейин уйғониб, эрталабки ишларимни қиламан. Лекин, нонушта қилмайман. Биламан, эрталаб яхшилаб нонушта қилиш керак. Лекин, мен негадир нонушта қила олмайман. Кейин эса, агар душни ҳисобга олмаса, 5-7 минутда тайёр бўламан! Одатда бошқа оилаларда, эр хотинини тайёр бўлишини кутиб турса, бизда аксинча, мен эримни тайёр бўлишини кутиб тураман. Мен худди аскар каби жуда тез тайёр бўлиб оламан. Мени онам жуда қаттиққўл бўлган, мени худди армиядагидек катта қилган, шунинг учун ҳам, мен 5-7 минутнинг ичида тайёр бўлиб оламан. Бундан ташқари, кеч қолишни жуда ёмон кўраман. Буни мен билан ишлайдиган ҳамма билади. Бирор жойга кеч қолгандан кўра, ўша учрашув ёки ишни, бошқа кунга қолдирганим яхшироқ, деб ҳисоблайман. Масалан, соат 17.00 га интервью белгилаб, “улгураман” деб, 40 минут кеч қолиб келишни, ўзимга эп кўрмайман! Ундан кўра, 33 марталаб қўнғироқ қилдириб бўлса ҳам, ўша интервьюни бошқа кунга, аниқ бир вақтга белгилаймиз! Кеч қолганларни ҳам ёқтирмайман, ўзим ҳам кеч қолмасликка ҳаракат қиламан.

    Shahzoda (4)

- Мана шунда тиғиз график, ижод, оила, фарзанд тарбияси, барчасидан вақт орттириб, қандай қилиб ўзингиз кучингизни тиклаб оласиз?

- Ҳозирги кунда, тўғрисини айтсам, (кулиб, меҳр билан) ўғлим Холидни кўрсам бўлди, бутун чарчоқларим чиқиб кетади! Мени ҳозирда фарзандли бўлган ҳар қандай она тушуниши, бу интервьюни ўқиб, жилмайиб қўйиши аниқ! Кун бўйи студиядаги овоз ёзишлару, ижод борасидаги бошқа ишлар билан банд бўлиб, кечга яқин тўй хизматларига бориб, уйга чарчаб тунги 22.00-23.00 да кеч қайтганимда, ўғлим Холиднинг юзини кўриб, ҳамма нарсани унутаман! Чарчоқлар бир зумда йўқолади!

 

- Ўзингиз айтгандек, оила ва ижодни баравар олиб боряпсиз. Оналик ва карьера! Бунга қандай улгуряпсиз?

- Агар инсон чин дилдан ҳоҳласа, ҳаракат қилса, ҳамма нарсага эришиши мумкин! Ҳаттоки, тоғни ҳам ағдариши мумкин! Мени назаримда, “қўлимдан келмайди” деган сўз йўқ, аксинча, “ҳоҳишим йўқ” деган сўз бор. Ана шуни ўзгартириб, биринчи навбатда амалга оширмоқчи бўлган ишларини инсоннинг ўзи чин дилдан ҳоҳлаши керак!

   Shahzoda (2)

- Сиз модельер дизайнерлик билан шуғулланиб, ўз либосларингиз линиясини яратишингиз мумкинми?

- Ҳа, албатта. Тўғриси, либослар яратишни яхши кўраман! Дид билан кийинганларни ҳам яхши кўраман. Лекин, бу ишга ҳозирча улгура олмаяпман.

 

- Ҳозирда эришган ютуқларингиздан ташқари, яна қандай чўққиларга эришиш ниятидасиз?

- Тўғрисини айтсам, ўтган 2013 йил мен учун жуда ҳам унумли бўлди, дейишим мумкин. Яккахон концертимни ўтказдим, фарзандли бўлдим, бундан ташқари, мен Санъат ва маданият институтига “Театр танқидчилиги” йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Энди олдимда яна янги мақсадлар турибди. Яна янги концерт дастури ўтказишим, фарзандларимни вояга етказишим, институтдаги ўқишимни тугатишим керак! Томошабинларнинг кўплари, концерт беришни осон, деб ўйлашади. Аммо, концерт тўлиқ жонли бўлмаса ҳам, унда қисман жонли ижро бўлса ҳам, бунга катта тайёргарлик кўрилади! Концертга тайёргарлик 5-6 ойлаб вақт олади! Инсон ўзини ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрлайди, табиийки, чарчайди ҳам. Ўзбекистондан ташқари, мен Россиядаги “Гала” рекордс компанияси билан ҳам шартнома тузганман. Улар билан ҳам шартномага кўра, янги мусиқий альбом ёзишимиз керак.  Режалар ҳам кўп. Бундан ташқари, яна янги фильмда суратга тушиш ниятидаман. Менга бир сценарий олиб келишган ва ўйлаяпман.

 

- Ижройингиздаги қайси қўшиқ, турмуш ўртоғингизга ва ўғлингизга ёқадию, қайси бири ёқмайди?

- Ўғлим менинг касбимга, ижодимга жуда хотиржам қарайди. Унга бутунлай бошқача йўналишдаги қўшиқлар ёқади, рэп, хип-хоп. Эримга бўлса ҳаммаси бирдек ёқади. Чунки, биз ҳамма қўшиқлар ғоясини биргаликда ўйлаймиз! Бу ҳаммаси бизнинг ижодимиз! Худди болаларни ҳам қайси бирини кўпроқ яхши кўришингни билмаганингдек, қўшиқларим борасида ҳам худди шундай! Онамлар эса, аввал айтганимдек “Тилайман” қўшиғимни жуда яхши кўрадилар! Ҳар қандай қўшиғим, улар учун “Тилайман”нинг олдидан ўтаверсин!

 

- Наҳотки, ҳеч қайси қўшиғингиз улар учун “Тилайман”нинг ўрнини боса олмаса?

- Фақатгина “Тўрт қадам” қўшиғим бироз маъқул бўлди.

   IMG_0173_новый размер

- Бахтли аёлсиз. Бугунги кунда энг катта ютуғим нимада, деб ўйлайсиз?

- (кулиб меҳр билан) Биринчи навбатда, бу менинг фарзандларим Солиҳ ва Холид! Улар билан фахрланаман! Балки, бу нокамтарликдир, лекин 34 ёшимда 16 яшар ўғлим борлигидан, ҳамда яна бир ўғилнинг онаси бўлганлигимдан, шунга қарамай, ўз ишимни, ижодимни давом эттира олаётганимдан фахрланаман.

 

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

IMG_0147_новый размер