FATTOHHON.COM
« Все новости10 Февраль куни “Алишер Навоий” киносаройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра, “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган режиссёр Тимур Мусоқовнинг “Бекатдаги одам” деб номланган бадиий фильмининг журналистлар учун махсус намойиши бўлиб ўтди.
Сценарий муаллифи: Зулфиқор Мусоқов
Режиссёр: Тимур Мусоқов
Оператор: Азизбек Арзиқулов
Рассом: Мария Сошина
Бастакор: Мария Мусоқова
Ролларда: Сирожиддин Вафоев, Ёдгор Саъдиев,
Фатҳулла Маъсудов, Кристина
Тоирова, Тоҳир Саидов, Юлдуз Ҳамидова,
Раъно Зокирова, Жумадилла Раметов,
Нигора Каримбоева
Фильм намойишидан сўнг, матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманини “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати ходими Фахриддин Низомов олиб борди.
Фахриддин Низомов, бегуноҳ инсонларни йўл ҳаракати транспорт ҳодисалари қурбони бўлаётганлигини айтиб ўтгач, фильм ижодкорларига сўз берди.
Фильм ижодкорлари йиғилганларга фильмнинг суратга олиш жараёнлари ҳақида сўзлаб, уларни фильм ҳақидаги саволларига жавоб бериб ўтишди.
Фильм режиссёри Тимур Мусоқов: - Авваламбор, фильмни кўриш учун, бу матбуот анжуманига келганингиз учун раҳмат. Ўз навбатида бу фильмда суратга тушган барча актёрларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ёдгор ака Саъдиевга алоҳида раҳмат айтаман, чунки у кишини бу фильмда суратга тушишга розилик беришларига ишонмагандим. “Бекатдаги одам” фильми жиддий мавзуда суратга олинган. Мен бу фильмни суратга олаётганда ўз олдимга қўйган мақсадим, томошабин бу фильмни кўрганда ўзига нимадир олишини ҳоҳлагандим. Ўзи учун тўғри хулоса чиқарса, деган фикрдаман. Бу фильмни суратга олишда баъзи бир жараёнлар қийин кечди, отам Зулфиқор Мусоқов билан кўп баҳслашишимизга ҳам тўғри келди. Фильм инсон ҳаётининг қадри, масъулият, инсон ва характерлар ҳақида. Фильм реал воқеалар асосида суратга олинган.
Сценарий муаллифи режиссёр Зулфиқор Мусоқов: - Фильмдагига ўхшаш воқеанинг шахсан гувоҳи бўлганман. 2011 йилнинг 27 декабрь куни эди! Халқлар дўстлигида шундай авария юз берган. Мен бу ҳақида, ўша вақтдаги Раҳбаримизга мурожаат қилганимда, у киши ҳам бу авариянинг гувоҳи бўлган экан. Ўшанда, мен бу ҳақида сценарий ёзмоқчилигимни айтдим, у киши эса, эртаси куни синопсис келтиришим сўради. Эртаси синопсис олиб келдим ва сценарий учун рухсат олдим. Минг афсуски, бундай бахтсиз ҳодисалар кунига кўплаб рўй беради. Ўйлайманки, битта бўлса ҳам, инсон, томошабин, бу фильмни кўриб ўзига тўғри хулоса чиқарса, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаса, бу билан битта бўлса ҳам инсонни ҳаёти сақлаб қолинган бўлади.
Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев: - Бу фильм, бир оиланинг жамлангани, десам хато бўлмайди. Фильм ижодкорлари, режиссёр, сценарий муаллифи, бастакор бир оила вакиллари. Оилавий фикр бир жойда бўлганлиги учун ҳам, биргаликда профессионал ижодий гуруҳ йиғишган. Менга ижодий жамоа маъқул бўлганлиги учун ҳам бу фильмда суратга тушишга розилик бердим. Фильм мавзуси жиддий ва ҳаётий, чунки чиндан ҳам бугунги кунда кўча ҳаракатини атайлабдан бузувчилар ҳам бор, қизиққонлиги билан бузувчилар ҳам бор. Бунинг оқибатида, неча минглаб одам, йўл ҳаракати билан боғлиқ бахтсиз тасодифлар қурбони бўлмоқда. Битта бўлса ҳам, қонун-қоидани бузувчи мана шу фильмдан ўзига хулоса чиқарса, фильм ўз вазифасини бажара олди, деб ўйлайман. Шундай қоида бузукчилар бу фильмдан ўзлари учун тўғри хулоса чиқарсалар, бундай кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўлар эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов: - Фильм мавзуси бугунги кунда жуда ҳам долзарб бўлган мавзу. Бугунги кунда кўпчилик машина ҳайдайди. Лекин, мавжуд қоидаларга риоя қилмайдиганлар ҳам учраб туради. Уларнинг айби билан эса, баъзида бегуноҳ инсонлар жабр тортадилар. Менинг қаҳрамоним виждонли, ўз виждонига қарши бормайдиган инсон. У қонунни, инсонларни ҳурмат қилади. У ҳаттоки жиноятчи билан ҳам, инсон сифатида гаплашади. У адолат қарор топишининг тарафдори! Мен учун, тўғрисўз ва адолатли, ҳалол қонун ҳимоячиси ролини ижро қилиш катта шараф.
Актёр Сирожиддин Вафоев: - Ҳозирда кино оламида кучли ривожланиш бўлмоқда. “Бекатдаги одам” фильмига тўхталадиган бўлсак, ҳаёт доимо инсонларни зарбалари билан “уйғонинглар” деган маънода огоҳлантириб туради. Ҳаётнинг зарбаларидан уйғонмаган инсон ютқазиб қўяди. Шунинг учун ҳам, инсоннинг иродаси мустаҳкам бўлиши керак. Ижро қилган ролимдан шундай фикрга келдимки, ҳар бир инсоннинг ўз иродаси бор, ўша ирода мустаҳкам бўлиши зарур. Олдига қўйган мақсади учун, ҳаётнинг ҳар қандай зарбаларига чидаб бера олиши керак. Энг асосийси, у инсон эканлигини ва эркак киши эканлигини, бошқа ҳайвонотлардан фарқ қиладиган энг олий мавжудот эканлигини унутмаслиги керак, деган ғоя ётибди, назаримда. Ўз ролимни қўлимдан келганча, ижро қилишга ҳаракат қилдим. Барча устозларга, ижодий жамоамизга раҳмат айтаман. Режиссёр томонидан ўзимга билдирилган ишонч учун ташаккур! Бу фильмдаги томда суратга олинган эпизод энг мураккабларидан бўлди. Бу саҳнани Фатҳулла ака билан бирга ишладик, қўлимдан ушлаб қоладиган саҳнада, Фатҳулла ака жароҳат ҳам олдилар. Лекин, кейин “Ўзбекфильм”даги каскадёрдан маслаҳат олдик ва Фатҳулла ака билан биргаликда ҳаракат қилдик.
Чиндан ҳам, “Бекатдаги одам” фильми, мавзуси билан томошабинни ўйлантира олади.
Фильмдаги энг таъсирли эпизодлар шубҳасиз, актёр Сирожиддин Вафоев қаҳрамони билан боғлиқ. Бировнинг қоидабузарлиги сабаб, фарзандидан айрилган, рафиқаси руҳий касалликлар шифохонасига тушган, ўзи эса ёлғизликда қолиб, фарзанди қотилини жазо топишини истаган инсон образини актёр ишончли ижро қилган.
Шерхонов тимсолида эса, фарзанди қилган жиноятни яшираётган инсон, айни пайтда ўз фарзанди келажагини ўйлаб, ўзини унинг учун қурбон қилаётган ота қиёфасини кўрамиз.
Умуман, фильм воқеалари томошабинни эътиборли бўлишга ундайди.
Саида Вахобова