FATTOHHON.COM
« Все новости“Ориат доно” радиосида журналист Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг навбатдаги меҳмони Эстрада хонандаси “Ниҳол” мукофоти совриндори Абдували Ражабов бўлди! Шунингдек, дастурда биз ҳам иштирок этдик.
Акмал Мирзо радиотингловчилар билан саломлашгач, сўз навбатини Абдували Ражабовга берди ва
хонанда ҳам радиотингловчилар билан саломлашиб, кунлари хайрли бўлишини айтиб, барча бошлаган ишларига омад, ҳамда барча яхши ниятларига етишларини тилади.
Акмал Мирзо: - Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги, байрам арафасида турибмиз! Ижодкорлар, хонандалар учун бу байрам мавсуми, халқ, мухлислар билан кўришадиган пайт! Нафақат катта майдонда, балки вилоятларимизда, Абдували Ражабов қандай тадбирларда иштирок этмоқдалар? Қайси ҳудудларда?
Абдували Ражабов: - Айни пайтда, байрам олди жуда кўп тадбирлар ўтказилмоқда! “Камолот” ЁИҲ ҳамда, “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси билан биргаликда Фестиваллар, Ёшлар билан ижодий учрашувлар, футбол шоулар ўтказилди. Санъаткор дўстларимиз билан уларда иштирок этдик.
Акмал Мирзо: - Бу ҳам ижод! Лекин, ўзингизнинг шахсий ижодингизда нима янгиликлар?
Абдували Ражабов:- Янги қўшиқлар ёзяпмиз! Янги видеоклип суратга олиш ҳаракатидамиз! Асосан, мана шулар билан бандмиз.
Шундан сўнг, Акмал Мирзо телефон орқали ҳам саволлар йўллаш мумкинлигини эфирда айтиб ўтди.
Акмал Мирзо: - Фильмда роль ижро этаётган экансиз! Ўтган 4-5 йил ичида хонандаларнинг фильмларда суратга тушишларига деярли чек қўйилган эди! Бу маълум буйруқ асосида эмас, кинорежиссёрлар, продюсерларнинг ўзлари ҳоҳлашмаётган эди. Актёрларнинг ўзларини ижроси, номи, юзи, фильмнинг “касса”сига етарли даражада таъсир кўрсатишни бошлаган эди! Шунинг учун ҳам, хонандалар фильмларда суратга тушмай қўйишганди. Абдували Ражабовда эса?
Абдували Ражабов:-Чек қўйилди, десак, нотўғри бўлади! Нимага йўқ? Роль ижро этаётган хонандаларимиз бор! Масалан, хонандамиз Анвар Собиров...
Акмал Мирзо: - (унинг сўзини бўлиб) Анвар Собировни энди кўпроқ актёр сифатида ҳам биламиз!
Абдували Ражабов:- Мен хонанда деб биламан-да! Майли, Анвар Собировнинг сериалларини ҳам кўрдик. Акалари Оғабек Собиров ҳам Хоразм булбули! Уларни ҳам роль ижро этганларини кўрдим.
Акмал Мирзо: - Неччи йил бўлди бунга?
Абдували Ражабов:- Хўп, майли. Гап йилда эмас, мен хонандаларимизни ҳам роль ўйнаганликларини гапирмоқчиман!
Акмал Мирзо: - У пайтда Улуғбек Отажонов ҳам кинода ўйнагандилар!
Абдували Ражабов:- Мен ҳам ўйнагандим, ўзи аслида! Лекин, бу фильм менга муваффақиятсизлик олиб келгани учунми, энди муваффақиятсизлик ҳам деб бўлмайди, қандайдир, мен ўйлаган натижа бўлмаганлиги учунми, менда бошқа фильмларда роль ўйнамайман, деган фикр бўлган. Хуллас, мен ҳам кинода роль ўйнасамми, ўйнамасамми, деб кўп ўйладим. Бир тадбирга Бекободга боргандик. Саҳнага чиққунча, менгача 5-6 та хонанда бор эди. Қараб ўтирсам, уларнинг ичида, мен бир ўзим хонанда эканман, қолганлари ҳаммаси актёр экан!))))) Шундан кейин, ўйладим, нега энди актёрларимиз ҳаммаси қўшиқ айтишяпти, мен роль ўйнамайман? Менга таклиф бўлди, сценарий ёқди. Қолаверса, бир сирни ҳам очмоқчиман. Мен фильмда ҳам хонанда ролини, ўзимни соҳамдаги ролни ўйнаяпман. Лекин, бу менинг ҳаётимда бўлган нарсалар эмас! Фильмда Адиз Ражабов, Зарина Низомиддинова, Жавоҳир Зокиров, Алишер Отабоев, Шоҳида Исмоилова ва бошқа актёр, актрисалар суратга тушишмоқда.
Акмал Мирзо: - Мақсад нима бўлди? Биринчисида айтдингиз, муваффақиятсизлик, мен кутмаган натижа, бўлгандан кейин... дедингиз.
Абдували Ражабов:-Биласизми, инсон бир марта натижага эришмаган бўлса, яна ҳаракат қилади! Ўзимнинг кўнглим тўлармикан, дейди. Ўша таассуротни олгиси келади. Мен катта натижа кутаётганим йўқ, актёрликка ҳам даъвогарлик қилаётганим йўқ! Лекин, бу фильмда мен ўзимни актёрман, деб ишонтириб роль ижро қилдим.
Акмал Мирзо: - Актёрларнинг саҳнага чиқиб, қўшиқ куйлаши сизга қандай таъсир қилди?
Абдували Ражабов:- Ким қўлидан келса, куйласа, мен хурсандман! Ўшанда ҳам, ўтириб, саҳнага чиқилиш жараёнини кузатиб, “бу актёр, бу сўз устаси, бу актриса, демак хонанда битта ўзим эканманми?” дедим.
Акмал Мирзо: - Фильм премьерасида томошабинлар орасида жуда ҳам кўп актёрлар бўлади-да. Сизнинг хаёлингиздан ўтган нарсалар уларнинг ҳам хаёлидан ўтиши мумкин-да!
Абдували Ражабов:- Майли! (кулади)
Акмал Мирзо: - Ўзбекистон Халқ артисти, устоз Эркин Комилов бир гап айтгандилар: “Қассоб қассоблигини қилиши керак!” Бу жуда ҳам бошқача гап, ҳозирги мавзуйимизга ҳақиқий безак бўладиган гап! Қониқиш қандай бўляпти?
Абдували Ражабов:- Қониқиш, мен шуни фильм тайёр бўлгандан кейин кўрмоқчиман! Экранда ўзимни кўрмоқчиман. Лекин, боя айтганимдек фильмда суратга тушаётганда, ўзимни актёр деб ишонтирдим. Ўзи ўйлаб қарасангиз, кузатсангиз ҳаётда ҳам акёр инсонлар бор! Шунақа пайтлар бўлади, масалан, инсон ҳаётда ҳам актёр бўлиши керак бўлади.
Акмал Мирзо: - Боя сиз “менга ёққан сценарий чиқди” дедингиз. Кўп хонандалар “бир кинода ўйнадим. Энди яна ўйнай, десам менга ёқадиган зўр сценарий чиқмаяпти!” дейишади. Ие, ҳурматли хонанда сиз сценарийнинг яхши-ёмонлиги қаердан биласиз? Бу шундай хонандаларга тегишли гап. Сценарийни яхши-ёмонлигини актёр фарқига бормайди-ку! Ўйлаб қарасангиз, хонанданинг ўзига ёққани билан шу нарса бўлади. Сценарий унга ёққани бу, кино оламига, кино мутахассисларига ёққани эмас-ку!
Абдували Ражабов:-Тўғри, ёқди, дегани эмасу, лекин, масалан, мен ўзимга ёққан қўшиғимни олайлик. Ўша қўшиқ менга ёқсагина бошқаларга эшиттиришга ҳаракат қиламан.
Акмал Мирзо: - Бу сизнинг ишингиз, ўзингиз биласиз, чунки хонандасиз! Яхши-ёмон қўшиқни мухлислардан аввал ижро қилган хонанда ҳар қалай билади! Энди бу ерда бутун бошли сценарий ҳақида гап кетяпти!
Абдували Ражабов:- Мен бошида фильмни бошдан оёқ кўз олдимдан ўтказиб, унинг ичига кирдим, десам ҳам бўлади. Фильмни бошидан бошлаб, ҳали суратга олиб бўлинмасдан ичидаман!
Акмал Мирзо: - Мабодо фильм продюсери ҳам Абдували Ражабов эмасми?
Абдували Ражабов:- Йўқ! Лекин, бошидан ўша ердаман.
Акмал Мирзо:- Лекин, бошида ўзим бош-қош бўлиб турибман, денг, катта бўлиб!
Абдували Ражабов:- (кулади) Катта бўлиб, дея олмайман! Мен учун бу қизиқ бўляпти!
Акмал Мирзо:- (кулади) Катта бошимни кичик қилиб!
Абдували Ражабов:- (кулади) Менга қизиқ бўляпти!
Акмал Мирзо:- Фильмдан қандай натижа кутяпсиз?
Абдували Ражабов:- Авваламбор, мухлисларга, менинг мухлисларимга ёқсин! Боя тўғри айтдингиз, сиз кутаётган нарса, мухлисларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Ҳаётда ҳар хил ҳодисалар бўлади. Масалан, менга ёқмаган қўшиғим мухлисларимга ёқиб қолади! Бир қўшиғимиз шундай бўлган, бир қўшиққа унча назар қилмаганмиз ва бошқа қўшиққа куч берганмиз. Кутилмаганда ўша унча эътибор қилинмаган қўшиқ муваффақиятли чиққан, ҳаммага ёқиб қолган! Қаерга борсак, ўша қўшиқни сўрашади! Шунақаси ҳам бўлади. Агар мен уларни шу ролимга ишонтира олсам, шу менинг натижам бўлади.
Акмал Мирзо: - Шунча вақтни, эътибор ва кучни зўр қўшиқларга сарфланса бўлмайдими?
Абдували Ражабов:- (кулади) Зўр қўшиқлар бунга халақит бермайди!
Акмал Мирзо: - Сиз ўша ролда яшадим, дедингиз. У ёқда яшаб, бу ёқни эсдан чиқармадингизми?
Абдували Ражабов:- Йўқ! Мен буни давом эттириб, кейинчалик ҳам фильмларда суратга тушавераман, демоқчимасман. Чунки, яхши актёрларимиз етарли! Улар ўз соҳаларининг, ўз касбининг усталари! Мен актёрликка даъвогарлик қила олмайман, чунки мен барибир хонандаман! Актёрман, деб ишонтиришим қийин, чунки барибир мени хонанда, деб билишади.
Акмал Мирзо: - Аста-секин ўрта авлод вакиллари сафига кирмоқдасиз! Ёшлар ҳақида гапирсак, уларда жуда шиддат ҳам бошқача! Тушуниш осон бўлиши учун, “еса, емаса” қўшиқ қилишяпти! Тўрттадан биттаси, ўзини мухлисларига манзур бўлмоқда! Сиз энди бошлаган вақтлар 4 ойда битта қўшиқ яратилса, улар ҳозир 4 ойда 20 та қўшиқ чиқаришмоқда! Шундан ўз мухлисларига 5 таси маъқул бўлмоқда! Муносабатингиз?
Абдували Ражабов:- Маъқул бўляптими? Ёки хит даражасига кўтариляптими?
Акмал Мирзо: - Афсуски, маъқул бўляпти, холос!
Абдували Ражабов:- Хит йўқ!
Акмал Мирзо: - Маъқул бўлаётгани ҳам, ўзининг мухлисларига! Энди сиз ҳам, “ёшлар” деб...
Абдували Ражабов:- Йўқ! Мен ҳам ёшман, мен ҳам ҳар доим ўзимни ўшаларнинг, ёшларнинг қаторида кўраман! Ҳали-бери, ёшларимиз биздан қутилолмайди! (кулади) Ҳали-бери тан бермаймиз! Ҳаракат қиламиз! Боя, бир гапни тўғри айтдингиз, инсон, бир гапини ўрни келади, гапираман, дейди. Масалан, режа қилиб қўйган бир лойиҳангиз бўйича баҳор келишини, ёки қишни кутасиз. Бизда ҳам кутилаётган нарсалар бор, ўзининг пайти, ўрни келади. Бир нарсани айтмоқчиман, яхши қўшиқ чиқишини кутиб юргандан кўра, сонига ишлайверса ҳам яхши қўшиқ чиқади! Бу ҳам бир томондан тўғри, деб ўйлайман.
Акмал Мирзо: - Энди ҳадеб сонига ишлайверилса, қўшиқлар ҳам арзонга ёзилмаяпти!
Абдували Ражабов:- Энди ишламагин, деб ҳам бўлмайди! Ишлашсин, ҳаракат қилишсин! Нафақат ёшлар, бутун ҳамма ижодкорлар, мен ўзим ҳам!
Акмал Мирзо: - Ишлаш нафақат, фақат бир бастакорнинг ёнига бир ҳафтада 3 марта бориб-келиш эмас! Бошқа бастакор, бошқа шоирлар, дегандек... Ранг-баранглик керак…
Абдували Ражабов:- Мен ҳам фақат битта одам билан ишлашсин, деётганим йўқ! Ижод қилаверса, бир куни натижаси билинади!
Акмал Мирзо: - Натижани, муваффақиятни клипдан эмас, қўшиқдан кутиш керак! Кўпроқ қўшиққа урғу бериш керак!
Абдували Ражабов:- Ҳозир сонига ишлашсин, деяпману, лекин ўзим ҳеч сонига ишламаганман! Лекин, тўғриси, бугунги кунда хит қўшиқни топиш ҳам қийин бўлиб қолди!
Акмал Мирзо: - Қулоққа чалинган гап, хушхабар! Абдували Ражабов январь ойида, концерт дастури билан мухлисларни хушнуд этади! Энди бу Юбилей а?
Абдували Ражабов:- Шундай десак ҳам бўлади! Лекин, энди биз фалон йил бўлди, юбилей, деб ўйлаганимиз йўқ! Балки, ўзимиз учун, юбилей-да, энди!
Акмал Мирзо: - Концерт дастури борасида, шунча танаффусдан сўнг, юбилейга урғу берилиши керак!
Абдували Ражабов:- Қайсидир тарафлама, тўғри айтасиз. Лекин, фалон йил бўлди, деб урғу беришга сал... Энди буни юртдошларимизнинг ўзлари яхши билишади, деб ўйлайман!
Акмал Мирзо: - Энди шундай гап бор, хонандаларга яхши продюсер керак! Хонанда қўшиғини куйлаши керак, бўлди, бошқа нарса ҳақида ўйлаши керак эмас! Жамшид Ҳожиниёзов билан ишлаган вақтларингизни соғинасизми?
Абдували Ражабов:- Албатта, соғинаман! Жамшид акам билан ишлаган вақтларимиз, ўзига яраша қизиқарли вақт бўлган! Яқинда Жамшид акам билан ҳам бирга ўтириб, гаплашиб, гастроллардаги қизиқарли воқеаларни эсладик.
Акмал Мирзо: - Муваффақиятли жуфтлик, ҳамкорликми бу? Чунки, Жамшид Ҳожиниёзов продюсер сифатида ишлаган энг муваффақиятли лойиҳа бу!
Абдували Ражабов:- Икки киши, десак нотўғри бўлади! Чунки, Сарвар Раҳматхўжаев, Жамшид Ҳожиниёзов, Ёдгор Носиров ва мен, яъни 4 киши!
Акмал Мирзо: - Ундан кейин ҳам бу продюсер бошқалар билан ишлади. Аммо, сиз билан ишлаганчалик муваффақиятли бўлмади. Нима деб ўйлайсиз, чиндан ҳам зўр тандемми бу? Ёки зўр тандем бўлганми?
Абдували Ражабов:- Биласизми, балки қайсидир тарафдан шундайдир, лекин ўша пайтда мен Сарвар Раҳматхўжаев билан ишлаётган вақтимиз, Сарвар ака ҳам ижодда ўзларини кўрсатадиган вақтлари экан. Албатта, бизда ният катта бўлган! Ниятни тўғри қўйиб, ҳаракат қилинса, муваффақият ҳам ҳамроҳ бўлади! Биз ҳам биргаликда, шу ишларни қиламиз, деб катта ниятлар қилганмиз! Мен Эстрада Цирк коллежида 2 курдса ўқирдим, қўшиқ яхши чиқди, ёқди, деб янги қўшиқлар тайёрлаб, радиоларга олиб бориб бераверганмиз! Тўғрисини айтаман, ижодга унча бир катта сарф-харажат қилингани йўқ! Бизни Радио FM орқали қўшиқларимиз хит бўлиб кетаверган! Менга кўпинча, кам клип оласиз, деб клипларимни санаб беришади.
Акмал Мирзо: - Лекин, сизнинг клипларингиз кам эмас!
Абдували Ражабов:-Охирги вақт мусиқий каналлар орқали клиплар оммалашиб кетди. Мен ҳам бир неча клиплар суратга олдирдим. Лекин, менинг қўшиқларим асосан, радиодан хит даражасига етган! Биз талаба эдик, Сарвар акамни уйларига бориб, қўшиқларни ёзаверардик. Жамшид акам, бўлса радиодан тақдим этардилар. 2001 йил адашмасам, “Бевафо ёр” га клип суратга олганмиз. 2002 йилдан “айланиш”ни бошлаган. Шундан сўнг, 2 йиллардан сўнг “Айт нечун?” қўшиғимизга клип суратга олдирганмиз. 2005 йил “Ёмғирлар” клипи, ўша пайтда жами 3 та клип суратга олдирганмиз.
Акмал Мирзо: - Лекин, улар ўша пайтлар учун зўр клиплар эди!
Абдували Ражабов:- Боя айтган гапим, мен ўзим сонига эмас, сифатига ҳаракат қилардим. Бир устоз санъаткоримиз ҳам: “Мен бир йилда 3-4 қўшиқ чиқараман, сонига эмас, сифатига қарайман! Яхши қўшиқ чиқаргим келади!” дедилар. Тўғри, мухлисларни соғинтирмасдан, яна ҳам кўпроқ қўшиқлар қилса бўлади. Лекин, барибир сифатига катта эътибор берсак, эртага 10, 20 йилдан кейин ҳам, эшитса, “ўша вақтда ҳам, зўр қўшиқ ёзилган” дейилишини ҳоҳлайман!
Акмал Мирзо: - Ҳозирги ёшлардан сўрасангиз, “Абдували Ражабов ўша вақтда ёшлар ичида “энг зўр”и бўлган, дейишади. Лекин, энди у пайтда артистлар кам бўлган-да, Абдували Ражабов бўлган, Адҳам Солиев, бўлди” ҳам дейишади. Э, йўқ у вақтда биз ҳам бўлганмиз, ўша пайтда биз ҳам яшаганмиз! Лекин, уларнинг фикрлари шундай. Нима деб ўйлайсиз, ўша пайтда хонандалар балки ҳозиргидан камроқ бўлган бўлиши мумкин. Аммо, ўша пайт учун жуда ҳам етарли бўлган.
Абдували Ражабов:- У пайтда ҳам хонандалар кам бўлган, демайман. Лекин, мен ўзимни ҳеч қачон юлдуз санъаткорларимизга тенг қўймайман, уларнинг олдида ёшман. Ўша пайтда ҳам шундай бир лидерларимиз бўларди! Фақат у пайтда, деб бўлмайди! Улар бугунги кунда ҳам ижод қилиб келишяпти! Ўша пайт, деганингиз учун мен ҳам шундай деяпман. Жуда ҳам ижодлари билан кўп ютуқларга эришган санъаткорларимиз кўп бўлган, гуруҳлар ҳам бўлган! Уларни ҳоҳласангиз, санаб ҳам беришим мумкин.
Акмал Мирзо: - Ҳозир хонандалар бир-бирлари, бир-бирларини ташвишга солади. Фалончида хит қўшиқ чиқиб қолса, “вой, бу олдинга ўтиб кетди” дейишади. Яъни, соғлом рақобат! Ўша пайтда сизни ҳам ташвишга солганлар бўлганми?
Абдували Ражабов:- Йўқ, тўғриси, мен ҳеч кимни ўйламай ишлаганман! Худди кўзни юмиб кетаверасиз-ку, ана шундай! Тўғри, кузатганмиз ҳам, аммо фақат яхши қўшиқларни кузатиб, ҳавас қилиб, яхши жиҳатларига эътибор берганмиз! Аммо, “уники зўр бўлиб кетибди”, деган гаплар бўлмаган. Яқинда Сарвар ака билан гаплашганимда, “биласанми, бизнинг ютуғимиз нимада бўлган?” дедилар. “Биз яхши қўшиқ чиқсин, деб кўзни юмиб ишлайверганмиз, ниятни, мақсадни тўғри қўйиб, ҳаракат қилаверганмиз! Ҳар бир қўшиғимиз хит бўлаверган! Кетма-кет хит қўшиқ чиқиши бу, таваккал қилиб, меҳр бериб, ишлашда, деб ўйлайман!” Муваффақият сабабчиси, фақат мен эмас, Жамшид Ҳожиниёзов, Сарвар Раҳматхўжаев, улар бизнинг команданинг муваффақияти!
Акмал Мирзо: - Эстрадамиз оламида, ўзининг бир чиройли исми бўла туриб, масалан, Нодирбек деган исми бор, лекин у эфирда Бир нарса Шох! Бир нарса Замон! Хуллас, ўйлайманки, исминг Тешавой, Болтавой бўлмайдими? Асосийси, яхши ижод қилгин! Инсонни ҳеч қачон исм кўтармайди! Одам исмни кўтариши мумкин! Масалан, Сизни мисол келтирсам, ҳозир ёшлар ичида Абду сўзи билан бошланадиган исм кўп қўйилмайди! Мана Сизнинг ижодингиз мана шу исмни кўтарди-ку!
Абдували Ражабов:- Исмим чиройли исм!
Акмал Мирзо: - Тўғри! Лекин, инсон кўтаради ўша исмни! Исм одамни кўтармайди! Ҳеч шу хаёлингизга келмаганми?
Абдували Ражабов:- Сиз ҳам шу исмни кўтаргандан кейин, бошқа исмни кўтармайдими, дедингизу... (кулади)
Акмал Мирзо: - Айтмоқчи бўлганим, ҳозир ёшлар орасида кўп қўйилмайдиган ноёб исмлардан демоқчиман! Абдурашид Йўлдошев, масалан! Улар ҳам бошқачароқ қилиб Рашид, деб олганлари йўқ! Ёки Сиз, Вали, деб олганингиз йўқ! Ўз исмингиз билан ҳам ижодингиз яхши бўляпти! Нима кераги бор, туппа-тузук исмини ўзгартириб олиб?
Абдували Ражабов:- Бир тарафдан тўғри гапиряпсиз, аммо шундай инсонларга ҳам ҳаётда дуч келганман, уларга ўз исми ёқмайди, буни ўзлари ҳам айтишади! “Менга ўз исмим ёқмайди, мана бу исмни қўйишганда яхши бўларди” деб, хонанда бўлмай туриб, умуман санъатга алоқаси бўлмаса ҳам, исмини ўзгартирганлар бор! Ўзим бунга гувоҳ ҳам бўлганман!
Акмал Мирзо: - Йўқ, мен айтаётганларни исми ўзига ёқади! Фалончи, шундай исмдаги хонанда бор, деб бошқа исм билан чиқишади! Хўш, бўлса нима қилибди? Сен уни қўшиғини айтмайсан-ку!
Абдували Ражабов:- Тўғри!
Акмал Мирзо: - Одамни кулгусини келтирадиган ҳолат бу!
Абдували Ражабов:- Энг ёмони, ҳамма ўша исмга кўникиб, қариндошларигача ўша исм билан чақиради.
Акмал Мирзо: - Сиз эса, уни аввалги исми билан биласиз. Сизга қўнғироқ қилиб “Фалончиман” дейди. “Сени исминг бошқача эдию”, десангиз, “энди шунақа бўлиб кетди” дейди.
Абдували Ражабов:- Кейин сиз ҳам сўрайсиз, “қаерлик?”, деб!))))
Акмал Мирзо: - Дастур ҳам тугай, деяпти!
Абдували Ражабов:- Сиз мени кўп чалғитяпсиз!)))) Мен ўзи концерт ҳақида ҳам гапирмоқчи эдим.
Акмал Мирзо: - Бировнинг исми билан нима ишим бор, демайсизми?)))) Концертга ўтгач, дастурда, шунча вақтдан буён ижро қилинган қўшиқлар бўладими?
Абдували Ражабов:- Бўлади! 10 йил олдин концертимизга ташриф буюрган азиз мухлислар яхши кўриб тинглаган, улар учун севимли, қадрли бўлган қўшиқлар бўлади. Концертимизга ташриф буюрган мухлис, мухлисалар бугунги кунда оилали бўлиб, қизларимиз яхши жойларга келин бўлиб, йигитларимиз уйланиб, фарзандли бўлиб кетишгандир? Энди концертимизга оилавий ташриф буюришар?
Акмал Мирзо: -Болаларига намуна қилиб, “Шу хонанданинг қўшиқларини тинглаб катта бўлганмиз” деб!
Абдували Ражабов:- (кулади) Раҳмат!
Шундан сўнг, Акмал Мирзо барчага ташриф учун миннатдорчилик билдириб, тингловчиларга самимий тилаклар билан дастурни якунлади.
Дастур жуда ҳам кўтаринки кайфият, қувноқ руҳиятда ўтди!
Биз ҳам ўз навбатида “Ориат доно” радиоси раҳбариятига ва Акмал Мирзога миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова