FATTOHHON.COM

« Все новости

РАЙҲОН: ҲАЁТИМДАГИ ЭНГ МУҲИМ ВОҚЕАНИ КУТЯПМАН!  14.02.2014 17:49

Foto (2)

Бу хонанданинг ижодидан ташқари, шахсий ҳаёти ҳамиша барчани қизиқтириб келган. Унинг муҳаббат қиссаси ва тўйи ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди! Эндиликда эса, унинг ҳомиладорлиги ва фарзанд кутаётганлиги турли кутилмаган гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Хонанда эса, бахтидан масрур, ўзи ҳақида баъзи гапларга парво қилмасликка ҳаракат қилган ҳолда, асосий эътиборни ижоди ва туғилажак фарзандига қаратмоқда. Турмуш ўртоғи ҳам, у билан бирга ва уни қўллаб-қувватламоқда.

 Foto (1)

- Ҳозирда ҳомиладорлигингиз барча мухлисларни қувонтирмоқда. Аммо, баъзилар хавотир ҳам олишмоқда, ҳомиладорлигингиз турли қийинчиликларни келтириб чиқармаяптими? Кайфиятингиз қандай?

- Ҳомиладорлик бу Оллоҳнинг инояти, марҳамати. Тўғриси, биринчи фарзандимизни оиламиз билан, жуда ҳам интизорлик  билан кутяпмиз! (табассум билан) Ҳозирча аҳволим яхши! Лекин, ҳомиладорлик мен ўйлаганчалик осон эмас экан! Ўйлайманки, Худо ҳоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Худо ҳоҳласа, май ойида она бўлишим кутилмоқда! Ҳомиладорликда бўладиган ўзгаришларга анча кўникиб қолдим! Бошида токсикоз билан боғлиқ муаммолар бўлди. Энди ҳомиладорликнинг иккинчи қисми янада қийинроқ кечмоқда, назаримда. Масалан, менга мандарин мумкин эмас, минг ҳоҳласам ҳам ея олмайман, аллергия бериши мумкин. Кейин аччиқ нарсаларни ҳам ея олмайман, мумкин эмас! Лекин, яхшиямки, гўшт борасида муаммо йўқ. Тўғриси, (самимий кулиб) кўпроқ гўштга бошқоронғи бўляпман, шекилли. Худди вужудимда бир бақувват инсонни тўйдириш керак бўлгандек ҳолатда, кўпроқ гўшт тановул қиляпман! Ҳозирча болага ном ҳақида ҳам ўйламадик, чунки, тўғриси бироз қўрқяпмиз. Ўзи бу янгиликни анча вақтга яширишга ҳаракат қилдик, кўз тегишидан чўчидик, ҳаттоки яқинларимиз ҳам билишмасди! Фақат, билиниб, яширишнинг иложи қолмагач, маълум қилдик.

 

Суҳбатга Райҳоннинг умр йўлдоши Йигитали Мамажонов ҳам қўшилади: - Тўғрисини айтсам, биз бу ҳақида ҳам кўп гапиришдан чўчияпмиз. Яхши назар бор, ёмон назар бор! Чунки, барибир биринчи фарзанд, катта янгилик, оиламиз учун энг кутилаётган катта бахт!

 Foto (3)

Саволим Йигиталига: - Сизга ҳам қийин бўлмаяптими? Масалан, ҳомиладорларни ярим тунда нимадир егиси келиб, турмуш ўртоғини кўп овора қилишлари ҳақида эшитганмиз.

Йигитали: - (самимий кулиб) Йўқ, унчалик эмас! Уйда ҳамма нарса бор. Олдиндан ҳамма нарсани, рафиқам ёқтирган нарсаларни келтириб қўйишга ҳаракат қиламиз. У айтган вақтда, ошхонага чиқиб, холодильникдан келтириб беришим мумкин! Масалан, тунги соат 03.00 да товуқ гўшти егиси келиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, мен бироз қўполроқ ухлайман. Ўшанга, ўзимга ишонмай, Райҳондан хавотир олиб, тунда бир хонада, лекин сал алоҳида ухлаяпман. Чунки, бехосдан қўлим қаттиқроқ тегиб кетишидан, уйқумда қалтисроқ ҳаракат қилиб юборишдан чўчийман. Ҳозирда, рафиқамни асраб-авайлаш, менинг энг биринчи вазифам.

 

Саволим Райҳонга: - Она бўлишга ўзингизни қанчалик тайёрлаяпсиз?

- Қўлимдан келганча, астойдил тайёргарлик қиляпман, десам ҳам бўлади. Фарзанд кўрган дугоналарим ҳам, қариндошларим ҳам бор. Улардан маслаҳатлар оляпман. Яқинда, амакиваччам ҳам қиз фарзандли бўлган, у менга болани қандай йўргаклашдан тортиб, овқатлантириш, ухлатиш, ҳаммасини кўрсатиб, тушунтириб, кўрсатиб беряпти! “Яхшилаб ўрганинг” деб қўяди.

 Foto (16)

- Ҳомиладор бўлганингиздан сўнг, ҳаётга бўлган қарашларингиз ўзгардими?

- Билмадим, қандайдир мени ҳам атрофдагиларга, атрофдагиларнинг эса менга бўлган меҳри ошди, деб ўйлайман. Қадрлашлар борасида, ҳамма нарса иккинчи даражали бўлиб қолгандек... Энг муҳими ва асосийси, ҳаётимдаги энг муҳим ҳодиса, мана шу вужудимдаги инсон, менинг бўлажак фарзандимни кутмоқдамиз! Шунинг учун ҳам, баъзи нарсаларга, гап-сўзларга аҳамият бермасликка ҳаракат қиляпман. Илгари, бундай нарсаларни эшитсам, “нима?” деб, дарров аҳамият берардим. Сиқилиб, ҳаттоки йиғлардим ҳам. Ҳозир, “эҳ” деб қўл силташга ва бепарвороқ бўлишга ҳаракат қиляпман. Яъни, қандайдир қарашларим ҳам ўзгарди ва бутунлай бошқа инсонга айланганлигимни ҳис қиляпман.

 

- Дўстингиз, ёки бирор яқинингиз сизни қаттиқ ранжитган бўлса, буни унутиш учун сизга қанча вақт керак? Ёки сиз ўзингиз кимнидир ранжитган бўлсангиз?

- Агар шундай ҳолат юз берса, мен тез “портлашим”, лекин шу билан бирга тез совишим мумкин! Ҳозирда, бундай ҳолатни орадан бир-икки ҳафта ўтиши билан тез унутаман. “Майли”, деб қўя қоламан. Аммо, сен ўзингга яқин деб билган инсонлар шундай қилишса, бу албатта, жуда оғир. Тўғриси, ўз пайтида мен “ўзимга яқин” деб билган инсонлар шунчалик кўп дилимни оғритишганки, бунга кўникиб ҳам кетдим ва балки, шунинг учун ҳам бегоналарнинг ранжитишларига, аҳамият ҳам бермайман. Лекин, албатта, яқинларингдан бирортаси ранжитса, бу оғир, бундай пайтда, узоқ вақт ичимда ўйлаб, “қандай қилиб бу ҳолат содир бўлди?” деб ўйланиб, сиқилиб юраман. Аммо, ҳозирда, иложи борича, барибир бирор ҳафта ўтиб, “майли” деб унутишга ҳаракат қиламан ва унутиб юбораман.

 

- Ўтган йили, аввалги администраторингиз Фатхутдин ака билан ҳамкорликни тўхтатдингиз ва ҳозирги кунда администраторингиз Шербек билан ҳамкорликдасиз. Бунга ҳам ойдинлик киритиб кетсангиз. Чунки, “Райҳон администоратори билан уришиб қолибди” деган гаплар ҳам тарқалди.

- Фатхутдин акани биз Пет деб, атаймиз. У кишини ўз шахсий бизнеси ҳам бор. Шу туфайли, охирги вақтларда бироз менинг ишимга улгура олмай қолдилар. Менга эса, фақат менинг ишим билан шуғулланадиган инсон керак эди. Навбатдаги бир улгура олмасликдан сўнг, шунда у кишининг ўзлари менга “Мен кета қолай” дедилар. Икковимиз маслаҳатлашиб, шу қарорга келдик. У киши иккита ишдан бирини танлашларига тўғри келиб қолганди. Аммо, собиқ администраторимиз Фатхутдин ака билан ҳали ҳам дўстона муносабатдамиз, уришганимиз йўқ! Ҳаттоки, Шербек борасида ҳам у киши билан маслаҳатлашганмиз. Шербек ҳам тажрибали, шоубизнесни яхши биладиган администораторлардан! Фатхутдин аканинг ўзлари, “Шербек, бу жуда яхши администратор, бу жуда тўғри қарор!” деганлар. Шу тарзда Шербек билан бирга ҳамкорликда ишлай бошладик. Фатхутдин ака билан эса, оилавий дўстмиз, фарзандлари билан ҳам. Шунинг учун ҳам, тарқалган гапларни асоссиз, деб айта оламан. Фатхутдин ака ижодимдаги ҳар қандай вазиятда ёнимда бўлганлар! Барча қийинчиликларда ҳам, яхши вақтларда ҳам, ҳамкорликда эдик. Шунинг учун, у киши менга фақатгина администратор эмас, яхши дўст, акамдек бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам, ҳеч қандай уришиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас! Мен у кишидан бир умр миннатдорман! Ҳатто, ҳозир ҳам қўнғироқлашиб турамиз ва у киши,  менга “нима егинг келяпти? Ўзингни эҳтиёт қилгин!” деб турадилар. Ҳайронман, у киши билан уришиб қолган, деб ким гап тарқатганига ҳам ҳайронман. Ўзи баъзидан йўқ нарсадан, шундай бир гаплар тарқатиб, тоғ қилиб юборишади.

 Foto (14)

- Администраторларингиз қай жиҳатдан бир-бирларидан фарқ қиладилар?

- Мен бу борада, жуда ҳам омадим келган, деб ўйлайман. Чунки, менинг ижодий фаолиятим давомида, шу кунгача 3 та администраторим бўлган. Уччаласи билан ҳам жуда яхши ижобий дўстона муносабатдаман! Биринчи администраторим Азиз ака билан ҳали ҳам ижодий ҳамкорлигимиз бор, дўстмиз ва шу кунгача, бирорта концертим у кишисиз ўтмаган! Концертларимдаги барча фокусларни у киши ўйлаб топганлар. Фатхутдин ака тўғрисида бўлса, юқорида айтиб ўтдим. Шербек ҳам жуда яхши инсон. Бизларни ҳаммамизни дўстлик боғлаб туради. Иш жараёнида албатта, тортишиб қолишлар, баҳслашишлар бўлиб туради, аммо тез ярашиб кетамиз ва бир-биримизни тушунамиз! Уччала администраторим ҳам ўзаро дўстлар. Бундан жуда ҳам хурсандман. Мен ўзим ҳам жуда бир уришқоқ инсон эмасман, биров билан тортишишни ҳам ёқтирмайман.

 

- Ҳаётингиздаги энг катта тажриба нимага асосланган?

- Энг катта тажрибани касбим туфайли олганман. Чунки, вақт ўтиб ижодий тарафлама солиштирганимда, баъзи фарқларни ҳам, баъзи тарафлама эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини ҳам сезаман. Масалан, саҳнага илк қадам қўйганимда ҳам жуда ҳаяжонланар эдим, вақт ўтиб, бу ҳаяжон бироз кетгандек, лекин ҳозир ҳам барибир бироз ҳаяжон бор. Шунча кўп саҳнага чиққан бўлсам ҳам, ҳалигача саҳнага қадам қўйганимда, ҳаяжон қамраб олади. Айниқса, яккахон концертларим вақти, айниқса, саҳнага чиқишимдан 5 дақиқа аввал, шундай бир ҳолатни бошимдан кечираманки, тушунтириб ҳам бера олмайман. Айниқса, мусиқа янграб парда очилаётган вақт, “Йўқ, эплай олмайман, эплай олмайман” деган фикр бўлади, лекин, парда очилиши билан минглаб томошабинларга, мухлисларга кўзим тушади, уларни мени кутаётганларига ва кўзларидаги меҳрни кўриб, нима бўлишидан, қандай қўрқув бўлишидан қатъий назар, улар олдидаги масъулиятни, уларнинг ёнига яъни саҳнага чиқишим, ўз қўшиқларимни куйлашим кераклигини ҳис қиламан! Ўз қўшиқларимни куйлар эканман, ўзим ҳам мана шу қўшиқларим билан уйғунлашиб кетаман, юракдан куйлайман. Натижада, қўшиқларим яратилишида ҳамкорликда бўлган инсонлар, бутун ижодий гуруҳимиз, мусиқачилар, аранжеровкачимиз Зафар Қодиров, хореограф Эля Мулюкова, раққосалар ҳаммамиз, биргаликда, бутун бир вужуддек ҳаракат қилиб, меҳнат қиламиз. Ҳар бир концерт олдидан, Оллоҳдан бир тану, бир жон бўла олишимизни сўраймиз. Ҳаммаси бир нафасда яхши ўтишини, томошабинлар уни бир бутун спектаклдек яхши қабул қилишларини истаймиз.

 Foto (4)

- Ҳар йили концертларингиз ўзгача ўтади. Бу борада қийинчиликлар ҳам бўладими?

- Ҳа, албатта. Негадир ҳар йили, янги концерт дастурига тайёрланишимиз, аввалги йилгидан ҳам қийинроқ кечади. Нега бундайлигини ўзим ҳам билмайман. Қанча асаб, қанча қийинчиликлар ва кўз ёшлар! Қанча қийинчиликлар, лекин қанчалик меҳру муҳаббат билан! Қанчалик интиқиб, кутишлар билан тайёрланамиз! Балки, ҳар бир хонандада бу жараёнлар шундай бўлар, билмадим. Бир сўз билан айтганда, пешона тери ва қон билан деса ҳам бўлади, яъни кун бўйи узлуксиз жараён, давом этади. Қанча асаб кетади. Қайта, қайталаб репетициялар, машқлар, нимадир ўхшамай қолиши, кимларгардир қаттиқроқ гапиришлар, жуда кучли меҳнат талаб қилинади. Баъзида эса, кутилмаган ҳолатлар ҳам юз берадики, бир неча дақиқадаёқ бир қарорга келишга тўғри келади. Масалан, ўтган йилги концертимизни олайлик, ҳамма нарса деярли тайёр бўлиб, концертдаги чиқишларнинг асосий қисми, лифтга асосланган эди! Жуда кўплаб фишкалар ва ёрқин чиқишлар, мана шу лифт билан боғлиқ эди! Буни концерт кунигача, минг марталаб репетиция қилиб, тайёрлагандик. 10, 9. 8, 7, 6, .... ва лифт, кутилмаганда, декораторимиз лифт ишламаётганини айтса бўладими? Тасаввур қиляпсизми, эртаси куни концерт, бир кун олдин, асосий репетиция жараёни ва декоратор “лифт ишламаяпти” деб турибди! Декораторга қарасам, у айбдор оҳангда, “тузатамиз, эртага концерт куни ишлайди” дейди. Аммо, бунга ишониб бўладими? Ахир у олдимизда лифтни ишламаётганининг сабабини топа олмай турган бўлса? Демак, бундан келиб чиқадики, бир кун ичида у лифтни тузатиб улгура олмайди, лифт эртасига концерт куни ҳам ишламаслиги аниқ! Шунда жуда тез қарор қабул қилишим кераклигини тушундим ва барча режаларга, концерт дастурига ўзгартириш киритишим кераклигини ҳис қилдим! Тасаввур қилинг, концерт бошланишига бир неча соат вақт қоляпти, ҳамма саросимада! Шунча тайёргарлик кўриб бўлинган, ҳамма нарса эса, шу ишламаётган лифтга боғлиқ эди! 3 ой тинимсиз кўрилган тайёргарлик, чиқишлар, ғойиб бўлишлар, фишкалар, раққосалар ҳаракати, дақиқасигача ҳисоблаб чиқилган! Хуллас, мен ўзимни қўлга олдим ва лифт билан боғлиқ ҳамма нарсага ўзгартириш киритишимизни, лифтни умуман, дастурдан олиб ташлашимизни айтдим! Концерт вақтида лифт ишламаслиги аниқ, ишламай қолиб, барча режа ўша ерда бузилиб, довдирагандан кўра, ҳозир ҳамма нарсани бошқатдан жойлаштириб, концертни яхши ўтказганимиз маъқул, дедим! Тўғри, баъзи фишкалардан воз кечилди, ўйланган ғоялар амалга ошмай қолди, лекин томошабинлар олдида хижолат бўлиб қолмадик! Ваҳоланки, аввалги концертларимиздан бирида, лифт билан боғлиқ шундай жуда қийин вазият бўлганди! Мен саҳна ўртасидан чиқиб, жонли ижрода куйлашим керак бўлган, лекин саҳнага чиқадиган лифт ишламай қолган! Мен саҳна ўртасидан куйлаб, чиқиб келишим керак, “тез, кўтаринглар” деяпман, декоратор эса, пастда “ишламаяпти” дейди! Мен подвалдаман, нима қилишни билмай қолганман! Энг ёмони эса, саҳнада ҳамма раққосалар рақс тушишга шай туришибди, улар қўшиқ тактига қараб, рақс тушишга машқ қилишган! Куй янграяпти, қўшиқ бошланиши керак, мен куйлашим керак, мен эса пастда саҳнага чиқа олмай турибман, охири жонҳолатда, асабийлашиб бақириб юбордим! (самимий кулиб) Овозимдан чўчиб, лифт ҳам ишлаб кетди, мен ҳам шошиб, қўшиқни келган жойидан куйлаб юбордим, улар ҳам келган жойидан рақсга тушиб кетишди, хуллас бир амаллаб вазиятдан чиққанмиз! Ана шу аччиқ тажриба менга, жуда катта сабоқ бўлган! Шунинг учун ҳам, ўтган йилги концертда, бундай ҳолатга йўл қўйишни ҳоҳламадим! Балки, бундан 5 йил аввалми, шундай ҳолат юз берса, мен нима қилишни билмай, довдираб қолармидим? Аммо, бундай ҳолатлар менга тажриба бўлгани учун ҳам, яна шундай вазият дуч келганида, ўзимни йўқотиб қўймадим! Мана шундай қалтис вазиятларда тажриба кўмакка келади. Бу эса, ижодда жуда ҳам муҳим.

 

- 2014 йилда ҳам яккахон концертингиз бўладими, деган савол барчани ўйлантирмоқда.

- Афсуски, йўқ! 2014 йилда концерт ўтказа олмайман. Чунки, боя юқорида айтганимдек, ҳомиладорлик қийин кечмоқда. Бир кун яхши бўлсам, бир кун ётиб қолишим мумкин. Концертга тайёргарликни бошлаб, эълон қилиб қўйсаму, кутилмаганда аҳволим яхши бўлмай, ўзимни яхши ҳис қилмай қолсам нима бўлади? Концертни кутаётган томошабинларга “узр, бугун аҳволим яхши эмас” дея олмайман. Инсонларга умид бериб, бундай қила олмайман! Ахир томошабинлар билет сотиб олиб, кутишади. Яхшиси, бир йилни ўтказиб, келгуси 2015 йилда, худо ҳоҳласа, ҳақиқий янгилик бўла оладиган концерт ўтказиш ниятим бор! Янги концерт дастурини ҳозирданоқ ўйлашни бошлаганман! Бундан ташқари, концерт дастуримни яна февраль ойида ўтказиш ниятидаман! Ўтган йили апрелда ўтказганлигимнинг сабаби, ҳаммага ўхшаб, иссиқроқ вақтда тайёргарлик қилмоқчи эдим. Чунки, февралда ўтказганимда, қиш, совуқ, ҳамма шамоллаган, бетоб бўлишарди. Бу ҳам катта муаммо эди. Лекин, қишдаги тайёргарлик бир тарафдан яхши бўлган экан. Чунки, қиш вақти, иш кам, ҳамманинг бўш вақти бор эди! Ҳамма бор диққат-эътиборини концертга қарата оларди! Аммо, апрелда концерт учун тайёргарликка вақт кам, қолаверса ҳамма банд бўлар экан! Ҳаммани март ойидан бошлаб, қатнашадиган тадбирлари, байрамларга тайёргарлик ишлари бор, хуллас ҳамма банд! “Қани балет раққосалари?” десам, “тадбирлар репетициясида”, дейишади. У ердан келишгач, концертимиз репетициясини бошлаймиз, деб турсак, уларнинг иш вақти бўлиб қолади, “ишга кетишимиз керак” дейишади. Мен эса, бу ёқда, “менинг концертим репетицияси нима бўлади?” деб асабийлашаман. Хуллас, охири уларнинг ўзлари менга, “илтимос, концертингизни февралга қайтаринг! Майли, совуқ бўлсин, майли ҳаммамиз шамоллаган бетоб бўлсак ҳам, машқ қилишга, репетицияга вақтимиз бўлади. Бир-биримизни асабимизни бузмаймиз” дейишди! Ташкилотчилик ишларидаги мана шу муаммоларни ҳисобга олиб, 2015 йилда концертимни февраль ойида ўтказишга қарор қилдик.

 Foto (3)

- Ижодий фаолиятингиз давомида ўз ташқи кўринишингиз борасида кўп ўзгаришлар, янгиликлар қилишга ҳаракат қиласиз. Ташқи кўриниш борасида ўзингиз, энг, қатъий ўзгариш, жуда ўзгача янгилигингиз қайси, деб ҳисоблайсиз?

- “Қайлардасан?” клипим суратга олинаётгандаги қиёфалардан бири, ўта қатъий янгилик, жуда ўзгача бўлган! Сочларим қизғиш рангда, ўзгача кўринишда эди! (кулади) Менга ҳаттоки татуировка ҳам чизишмоқчи эди, ҳаммаёғимга сирғалар тақишмоқчи эди. Клипга кўра, мен ўта замонавий ва қўполроқ, бармен аёл қиёфасида чиқишим керак эди. Бу қиёфамни яратиш учун, кўпгина Америка фильмларини кўришга ҳам тўғри келди. Хуллас, ташқи кўринишим борасида, ҳақиқий тажриба ўтказишди! Бунинг учун сочимга рангли тушдан фойдаланишди, ўта ёрқин макияж қилишди. Лекин, кейин барибир ўйлаб кўришди ва бироз босиқроқ кўринишда чиқишимга тўғри келди. Аммо, шунинг ўзи ҳам жуда бир ёрқин кўриниш бўлди! Аммо, бу қиёфада чиқишимни ҳамма ҳар хил қабул қилди. Ҳаттоки, баъзилар “Бу нима кўриниш?” ҳам дейишди. Бундан ташқари, малласоч ҳам бўлдим. Ҳеч қачон, малласоч бўлмагандим. Лекин, ўйлайманки, бу клипда бир неча қиёфалар ярата олдик. Бу клип сюжетли эмас, трекли эди ва унда, ҳар хил персонажларни кўрсатмоқчи бўлганмиз. Уларнинг қиёфалари орқали характерларини, ички дунёсини ҳам акс эттиришга ҳаракат қилганмиз. Биттаси, ўша ўта замонавий бармен аёл, яна биттаси ишлашга мажбур бўлаётган талаба қиз, биттаси дадил ўзига ишонган аёл, яна бири хонанда, лекин ҳаммалари инсон ва ҳаммаларига ҳам меҳру муҳаббат керак. Биз ана шуни кўрсатмоқчи эдик.

 4

- Сиз учун энг романтик ҳолат?

- Энг романтик ҳолат, бу менинг ўтган туғилган кунимда юз берди! Бу тўйимдан кейинги биринчи туғилган куним эди! Ўша куни синглим Насиба кутилмаганда, “эртага имтиҳоним бор, вақтлироқ ухлашим керак, хафа бўлма” деб, ухлашга, ўз хонасига кириб кетди. Тўғриси, бироз хафа бўлдим, чунки, қизлар ҳам туғилган кунида, ўз дугонасига нимадир сюрприз қилишади, у эса синглим бўлса, туғилган кунимда, шундай қилгани менга бироз ғалати бўлди. Мен унинг гапларига ишондим. Бир пайт, мен Насибани хонасига қарадим, эшикни қия очиб, “Насиба” десам, ухлаб ётибди. Кроватига яқин бориб қарадим, ухлаяпти. Кейин эрим ишдан келди ва менга “15 минутга, бир жойга бориб келайлик” деди. “Ахир уйдагилар ухлашяпти-ку!” дедим. У бўлса, “тез қайтамиз”, деб туриб олди. Мен “ҳеч бўлмаса Насибага қоғозгача чиқиб кетганимизни ёзиб кетайлик, уйғонса, йўқлигимизни кўриб, қўрқиб кетади” дедим. Хуллас, уйдан чиқиб кетдик. Эрим “кичик сюрпризим бор” деб, кўзларимни боғлаб олди. Бир жойда тўхтадик ва эрим кўзларимни ечди, қарасам, қаршимда синглим Насиба турибди! “Насиба, бу сенмисан? Ахир боя ухлаб ётувдинг-ку!” десам, “Ўрнимга ўйинчоқ айиқни кўйиб, устини адёл билан ёпиб қўйгандим! Қандай қилиб, айиқни мен деб ўйладинг?” деб, кулиб ётибди! Мени қоронғида кўзларим бироз яхши кўрмайди, шунга чиндан ҳам, ўйинчоқ айиқлигини пайқамаганман, негаки уйғониб кетмасин, яхши ухлаяпти, деб ушлаб кўрмагандим! (кулади) Кейин биз улар тайёрлаб қўйган трамвайга чиқдик ва ҳар бир бекатда биттадан яқин дўстларим чиқиб, мени табриклашди! Буларнинг ҳаммасини Насиба ва эрим уюштиришган! Трамвай йўлини ниҳоясида, эса яна бир катта сюрприз бўлди. Менга атаб, флешмоб уюштиришган! Ҳаммалари бирга рақсга тушишган, жуда зўр чиққан!

 

- Ҳозирги кунда энг катта муаммолардан бири, бу интернетга қарамликдир. Сиз ҳам ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтгансиз. Айтинг-чи, интернетга қарамликдан қутилишнинг бирор чораси бор, деб ўйлайсизми?

- Йўқ! Масалан, мен телефонимни доим қўлимда ушлаб юришга одатланиб қолганман. Ҳаттоки, уйғонишим билан энг биринчи бўлиб, телефонимни қўлга оламан. Тўғриси, менимча, интернетга қарамлик бу, бугунги кунда энг долзарб муаммо бўлса керак.

 

- Сиз кўпроқ тинглашни ёқтирасизми, ёки гапиришни?

- О, бу борада уйдагилар менга ҳаттоки лақаб ҳам қўйишган. Мен жуда кўп гапирар эканман! (кулади)

 

- Кераксиз нарсага кўп пул ишлатган вақтларингиз ҳам бўладими?

- (кулади) Ҳа, мен масалан, чиройли гулдонларни жуда ҳам яхши кўраман! Бу одат ёшлигимда ҳам бор эди. (эслаб) Онам раҳматли ҳам, “нима, шу нарсани шунча пулга сотиб олдингми?” деб ҳайрон қолардилар. “Менга ёқиб қолди-да!” дердим. Ўша гулдон уйнинг бир бурчагида турса ҳам, ҳар гал кўзим тушганида ўзимча хурсанд бўламан. Яна бир одатим бор, деворларни безатишни ҳам ёқтираман. Онам баъзида ярим тунда чироқни ўчиришни унутибманми, деб қарасалар, мен деворни ўлчаётган бўлардим. “Ҳой, нима қиляпсан, ухламайсанми?” десалар, “деворда жой ўлчаяпман, бу ерга мана бу декоратив тақсимчани осмоқчиман” деб, янги сотиб олган буюмимни кўрсатардим. “Бор, ухла” дердилар. Буни мендаги бир касаллик, деса ҳам бўлади. Уйдагиларга бу одатим ёқмайди, биламан. Бу нарса ҳеч кимга керакмас, бўш девор қолмади, шкафларда бўш жой қолмади, дейишади. Бу борада эримдан ҳам, синглимдан ҳам кўп гап эшитаман. Масалан, кўпинча, уйга келиб, “илтимос, менга олиб келган нарсамни машинадан олишимга ёрдам беринглар” десам бўлди! (кулади) “Янами?” дейишади!

 Foto (2)

- Турмуш ўртоғингиз билан шу яқин орада, нимагадир баҳслашиб ранжиганингизни эслай оласизми?

- Ҳа, бугун эрталаб шундай бўлди. Сабаби, синглим болалар адёлчасини сотиб олган экан. Кейин, кутилмаганда бироз вақт ўтиб, мен ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Шунда эрим, “ана айтмадимми, ҳали туғилмаган болага нарса олиб бўлмайди” деса бўладими? Бу гапни эшитиб, тўғриси, йиғлаб юбордим! Синглимга, “адёлни олиб қўй, ҳозир бундай нарсалар олиш мумкин эмас!” дедим. Синглим адёлни олиб қўйгандан кейин, ҳам барибир яна йиғладим. Бу ҳам, ёмон ирим, дедим. Синглим ҳам, “бўлди-да, энди” деб мендан хафа бўлиб қолди.

 

- Сизга бирор инсонга “яхши кўраман” деб айтиш осонми, ёки “ёқтирмайман” деб?

- “Ёқтирмайман” дейиш ҳамиша қийинроқ! Ҳаттоки, чиндан ёқтирмаган кишингизга ҳам!

 Foto (15)

- Одатда қандай ҳолатлар рашкни кучайишига сабаб бўлиши мумкин?

- Менда, масалан, турмуш ўртоғим билан, қизларни яқинроқ ҳолатда, бирга суратга тушиши! (кулади) Бу нарса эримни ҳам ғашини келтиради. Агар бирор йигит мен билан ҳам яқинроқ суратга тушиб қолса, дарров “ким бу?” деган савол берилади! Лекин, режиссёрнинг қиз бола ёки аёл ёрдамчиси, нимагадир эримга ярим тунда, соат тунги ўн икки ёки бирда қўнғироқ қилади! Сал вақтлироқ ёки кундузи қўнғироқ қилишнинг иложи йўқдек! Яна “кеч қўнғироқ қилаётганим учун узр” деб ҳам қўяди. Шундай пайтларда, тўғриси, жаҳлим чиқиб кетади. Чунки, менга ярим тунда ҳеч ким қўнғироқ қилмайди, эрим нотўғри тушунмасин, деб иш юзасидан қўнғироқ қилишса ҳам жавоб бермасликка одатланганман!

 

Райҳоннинг турмуш ўртоғи Йигитали: - Шундай пайтларда, “сиз яхшиси, кеч қўнғироқ қилаётганингиз учун рафиқамдан узр сўранг!” дарров қўл телефонини Райҳоннинг қўлига тутқазаман.

 Foto (6)

- Ҳозирда ҳам ошхонада ўзингиз таом тайёрлаяпсизми, ёки ҳомиладорликда бунинг иложи бўлмаяптими?

- Ҳозирда ўзим ошхонага фақат овқатланиш учун киряпман, десам ҳам бўлади. Асосан, синглим таом тайёрлайди. Ҳозирги ҳолатимда, уйда йўқ пайтимда, ёки хона эшикларини яхшилаб ёпиб, овқат тайёрлашига тўғри келяпти. Овқат тайёрланаётган вақтдаги исга тоқат қила олмаяпман.

 

- Эркак ва аёл ўртасидаги дўстликка ишонасизми?

- Ҳа, эркаклар орасида дўстларим кўп, улар ҳақиқий дўстлар.

 rayhon-(3)

- Нимани ҳеч рад эта олмайсиз?

- Худо ҳоҳласа, фарзандли бўлсак, менимча, улар ниманидир ҳоҳлашса, ўша нарсаларни сотиб олиб беришни, рад эта олмасам керак! Тўғрисини айтсам, ҳозир ҳам, болалар буюмлари сотиладиган жойлардан бефарқ ўтиб кета олмайман! Айниқса, турли интернет магазинлари бор, улардаги болалар буюмларни кўриб, бирам ҳавасим келяпти! Сотиб олишдан ўзимни зўрға тийиб турибман! Бу ёқда эрим, “ҳали эрта, ҳали мумкин эмас” деб туради.

 Foto (1)

Суҳбатга Райҳоннинг турмуш ўртоғи Йигитали ҳам қўшилиб: - Унга мумкин эмас, дейману, лекин ўзимни битта кўзим ўша ёқда бўлади! Айниқса, ўғил болаларга мўлжалланган нарсалар, жуда чиройли! Кўпларини Райҳонга билдирмай, кўз остимга олиб қўяман.

 

- Сизга тонг отишини кузатиш ёқадими, ёки кун ботишини?

- Менимча, кўпроқ тонг отишини кузатган яхшироқ, чунки бу куннинг бошланиши!

 

- Фильмлардан ёдда қолган жумлаларни эслай оласизми?

- Менга кўпроқ, “ҳамма яхшиси ҳали олдинда” деган мазмундаги оптимистик жумлалар ёқади. Чунки, менимча, инсон фақат яхши нарсалар ҳақида, яхшилик ҳақида ўйлаши керак. Ўйлаган нарсанг, барибир амалга ошади. Агар, ёмон нарсалар ҳақида ўйласанг, чиндан ҳам ҳаётингда қора булутлар бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, инсон фақат эзгулик ҳақида ўйлаши керак.

 Foto (13)

- Сиз тақдирга ишонасизми, ёки  инсон ўзи ўз тақдирини ўзгартириши мумкинлигига ишонасизми?

- Ўйлайманки, ҳар бир инсоннинг олдида бир нечта тақдир йўли бўлади. Агар сиз яхши инсон бўлсангиз, тўғри ҳаёт кечирсангиз, биринчи йўлда бўласиз, агар нимададир хато қилсангиз, бошқа нотўғри йўлда бўласиз. Бошидан танлаш ҳуқуқи бор, назаримда. Қандай йўлни танлаш, инсоннинг ўзига боғлиқ. Бу мени шахсий фикрим, албатта.

 

Йигитали: - Инсоннинг қалби қандай бўлса, унинг танлаган йўли ҳам, ишлари ҳам шундай бўлади, назаримда!

 

- Тонгда уйғонганда, хаёлингизга биринчи бўлиб нима келади?

- Соат неччи бўлди?, деган савол! Чунки, мен доим, ухлаб қолдим, деб ўйлайман. Баъзида, чиндан ҳам ухлаб қоламан.

 Foto (12)

- Дунёдаги қандай ҳодисалар, сизни хавотирга солади?

- Буюк инсонларнинг бевақт ўлими, баъзи билан давлатларда бўлаётган урушлар. Шундай ҳодисаларни эшитганимда, тўғриси, тинч ва фаровон юртда яшаётганимизга шукур қиламан! Юртимиз обод, ўзимиз бахтли яшаяпмиз, севган ишимиз билан шуғулланамиз, тонгда оиламиз билан нонушта қиламиз, бехавотир кўчага чиқиб, магазиндан ўзимиз учун керакли нарсаларни сотиб оламиз. Ҳеч қандай хавотир, ёки ўқ отиб қолишмайдими, деган ҳадик йўқлигига шукур қиламан! Тинчлик бу энг бебаҳо бойлик! Юртимизга, тинчликка кўз тегмасин! Ҳамиша юртимиз тинч, обод, фаровон, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 

- Нима сизни яқин орада, кўзингизга ёш олишингизга сабаб бўлди?

- Кўп нарса! Охирги вақтларда, жуда ҳам таъсирчан бўлиб қолганман. Масалан, куни кеча бир фильм кўрдим. Рус тилида, жуда ҳам ғалати фильм экан. Сюжет бўйича бир бечора ҳомиладор қиз, қорни очиб, егулик ўғирлайди. Ҳамма унга бақиради. Кўриб, бирам йиғладим! Шунчалик йиғладимки, худди бирор нохуш воқеа содир бўлгандек ҳолатда эдим!

 

Йигитали: - Бир пайт, ошхонага кирсам, Райҳон телевизорга қараб, йиғлаяпти! Тўғриси, қўрқиб кетдим. Бирор нарса бўлибдими, дебман. Қарасам, “бечора қиз, биттагина егулик олганди” деб, фильмни гапириб, йиғлаяпти!

 Foto (8)

-  Шу кунларда, қувончингизга шерик бўлиш ўрнига, сизни ранжитаётганлар ҳам бўляптими? Чунки, инстаграмм ва бошқа бир ижтимоий тармоқларда шу кунларда, сиз билан боғлиқ янгилик ҳақидаги ҳар хил хабарларга ҳам кўзимиз тушмоқда. Уларда билдирилишича, сизнинг ҳомиладорлигингиз ёлғон эмиш.

- Тўғриси, бундай хабарларни менга юборишганда, ўқиб, кўзларимга ишонмадим! Инсон шунчаликка бориши мумкинми? Ўша хабарларни юбораётганлар шунчалик қабиҳликка бораётганлигига ҳайрон қолдим, тўғриси! Бунинг учун, инсон Оллоҳдан ҳам қўрқмайдиган бўлиши керак, назаримда. Инсон, биров ҳақида бирор гап гапиришдан аввал ўйлаши керак. Қайтар дунё, деган нарса ҳам бор-ку! Биров ҳақида, “касал экан, алдаётган экан” дейишдан олдин, ўйлаш керак, чунки ҳозир биров ҳақида ўйлаб топиб, тарқатаётган ёлғони, эртага ўзига, ёки ўзининг бирор яқинига чин бўлиб қайтиб қолмаслигига ким кафолат беради? Бундай гап-сўзларга тўғриси, эътибор қилмасликка ҳаракат қиламан! Ит ҳурар, карвон ўтар, деган мақол бор, халқимизда. Биз ҳам инсонмиз, инсонларда эса, бировнинг дилини ноҳақ оғритсанг, эртага ўзингга ҳам қайтиши мумкин, деган нарса бор. Тўғриси, бундай гапларни ёзиб, тарқатиб юрганларни, инсон дейишга ҳам, ўйлаб қоласан. Уларни, Оллоҳни ўзи кечирсин, инсоф берсин, дейман.

 

- Мухлисларга тилакларингиз?

- Барчага Янги йилда бахт ёр бўлишини тилайман! Ҳар бир инсон ўз бахтини топсин! Ҳамма ўз истаган тилагига эришсин! Биз турмуш ўртоғимиз билан иккимиз ҳам от йилида туғилганмиз, кириб келган янги йил ҳам от йили, барчага омадли йил бўлсин!

 

Саида Вахобова

Foto (10)