FATTOHHON.COM
« Все новости
Ойбек ва Нигоранинг “Кечир” клипини суратга олиш жараёнлари ҳақида аввал сайтимизда хабар қилгандик. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!
Ойбек ва Нигора мазкур клипни 14 февралга тақдим қилишни ваъда қилгандилар. Лекин, клипда бош ролни ижро қилган журналист Даврон Кабуловни ҳозирда армия сафида эканлиги сабаб, клип тақдимоти бироз кечикди. Натижада, Ойбек ва Нигора ва уларнинг администратори Маъруфбек, Даврон Кабуловсиз, клипни норасмий равишда, яқинлар даврасида, кичик тақдимотини 16 февраль куни ўтказишди! Клипга сайтимиз ижодий гуруҳи ҳам биринчилардан бўлиб таклиф қилинди.
Армиядаги Даврон Кабулов ҳам ўз навбатида дўсти Абдулазиз Қодиров орқали барчага салом айтиб, шунингдек, клип тақдимотидан сўнг, смс ҳам жўнатди!
Клип тақдимотида, Ойбек ва Нигора ҳамда Маъруфбекнинг энг яқинлари йиғилдилар. Жумладан, журналист Қамариддин Шайхов, Умидахон, Камола Орипова, Фаррух Аҳмедов, клипни суратга олган режиссёр Рустам Мелиев бошчилигидаги ижодий гуруҳ, Манзуранинг администратори Жамшид, Шоубизнес.уз сайти раҳбари Миртоҳир Мирғуломов, “Кабулов групп”дан ташкилотчилар ва бошқалар...
“Кечир” клипи намойиш қилинди!
“Кечир” қўшиғи муаллифи Ойбекнинг ўзи бўлиб, Ойбекка бу қўшиқни ёзиш ғояси, ёмғир ёғаётган вақтда, бир тадбирга бориш олдидан машинада Нигорани кутиб ўтирган вақтда келган экан!
Қўшиқ аранжеровкаси эса, Шерзод Мардиевга тегишли.
Клип томошабинни илк лавҳалариданоқ ўзига тортиб олади. Клипда махсус эффектлар ўз ўрнида ишлатилган. Биринчи навбатда кўзга ташланадиган жиҳати, клип бир йўла икки сюжетли, яъни клип ичидаги воқеа сюжети, 2 қаҳрамоннинг севгиси, айрилиши бўлса, бунинг устига бош қаҳрамонлар Ойбек ва Нигора ҳам шунчаки трек куйлашмаган, улар ҳам драматик ҳолатларни ижро қилишган! Энг ҳайратланарлиси эса, улар энг мураккаб трюкларни каскадёрсиз ўзлари бажаришган!
Клипда деталларга алоҳида аҳамият берилган, Даврон Кабулов қўлидаги гулнинг ҳавода сочилиб кетиши, стол устидаги буюмларни ҳавога кўтарилиб парчаланиши, чашканинг парчаланиши, аквариум синиши, барчаси узвий боғлиқ ва айрилиққа, севгининг парчаланишига ишора қилаётгандек...
Сувдаги кадрлар эса, янада ўзгача!
Клипда энг мураккаб жараён ҳам, айнан шу сувдаги кадрлар билан боғлиқ бўлгани ҳақида, ижодкорлар айтиб ўтишди!
Клип режиссёри Рустам Мелиев: - Клипда кўпчилик ишладик. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад сари ҳаракат қилдик. Нима ҳам дейишим мумкин? Ойбек ва Нигора билан биринчи марта бирга ишлашим, бирга ишлаш менга маъқул бўлди. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз охиргиси бўлиб қолмайди!
Ойбек: - Бу қўшиқ бир йил олдин ёзилган эди. Бу қўшиққа клип олинишга сабаб, дўстимиз Даврон Кабуловнинг тавсиясига биноан, “бу қўшиққа клип олмасангиз бўлмайди” деган фикр билан, Рустам ака Мелиевни тавсия қилди ва клип суратга олдирдик.
Нигора: - Клипни бу даражада ўзгача чиқишига ишонмагандим. Клип менга жуда ҳам ёқди! Энди, клипда суратга олинган балиқларга келсак, улар ҳеч бир жабр кўришмади, клипда суратга тушган балиқларни аквариумга солиб, бир рус аёлига парваришлаш учун бериб юбордик.
Қамариддин Шайхов: -Бу клипни суратга олиш жараёнида бошидан охиригача иштирок этганлардан бириман. Сўнгги вақтларда Ойбек ва Нигоранинг ижодида бундай ёриб чиқадиган клип ва қўшиқ камроқ бўлаётгандек эди. Аммо, бу қўшиқ ва клип, “Омон-омон”дан сўнг, ҳақиқатдан ҳам ҳар тарафлама мухлисларни ўзига тортадиган, бугунги кундаги барча талабларга жавоб бера оладиган клип бўлди!
Феруза Фаттохова журналист, сценарист: - Рустам Мелиевнинг илк ишини яъни, Фаррух Соиповни клипини суратга олгандаёқ, бу ижодкордан маҳоратли клипмейкер-режиссёр чиқади, деган фикрда эдим. Ундан сўнг, “Божалар” гуруҳининг “Қўғирчоқ” клипини ҳам ўзига хос равишда суратга олган. Эндиликда эса, Ойбек ва Нигоранинг “Кечир” клипида эса, яна бир режиссёрликдаги ўзига хос қирраларини кўрдим! Клипда Ойбек ва Нигорага мос образлар танланган! Бошқа клипларга нисбатан, махсус эффектлар ҳам, ҳаттоки клипдаги ранг ҳам фарқ қилади, жуда дид билан амалга оширилган.
Абдулазиз Қодиров “Кабулов групп”дан ижодкор ва ташкилотчилардан: - Клипни суратга олиш жараёнида албатта, анча қийинчиликлар бўлди. Масалан, клипдаги йиқилиш саҳнасини Ойбек ва Нигора ўзлари каскадёрсиз ижро қилишди! Қойил қолиш керак, қаттиқ йиқилишса ҳам, ўз ролларини чидам билан ижро қилишди. Қолаверса, Даврон Кабуловга ҳам сувдаги дубллар осон кечмади! Чунки, унинг оёғи синиб, тузалганига ҳали бир йил ҳам тўлмаганди... Бундан ташқари, Ойбек ва Нигора, бир неча секундлик кадрлар учун бир неча километрлаб югуришларига тўғри келди! Клип ижодкорлардан чинакам матонатни талаб қилди! Клипни суратга олишда 20 тадан ортиқ инсонлар бирга ишладик!
Маъруфбек: - Клипдаги 3 тагина кадрда кўринадиган сув билан боғлиқ кадрлар энг қийин ва мураккаби бўлди! 2 марта бассейнга бордик. Бассейннинг ичини қора материал билан ўраб чиқиш керак экан. Биринчи сафар, олиб борган материалимизни минг қийинчилик билан тайёрлаб, чуқур бассейннинг ичига тушиб, ичини ўраб бўлиб қарасак, материални қора ранги чиқиб кетса бўладими? Дарҳол ишни тўхтатдик. Шу пайт чироқлар ҳам ўчирилиб, қайта ёқишнинг иложи бўлмади. Натижада, бир кун бекор кетди. Кейин иккинчи куни, ҳамма нарсани олиб, режалаштириб, яна бассейнга келдик. Ҳамма нарсани тайёрладик. Бассейн жуда чуқур ва унинг ичини қора материал билан текис қилиб ўраб чиқиш жуда қийин бўлди! Сув тагига камера қўйиб суратга олишни айтмайсизми?! 3 та камерада, 3 тарафдан суратга олинди! Даврон Кабулов ҳам, минг қийин бўлмасин, сувдаги кадрларда бор маҳоратини намойиш қилди!
Бир сўз билан айтганда, “Кечир” клипи хонандалар Ойбек ва Нигора ижодида муҳим бурилиш бўлганлиги сир эмас! Профессионал ижодий гуруҳ билан ишланган профессионал клип, барчага манзур бўлади, деган фикрдамиз.
Клипни 17 февраль куни соат 14.00 дан сўнг, сайтимизда кўришингиз мумкин бўлади!
Саида Вахобова
Тақдимотга таклиф учун дўстларимиз Ойбек ва Нигора, Қамариддин Шайхов ҳамда администоратор Маъруфбекка алоҳида раҳмат!
Фотолар учун X Frame media production студияси
Фотограф Аҳрор Назировга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.