FATTOHHON.COM
« Все новости
16-17 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида хонанда ва актёр Шохруххон ўзининг “Сен кетма” деб номланган яккахон концертини ўтказди. Айтиш мумкинки, ҳаво совуқ бўлишига қарамай, концерт зал томошабинларга тўлиб, концертни тик туриб тамоша қилганлар ҳам кўп эди.
Ташқарида совуқ ҳаво, концерт залда эса, чинакам баҳорий, юқори кайфиятдаги шоу дастур бўлди!
Дастурнинг бошланишининг ўзиёқ бошқа концертлардан фарқ қилди! Биринчи бўлиб, томошабинлар орасидан костюм-шимда, бошига мушук ниқобини кийиб олган йигит кўриниши билан, ҳамма томошабинлар уни Шохруххон деб, ўйлашди.
Аммо, у йигит саҳнага чиқиб бошидан ниқобни олиши билан, унинг актёр, режиссёр, хонанда ва футболчи Алишер Узоқов эканлиги маълум бўлди! Кутилмаган бошланиш!
Кўпчилик концертларда Ватан ҳақидаги қўшиқлар дастур сўнгида янграйди, натижада кўпчилик томошабинлар қўшиқни охиригача тинглай олмай қоладилар.
Шохруххоннинг концертида эса, Ватан ҳақидаги шўх, миллий оҳангдаги “Элим мани” қўшиғи биринчи бўлиб янгради. Қўшиқдаги “Ассалому алайкум” сўзини қўлини кўксига қўйиб айтганча, саҳнага чиқиб келган Шохруххонни томошабинлар зўр олқишлар билан кутиб олишди! Қўшиққа монанд миллий либосдаги раққосалар рақси, саф бўлиб тизилган доирачилар барчаси уйғунлашган эди!
Қўшиқдан сўнг, барча томошабинлар билан саломлашган Шохруххон, “Қалбим қўшиқларининг ҳаммаси сиз учун!” дея, концертни давом эттирди!
Концерт декорацияси, саҳна тўри бутунлай катта горизонт шаклдаги монитор экрандан иборат бўлиб, икки четда яна 2 та алоҳида экран ўрнатилган эди.
Концерт давомида Шохруххоннинг ўзи ҳар бир қўшиқни, оригинал сўзлар билан номини айтиб ўтди.
Концертда янги қўшиқлар билан бирга севимли хит тароналар ҳам янгради. Жумладан, “Я Ҳабиби”, “Юрагимда нолалар”, “Дарёлар оқар”, “Мисли қўғирчоқ, гўзал қизалоқ”, “Гулираъно”, “Чорла”, “Қайда ёрим-эй”, “Севаман, кутаман десам”, “Нима қилиш керак?”, “Ана дединг, хўп дединг” , “Бунчалар зўрсан”, “Лексус ёки Феррари”, “Мени эркатойим”, “Юр кетдик, бу ердан”, “Чао бамбино”, “Қарамаса, қарамасин”.
Концертни дуэтларга бой бўлди, дейиш мумкин.
Муниса Ризаева билан “Сен мени керагимсан” (дуэт якунида Шохруххонинг жентельменларга хос равишда Мунисанинг қўлини ўпди),
“Божалар” Жаҳонгир Позилжонов билан “Чаки-чаки ёмғир ёғар” (ўта шўх, кўтаринки кайфиятдаги дуэт),
Лола билан “Тинмай йиғлар осмон” (ремикс),
Шахзода билан “Шошма” (энг оммалашган дуэт!) дуэтлари кучли олқишларга сабаб бўлди!
Концертда Алишер Узоқов “Сен кетма” ва “Она” қўшиқлари янграши олдидан қўшиқлар матнини мусиқа садоси остида таъсирли монолог тарзида ўқиди.
Шохруххон концерт давомида ўзини биринчи марта саҳнага олиб чиққан инсонни алоҳида ҳурмат билан айтиб ўтди: “2000 йил “Болалар шоу” Тоҳир Содиқов, менинг устозим!”
Шохруххон кучли олқишлар остида залда олди қаторда ўтирган Тоҳир Содиқовга қўл узатди, ўз навбатида Тоҳир Содиқов ҳам ўрнидан туриб, унинг қўлини олиб, табриклади!
Шунингдек, Шохруххон қўшиқлардан бирини ижро вақтида саҳнага залдан Нилуфар Усмоновани таклиф қилиб, у билан бирга қисқа импровизация қилиб, саҳна кўриниши ҳам қилиб юборишди.
Концертнинг ҳам энг юракларни титратган, ҳам қувонтирган ва таъсирлантирган лаҳзалари эса, шубҳасиз Шохруххоннинг “Она” қўшиғи ва уни ижро қилиниш услуби бўлди!
Бу қўшиқни биринчи бўлиб, саҳна тўридан қўлида гул билан Шохруххоннинг ўзи куйлаб чиқди, сўнг, ўнг тарафда қўлида гул билан чиқиб келган укаси Шуҳрат унга жўр бўлди, сўнг чап тарафдан чиқиб келган кенжа укаси Муҳамадали давом эттирди.
Уч ака-ука қўшиқ куйлаб, аввалига саҳнада, залда томошабинлар қаторида ўтирган онаси Зебо Наврўзова қаршисида тиз чўкишди,
сўнг Шохруххон залга тушиб, онасини қучиб, қўлидаги гулларни тақдим қилди!Ортидан укалари ҳам, онасини табриклашди!
Ана шу лаҳзаларда, уч ўғилни вояга етказган волидаи муҳтарамасининг кўнгли тоғ қадар фахр ва меҳр ҳиссини туйган бўлса ажаб эмас...
Шохруххон “Мен сени севаман” қўшиғини куйлашдан олдин, томошабинларга мурожаат қилиб, қўл телефонларини ёқиб кўтаришни сўради.
Натижада, залда минглаб қўл телефонлари ёғдуси узра, шундай бир романтик кўриниш вужудга келдики...! Таъсирли, сокин қўшиқ, қўл телефонлари нурлари, монитордаги ҳолатга монанд тасвирлар, бир сўз билан айтганда ҳақиқий романтика!
“Қарамаса қарамасин” қўшиғи вақтида, томошабинлар устига турли рангдаги қоғоз юракчалар ёғилди!
Икки кун давомида концертда кўплаб шоубизнеснинг таниқли инсонлари томошабин сифатида меҳмон бўлдилар. Жумладан, Лола, хореограф Нариман, актриса Ҳалима Иброҳимова, Умидахон, Нилуфар Усмонова, Манзура, Тоҳир Содиқов, Динейра, актриса Шахзода Матчонова ва бошқалар...
Концерт давомида ҳар бир қўшиққа мос равишда монитор экранларда тасвирлар бериб борилди, ҳамда ҳар бир қўшиққа мос равишда рақслар ва саҳна кўринишлари ҳам намойиш қилинди. “Нима қилиш керак?” қўшиғи вақтида Шохруххон сафарга отланган қиёфада, жомадон билан чиқиб келди ва қўшиқ давомида жомадонни очганида, ундан кичик қизчани чиқиши, барчаии янада кайфиятини кўтарди!
Шохруххоннинг фан-клуби ҳам, уни концерт давомида олқишлаб туришди.
Концерт давомида Шохруххонга мухлисларидан, томошабинлардан совғалар, гуллар оқими тўхтамади! Катта юракдан тортиб, юмшоқ ўйинчоқлару, суратларгача, томошабинлар меҳри, олқишлари ҳам фақат Шохруххон учун бўлди!
Бошқача ҳам бўлиши мумкин эмасди, чунки Шохруххон концертда томошабинларга ўз қалбидаги қўшиқларини тақдим қилди!
Концерт ўта ёрқин ва ўта юқори кайфиятда ўтди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame media production студияси
Фотограф Аҳрор Назировга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.